Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

0

Маҳмуд юрагида ғулғула билан ҳовлига чиққанида қозиғи атрофида айланаётган Сиртлон безовталаниб ғингшиди. Эркакнинг ёдига хотини келди. Боёқиш унга иккита бола туғиб берганди. Аммо икковиям Маҳмуднинг манглайига сиғмади. Бири уч ойлигида, иккинчиси олти ойлигида нобуд бўлди. Кўп ўтмай у хотинидан ҳам айрилди. Бинойидек юрган Махфират бирпаслик дардга учрадими, ухлади-ю, қайтиб турмади.

Ўшанда хотини эндигина йигирма иккига қадам босганди. Эгни-боши тузукроқ кийим ҳам кўрмади. Келин бўлиб тушганида онасининг беш-олти сув кўрган оқ чит кўйлагида келган. Ишдан тайсалламас, қўлларини қадоқ босган эди… Маҳмуд бошқа уйланолмади, қурби етмади. Ўзининг қорнини зўрға тўйғизарди. Тўғри, қозиқда биттагина моли бор, кичкина, озғин. Ёзда яғрини йилтираб, эт олгандай бўлди. Қишда териси суягига ёпишгудек озиб кетди.

Аслида, шу мол ҳам ўзиникимас, амакисиники. Амакиси ўлиб, уч гўдаги етим қолди, улар ёш, молга қаролмайди. Сигирни Тўхтамиш бой тортиб олмоқчиям бўлди, амакисининг маъракасига ундан қарз олишганди-да.

Тўхтамиш қишлоқнинг пеши, бироқ зиқна, еб тўймас бой. Бирор уйда ортиқча бир қоп буғдой ёки арпа борлигини эшитса, тамом, ётиб уйқуси келмайди. Қандай қилиб шуни ўзлаштириш ҳақида бош қотиради. Унга қолса, ҳамма кафанга зор бўлсин-у, ёнига ялиниб келсин. У амакисининг хотинига қишгача муҳлат берган: шунгача қарзни қайтармаса, бир парча ери билан сигирини тортиб олиши тайин. Бева аёл болалари билан кечаю кундуз унинг хизматида.

Маҳмуд хаёл оғушида уйга кирганини пайқамай қолди. Кўзи маликанинг чеҳрасига тушди: ингичка қош, оппоқ юз, узун киприк, қирмизи лаб эркакни лол қилиб қўйди. Маҳмуд шаҳло кўзлардан таралаётган нурни ҳали кўрмаган эди. Шундай эса-да, сеҳрлангандек қотиб қолди.

Чақалоқ қорни очди, чоғи, безовталаниб биғиллади. Маҳмуднинг юраги гупиллаб уриб кетди. Бу малак уйғониб кетса-ю: “Бу ерга қандай келиб қолдим?” — деб сўраса, нима дейди? Ана! Ана, уйғонаяпти. Лаблари тамшанди. Зебо боласининг товуши келган томонга ўгирилиб, кўзини очди. Очди-ю, қаққайиб турган бегона эркакни кўрди.

— Вой, сиз кимсиз?! — бақириб юборди жувон паранжиси билан юзини тўсиб.

— Мен… Мен… Шу… Шу уйда тураман, — деди Маҳмуд довдираб.

Чақалоқ чинқириб йиғлай бошлади.

— Таги ҳўл бўлган, чиқиб туринг, — деди малика эркакка.

— Хўп бўлади, — ташқарига йўналди Маҳмуд.

Зебо ўғлининг тагини тозалаб, эмизиб ухлатгач, секин ташқарига чиқди. Бу пайт Маҳмуд сигирига емиш бериб қайтган эди.

— Мен сизнинг уйингизгача келдимми? — сўради Зебо қўнғироқдай овозда.

— Ҳа, йўқ. Чангалзорда экансиз, сигиримни йўқотувдим. Бориб қолдим. Юришга кўмаклашдим, холос. Сираям кўтариб келганим йўқ, — дея ўзини оқлашга тушди Маҳмуд.

