Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

0

— Йиқитиб қўйманг, — деди Зебо майин, хуш ёқувчи сеҳрли овозда Маҳмуднинг қўли қалтираётганини кўриб.

Бир неча сония гўдакка термилиб қолган Маҳмуд куч билан ҳаяжонини босди. “Полвон йигит, арслон йигит”, деб эркалади чақалоқни. Бошқа гап айтолмади. Айтиш учун қўлидаги норасиданинг онасига юзланиш керак. Юзланиш учун эса журъат зарур. Лекин ҳозир Маҳмудга тегирмонга тушиб чиқ, дейишса тап тортмас, аммо ёнгинасидаги сулувга боқишга қурби етмасди. Шундоғам чақалоқни олаётиб бармоғининг учи Зебоникига тегиб, вужуди титраб кетди.

— Менга ўхшарканми? — сўради малика Маҳмуднинг чақалоққа термилиб қолганини кўриб.

Маҳмуд энди ёнади, кулга дўнади. Чунки у қуёшга боқиши керак, унинг оловли тиғига бардош бериши лозим.

Малика билан Маҳмуднинг кўзлари тўқнашди. Кўзлар сирли суҳбат қурди. Ҳар икки томонда никоҳга мойиллик сезилди.

— Мен тез нонни ёпиб олай, кейин қишлоққа бориб келаман, — деди сеҳрли нигоҳдан кўзи қамашган Маҳмуд.

— Хўп. Ўғлингиз иккимиз йўлингизга қараб ўтирамиз. Кейинги сафар сиз бориб келгунингизча ўзимиз бу юмушларни битириб қўямиз, — деди Зебо. Унинг овози андак титраб чиқди.

Маҳмуд тандирга ўт ёқиб, оқартирди. Нонни ёпди. Бу юмушни шошиб, худди ёв қувгандай елиб-югуриб бажарди.

Иссиқ нонни дастурхонга ўраб маликага берибоқ қишлоқ томон югурди. Қизиқ, қишлоқ жудаям олислаб кетгандай, қанча югурмасин, йўли унмади. Ичида бир дунё ҳадик: “Ишқилиб, қайтгунимча отлиқлар келиб қолмасин-да, Зебони кўриб қолишмасин”. Гоҳ-гоҳида тўхтаб, орқасига қараб қўяди. Чанг-тўзон кўринмаяпти, ҳар қалай, кўнгли таскин топиб, қадамини жадаллатди.

Аксига олгандай, қишлоққа кириб бориши билан Тўхтамишбойга дуч келди. Унга кўзи тушиб манглайи тиришди. “Шу палакат, бехосият қора мушук олдимдан чиқди-я”, ўйлади у. Авваллари сариқ чақага олмайдиган Тўхтамишбой ҳозир Маҳмуднинг етиб келишини кутиб турди. Маҳмуд уни ўтиб кетсин, деб атай тупроқ йўлга ўтириб, оёғининг остига қарай бошлади. Аммо Тўхтамишбой кетмади, маҳси-ковушини ғижирлатиб қадам босганча унинг ёнига келди.

— Маҳмуд, оёғингга тикон кирдими? — сўради кесатиб.

— Ҳа-а, боя кирувди. Ёмон ачияпти, — жавоб қилди Маҳмуд.

— Сенинг оёғинг туёққа айланиб кетган бўлса керак, деб ўйловдим. Қишин-ёзин ялангоёқ юрасан, бунинг устига, тиконзорга борволгансан. Қишлоққа қўшилмайсан. Қизиқ, қандай қилиб оёғингга тикон киради? Бошқа ёғингга кирганидаям ишонардим.

Маҳмуд илкис бошини кўтарди. Ичидан бир нима чирт этиб узилди. Лекин тилини тийди. Айтаман деса, гап кўп эди: “Бизнинг ҳамма ёғимиз туёқ бўп кетган, сизникига ўхшаб момиққина эмас. Тикон ҳам маза қиладиган жойга киради”, деса бўларди. Аммо демади, бошимни маломатга қўймай, деди. Шошиб турганига қарамай, босиқлик билан:

— Бой ота, кираман деса, темиргаям кираркан, — деди.

Тўхтамишбой хахолаб кулди. Маҳмуд унинг башарасига яна қизиллик югурганини кўрди. Ўшанда суворийлар келганида рангида ранг қолмаганди. Кўзиям ўғри мушукникига ўхшаб, олма-кесак териб қолганди. Мана, ҳозир бип-бинойидек, ҳатто кибр, манманлик, паст назар билан Маҳмудга ўқрайиб қаради. Гўё кўзи билан тешиб юборгудай.

Тўхтамишбой кулгидан тўхтади, юзи тундлашди.

