Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

2

Улар уч киши эди: эркак, аёл ва чақалоқ. Эркак чап биқинидан оғир яраланган, оёғини судраб зўрға босар, ора-сира тўхтаб, ортига бир қур назар ташлаб оларди. Унинг ўйида фақат бир ташвиш: “Ишқилиб, не бўлсаям, фармонни адо этай, кейин, майли, омонатини олсаям розиман”. Оғриқ эса забтига оларди. Мабодо ўзига бир кор-ҳол бўлса, ёнидагиларнинг ҳоли не кечади? Шуни кўз олдига келтириб, чақалоғини бағрига босганча юравериб, тинка-мадори қуриган, ортидан судралиб эргашиб келаётган аёлга ичи ачиди.

Неча йилдирки, саройдан ташқарига чиқмаган кенжа малика ниҳоятда нозик ва ғоятда гўзал эди. Шоҳ Балхга юриш қилиб зафар қозонгач, ортга қайтаётиб Насаф подшосининг саройига дам олгани қўнганида уни учратганди. Ўн бешни тўлдириб, ўн олтига қадам босган, хаёли фаромуш бўлиб паранжисиз юрган Зебони шоҳнинг хос одамларидан бири кўриб қолган, ичига чўғ тушиб, манфаат илинжида зудлик билан ҳурлиқодан шоҳни хабардор қилган. Шу зайл Зебо ҳукмдор Норсултоннинг кенжа рафиқасига айланган.

— Бир зум нафас ростлайлик, — деди лаблари қуруқшаган малика.

Саркарда тўхтаб, оҳиста ерга чўкди. Биқинининг симиллаб оғриганига тоқат қилолмай, кўзлари юмилди, инграб юбормаслик учун тишини тишига босди. Сўнг:

— Маликам, мени афв этинг, беодоблик қилдим — сиздан бурун ўтириб олдим. Жароҳатим забтига олаётир, иложим қанча, маликам! — деди у Зебога тик боқолмай нигоҳи билан ер чизиб.

— Асло хижолат чекманг. Бу аҳволингизда шунча йўл босганингизнинг ўзи жўмардлик. Балки ярангизни боғлаб қўярман, — деди малика саркардага ачиниб қараб.

— Йўқ-йўқ! Асло бундай деманг. Сиздай маликаи олий насаб мен фақирнинг танин ушлайдими?! Мени гуноҳга ботирманг, маликам, — деганча саркарда йиғлаб юборди.

— Бу ерда на мен маликаман ва на сиз саркарда. Биз қум барханлари, чакалакзор асиримиз. Бир-биримизга кўмак бермасак, ҳолимиз не кечади? Ҳеч қурса, норасида гўдакка ичингиз ачисин, юролмай қолсангиз, бунда хароб бўлмоғимиз тайин. Қани, кўрсатинг менга жароҳатингизни!

Малика саркарданинг қаршилигига қарамай, жароҳатига кўз ташлади-ю, ранги оқариб кетди. Зеро, қилич кесган жой илвираб қолган, ундан сизиб қон оқар, шу алпозда саркарданинг юриб келгани ақлга сиғмасди.

Малика бир муддат атрофига аланглаб, кўзи билан ниманидир қидирди. Топди, шекилли, бироз нари бориб, ёввойи жийда ортига ўтди ва паранжисини тушириб, кўйлагининг этагидан бир парчасини йиртиб олди. Саркарданинг ёнига қайтиб, ярасини боғлаётганда:

— Маликам, — деди оғир нафас олаётган саркарда, — қуёш ботаётирми ё менинг кўзимга шундай?..

Зебо жилмайди. Уфққа назар ташлади.

— Кўп юрдик-да, кун ўтганини ҳам сезмабмиз, — деди.