Зебо унинг соддалигидан кулди. Юзини чачвон тўсиб тургани боис, эркак унинг юзидаги табассумни кўрмади. Кўрганида, ажабмас, ўзини буткул йўқотиб қўйган бўларди.

— Нега бу атрофда бошқа уйлар кўринмаяпти? Қишлоққа етдим, деб ўйлагандим, — сўради Зебо атайин гапни бошқа ёққа буриб. У саройда турли тоифадаги одамларга, айниқса, ёнида хижолат тортиб турадиган хизматкорларга қандай муомала қилишни ўрганганди. Ҳозир бу бегона эркакнинг қизариб-бўзараётганини кўриб, унга ичи ачиди.

— Қишлоқ… Қишлоқ беш тош нарида. Мен бу ерда ёлғиз тураман. Хотиним ўлганидан кейин бу ёққа келиб… деҳқончилик қилиб кун кўраяпман.

— Аёлингиз йўқми? Болалар-чи?

— Уларни менга худо кўп кўрди. Сиз уйга кириб туринг, мен чой дамлайман. Анчадан бери туз тотмаганга ўхшайсиз.

Зебо ичкарига кирди. Кулба пастқамгина, девори сувоқланмаган, оёқ остига хас-хашак ташланиб, устига иккита тери ёзилган. Тўрга иккита кўрпача йиғиб қўйилган. Бор-йўқ жиҳози шу. Малика боласининг ёнига ўтираркан, ичкарини бир-бир кузатиб, мийиғида кулиб қўйди. Беихтиёр хаёли саройга кўчди. Қип-қизил чўғдай гиламлар, қават-қават адрас кўрпалар, хизматкорлар тавозеда… Боя боласининг тагини қуритишга қанча уринди. Саройда қўлини совуқ сувга урмас эди, барча юмушни хизматкорлар эплашарди. Ҳатто бундай юмушларни бажариш уларга бир имтиёздек эди.

Маҳмуд қорайиб кетган қумғонда чой ва дастурхон кўтариб кирди. Унда бор-йўғи бир дона зоғора нон. Сигири сут бермай қўйган. Кўклам қурғоқчилик бўлди, экинлариям тузук-қуруқ ҳосил бермади. Маҳмуд дастурхон ёзаётганида хаёлига уйида туршак борлиги тушиб, ич-ичидан қувониб кетди. Югуриб бориб бир ҳовуч олиб келди-да, дастурхон устига тўкди. Топилдиғидан оғзи қулоғида. Ахир қишлоқда туршак ҳам камёб неъмат-да.

Зебонинг эса хўрлиги келиб, қовоғи осилди. “Шуми маликага кўрсатиладиган иззат-ҳурмат?” — хаёлидан ўтди унинг. Шундай бўлса-да, нондан бир бурда синдириб олди. Қорни оч эди унинг, ноз-карашманинг ўрни эмас ҳозир. Қолаверса, бирон нима емаса, сут келмайди, боласи оч қолади.

Жувон ийманиб ўтирмасин, деб Маҳмуд ташқарига чиқиб кетди. Зебо кўз очиб юмгунча зоғора нонни чойга ботириб еб қўйди. Тўймади. Аммо илож қанча, чидашга мажбур. Қотган туршакдан бир донасини оғзига солиб сўра бошлади.

Орадан хийла вақт ўтиб, Маҳмуд кириб келди.

— Кечирасиз, — деди у бошини хиёл эгиб, — битта-яримта сизни сўраса, нима деб жавоб берай?

Ҳовлида ўтириб, Зебонинг нонуштаcи тугагунча унинг ўйлаб топган гапи шу бўлди. Маликанинг хаёлига туйқусдан саркарданинг гапи келди: “Зинҳор кимлигингизни айтманг. Бу қишлоқнинг кулини кўкка совурганмиз”.

Зебо каловланди, жавоб тополмай бироз қийналди. Шунда хаёлига насафлик бекнинг исми келди. Нормуҳаммад эди унинг исми.

