Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

0

Қишлоққа етганларидан кейин ҳар ким ўз уйига кириб кетди. Шу боис улар Тўхтамишбойнинг қайтиб келганини билмасди.

Отни югурдакларига топширган бой ҳовлига кирди. Хотинларининг кичигига чой буюрди. Бироз дам олиб, яна йўлга тушмоқчи эди. Бундай вазиятда вақт жудаям ғаниматлигини у яхши биларди. Ишни эртароқ битирса, аввало, ўзига яхши. Қуриганда битта зарбоф тўн кияди. Тўн етишмаган тақдирдаям қишлоқда обрўси янада ошиб, ғўдайиб юради. Бошқаларни бўралаб сўкаверади кейин. Айтади: ҳамманг мендан қарздорсан, чунки жонларингни мен сақлаб қолдим, дейди. “Шошма, — деди бой ўзига-ўзи, — бутун қишлоқнинг ерини тортиб олсам, бу ялангоёқлар менга хизмат қилса… Ўлибдими, битта қишлоққа эга бўлмасам. Ҳа, шундай қиламан. Шунча югурганимга яраша бир нимали бўлайин-да. Муҳими, хабарни тезроқ етказиш керак. Токи бу ярамас Маҳмуд маликани бир ёққа олиб кетиб қолмасин”.

Бой шоша-пиша чойини ичиб бўлиб, ҳаллослаб отга минди. Ўзи билан югурдакларидан бирини олди. Чунки қоронғи тушган, йўл ёмон, тиканзорда бўри-ю шоқоллар изғийдиган палла.

Орадан бир чой қайнагулик фурсат ўтди. Бойни уйқу босди. Унинг гавдасидан кўра тили чайирроқ эди. Тили билан у йўқни йўндирарди. Қўли билан эса чўпни бир жойдан бир жойга олиб қўймасди. Танбаллигидан оёқ-қўллари хамирдай кўпчиган, эгизларга ҳомиладор аёлга ўхшарди. Маҳмуднинг кулбасига бориб келиб, энди сарбозларга учрашиш учун йўлга чиқиш оғирлик қилди унга. Эгар устида ўтирибди-ю, кўзи юмилиб кетаяпти. Бир-икки марта эгардан оғиб, тулпоридан қулаб тушишига оз қолди. Отнинг ортидан сас-садосиз келаётган югурдагини бўралаб сўкди ва ичида бирор ақллироқ қул сотиб олмаганига афсусланди ҳам.

Улар фалакда тонг юлдузи хира йилтираганида сарбозлар қароргоҳига яқинлашди. Бу маҳал тулпорга ўтириб, эгар устига хуржунни буклаб қўйиб олган бой хуррак отиб ухларди.

* * *

Туйнукдан тушиб турган ой шуъласи Маҳмуднинг кўксига бош қўйиб ётган маликанинг (дарвоқе, у энди малика эмас, бир камбағал йигитнинг завжаи ҳалоли) юзини сутга чайилгандай оппоқ кўрсатарди. Уйқудаги малак тун ёғдусида шу қадар жозиба касб этгандики, лекин бундан айни дамда фақатгина ойнинг ўзи баҳра оларди. Ой анча муддат ҳаракатдан тўхтагандек, соҳибжамолнинг ҳусн-жамолига маҳлиё бўлиб қолгандек бўлди, дайди булут юзини тўсиб, висолдан айиришидан чўчиди. Бироқ эртага тағин шу маҳал паривашни айнан шу жойда кўриш насиб этмаслигини ҳали у билмасди.

Зебо чўчиб уйғонди. Хавотирланиб атрофга аланглаб қаради. Ўғилчаси ширин уйқуда. Ёнгинасида эса бегона эркак ухлаб ётибди.

Хаёлида у ўзини саройда, деб ўйлаганди. Агар кундошларидан бирортаси шоҳнинг қўйнида бўлса, у фарзанди билан ўзининг хос хонасида бўлиши лозим эди-ку. Бемалол ухлаётган бу эркак ким бўлдики, подшонинг эрка хотинининг қўйнига кирибди?..

Зебо ўзига келгунча маълум фурсат ўтди. Чунки у ваҳимали тушдан чўчиб уйғонганди. Тушида чангалзор орасидан бир тўда отлиқ қиличларини яланғочлаб ҳавода ўйнатиб, бостириб келаётганмиш. Гарчи Зебо оломон орасида бўлса-да, сарбозлар ҳеч кимга тегмабди, фақат уни ўраб олишибди. Бир сарбоз отдан сакраб тушиб, Зебонинг қўлидан боласини тортиб олибди. У қанчалик ялиниб-ёлвориб, сарбознинг оёғини ўпмасин, сарбоз гўдакни қўлтиғига қисиб, важоҳатидан ит ҳуркадиган бошлиғи томон олиб кета бошлабди. Юзбоши қиличини қинидан чиқариб, даст кўтарганда… Зебо уйғониб кетди.

