Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

0

* * *

Маҳмуд бир қоп шолғом эвазига буғдой сўраганидан Тўхтамишбой ажабланиб: “Жўхоридан бўлак нарса томоғимдан ўтмайди, дегандинг-ку! Нима, бойиб қолдингми?” — дея ўқрайиб қаради. “Табибга борувдим, бой ота. Ҳеч бўлмаганда бир маҳал буғдойнинг ўзини егин, деб тайинлади, шунга икки ҳовучгина буғдой керак бўлиб қолди”, — ғўлдиради Маҳмуд. “Олаётганинг ярим қоп-ку”, — бой халтага ишора қилди. Маҳмуд қопга қаради, қопда кўпи билан икки килоча буғдой бор. Эҳҳе, икки дунё бир бўлса ҳам, Тўхтамишбой унинг бир қоп шолғомига ярим қоп буғдой бермас. Маҳмуд гапирмади, дарди ичида — хўрсиниб, унинг уйидан чиқиб кетди.

Кўчада шовқин-сурон, ўн беш чоғли суворий қийқиришиб, қишлоқ аҳлини ёшу қари демай, бир жойга тўплаётганди.

Бундай бехосият тараддуддан қишлоқликлар юрак олдириб қўйишган. Ҳар йили бир-икки бор шундай тўда келиб, одамларнинг бор-будини шилиб кетади. Фақат Тўхтамишбойга тегинишмайди. Нега бундай қилишади, ҳеч ким билмайди.

Маҳмуднинг амакиси ўз ажали билан ўлмаган, сўйиб кетишган. Унинг биттагина сигир-бузоғини тортиб олишмоқчи бўлишган, амакиси қаршилик қилган, оқибатда, бошидан жудо бўлган. Шундан кейин Маҳмуд қишлоқдан чиқиб кетганди.

— Шу ерга гўзал маликамиз келмадими?! — дея ҳайқирди сарбозлар сардори.

Оломон жим. Ҳамманинг боши хам.

— Ярамаслар! — жаҳлга минди отлиқ. — Агар кимда-ким уйида яшириб ўтирган бўлса, қиличдан ўтказаман! Уйлар тинтилсин!

Сарбозлар отларига қамчи уришди. Қишлоқ аҳли саросималанди, ҳамма олазарак, бироқ ҳеч ким жойидан жилмади.

Қишлоқда йигирматача хонадон бор эди. Ҳаш-паш дегунча бирма-бир ағдар-тўнтар қилиб чиқса бўларди. Бу гал бойнинг уйи ҳам кўздан кечирилди. Тўхтамишбой сардорга эгилиб-букилиб ялинганди, эвазига тепки еди. Бой англадики, вазият ўта қалтис.

— Икки кундан кейин яна қайтиб келамиз! Агар бирортанг кўрсанг, зудлик билан хабар етказ. Йўқса, бу қишлоқда тирик жон қолмайди! — қичқирди сардор отига қамчи босаркан.

Суворийлар кўздан йўқолмагунча биров қимир этмади. Охирги отнинг чанги босилгач, ғала-ғовур бошланди. Биров: “Қанақа малика?” деб ёнидагидан сўраса, бошқаси: “Ақлдан озганга ўхшайди булар”, дейди. “Саройда битта аёлни ушлаб туриш қўлларидан келмаскан, нега бизга дағдаға қилади?” — дея ботирланганлар ҳам топилди. Кўпчилик эса, гап-сўзга аралашмай, мум тишлаб турарди. Чунки ўтган гал сарбозлар бостириб келиб, қўлларига илинган нарсани юлиб олиб кетганда, уларнинг ортидан бир бўз йигит сўккан эди. Олти ой ўтиб, ўшалар йўл-йўлакай кириб ўтишди: қуруқ кетишни эп кўришмади, чамаси, ўша йигитнинг тилини кесиб кетишди. Шўрлик бир ой ҳам яшамади, яраси битмай, оғзи ириб кетди.

