Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (62-қисм)

0

Қайиққа етдим. Чиқдим. Қарасам аёллар қотиб-қотиб кулишяпти. Чор томонга алангладим. Агар ўрмон томонда беш-ўнта маймуннинг томоша қилиб турганини ҳисобга олмаса, ҳеч бир хавфли жонзот кўринмайди.

— Сувга отамиз буларни! — деди Қайрат.

— Қўрқама-а-ан! — дея шу заҳоти жавоб қайтарди хотини.

— Менинг негадир кўнглим нотинч. Қайта қолайлик, — дея кўзларини менга мўлтиратиб қаради Навбаҳор, — рости шундай. Шунинг учун ҳам акула деб бақирдим. Майли, боргандан кейин шу ёқдаги пляжда чўмилаверасизлар. Сизларга рухсат.

Мен Қайратга қарадим.

— Дам олгани чиқдикми, дам оламиз. Нимадан қўрқасан, Навбаҳор? Мен бу ёққа келишдан олдин ҳамма маълумотларни текширдим. Бу ёқларда ҳеч қанақанги акула-пакула деган нарса бўлмас экан. Бир-икки соат чўмилайлик, ундан кейин қайтамиз, — деди у.

Аммо орадан кўп вақт ўтмай бошқа бир маторли қайиқ келди. Унда иккита полициячи ўтирарди.

— Бу ер хавфли, — деди улардан бири инглиз тилида. Шу заҳоти унинг гапини Навбаҳор таржима қилди.

— Анави ёқда чўмилишяпти-ку, — дея мен пляж тарафни кўрсатдим.

— У ер қўриқланади. Махсус тўр билан тўсилган. Шунинг учун мумкин. Хоҳласанглар ўша ёввойи пляжда чўмилинглар. Бўлмаса, қайтинглар. Қайтмасанглар, жарима тўлайсизлар. Ёки жазога тортиласизлар!

— Уфф, одамга ўхшаб бир дам олмоқчийдик, шу ҳам бўлмади. Сен ярамаслар қайси гўрдан пайдо бўлдинглар? — дея тўнғиллади Қайрат.

Навбаҳор унинг гапларини таржима қилмади. Бунинг ўрнига:

— Ҳозир қайтамиз, — дея жавоб қайтарди.

— Қайрат, бирорта ишкал чиқиб кайфият расво бўлмасин. Қайтиш керак бўлса қайтаверамиз, — деб жилмайдим.

Ҳамда полициячиларга иккита бармоғимни бир-бирига туташтириб думалоқ ясаб «окей», дедим.

Қайтганимиздан сўнг меҳмонхона ёнидаги пляжда роса мириқиб чўмилдик. Мен аёлларга қарамаслик учун гоҳ қумларни, гоҳ сувни томоша қиламан ва кўпроқ вақтимни сувнинг остида ўтказишга ҳаракат қиламан. Шунда ҳам, барибир, кўзим тушади. Лекин битта томони, бу ердагилар анави «ёввойи пляж»дагиларга нисбатан тузукроқ эди.

Кечки пайт ресторанга бордик. Хитойларники экан. У ерда енгил мусиқа янграб турарди. Негадир ресторанда одам кам эди.  Тўрт-бешта столнинг атрофидагина хўрандалар ўтирибди, қолганлари бўш. Тўғри, ресторанлар ҳам керагидан ортиқ. Лекин, барибир, сайёҳлар кўп. Бунақа ресторанлардан яна шунчаси ҳам камлик қилади, агар уларнинг бари кечки овқатга чиқса.

Апельсиннинг янги сиқилган муздай шарбати одамнинг танасига бошқача роҳат бағишлайди. Бекорга сокин мусиқа қўйилмаган экан. Кўзингни юмиб  ўша шарбатни ичсанг, тананг яйрар экан. Ярим кечгача суҳбатлашиб шу тарзда ўтирдик. Кейин меҳмонхонага кетдик.

