Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (54-қисм)

0

Соқолининг оппоқлигига қараганда ёши бирор етмишда бўлса керак.

— Ассалому алайкум, — дедим бошқа гап тополмаганимдан.

— Сен бузғунчининг қўлга тушар кунинг бор экан-ку! — дея чол милтиғини бироз кўтариб, мени нишонга ола бошлади.

— Бобо! — дея бирдан бақириб юборди Навбаҳор ва менинг олдимга ўтди. — Танимаяпсизми? Мен Облоқул отанинг набирасиман. Навбаҳорман!

Чол унинг исмини эшитиши билан қуролини туширди ва ҳайрат билан қараганча:

— Навбаҳор? Сен бу ерда нима қилиб юрибсан қоронғи қишда? Анави орқангдаги бола ким?! — деди баланд овозда.

— Мен сизга ҳаммасини тушунтириб бераман. Бу менинг эрим!

Навбаҳорнинг тез-тез нафас олаётганидан унинг ҳаяжонланаётганини билиш мумкин эди.

— Эрим? Қачон эрга тега қолдингки, Облоқул чол мени тўйга айтмади?!

— Бобомни ўлдириб кетишди! Бобом ҳозир йўқ! — деб Навбаҳор йиғлаб юборди.

Нохуш хабарни эшитган чол отидан тушди.

— Бобонгни ўлдириб кетишди?! Кимнинг ҳадди сиғди?! Ким экан ўша номард?! Анави орқангда турган боламасми?!

— Йўқ!..

Навбаҳор ортиқ гапиролмади. Тиз чўкди-ю, кафтлари билан юзини беркитиб, бошини хиёл эгганча йиғлашни давом этказди. Мен уни қўлларидан ушлаб турғазмоқчи бўлганимда чол бақирди:

— Торт қўлингни! Торт деяпман, номард!

Чол очиқчасига хотинимни қизғанаётганди. Ёки шунга ўхшаш бир нарса. Навбаҳорни қўйиб юбориб, қаддимни ростладим.

— Қўй, қўй, йиғлама. Ҳаммаси ўтиб кетади. Эҳ-ҳе-е, роса музлаб қолибсан-ку. Юзинг ҳам қизариб кетибди. Тур, она қизим. Мен ростдан ҳам бобонгнинг ўлганини эшитмагандим. У менга отамдай одам эди. Уйи ёнганидан хабарим бор. Бордим у ерга. Лекин бировни тополмадим, она қизим, тур, ўрнингдан. Кўнглим бўшлигини биласан, ҳозир сенга қўшилиб йиғлаб юбораман.

Мен нима қиларимни, нима деяримни билмасдим. Шу боис сўппайиб туравердим. Чол Навбаҳорга гапириб бўлганидан кейин менга юзланди-да:

— Овут буни, йиғлатганингдан кейин овутмайсанми?! — деб уришди.

— Овутаман десам, кўнмаяпсиз-ку ўзингиз, — дея жавоб қайтардим.

— Мен қўймасам тураверасанми қоққан қозиққа ўхшаб! — деди чол бақириб.

Навбаҳор ўрнидан турди. Кўз ёшини артди.

— Бобо, Жасур акам мени йиғлатмади. Ўзим сизни кўрганимдан кейин бошқача бўлиб кетдим. Бобомни эсладим. Шунга…

— Эй-й, қизим, қўй. Ўзинг кўрмаган бўлсанг, бошқаларнинг гапига ишонма. Балки, тирикдир?! Сени кутиб ўтиргандир. Мен бобонгни қаердан топишни биламан. Қани кетдик. Тез  отга мин. Мен ўзим сизларни уйга олиб бораман. Исинасизлар. Қоринларинг ҳам очқаб кетгандир?  Бу қор босган тоғу тошда бир нима топиб еб бўладими? Бўрилар пастликкача энаяпти-ю, сизлар бўлсанглар. Эҳ, маҳмадоналар, — дея гапирганча чол отининг ёнига борди.

Қизиғи, у қозоққа ўхшаса-да, ўзбек тилида бийрон гапирарди. Ҳеч бир тўхталиб ҳам, тутилиб ҳам қолмасди. Яна койишлари ҳам самимий эдики, уни эшитиб, сира хафа бўлмайсан, қайтанга енгил тортасан.

Чол Навбаҳорни қўярда-қўймай отига мингазди. Ўзи эса жиловидан ушлаб олдинга ўтди. Мен энг орқадаман, чолникига кетяпмиз. Юриш енгил. Чунки устимиздаги юкдан ҳам халос бўлганмиз. Фақат отнинг оғирлиги ошди. Умуман, бунақанги оғирликлар унга билинмайди ҳам.

— Ота, — дедим бир қанча муддатдан сўнг, — бизни бекор олиб кетяпсиз. Бошингизга бало бўламиз.

Чол юришдан тўхтади. Жиловни қўйиб юбориб, отнинг ёнидан ўтиб келди-да:

— Нега бало бўласан? — дея кўзимга тикилди.

— Бизни кўришса, сизни ҳоли-жонингизга қўйишмайди, — деб бошимни эгдим.