— Маликам!.. Менинг ризқ-насибам битганга ўхшайди. Шоҳимнинг амрини адо этолмайман, чоғи. Қоронғида бу ерларда чиябўрилар изғийди, қон ҳидини бир чақиримдан сезади. Шу боис… Ё раббим, лошим чўлда қолади, деб ўйламаган эканман… Бироқ сиз, маликам, ҳечам қўрқманг. Машъала ёқиб олинг, шунда қашқирлар йўлай олмайди. Яна икки тош юрсангиз, бир қишлоқ келади. Асло… малика эканингизни сездирманг…

Саркарда сўзлашдан тўхтади. Унинг нафас олиши янада оғирлашди, оғзининг эзувидан сизиб чиққан қон соқолини қизилга бўяди. У бир муддат нафасини ростлаб, яна зўриқиб давом этди:

— Бундан тўрт йилча бурун… биз сиз борадиган… қишлоқнинг кулини кўкка совургандик. Маликалигингизни билиб қолишса, соғ қўйишмайди… Аллоҳга шукур, шу гап…

Туйқусдан саркарданинг афти бужмайиб кетди, у жуда қаттиқ азоб чекаётганди. Маликанинг кўзидан дувиллаб ёш оқа бошлади. Саркарданинг нафас олиши тезлашди.

— Мени кўмаман деб овора бўлманг… Эркакни аёл кўммайди… Мени еган йиртқичларнинг… нафси қонади… сизларга тегинмай…

Саркарданинг бўғзидан хириллаган товуш чиқди. Сўнг боши чап елкасига оғиб, қийшайиб қолди. Ҳаял ўтмай танаси совиди.

Маликани ваҳм босди. Жавдираб атрофига аланглади, чангалзорга боқди. Хаёлида ҳозироқ тикан-буталар орасидан чиябўрилар чиқиб келадигандай, ўзига, боласига ташланиб қоладигандай туйилаверди. “Шошилиш керак, шошилиш керак”, — хаёлидан ўтди унинг. Шу пайт икки одим нарида — қовжираган ўт устидаги чақалоқ биғиллаб қолди. Зебо тиззалаб бориб, чақалоғини қўлига олди. Гўдак бошини у ёқ-бу ёққа буриб, баттар чинқира бошлади. Зебо қўрқди. Йиртқичлар гўдак овозини эшитиб, бостириб келишидан ваҳимага тушди. Дарров ёқасидан кўкрагини чиқариб, ўғилчасининг оғзига солди. Очиққан гўдак тамшаниб эма бошлади.

Малика уфққа қаради — қуёш ботишга чоғланаётир. У саркарданинг мурдасига қарашга чўчиди, шу боис бошини бурмади. Жойидан оҳиста туриб, гўё қадам товушини сездириб қўядигандай авайлаб оёқларини ердан узиб босиб, жасад ётган ердан бироз узоқлашди ва югуришга тушди. Бир неча бор паранжиси ёввойи жийдалар шохига илиниб тариллаб йиртилганини эшитди, бироқ шунда ҳам жувон югуришдан тўхтамади. Қачонки ҳансираб, нафаси бўғзига тиқилиб, томоғи қуриб қолганидан кейингина тўхтади. Ерга чўк тушиб, ортига ўгирилиб қаради: “Хайрият!” Ҳеч ким қувиб келмаётганига амин бўлгач, кўзини юмди. Шунда боласи эсига тушди. Ахир кўкрагини унинг оғзига солганди… Йўқ, ҳартугул, сийнасининг учи чақалоқнинг оғзидан чиқиб кетибди. Гўдак эса, ғам-андуҳдан холи, пишиллаб ухлаяпти. Малика бегона кўздан ҳайиққандай шоша-пиша кўксини ёпди. Атрофга аланглади. Қийналиб ютинди. Хаёлига саркарданинг: “Машъала ёқиб олинг”, деган гапи келди. Лекин машъалани қандай ёқади? Шунда саркарданинг қопини эслади: “Миям қурсин, қопда нон, сув, яна алламбалолар бор эди-ку, нега олмадим?” — хаёлидан ўтди унинг.

Бу маҳал энди қоронғи туша бошлаганди. Малика илдам юриб, чангалзордан чиқиб олмаса, йўлидан адашиб қолишини англади. Аслида эса, мўлжалдан чалғидими-йўқми, билмасди. Чунки у умрида бу ёқларга қадамини босмаган.