— Асли Насафданман, Нормуҳаммадбекнинг завжаси бўламан. Балхга бораётгандик, қароқчиларга дуч келдик. Мен зўрға болам билан қочиб қутулдим. Қароқчилар ҳаммани қиличдан ўтказишди. Бор мол-мулкимизни талашди. Мабодо мени кўриб, кимлигим билан қизиқишса, бекнинг аёли эканлигимни айтсангиз, — деди малика ва ичида ўзининг ёлғонидан ўзи қувонди.

— Бекнинг ўзи омон қолдими? — сўради Маҳмуд шошиб.

— Тўполонда кўрмадим. Балки, уни ҳам қиличдан ўтказишгандир. Ким билсин, биздай қочиб қутулган бўлишиям мумкин. Лекин бекинишга улгурганимиздан кейин қароқчиларнинг “ур-ҳо, ур”ини эшитдим.

— Унда ҳализамон сизни ахтариб келиб қолишлари мумкин экан-да?!

— Қайдам…

Маҳмуд ўрнидан туриб, тавозе билан чиқиб кетди. “Мабодо бекнинг сарбозлари келиб қолишса-ю: “Аслзодани зоғора нон билан меҳмон қилдингми?” деб мени соғ қўйишмайди. Майлига, мол кетса кетсин, жон фойдага қолсин”, деган қарорга келиб, у сигирни сўйди. Ўчоққа ўт қалаб, қора қозонни осди. Гўштни пишириб, бир лаганга бостириб маликанинг олдига олиб кирди.

Зебо ажабланди. Боягина дастурхонга қаттиқ нон билан туршакдан бўлак ҳеч нима қўймаган одам қаердан шунча гўшт пишириб келди? У хаёлидан кечган ўйни айтолмади. Содда, камбағал, бироқ одамшаванда эркакнинг дилини оғритгиси келмади. Энагасининг: “Кўнглида кири йўқ камбағал одамлар жуда ғурурли келади”, деган гапини эслади. Агар Зебонинг ўрнида шоҳнинг бошқа хотини бўлганида, бу одамнинг бошига не кунларни соларди. Бироқ Зебо бундай қилолмайди, феъли шунақа. Ўзганинг кўнглига қараб гапиради, шунга мос иш қилади.

Малика лаганга қўл узатди. Маҳмуднинг кўзи унинг ярқираган билагузугига тушиб, ичидаги қўрқуви баттар кучайди. Аслзода бу аёл гўштни нонсиз еяпти. Бунга ҳозир чидаса бўлар, лекин кечки овқатни ҳам нонсиз…

— Мен қишлоққа бориб келсам, — деди у ўрнидан туриб хизматкордай бошини эгаркан. — Озгина жўхорим билан буғдойим бориди. Тегирмонда торттираман-у, қайтаман.

Зебонинг ичидан зил кетди: “Зоғора бўлсаям нони бор эди. Мен еб қўйдим. Энди бу бечора кунини қандай ўтказади?” Уятдан унинг юзлари қизарди, кулбанинг эгасига бир сўз айтолмади. Унинг гапирмаганига Маҳмуд хижолат тортди. Секин орқаси билан юриб, кулбадан чиқди.

Бироздан кейин малика кулбадан чиқиб, ҳовлини айланди. Битта оғил билан бир кулбадан бошқа ҳеч вақо йўқ. Атроф чангалзор, оғил билан уй орасигина очиқ, яланглик, шимол ёқда тиккайган бута кўринмайди, юз одимча нарини шу жойда туриб кўрса бўлади.

Зебо секин бориб оғилнинг ичига мўралади. Шифтдаги дорга гўшт осиб ташланган. Аввалига ақли етмади. Кейин англаб, Маҳмудга раҳми келди: “Бу бечора бисотидаги ёлғиз молини сўйибди”. Малика ич-ичидан эзилиб, ўтириб олиб йиғлади. Агар Тангри тағин ёруғ кунларни насиб этса, иншооллоҳ, шу одамга яхшилик қилажагини кўнглига тугиб қўйди.