Шуни эслаб, Маҳмуднинг ичидан зил кетди. Қўрқув бутун вужудини қамраб олганидан бадани титрар, ранги докадек оқарганди. Тўхтамишбой уни кўриб, ёнига келди: “Буғдой унидан нон егинг кеп қолдими?” — деди кесатиб. Маҳмуд унга бир сўз айтгани ботинолмади. Илгаридан шундай бўлиб келган, Тўхтамишбойга қарши борганларнинг шўри қурган. Шу боис, иложи борича бойга рўпара келмасди, мабодо дуч келиб қолса, ҳатто бекордан-бекорга уни сўкса ҳам, индамай ўтиб кетади. Тўхтамишбойнинг оғзига қулф солиб бўлмайди, буни Маҳмуд яхши билади. Бир нимадан гумон қилса, ажабмас, кулбасига келиб Зебони кўриб кетишдан ҳам тоймайди. Нима бўлган тақдирда ҳам Маҳмуднинг шўрига шўрва тўкилиб турибди. Чора топиши зарур. Бироқ энди Зебони ҳайдаб юборолмайди. Бир ҳафта ичида унга жудаям ўрганиб қолди. Зебо нафақат гўзал, балки фаросатли, ширинсухан. Қолаверса, Зебо бекнинг уйига қайтиб бориб, фалон жойдаги фалон одам мени хор-зор қилиб, болам билан бирга ҳайдаб солди, деса нима бўлади? Маҳмуднинг терисини шилиб, сомон тиқишади-ку!

Маҳмуд буғдойни тегирмонда торттиргунча ичини ит тирнади. Илгари шошмасди, тегирмончи билан очилиб лақиллашар, кейин амакисининг бевасидан кириб хабар оларди. Бу гал икки кўзи орқасида.

* * *

Зебо Маҳмуд кетганидан кейин зерикди, вақт ўтказай, деса, бирор юмуш йўқ. Ўғилчаси қорни очсагина уйғонади, эмаётиб бироз ўйнайди. Кейин яна ухлаб қолади. Ўлғизликдан чор-атроф ютиб юборай дейди. Саройда кун ўтганини сезмасди. Кундошлари, канизаклари билан гурунглашар, турли хил ўйин ўйлаб топишар, вақтни хушнуд ўтказишарди. Кимсан, шоҳнинг ўн иккинчи — энг суюкли ва энг гўзал хотини эди. Унинг ҳуснига сарой аҳли маҳлиё эди. Шоҳ Нурсултоннинг қўшни давлат ҳукмдорига жангни бой беришига ҳам Зебо сабабчи эди. Подшо Давронқул айғоқчиларидан кенжа маликанинг таърифини эшитиб, унга ғойибона ошиқ бўлди. Қўшин тортиб боришга баҳона топилгандаёқ қиличини яланғочлади.

Шоҳ Нурсултон саройда қатл этилди. Жон олиб, жон бериб қиличбозлик қилди, аммо душман аскари кўпчилик эди. Бири кўксига ханжар санчди, иккинчиси бошини олди. Бунгача у Баҳодир исмли содиқ саркардасига Зебони Насаф подшоси, маликанинг падари бузруквори Музаффаршоҳнинг ҳузурига етказишни буюрганди.

Баҳодир лаҳим орқали малика билан унинг ўғлини олиб кетаётганида, душман сарбозларининг тўрттаси сезиб қолди. Олишувда Баҳодир ғолиб бўлди-ю, аммо оғир яраланди. Оқибатда, чангалзорда қашқирларга ем бўлди.

Зебо кулба соҳибини очиқ чеҳра билан кутиб олди. Маҳмуд эса келибоқ хамир қоришга тушди.

— Майлими, — деди унинг ёнига келган Зебо, — қараб турсам? Сираям кўрмаганман нон ёпишни. Баҳонада ўрганиб олардим. Кейин ширин, чиройли нонлар ёпиб, ҳаммани лол қилардим.

Маҳмуд ич-ичидан энтикиб кетди. Қишлоқда кўрган тўс-тўполон бир зум хаёлидан кўтарилди, илжайганча аввал Зебонинг чачвон тўсган юзига, сўнг оппоқ қўлига, узун, нозик бармоқларига қаради. Ва соддалигига бориб:

— Бу қўллар билан нон ёполмайсиз, — деб юборди.

— Вой, нега ёполмасканман? Ишлайман, кўрасиз, — деди Зебо завқи ортиб.

— Улгурмайсиз-да.

— Нега улгурмас эканман? Кун бўйи бекорман-ку. Сизнинг хамир қоришингизга ҳавасим келаяпти. Доим бир нима билан машғулсиз. Зерикмасангиз керак, шундайми?