Икки чақиримлар юргач, дарахтлар сийраклашиб, унда-бунда қорайиб кўринди, холос. Зебо толиққан, юришга мадори етмасди. У тўхтаб, ғингший бошлаган ўғилчасига кўкрак тутди. Гўдакка термилиб ўтириб, уйқу элитганини сезмай қолди. Чўчиб кўзини очганда беихтиёр: “Агар шу ерда қолиб кетсам, шоқолларга ем бўламан”, деб овоз чиқариб гапириб юборди. Қийналиб ўрнидан турди-да, тағин йўл босишда давом этди.

Кўзига узоқдан элас-элас шуъла кўрина бошлаганда оёқлари унинг ихтиёрига бўйсунмасди. Оёқлари ҳеч нимани сезмас, шишиб кетгандек. У ёруғ кўринган томондан кимдир чиқиб, ўзи томонга келишини жудаям истарди. Бироқ, қанийди, истаги ижобат бўлса, қанийди, кўнглидан ўтганини инсон зоти эшитса! Ҳаммаси рўё: унинг ўй сураётгани, чироқнинг кўрингани…

— Болагинам, эркатойим, сенинг жонинг омон бўлса, бас менга.

У ўзини уйқу элитмаётганини билиш учун, шу атрофдан бирон кимса ўзини пайқамай ўтиб кетмасин, деб атай пичирлаб гапирди.

Бир маҳал қулоғига итнинг ҳургани эшитилди. “Худога шукр”, хаёлидан ўтди унинг ва дам олгани ўтирмоқчи бўлди. Бироқ мувозанатини йўқотиб, хайриятки, ёнбошига қулади. Йўқса, боласини эзиб қўярди. Чақалоқ қўлидан учиб кетди. Энишроқ жойга келиб қолган экан, қаттиқ тушмади, нозик юзчасига хас-чўплар ботдими, чинқириб йиғлашга тушди.

— Ҳозир, Бек ўғлим! Ҳозир!.. Ҳозир, — дея малика ўрнидан туришга ҳарчанд уринмасин, оёқ-қўли ўзига бўйсунмасди. Гавдаси зил-замбил, кўзини очишга мажоли етмасди. Чақалоқ чинқириб йиғлар, онаси эса, инграниб: “Ҳозир, ҳозир…” — дерди, холос.

Чақалоқ бошини у ёқ-бу ёққа қимирлатганидан энишга қараб думалади. Кейин гўдакнинг овози чиқмай қолди. Унинг оғзи қапишиб, нафас ололмаётганди. Зебо чўчиб, илкис бошини кўтарди.

— Болам, ўғилгинам, — дея чақалоққа талпинди ва эгилиб авайлаб кўтарди. Гўдакнинг ингалагани эшитилди. Малика уни бағрига босди, бироқ гўдак ингалашдан тўхтамади.

Боядан бери ҳураётган итнинг товуши энди яқинроқдан эшитила бошлади. Ит одам ҳидига кўниккан бўлади, агар унинг узоқдалигини сезса, шунчаки бир-икки ҳуриб қўяди. Аммо бўрибосар ит бирор бир ёввойи йиртқичнинг ҳидини олса, жойида туролмай қолади.

Эгасининг оғили ёнида боғлиқ бўрибосар узоқдаги шарпани кўрди, бир-икки юлқиниб ҳурди. Кейин бурнига бутунлай бошқа ҳид урилиб, танаси титраб кетди, бақувват оёқлари билан ерни тирнаб, тепага сапчиди, жони борича вовуллади. Қозиққа бойланган арқон таранг тортилди, бўрибосар ириллаганча арқонни ғажиб, яна олдинга талпинди. Эгаси жониворнинг бунчалик безовталанаётгани сабабсиз эмаслигини яхши биларди. Шу боис, кулбасидан отилиб чиқди-да, кела сола қўриқчисини арқондан бўшатди. Кутилмаганда ити тескари томонга чопиб кетди. Эгаси ҳайрон: бўри ёлғиз бўлса, ҳозир орқа-олдига қарамай қочади. Мабодо гала бўлиб келган бўлса, Сиртлонини талаб ташлаши мумкин. Хаёлидан кечган ўйдан ташвишга тушган Маҳмуд итининг ортидан югурди.