Шу куни роса танам яйради. Одатда, полициячиларни кўрсам, негадир ғазабим қўзийдиган бўлиб қолгандим. Лекин бугун ундай бўлмади. Бундан чиқди, миям хотиржам. Фақат Навбаҳор қандайдир норозига ўхшайди. Эҳтимол, чўмила олмаётганидандир?! Қандай чўмилсин? Кези келганда мен уни ҳатто ўзимдан ҳам қизғанаман-ку. Аммо ўзим ҳам нотўғри қилаётганга ўхшайман-да.

— Ҳаммаси яхши экан-у, лекин одамларнинг ҳаддан зиёд очиқ-сочиқ чўмилиши чатоқ экан. Энди, тўғри, булар бунақа юришни оддий ҳол деб қабул қилишади. Аммо менга ўхшаганлар бунақа нарсани қабул қилолмайди-да. Шунинг учун мендан хафа бўлма, — дедим кечаси хотинимнинг сочларини силаб.

— Мен хафа эмасман. Мен сизнинг бошингиздаги зўриқишнинг йўқолишини истайман. Шунинг учун кўнглингизни бўлманг. Ўзим учун эмас, сиз учун келганман бу ерга, — дея жавоб қайтарди у.

Ана шу гапи учун меҳрим баттар жўшиб кетди. Жўшқинлигим ортди…

Ўша куни тонг яқинлашиб қолганди. Ухлаётгандим. Бирдан ҳаммаёқ шақур-шуқур бўлиб кетди. Чўчиб уйғондим.

— Нима бу?! Ер қимирлаяптими?! — дея ҳайқирди қўрқиб кетган Навбаҳор.

Мен ўрнимдан сапчиб турдим-да, шоша-пиша чироқни ёқдим.

— Бу ёққа! Бу ёққа! — дея ёнимга Навбаҳорни чақирдим.

Эшик бўсағасида туриш кераклиги ўргатилганди. «Уйнинг томи қулаб тушган тақдирда ҳам эшик ва ром ости ағанамайди», дейишганди.

Мени маҳкам қучоқлаб олган Навбаҳор калима қайтаришга тушиб кетди. Ер қимирлаши ҳақиқатан ҳам, даҳшат эди. Хонадаги шкаф у ёқдан-бу ёққа бориб кела бошлади. Ичидаги китоблар пастга тушиб, сочилиб кетди.

Тўрт қаватли бино ана ағанайди, мана ағанайди деб турганимда бирдан қимирлаш тўхтади.

— Юринг! Юринг! Ташқарига чиқайлик! — деди бирдан Навбаҳор.

— Ҳа, ҳозир мен ҳужжатларни олволай, — дедим ва шоша-пиша жамадондаги паспорт ва қайтиш чипталарини олдим ҳамда шунинг билан бирга шимимни ҳам кийдим.

Қайрат билан қўшни эдик. Биз йўлакка чиқишимиз билан, аввало, уларга дуч келдик ва биргаликда ташқарига югурдик.

Ҳовлига чиқиб эндигина нафас ростлаган эдик ҳамки, бирдан тўфон ҳақида огоҳлантириб қолишди.

«Қочинглар, йигирма метр баландликдаги тўлқин яқинлашиб келяпти!»

Инглиз тилида шундай дейилди. Овоз кучайтиргич орқали айтилди. Мен дарров англамадим. Одамлар орасида шундай гап тарқалгач, миямга урилди. Ҳали айтганимдай дам олишга келганларнинг асосий қисмини руслар ташкил қилишарди. Улар шундай дея қичқиришди.

Энди қаёққа қараб югуришни ҳам билмайсан. Орол. Ҳаммаёқ сув. Ўша йигирма метрли тўлқин қайси томондан келаётганини ҳеч ким билмайди.

— Тоққа! Тоққа! — дедим Қайратга!

Оролнинг шимолий шарқида тоғ борлигини кўргандим. Шунинг ёнгинасида қайиқда сузганмиз. Балиқ овлаганмиз.