— Сен хавотир олма. Шу қорда, совуқда сизлардан бошқа тентак бу ёқларга келгани йўқ. Йўл ҳам ёпилиб қолган. Мен бирор нимани билмасам, қилмайман. Аслида, пешонангдан отиб ташлардим. Агар ёнингда Навбаҳорни кўрмаганимда. Ҳали кимлигингни ўзинг гапириб берасан, — деди у ва яна ортига бурилиб кетди.

Биз икки тоғни четлаб ўтдик ва чолнинг кўпроқ чайлани эслатиб юборувчи уйига етдик. Эллипссимон уй тўла ёғочдан тикланган эди. Баъзан сайёҳлар худди шунга ўхшаш, фақат анча кичик палаткадан ҳам фойдаланишади. Яна ўрмонлардаги эртак уйларни телевизорда кўргандирсиз, унга ҳам ўхшаб кетади. Бироқ ичкари буткул бошқача экан. Гарчи хона бор-йўғи битта эса-да, ҳамма нарса бор. Каравот, печ, стол-стул. Уйнинг том қисми эса одам қўли етмайдиган жойдан пластик материал билан ёпилибди.

Чол энг аввал бизни қайноқ чой билан сийлади. Кейин столнинг устига егуликлар қўйди. Биз Навбаҳор билан кўз уриштириб олдик. Анчадан бери бундай тўкин дастурхон атрофида ўтирмагандик, деган мазмунда.

Қорин тўйгач эса чол мени саволга тутишни бошлади.

Ҳаммасини бошидан гапириб бердим. Ўзимиз томонда кимлар билан олишганимдан тортиб, изимдан қувганларгача ва яна Облоқул отанинг уйи қандай ёнганигача.

Чол ҳар битта сўзимни қулоқ қоқмай эшитди. Баъзан пешонасини тириштирди. Гоҳида бошини сарак-сарак қилди. Облоқул отанинг уйи ёнганини айтганимда эса юзи аянчли тус олди. Қўллари мушт бўлиб тугулди.

— Илгари, — деди ҳикоямни тугатганимдан сўнг, — бу тоғлар, ўрмонлар энг тинч, энг кўркам жойлар эди. Ҳар ёзда келиб дам олиб кетувчилар жуда кўп бўларди. Энди энг хавфли жойга айланди. Ҳа, мен ҳам бир неча марта «ун» олиб кетаётганларни кўрганман. Улар бизнинг одамлар эмас. Бошқа жойлардан келишган. Одамлар эмас, махлуқлар. Ҳаттоки махлуқлар ҳам ўзлариникига тегинишмаса керак. Ана шуларнинг пайдо бўлиши, ундан кейин казо-казоларнинг ишрат учун келиши ҳаммаёқни расво қилиб юборди. Одам гўёки улкан аждаҳо бордай ўрмонга киришга қўрқиб қолди. Рости, мен ҳам баъзан, айниқса, ёз ойларида қўрқаман. Чунки анави нашафурушларга дуч келиб қолсанг, кимлигингни суриштириб ўтиришмайди. Худди бирорта ҳайвонни отгандай отиб ташлаб, ўтиб кетаверишади. Лекин бунинг учун уларни ҳеч ким жазоламайди. Чунки уларнинг орқасидан сенлар томондаги, бизлар томондаги одамлигини эсларидан чиқарган, бойлик кўзларини кўр қилган  каззоблар чўнтакларини янаям қаппайтиришади. Кимлар ўляпти, кимлар қоляпти, у ёғи билан ишлари йўқ.

Сен пайдо бўлганингдан бери тинчлик йўқолди. Неча марталаб уйимга келишди. Сен ҳақингда айтишди. «Ўта кетган шафқатсиз каллакесар. Сал кўриниш бериб қолсангиз, дарров отиб ташлайди», дейишди. Хуллас, сени одамхўр махлуқ сифатида тасвирлаб беришди. Лекин қизиқ томони, бир мартагина давлатнинг одамлари келишди. Қолган пайтлар нуқул қандайдир барзангилар эшигимни тақиллатишарди. Агар сени узоқроқдан кўриб қолганимда ҳеч иккиланмай сўроқ-саволсиз кўкрагингдан отиб ташлашга тайёр эдим. Лекин қара, ҳаммаси бошқача экан. Энди бошим қотиб қолди.

— Мен ҳам худди сизнинг аҳволингиздаман. Аммо менинг шароитим бутунлай бошқача. Мен йўлга чиққан одамман. Демак, энди охиригача боришим керак. Келинингиз… Эй-й, кечирасиз, набирангиз бошқача йўл тутайлик, деяпти.

Чол мийиғида кулди ва Навбаҳорга бир қараб қўйди-да:

— Нима деяпти? — деди.

— Интернет…

— Бўлди, — деб шу заҳоти оғзимга «урди» чол, — мен тушунмайдиган сўзни айтдинг. Демак, қолганини ҳам тушунмайман.

— Серикбой ота…

Мен Навбаҳор шундай деганидан кейингина чолнинг исми Серикбой эканини билдим. Буни қарангки, ҳатто сўрамабман ҳам.

