АҚШ Афғонистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваъда берди.

0

23 март куни Қўшма Штатлар Афғонистонда сўнгги 20 йил ичида аёллар ҳуқуқлари бўйича эришилган тараққиётни ҳимоя қилишга ваъда берди. Ҳозирда АҚШ Афғонистонда муваққат ҳукуматни шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. Ушбу вақтинчалик ҳукумат таркибида Толибон ҳам бўлиши кўзда тутилган.

«Биз Афғонистон аёллари ва қизларини қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак» деди АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд БМТнинг Хавфсизлик Кенгашида.

Ўтган йили Толибон ва АҚШнинг Трамп бошчилигидаги собиқ ҳукумати келишувга эришганди. Унга кўра, АҚШ 2021 йилнинг 1 майигача Афғонистон ҳудудидан барча ҳарбийларини олиб чиқиб кетиши зарур. Аммо, АҚШнинг амалдаги раҳбари Жо Байден ушбу шартномани сақлаб қолиш ёки уни бекор қилиш ҳақида бош қотирмоқда. АҚШнинг баъзи дипломатлари агар ҳарбийларнинг барчаси олиб чиқиб кетилса, Афғонистоннинг катта қисми Толибон қўл остига ўтиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантиришган.

Ҳозирда халқаро ҳамжамият Афғонистон ҳукумати ва Толибонни ўзаро келишишга ундамоқда. Ўтган ҳафта айнан шу масала бўйича Москвада музокарлар бўлиб ўтди ва унда АҚШ, Россия, Покистон, афғон ҳукумати ҳамда Толибон вакиллари қатнашди.

Толибон 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонни бошқарган бўлиб, бу даврда мамлакатда аёлларнинг ўқиши ва ишлашига тўсиқлар қўйилганди.

23 март куни бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик Кенгашида бир неча давлатлар Афғонистонда ҳозирда кўплаб ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилаётганидан хавотирда эканини маълум қилишган.

«Биз уруш тўхтатилишига чақирамиз. Унда тинч аҳолини, хусусан аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш мутлақо устувор вазифа бўлиши керак» дейди Франциянинг БМТдаги элчиси Натали Бродхурст.

loading...