Тошкентда Akfa Medline шифохонаси қўриқчисини калтаклаган икки кишига жиноий иш қўзғатилди

0

Тошкентнинг Олмазор туманида жойлашган шифохонада қўриқчини калтаклаган икки кишига жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа 14 март куни соат 16:08 ларда юз берган. 45 ёшли Б.У. ва 51 ёшли Р.Қ. Akfa Medline шифохонасининг ўз хизмат вазифасини бажараётган қўриқчиси 27 ёшли А.А.ни ҳақорат қилиб, уриб, тан жароҳати етказган.

Ҳолат юзасидан Олмазор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Б.У. ва Р.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, Б.У. мазкур шифохонада даволанаётган бўлган. Р.Қ. уни кўришга келиб, шифохона ички тартиб қоидаларига кўра мумкин бўлмаса-да, бемор хонасига киришни талаб қилган ва қаршилик кўрсатиб, бемор хонасига кирган. Бир соатдан сўнг Б.У. ва Р.Қ. ташқарига чиқиб, қўриқчига «қўлингдан нима келди?» деб мазах қилгани туфайли ушбу жанжал келиб чиққан.

Тергов департаменти бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексида 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланганини эслатиб ўтган.

Манба: Daryo.uz