Жиззахда эркак кишининг жасади топилди

0
Зомин туман Ғафур Ғулом маҳалласида истиқомат қилувчи 1962 йилда туғилган фуқаронинг жасади яшаш уйида тан жароҳатлари билан топилди. Ҳудудда тунги хизматни ўтаётган туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан туман марказидаги болалар мусиқа ва санъат мактабида ушбу ҳодиса юзасидан ўтказилган муҳокамада фаоллар, ёшлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, секторлар масъуллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, вилоят прокурори Исломжон Эргашходжаев, Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниевлар мазкур мудҳиш ҳодисага оид тафсилотларни маълум қилдилар.

Чунончи, марҳумнинг ичкилик сабаб яқинлари билан алоқаси узилгани, ишламаслиги билдирилди. Суд тиббий экспертиза хулосаларига кўра фуқаронинг ўлимига кўплаб жароҳатлар сабаб бўлган. Йиғилишда бу каби жиноятларнинг олдини олиш ҳамда халқимизнинг қўни-қўшнилар холидан хабардор бўлишга оид қадриятларига амал қилиш юзасидан фикр ва мулоҳазалар юритилди.

Тадбирда ҳуқуқбузарликларга қарши маҳаллабай ишлаш, криминоген вазиятдан келиб чиқиб ҳар бир маҳаллага хос қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган режа ишлаб чиқиш ва шу асосда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда фаолият юритишларига келишилди. Шу маънода, Зомин туманида 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида содир этилган оғир жиноятлар, аёллар, ёшлар ва вояга етмаганлар иштирокида рўй берган қонунбузарликлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Муҳокамада аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонунларга итоатни кучайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Тадбир якунида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган ишларни жонлантириш, жамоатчилик назоратини кучайтиришга келишиб олинди.

loading...