Навбаҳорнинг қўлидан маҳкам ушладим-да, шу томонга югурдим. Одам кўп. Сал эҳтиётсизлик қилсанг, сувнинг остида қолиб ўлишингнинг ҳожати йўқ. Тепиб, тепкилаб, товонлари билан эзғилаб ўлдириб кетишади, жонини тўлқиндан сақлаб қолишни истаганлар…

Қандайдир шовуллаган, ваҳимали овоз келди. Унинг ортидан учириб юборгудек шамол. Орқа томонимиздан. Демак, биз тўғри қочяпмиз.

Бир маҳал Навбаҳор қўлимдан чиқиб кетди. Шу заҳоти тўхтаб ортимга ўгирилдим. У йиқилибди. Ортидан шунақанги оломон келяптики, ҳар қандай тўфондан, тўлқиндан даҳшатли.

Бирдан оёқларимда маҳкам туриб, уларнинг йўлларини тўсдим. Бир нечтаси келиб урилди. Йиқилишимга бир баҳя қолди. Агар Навбаҳор чаққонлик билан ўрнидан турмаганида йиқилардим ҳам.

Яна унинг қўлидан ушладим. Яна югурдим.

Орқамиздан бир бало бостириб келяпти. У тобора яқинлашяпти. Бу ёғи ваҳимали қичқириқлар ошгандан ошиб кетди.

Навбаҳорнинг қўли яна чиқиб кетди. Кейин у қичқиргандай бўлди. Йўқ, аввал кимдир унинг иккинчи қўлидан ушлаб тортиб олгандай бўлди. Кейин у қичқирди. Менинг жоним чиқиб кетди ва ортимга ўгирилдим-у, даҳшатга тушдим.

Биздан кейин Қайрат хотини билан келаётганди. Аввал улар сувга кириб йўқ бўлиб кетишди, кейин Навбаҳор.

Мен устимга ёпирилаётган лойқа сувни аниқ-тиниқ кўрдим.

Сўнг ўпкамни тўлдириб нафас олишга улгурдим. Кейин ҳамма ёқ айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Мендай жисмонан бақувват одамнинг қўлидан ҳеч иш келмади. Оёқларим осмондан бўлди. Бир нарсалар баданимга урилди. Ягона қўлимдан келадиган иш ўпкамдаги ҳавони маҳкам тутиб туриш бўлди. Шунингдек, Навбаҳордан ҳам безовта эдим… Қайсидир томонга оқдим. Кўзимни чирт юмиб олганман. Очганимдан фойда йўқ. Барибир, лойқа сув ичида ҳеч нимани кўролмайман. Бирдан хаёлимга юқорига сузишим керак, деган ўй келди. Лекин уринишларим бесамар кетди. Оқим шунчалик кучли эдики, бирорта аъзонгни қимирлатишнинг имкони йўқ. Бу ёғи ўпкамга берадиганини бериб бўлган ҳаво ортга қайтиб чиқаман, деб қисталанг қилишга тушди. «Тўхта, тўхта, бироз шошмай тур. Озгина шошма, сувнинг юзасига чиқиб олай, ундан кейин ўзим қўйиб юбораман!» деган хаёлда уни маҳкам тутиб турдим.

Бир нимага урилдим. Қандайдир унча катта бўлмаган, узун думалоқ нарса эди у. Дарахт. Биринчи хаёлимга келгани шу бўлди ва мен уни маҳкам қучоқлаб олдим. Унинг ёрдамида юқорига ҳаракат қила бошладим. Кутилмаганда сув пасайди. Мен эски ҳавони чиқариб юбориб, шу заҳоти янгисидан симирдим-да, кўзимни очиб атрофга боқдим. Лойқа сув мендан тахминан бир одам бўйи пастда. Ёғочлар, шох-шаббалар, қандайдир пластмасса идишлар ва яна алламбалолар сузиб юрибди. Ҳар-ҳар жойдан одамларнинг бақиргани эшитилади.

— Навбаҳор! Навбаҳор! — дея бор овозда бақирдим.

Ҳеч ким жавоб бермади. Овозим атрофга сингиб кетди. Кўзимга ёш келди ва ҳамон қуруқликнинг ичкарисига оқаётган пўртана томон ўзимни отдим. Сув тезлиги ҳийла пастлабди. Бемалол сузса бўлади.

