Покистон раҳбари эмланганидан икки кун ўтиб коронавирусга чалинди

0

Покистон Бош вазири Имрон Хон коронавирусга чалинди, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазири 20 март куни. Имрон Хон бундан икки кун аввал CОVID-19 га қарши эмланганди.

 

“Хон ўз уйида изоляцияга олинган” дейди Соғлиқни сақлаш вазири Файсал Султон. Аммо, у Имрон Хон билан алоқада бўлганлар ҳам карантинга олингани ҳақида маълумот бермаган.

 

68 ёшли Имрон Хон охирги пайтларда кўплаб учрашувларни ўтказаётган эди. Жумладан, у пойтахт Исломободда ўтказилган ва жуда кўплаб одамлар қатнашган хавфсизлик конференциясида қатнашган. Хон ушбу конференцияда юз ниқобида бўлмаган. Шунингдек, Покистон раҳбари 19 март куни камбағал одамлар учун қурилиши режалаштирилган уйлар лойиҳасини ҳам бошлаб берганди.

 

Айни пайтда 220 миллион киши яшайдиган Покистонда коронавирус тарқалиши кескин кўтарилмоқда. Ҳукумат томонидан берилган маълумотларга кўра, мамлакатда ўтган сутка давомида 3876 киши коронавирусга чалинган. Бу ўтган йилнинг июлидан бери қайд этилган энг юқори кунлик кўрсаткич ҳисобланади. Бу мамлакатда CОVID-19 га чалинганлар умумий ҳисобда 620 мингдан ошган. Вирус қурбонлари эса 13 799 тани ташкил қилмоқда.

 

Ҳозиргача Покистонда AstraZeneca, Sputnik V, Sinopharm ва CanSino компанияларининг вакцинаси рўйхатдан ўтказилган. Бу мамлакатда 10 мартдан бошлаб оддий аҳоли вакилларини эмлаш бошланган.

loading...