Маҳмуд кулди, бошини ирғади.

— Сизни олиб кетишади.

Зебонинг юзидан табассум йўқолди, киприклари пирпиради. Агар чачвон юзини тўсиб турмаганида, Маҳмуд узун, қалин киприкларнинг рақсидан адойи тамом бўларди.

— Ким… Ким олиб кетмоқчи? — сўради малика беихтиёр.

— Қишлоққа қидириб келишибди. Ўн беш чоғли отлиқ. Сиз менга бекнинг завжасиман, дегандингиз, улар бўлса маликани қидиришаяпти. Ниҳоятда гўзал маликани. Ўша сиз бўлсангиз керак…

Зебонинг кўзидан ёш сизиб чиқди. Ўпкаси тўлиб, кўз ўнгида ўзи гувоҳ бўлган жанг намоён бўлди. Қиличлар зарбидан ерга қулаётган аскарларнинг, аёлларнинг, хизматкорларнинг оҳу ноласи қулоғи остида жаранглагандек туйилди. У кўзини юмганча, қимир этмай турди.

— Мен сизга озгина ёлғон гапиргандим, — деди малика бир муддат сукутдан кейин. Маҳмуд бошини кўтариб унга қаради. Ичини алланима кемирарди. Хаёлида ҳозир отлиқлар бостириб келадигандек. Малика эса унга қарамас, кўзини ердан узмай сўзларди.

— Мажбур эдим шунга. Мен асли Нурсултон шоҳнинг хотини бўламан. Энг кенжаси. Ўн иккинчиси… Кундошларимнинг ҳоли не кечгани худога аён. Чунки ёв саройга бостириб кириб, ҳамма ёқни алғов-далғов қилаётганди. Подшо ўзини ўзи ҳимоя қилаётганди… Ҳойнаҳой, уни ҳам қиличдан ўтказишгандир…

Маҳмуд уҳ тортди. Манглайидан реза-реза тер оқди, вужудида титроқ пайдо бўлди. Томоғи қуруқшаб, ютинди.

— Қишлоқда эшитдим, — деди Маҳмуд кўзлари олазарак боқиб, — шоҳнинг боши танасидан жудо қилинибди. Хотинларини Давронқул шоҳ бекларга бўлиб берибди.

“Бундан чиқди, улар қидираётган малика сизсиз. Сизниям Давронқул шоҳ кимгадир ваъда берган-у, лекин саройдан тополмаган. Эҳтимол, ўша бек ўзининг насибасини қидириб юргандир”, деган хаёлга борди у, аммо бу тусмолини тилига чиқаришга журъати етмади. Маликанинг фикри эса буткул бошқача эди. У саройда ўзига маҳлиёлар кўплигини биларди. Ҳатто овсинининг ўғиллари унга кўзлари ёниб қарашгани маликанинг хотирасида. Шубҳасиз, Давронқул шоҳ Зебони бирор бекка бериб қўймайди, ҳарамига олади. Қолаверса, Давронқулнинг ҳазрати олийларидан уялмай-нетмай Зебони сўраганини, шоҳ бу дағдағани етказган элчиларнинг кўзларини ўйдириб, қулоқларини кестирганини эшитган эди. Ўшанда ғалати аҳволга тушганди. Бир неча кун Нурсултон шоҳдан уялиб, уни кўрса, ўзини четга олиб юрди. Аммо подшо уни ёнидан жилдирмай қўйди: “Сен ёшсан, лекин ақлинг ҳар балога етади. Доно маликасан”, деган. Бошқа гап айтмаган. Эҳтимол, ғурури йўл қўймагандир. Шунинг билан бирга подшо қийналиб юрган эди. У-ку шоҳ, пақир-пастак қаролдан хотинингни бер, деб сўраб бўлармиди?!

— Мени никоҳлаб олинг, — деди тўсатдан малика.