— Ука, тур ўрнингдан, —деди қўлини Маҳмуднинг елкасига қўйиб.

Итоаткор Маҳмуд дарҳол унинг амрига бўйсунди.

— Шу, билсанг, — деб ваъзини бошлади Тўхтамишбой фақиру пастак, бечорайи девона (орқаворатдан Тўхтамишбой уни шундай атарди)нинг тирсагига қўнган чангни қоқаркан, — мен сендан ўн беш ёш каттаман. Лекин икковимизам туғилганимиздан бери битта қишлоқда яшаймиз. Иссиқ-совуғимиз бир. Анави ярамасларнинг келганини ўзинг кўрдинг. Ҳаммасининг юзу кўзи қаҳр-ғазабга тўла, ейман, дейди. Бироқ бу гал улар бизнинг мол-мулкимизни оламан, деб келишгани йўқ. Бунисидан ҳам хабаринг бор. Шу десанг, мен қишлоқдаги ҳамма уйга ўзим бирма-бир кириб чиқдим. Сенинг уйинггаям. Отанг раҳматли, чечам шу уйда яшаган. Уларнинг арвоҳини чирқиратиб, уйни қаровсиз ташлаб кетиб яхши қилмадинг. Кирсам вайронага ўхшайди. Ука, иложи бўлса, қайтиб кел. Кимнинг хотини ўлмаган дейсан? Мана, менинг бирмас, уч хотиним қазо қилди. Тўрт боламдан айрилдим, — Тўхтамишбой хўрсинди, товуши титраб чиққандай туйилди, — лекин улар ўлди деб қўлимни ювиб, қўлтиғимга уриб, сенга ўхшаб бошимни олиб қишлоқдан чиқиб кетсам, Худогаям ёқмайман, бандасигаям. Оч қолсанг, ҳартугул, биров бўлмаса биров, ҳеч бўлмаганда, бир сиқим туршак беради, шимиб кунингни ўтказасан қишлоқда. Чангалзорда якка ўзинг моховдай. Худо кўрсатмасин, иситманг чиқиб қолса, ҳолингдан ким хабар олади? Ким? Қайтиб кел, иним. Бошимизга тушганини биргалашиб кўрармиз. Изла сенам шу мочағар маликани. Керак бўлса, қўшни қишлоққа бориб кел. Тиригиними, ўлигиними топайлик!

Маҳмуд виқор билан сўзидан адашмай гапираётган Тўхтамишбойга қаради. Унинг кўзи ўт бўлиб ёнар, юзидаги майда томирчалар баттар қизариб кетганди.

— Биласан-а, — деди бой Маҳмудда бир сир борлигини илғаб, — қишлоғимизда тирик жон қолмайди. Ҳамма бўғизланади. Мабодо хабаринг бўлса, ҳозироқ айт менга. Хизматкорларнинг бирортасини дарров янги пошшонинг аъёнларига жўнатаман. Эвазига улар қуруқ қўймайди. Бошимиз омон қолгани етмагандай, тўрт-беш тиллоли ҳам бўп қоламиз.

— Эй, бой ота, агар билганимда, уларга ўшандаёқ ҳаммасини рўй-рост айтмасмидим?.. Айтмасмидим? — деди терга ботиб Маҳмуд. У Тўхтамишбойнинг гапларидан эриб, шалвираб қолганди. Ёлғон сўзлаётгани афт-ангоридан билиниб турганди.

Ернинг тагида илон қимирласа сезадиган Тўхтамишбой унинг довдирашидан: “Бу муттаҳамнинг бир нимадан хабари бор”, деган фикрга борди.

— Унда нимаям дердим? Боравер, — деди-да, ўзи йўлида давом этди.

Маҳмуднинг ичидан зил кетди. Бир ёқда ҳамқишлоқларининг оҳу ноласи, бир ёқда Зебо. У оёғига тегирмон тош боғлаб қўйилгандек зўрға қадам босиб амакисининг уйи томон юрди. Чечасини ҳовлида учратди. Ойсифат чеча уни кўриши билан қўрқиб кетди.

— Нима бўлди? — сўради кўзи хонасидан чиққудай бўлиб. — Сарбозлар яна келдими?!

— А-а, отлиқлар, қани улар?! — ён-верига аланглади Маҳмуд.

— Сиз биласиз-да.

Маҳмуд манглайидаги терни артиб, чечасига ўгирилди:

— Сув беринг.

Ютоқиб, оғзининг эзувида оқизиб сув ичган Маҳмуд идишни чечасига қайтариб бергач, бироз ўзига келди.

— Чеча, Эгамқул ака билан менинг чайламга борасизлар. Иш бор, — деди ҳануз анқайиб қараб турган аёлга.