Маҳмуд айтган вақтидан бироз кечикиб келди. Ҳеч қандай важ-карсон кўрсатмади, фақат қовоғи солиқ эди. Афтидан, қишлоқда бирор фалокатнинг устидан чиққан.

— Хотинингиз қазо қилган экан, — деди у Маҳмуднинг ёнига бориб, — паранжиси қолганми?

Маҳмуд ҳайрон бўлиб термилди.

— Ёпиниб олсам, дегандим. Кўрганлар ҳар хил шубҳага бормасин, — дея изоҳ берди малика.

— Ҳа-а, ҳа, эсим қурсин. Бор, ҳозир опчиқиб бераман.

У ичкарига кириб, ранги ўчиб кетган матога ўралган паранжини келтириб берди. Зебо уйга кириб, ўзиникининг ўрнига шу паранжини ёпиниб чиқди.

— Ярашдими? — сўради Маҳмуддан шўх овозда. Маҳмуд ундан кўзини узолмай қолди. Ютинди. Сўнг бошини эгиб:

— Қараганим учун бир қошиқ қонимдан кечинг. Аёлим билан бўйингиз бирдай экан, — деди.

— Буни ёпиниб юрсам, хотинингизнинг руҳи шод бўлади, — деди Зебо ва секин ортига бурилиб кетди.

Бир ҳафта Зебо кулбада ўғли билан, Маҳмуд ҳали совуқ тушмагани боис, ташқарида ётиб юрди. Лекин ора-чора Зебонинг юзига унинг кўзи тушиб қолар, шунда юраги типирчилар, тун бўйи хаёл суриб чиқарди. Гоҳида она-бола ётган уйнинг эшигигача келар, сездирмай ичкарига қулоқ тутарди. Бироқ “тиқ” этган товуш эшитмасди, гоҳида чақалоқнинг биғиллагани қулоғига чалиниб қоларди. У Зебонинг бедорлигини, у ҳам хаёл оғушида эканини, у ҳам эркакнинг тун бўйи мижжа қоқмай чиқишидан бохабарлигини билмасди. “Хотинини қўмсаяпти, унинг паранжисини ёпинмасам бўларкан. Шундоғам бу томонларга биров қадам босмаскан”, ўйларди малика.

Тонг отгач, ҳеч нарса бўлмагандай, худди ака-сингиллардек муомала қилиб кетишарди. Баъзида малика унинг юмушларига қарашиб юборади. Тун эса… бир азобда кечарди.

— Янгамни жудаям суяр экансиз-а? — деб қолди бир куни Зебо.

Маҳмуд ялт этиб қаради.

— Тун бўйи ухлаёлмай чиқишингизнинг боиси не? — сўради Маҳмуднинг қизарган кўзларини кўриб малика.

Маҳмуд бошини эгди, сўз қотишга ботинолмади. Зебо унинг жим туришидан ғалати бўлиб кетди. Берган саволидан ўзи уялди.

— Зебохон, — деди Маҳмуд малика: “Мени айнан шундай деб чақиринг”, дея илтифот қилганини эслаб, — мен қишлоққа бориб келсам. Бир қоп шолғом бор эди. Озроқ арпагами, буғдойгами алмаштириб келаман. Бир йўла тегирмонда торттираман.

У жувонга кўринишга юраги бетламай, эшик ортида турарди. Ахир унинг тонггача мижжа қоқмаётганини Зебо пайқабди. Энди унинг олдида қандай бош кўтариб юради?

Малика ҳали ўзига келмаган, чуқур ва тез-тез нафас олаётгани боис кўкраги кўтарилиб тушаётганди.

— Узоқ қолиб кетмайсизми? — сўради у зўрға тили калимага келиб.

— Иншооллоҳ.

Маҳмудни ҳаяжон босди: Зебонинг товуши раҳматли аёлиникидай майин эди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

loading...