Саркарданинг башорати тўғри чиқди: энди қоронғилик туша бошлаганида қон исини олган чиябўрилар унинг мурдасини топиб, нимталашга тушиб кетишди. Аммо чангалзорда кун бўйи оч-наҳор изғиб юрган бўрилар ҳам бор эди, улардан бири одам ҳидини олиб, она-боланинг ортидан тушди. Аммо ўлжага яқин қолган жойида таққа тўхтади. Чунки олдда кўзлари яшиндай чақнаган Сиртлон шамолдай учиб келаётган эди. Бўри тайсаллади: бир ўлжага, бир ажалга қаради. Сўнг ортига бурилиб қочишга мажбур бўлди. Ахир очликка чидар, аммо Сиртлоннинг чангалига тушса, омон қолмайди.

Сиртлон маликани ёнлаб ўтиб, яна бироз югурди. Бўрининг ҳидини йўқотди, чамаси, тўхтади. Бошини ғоз тутиб, чангалзор тарафга қараб ҳуриб қўйди. Сўнг ортига қайтиб, маликанинг атрофини айланди. Уни ҳидлаб, юзини ялаб кўрди.

Бу орада Маҳмуд етиб келди.

— Ё, алҳазар! — деди у чўзилиб ётган аёлни кўриб. — Ким бўлди бу ожиза?!

Тирик-ўликлигини билмоқчи бўлиб, Маҳмуд маликанинг томирини ушлаб кўрди. Томири билинар-билинмас уриб турганини сезгач, унинг бағридаги чақалоғини қўлига олди. Гўдакнинг оғзига қулоғини тутди ва беихтиёр юзи ёришди.

— Икковиям тирик! — деди гўё севинчини Сиртлонга таъкидлагандай. Ити бунга жавобан ғингшиб қўйди.

— Бу ерларга қаердан келиб қолдингиз?! Кимсиз? — деб у маликанинг қўлидан ушлади.

Жавоб бўлмади. Зебо тошдай қотиб ухларди. “Агар Сиртлон бўрини сезиб қолмаганида, жувон боласи билан йиртқичга ем бўлиши тайин экан”, ўйлади Маҳмуд. Эҳтимол, нозик этига бўрининг ўткир тиғли тишлари ботаётганини сезмай қолармиди? Аммо чақалоқ сезарди, у онасидек қаттиқ уйқуга кетмаган, салгина шовқиндан уйғониб кетарди. Ҳозир ҳам уйғоқ. Сиртлоннинг вовуллашидан уйқуси қочган. Лекин хавфни сезгандай, жим ётибди. Унинг кўзи очиқлигини қоронғида Маҳмуд пайқамади, шу боис, оғзига қулоғини тутганди.

Бошқа чора йўқлигини билган эркак маликанинг бағрига боласини қўйди. Сўнг иккаласини даст кўтариб, кулбаси томонга олиб кетди.

Маҳмуд тунда, хира чироқ ёруғида чангалзордан уйигача кўтариб келган аёлнинг малика эканини билмасди. Тонг отиб, жувоннинг тақинчоқлари, паранжисини кўргач, ҳуши бошидан учди. “Бу шоҳнинг хотини!” деган ўй ўтди хаёлидан ва нима қиларини билмай, типирчилаб қолди. Уй ичини тартибга келтираётиб, кўнглига ваҳм оралади, қўрқди. Ахир у аслзоданинг юзини кўриб қўйди. Кўриш ҳам гапми, уни уч чақиримдан кўтариб келди. Билиб қолишса борми?.. “Ҳадемай, буларни қидириб келишади қилич яланғочлаган отлиқлар… Эҳтимол, бутун бошли қўшин бостириб келсаям ажабмас. Уларга нима дейман? Келибоқ бошимни танамдан жудо қилишса, додимни кимга айтаман? Эй, Худо, не балога гирифтор қилдинг мени, а?”

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

loading...

2 ФИКРЛАР

Comments are closed.