— Нима гап, тинчликми ўзи? Нимага чайлангизга борамиз?

— Эгамқул ака аввал мени никоҳлаб қўювди. Яна никоҳлаб қўйсин. Фақат тезроқ борингизлар. Қишлоққа кираётганимда анави сариқ тулкини (қишлоқ аҳли орқаворатдан Тўхтамишбойни шундай атарди) кўрдим. Гаплари бошқача. Мендан шубҳалангандай. Уни Марқишлоқдаги Тўра мингбошининг хуфияси, деб эшитганман. Пошшо алмашганидан кейин оёғи куйган товуққа ўхшаб юрибди. Ҳайтовур мингбошининг аҳволи танг бўлса керак. Сарбозларнинг сардори оёғи билан тепиб юборди. Энди Тўхтамишбой унга айғоқчилик қилиб, олдинги иззат-икромини тикламоқчи… Чеча, тез етиб боринглар.

Шундай деб Маҳмуд изига қайтди.

Қишлоқдан қайтаётиб кўнглидаги хавотир ўн ҳисса ортди. Хаёлига Тўхтамишбойнинг югурдаклари келди. Улар хизматкор эмас, Худонинг ғазабига дучор бўлгурлар. Бойнинг амрини қулоқ қоқмай бажаришади. Бу қишлоқдан эмас, Тўхтамиш уларни аллақаерлардан топиб олиб келган. Ҳеч ким билан ош-қатиқ бўлмайди. Гапирсанг, жавоб ололмайсан. Кун бўйи, иссиқ-совуқ демай, саратонда кун тиккага келганида ҳам чангитиб кетмон чопаверишади.

Бир сафар Тўхтамишбой қишлоқ адоғидаги боғида Тўра мингбоши билан айшу ишрат қилган. Ишратбозликка иккита хотининиям қўшган. Мингбошига улар яланғоч бўлиб ўйнаб беришган. Эртасига икковиниям бой талоқ қўйган. Майхўрликдан кейин мингбошини кузатган бой ғирт маст, отида тебраниб уйига қайтаётганида, қишлоқнинг бир-иккита қариясига мақтанган: “Сен пасткашлар менинг югурдакларимдан гап олмоқчи бўпсанларми?! Ҳеч қачон ололмайсанлар. Ха-ха-ха! Уларнинг ҳаммаси манқурт!” Югурдаклар Тўхтамишбойни кўрса, оёқ-қўллари қалтираб-титраб қолади, деб гапиради одамлар.

Маҳмуд ўша югурдаклар ортимдан тушиб, кузатиб келиши мумкин, деб қўрққанидан чечасини ўзи билан бирга олиб кетмади.

У тўхтаб, чангалзор ортига бекинди. Анча кутди, изидан ҳеч ким келмаётганига ишонгач, кўнгли хотиржам тортиб, йўлида давом этди.

Зебо уни кулбанинг орқасида кутиб турган экан.

— Нега бу ерда турибсиз? — шошиб сўради Маҳмуд.

— Сизни кутдим, — жавоб қилди малика.

— Бирортаси келиши…

Унинг гапи узилди, чунки Зебо паранжисини бошидан олган эди.

— Тез устингизга ёпинг, — дея Маҳмуд унинг ёнига югуриб келди.

— Нега, икковимиздан бошқа ҳеч ким йўқ-ку? — жилмайди Зебо.

— Менинг орқамдан биров келиши мумкин. Сизни кўрмасин, — деб Маҳмуд беихтиёр маликанинг қўлидан ушлаган эди, вужуди жимирлаб кетди. Сездирмасликка олиб (малика ундан кўзини узмай турарди), паранжисини секин маликанинг юзига ёпди:

— Юринг, — деди паст овозда.

У уйга Зебодан олдин кирди. Кириб тўрга қараган кўйи жим тураверди. Маликанинг кирганини сезгач, бирдан ортига ўгирилди.

— Энди бемалол паранжини олсангиз бўлади, — деди.

Бироқ ўзи Зебога юзини очишига имкон бермади, довдираб қолишдан қўрқди. У бир ҳамла билан жувонни қучоқлаб олди. Малика буни кутган, ўзи шунга ихтиёр бериб, эркакнинг эҳтиросини қитиқлаётганди. Маҳмуд уни бутун вужуди билан севиб қолса, ҳеч кимга бермайди. Шоҳнинг сарбозларидан яширишнинг ҳам йўлини қилади. Шунда ўғли омон қолади. Унга кераги шу. Майли, умр бўйи оч-юпун яшар, чидайди, боласини йўқотмаса бўлгани. Шу боис, у камбағалга турмушга чиқишгаям рози.

— Ҳали… номаҳраммиз, — деди малика пичирлаб.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

 

 

 

loading...