— Навбаҳор! Навбаҳор! Навба-а-а-а-ҳ-ҳ-ор!

Чақириғимга биров жавоб бермади. Бутун вужудим жунбушга келди. Наҳотки уни йўқотган бўлсам?! Наҳотки муҳаббатимдан айрилган бўлсам?! Йўқ, бунақаси кетмайди. Биргина яқинимдан бу тарзда ажралиб қолмаслигим керак!

— Қайрат! Қайси гўрга йўқолдинг, Қайрат?!

Яна жавоб йўқ.

Ўпкам тўлиб кетди. Сувни қайта-қайта жон-жаҳдим билан муштладим.

«Дам олишга бало бормиди сенга, Жасур! Тинчгина ўша ёқларда юрсанг ўлармидинг?!» дея бақирганча ўзимни-ўзим яндим. «Агар Навбаҳорга бир нарса бўлса, мен ўзимни кечирмайман. Мен ўзимни-ўзим йўқ қиламан!..»

Худди шундай қатъий қарорга келдим ва яна бақирдим.

Теварак-атрофдаги қий-чувлар товушимни ютиб юборди. Биров худди мендай дарахтдан тушяпти. Биттаси қандайдир ёғочнинг устида сузиб юрибди. Яна уйларнинг омон қолган устунлари, томларида бақираётганлар бор. Даҳшат. Даҳшатнинг ўзгинаси!

Оёғимда қаттиқ оғриқ турди. Чап оёғим. Энди уни аввалгидай қимирлатолмай қолгандим. Сув эса оқишда давом этяпти. Мен ҳам унга қўшилиб оқяпман. Навбаҳор менинг ортимда эди. Демак, мен олдинга кетмаслигим керак. Унинг ҳам омади келган. У ҳам бирорта дарахтнинг устида ҳозир. Пастга тушолмайди. Худо кўрсатмасин, бирор нимага мендай урилган бўлса, аҳволи жудаям чатоқ. Ҳар доимгидан-да кўпроқ керакман ҳозир.

— Навбаҳор! Навбаҳор! Навбаҳор!!!

Бақир-чақирлар орасида қандайдир таниш овоз эшитилгандай бўлди. Мен шу заҳоти турган жойимда қолиш учун оқимга қарши сузар ва шу ҳолимда бақирар эдим. Бироқ энди ўша таниш овозни сира эшитмасдим. Аммо шунга қарамай кўнглимда илиқлик пайдо бўлди. Навбаҳор тирик. Ҳализамон уни топаман. Топишим аниқ!

Шу пайт кичкина болачага кўзим тушиб қолди. У мендан бор-йўғи икки қулоч наридан оқиб ўтаётганди. Сувга бир киради, бир чиқади…

Жон-поним чиқиб кетди. Бирдан бола томонга суздим-да, чақалоқни ушладим. Бир қўллаб уни юқорига кўтардим. Ранги докадай оқариб кетганди. Яхши томони, нафас оларди. Сув ютган. Лекин кам. Аммо тезроқ ўша сувни чиқариб юбормаса, ўшанинг ўзи ҳам нобуд бўлишига етади. Биринчи дуч келган дарахтдан тутиб қолдим. Унга чирмашиб бироз юқориладим-да, чақалоқнинг оёғини осмондан қилиб кўтардим. Бир-икки силтадим. Сув чиқди ва у чинқириб йиғлашга тушди. Мен ҳам унга қўшилдим. Сариққина бола экан. Менимча, рус бўлса керак!

— Ким бор?! Ёрдам берадиган борми?! — дея рус тилида бор овозда бақирдим.

Ғалати. Ҳўкиздай одамман. Ёрдам сўрашга бало борми?! Ким менга ёрдам беради?! Ҳамманинг аҳволи меникидан беш баттар.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (37-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (38-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (39-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (40-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (41-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (42-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (43-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (44-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (45-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (46-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (47-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (48-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (49-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (50-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (51-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (52-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (53-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (54-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (55-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (56-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (57-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (58-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (59-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (60-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (61-қисм)