Зебо бу ҳақда кўп ўйлаганди ёлғиз қолиб зерикканида. Ҳар қандай юмушни кўз очиб юмгунча битираётган Маҳмуднинг чайир билагига кўзи тушганда, эркакнинг унга ўзгача ҳавас, ҳадик билан қараётганини кўрганда. Ва яна ўғлига термилиб турганида. Лекин ҳар сафар идда муддати эсига тушар, “мумкин эмас”, деган хаёлга бориб, кўнглида пайдо бўлган ниятни қувиб соларди. Давронқулнинг сарбозлари қидириб юришибдими, демак, хавф бартараф бўлмаган. Бу одам… Маҳмуд… Эҳтимол, зўр келса, қўшқўллаб сарбозларга уни тутқазиб юбориши мумкин. Аммо ҳеч бир эркак зоти хотинини шунчаки бериб қўймайди. Айниқса, тўпори деҳқон. Идда… У сўнгги ярим йил ичида шоҳнинг унга яқинлашмаганини эслади. Аввалига ҳомиладорлик пайти, кейин қирқининг чиқишини кутиш, уруш хавфининг пайдо бўлиши… “Эй, Худо, ўзинг кечир мени! Азбаройи болам сабаб шу ишга қўл уришга мажбур бўлдим… Омон бўлса, улғайса, иншооллоҳ, фарзандим покиза мўмин-мусулмон бўлади. Сени шарафлашдан ҳеч қачон чарчамайди… Мени кечир, мени кечир, Худойим!”

Маҳмуд чўчиб тушди. У маликадан буни кутмаганди. У ҳақида ўйлай-ўйлай, охири: “Ҳусну жамолидан баҳраманд бўлиб юрибман-ку, шунисигаям шукр”, деган қарорга келиб бўлганди. Зебонинг гапи уни эсанкиратиб қўйди, тили бир зум танглайига ёпишиб қолди. Қанийди, ҳозир Зебо бўлмаса, маза қилиб хаёл сурарди…

— Ҳа, Маликага уйланишдан қўрқаяпсизми?! — деди унинг каловланиб турганидан аччиқланган Зебо. — Ёки қолган умрингизни хотинингизни эслаб юриб ўтказмоқчимисиз?!

— Йўқ, ахир сиздай аслзодага қандай қилиб уйланаман? Ҳеч нарсам бўлмаса мана шу кулбамдан бўлак. Бисотимда битта бўрибосар итим бор, холос.

— Давронқул шоҳ мени олиб кетса, ўғлимни ўлдиради. Ўлдирмаса, бир кун келиб ўғлим уни ўлдиради. Сиздан ўтинчим шу — камбағалликда бўлсаям тинчгина умргузаронлик қилай. Ўғлим соғ-омон вояга етсин, — дея малика умид билан Маҳмудга тикилди.

— Бир бошга — бир ўлим. Маликам, сизга уйланганим бўлсин, — дея Маҳмуд Зебонинг бармоқларини ушламоқчи бўлиб қўлини чўзди. Шу маҳал чақалоқнинг йиғиси эшитилди.

— Вой, Бек уйғонибди, — деб Зебо ўғлининг ёнига шошилди.

Маҳмуд эса, ўзини қўярга жой тополмай, тўрт тарафга алангларди. Кўзига ёш қуйилиб келди: “Эй, Худо, сен ўзинг ҳар нарсага қодирсан! Наҳотки менга шундай оқила, паривашни насиб этдинг?” У шиддат билан хамирни муштларкан, Зебо билан бўлажак висол онларига хаёлан шўнғиди.

Зебо унинг ёнига боласини кўтариб келди.

— Шаҳзодам, — деди.

Серзавқ ўй-хаёлларга ғарқ бўлган Маҳмуд Зебонинг овозидан чўчиб тушди-да, ялт этиб унга қаради. Малика ўғлининг юзини очиб, унга қаратиб турарди.

— Шаҳзодам, — такрорлади у ва чақалоқни Маҳмудга узатди, — сизнинг падари бузрукворингиз энди мана шу одам бўладилар.

Бундай гаплар Маҳмуднинг тушига ҳам кирмаганди. У ўзини буткул йўқотди. Гўдакни олаётиб қўллари қалтираб кетди. Ёдига нобуд бўлган икки фарзанди тушиб, йиғлаб юборди, кўз ёши сел бўлиб оқди. Шунда малика юзидан чачвонни олди. Мисоли булут ортидан қуёш чиққандай бўлди Маҳмуднинг назарида. У ора-чора Зебонинг чеҳрасига кўз ташлаган эса-да, унинг бунчалик мафтункорлигини илғамаганди. Оҳ, бу хилқат! Оҳ, бу жоннинг роҳати! Оҳ, бу ажал!

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

loading...