— Бобом тўғрисида биз билганлардан бошқа нарса билмайсизми? — дея гапини давом этказди у.

— Буни қараки, билмасканман. Кейин биттасини учратиб қолдим, у ўрмон хўжалигида ишлайдиган одам. Унинг айтишига қараганда, Облоқул отани ишдан бўшатганлари учун чолнинг ўзи аламига чидолмай уйини ёқиб кетибди.

Навбаҳор бирдан менга қаради. Сўнг:

— Бундан чиқди, бобом тирик экан-да?! — деди.

— Билмадим. Билмадим. Тирик бўлса, топасан! Ўлган бўлса, дуо қиласан. Тамом. Хў-ў-ш, тоғда қишлашнинг сира иложи йўқ. Кун ботишдан олдин йўлга тушасизлар. Овулга борасизлар. Бизникига. Ўғлимга учрашасизлар. У сизларни шаҳарга олиб бориб қўяди. Катта ўғлимникига. У бой. Савдогар. Машиналари қатор-қатор. Бир ўзининг тўртта уйи бор. Нима қиласан шунча уйни, десам, биласанми нима дейди?! — дея Серикбой ота менга юзланиб жилмайди. — Яна учтасига уйланаман, шунда уйларим эгасиз бўлмайди эмиш. Шу гапни айтиши билан аста ўрнимдан туриб, деворга осиғлиқ милтиғимни олдим-да, «Яна бир қайтар», дедим. Дод солди. Ҳазиллашдим, деди. «Ҳали сен отанг билан ҳазиллашадиган бўлдингми?» дедим. Кейин роса тавба қилишга тушди, ярамас. Хуллас, у битта уйини сизларга беради. Яшаб турасизлар. Кейин нима муаммоларинг бўлса, айтаверинглар, ҳал қилиб беради. Агар илтимосларингни бажармаса, ўзим у билан гаплашиб қўяман.

— Ота, сизга қандай миннатдорчилик билдиришни билмай турибман, — дедим унинг гапларидан ҳаяжонланиб.

— Миннатдорлигингнинг кераги йўқ. Мен буларни отамдай бўлиб қолган одам учун, унинг ширингина набираси учун қиляпман. Сени бўлса, ўлдирардим. Айтмоқчи, қуролингни шу ерга ташлаб кетасан. Кўринишингдан худди Афғонистондаги каллакесарларга ўхшаб қолибсан. Соқолингни ол.

Дарҳақиқат, соқолим кўксимга тушай деб қолганди. Сочим ҳам ўсиб кетган. Энди нима қилай, қанча вақтдан бери сарсон-саргардон юрган бўлсам. Ўзи Навбаҳор мендай соқолтойни ёқтириб қолганига ҳам ҳайронман.

— Хўп, — дедим чолга, — овулга борганимизда…

— Бу туришинг билан овулдагиларни қўрқитиб юборасан. Менда ҳали ишлатилмаган устара бор. Шу билан олиб ташла.

— Хўп.

— Нима хўп? Тур ўрнингдан, ҳали сенинг ялпайиб ётишингга анча вақт бор.

Серикбой ота устара берди. Навбаҳор иссиқ сув тайёрламоқчи бўлганди чол қўймади. Ўзи қилсин, деди. Ана шуниси менга сал оғирлик қилди-ю, лекин чидадим.

Кун пешиндан ўтгунича биз гаплашиб, чой ичиб ўтирдик. Кейин у отини берди. «Мингашиб олинглар, овулга, менинг уйимга ўзи олиб боради. «Етганларингдан сўнг Айитбойни чақиринглар-да, манави қоғозчани беринглар. Қолганини унинг ўзи билади. Отнинг ўзи бу ёққа қайтиб келади. Ҳа, хуржунига кўпроқ егулик солсин. Одам кўп еса,  совуқ қотмайди», деди ва биз билан хайрлашди.

Чолнинг оти ниҳоятда ақлли экан. Ўзиям кўпкари чопадиганлар хилидан бўлса керак. Яна ранги олачипор. Мен уни бошқармадим. Кўзим дов-дарахтларда, тошларда бўлди. От эса илдам юрди.

— Кўнгли очиқ, содда одам экан, — дедим бироз юрганимиздан сўнг Навбаҳорга.

— Йўқ, жудаям ақлли, мард одам. «Бундайлар ноёб», деганди бобом. Ҳар доим сўзининг устидан чиқади. Бировни алдамайди. Шунинг билан бирга қайсарлиги ҳам бор. Кўнглига ёқмайдиган ишни қилсангиз, кечирмайди, — дея Навбаҳор белимдан яхшилаб қучоқлаб олди.

— Совуқ қотмаяпсанми? — деб сўрадим.

— Энди йўқ. Лекин иккаламизнинг орамиздан совуқ шамол ўтгандай бўлаётганди. Энди исиб кетаман, — дея кулиб қўйди у.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (37-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (38-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (39-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (40-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (41-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (42-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (43-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (44-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (45-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (46-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (47-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (48-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (49-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (50-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (51-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (52-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (53-қисм)

 

 

loading...