Байден Колорадодаги отишма қурбонлари хотирасига беш кунлик мотам эълон қилди

0

АҚШ президенти Жо Байден Колорадодаги отишма оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасига беш кунлик мотам эълон қилди.

Хабарга кўра, мамлакат бўйлаб 22 мартдан 27 март оқшомига қадар давлат байроқлари туширилган ҳолатда туради.

Meduza’нинг хабар беришича, Колорадодаги отишмадан кейин Жо Байден АҚШ Конгрессини мамлакатда ҳужум қуролларини сотишни тақиқлашга чақирди.

«Келажакда одамларнинг ҳаётини сақлаб қоладиган оқил қадамларни ташлаш ҳамда Вакиллар палатаси ва Сенатдаги ҳамкасбларимни ҳаракатга ундаш учун бир соат уёқда турсин, бир дақиқа ҳам кутиш шарт эмас. Биз мамлакатда ҳужум қуроллари ва ўқдони катта сиғимли қуролларни яна тақиқлашимиз мумкин», — деди Байден.

Байденнинг таъкидлашича, АҚШда 2004 йилгача амал қилган ҳужум қуролларига тақиқ қирғинлар сонини камайтирган.

АҚШ президенти сенаторларни қурол сотиб олган шахснинг ўтмишини текшириш тизимидаги «камчиликларни тўлдирувчи» иккита қонун лойиҳасини қабул қилишга чақирган эди. Вакиллар палатаси 11 март куни ушбу қонун лойиҳаларини қабул қилган.

Оқ уй вакили Жен Псакининг айтишича, Байден қуролли зўравонлик масаласини ҳал қилиш бўйича бир қатор ижро этувчи чораларни кўриб чиқмоқда. Таъкидланишича, ушбу ҳолатда Конгресс томонидан мазкур ҳаракатларнинг маъқулланиши шарт эмас.

Сўнгги бир ҳафта ичида Қўшма Штатларда кўплаб қурбонларга сабаб бўлган иккита отишма содир бўлди. 22 март куни Колорадо штатининг Боулдер шаҳридаги супермаркетда 21 ёшли Аҳмат Алисса отишма содир этган, оқибатда 10 киши, шу жумладан, бир нафар полиция ходими ҳалок бўлган. Расмий маълумотларга кўра, гумондор отишмадан олти кун олдин ҳужум қуролини сотиб олган.

Шунингдек, 16 март куни Жоржияда 21 ёшли Роберт Аарон Лонг томонидан Атланта чеккасидаги массаж салонларига қилинган қуролли ҳужумларда саккиз киши, жумладан, олти осиёлик аёл ўлдирилган.

Коммерсантъ

loading...