У ўзига келиб, қаерда, ким билан ётганини англади. Кўзидаги маржондай шашқатор ёшни кафти билан артди ва Маҳмуднинг юзини оҳиста силади. Эркак кўзини очди. Соҳибжамолни кўриб жилмайди.

— Жоним! — дея секин Зебонинг елкаларидан тутди.

Зебо унинг кўксига бош қўяркан:

— Бегим, — деди мунгли товушда, — сизни бироз бесаранжом қилсам майлими?

— Истаганингча!.. Тонг отиб, қуёш ботгунча ихтиёрингдаман, — унинг сочини силади Маҳмуд.

— Ҳозироқ йўлга чиқсак… Хосиятсиз туш кўрдим. Эртароқ йўлга тушмасак, бирон кор-ҳол бўладигандай, назаримда.

— Боиси фақат тушми?

— Подшо саройининг вайрон бўлаётганини… ундан олдин шоҳга турмушга чиққанимни ҳам туш кўргандим. Энагам: “Худо сизга кўп хислат берган”, деганди.

Маҳмуд Зебони ўпиб, ўрнидан турди ва мойчироқни ёқди.

— Мен Сиртлонни банддан озод қилай, биз билан бирга кетади. Унгача тадорик кўриб туринг, — деб Маҳмуд ташқарига чиқди. Хаёлига маликани “сен”лагани келди. Лекин ҳозир бехосдан “сиз” деб гапирди. Тилига келганини айтди-да. Тўғриси, ҳали сенсирашга кўникмаганди. Қолаверса, бу ҳурлиқони қандай сенсирасин?

Маҳмуд қишлоқ томон йўл бошлаганида, Зебо унинг қўлидан тутди.

— Қаёққа бораяпмиз? — сўради жилмайиб.

— Қишлоққа. Айтганимдай, сизларни чечамникида қолдириб, ўзим қўшни қишлоққа ўтиб келаман.

— Мен ҳам сиз билан бирга кетаман. Қишлоққа бормаймиз. Ўтинаман!

— Қийналиб…

— Йўқ, сираям қийналмайман. Сиз уч пуддан зиёд қопни орқалаганингизда, мен муштдай чақалоқни кўтариб кетолмасам, уят бўлар.

Зебо назокат билан майин сўзлади. Овозидаги нозли оҳангга берилиб, Маҳмуд дарров кўна қолди. Аслида, унинг-да нияти шу — завжасидан сира айрилгиси келмаётганди.

У бир муддат ўйланиб тургач:

— Мевазор қирнинг орқасида, карвон йўли биқинидаги кулбада бир чол яшайди, деб эшитгандим. Кўпни кўрган донишманд дейишади. Шайхми, муллами, ишқилиб, уламо экан. Шу тараф билан юрсак, йўлимиз анча қисқаради. Илгари бу ёққа йўлим тушмаган, лекин ўша чол ҳақида кўп эшитганман. Бир-иккита ҳамқишлоқлар шу йўлдан бозорга боришганиниям кўрганман. Уйимизнинг ёнидан ўтиб кетишган. У пайт бозорга ишим тушмасди, нуқул ер чопардим. Ҳосилни йиғиб, Тўхтамишбойга обориб берардим. Билардим, арзон-гаровга олишини. Иложим йўқ, берганига рози бўлардим, куним ўтса бўлди эди… Энди бой тушида кўрсин менинг шолғом-сабзиларимни.

— Биз ўша уламонинг уйи ёнидан ўтиб кетамизми?

— Ҳа. Лекин сизларни уникида қолдирсам… Қайтаётганимда…

— Унга ишонасизми?

— Унга ҳамма ишонади.

— Майли, Ўзи йўлимизни бехатар қилсин, — деди Зебо, — қани, бошланг.

Бўзариб тонг отди. Зебо аввалига дадил юрди, сўнг толиқди. Олдинда елкасига бир қоп юкни орқалаб, ҳеч нима кўтармагандай дадил қадам босаётган Маҳмудга тўхтармикан, деган умидда қараб қўйди. Эркакнинг ҳали-бери тўхташ нияти йўқлигини кўриб, ҳафсаласи пир бўлар, ортда қолиб кетмай, деб қадамини тезлатарди. Лекин ҳеч юриши унмас, тиканлар оёғидан чалса, ёввойи жийда шохлари паранжисига илашарди. Маҳмуднинг яланг оёқда, елкасида юк билан тиканларга чаққон чап бериб жадал кетаётганига ҳайрон қоларди.

Яхшиям, ўғли уйғониб қолди. Чақалоқ йиғисини эшитиб анча олдинда кетаётган Маҳмуд тўхтаб, қопни ерга қўйди-да, ортига ўгирилди. Шунда Зебо унинг ёқаси жиққа ҳўл, пешонасидан реза-реза тер оқаётганини кўриб, ичида бир нима чирт этиб узилгандай бўлди.

— Кел, қопнинг устига ўтир, — деди Маҳмуд кулиб, — шу ергача мен буни кўтардим, энди у сени озгина кўтарсин.

Зебо бажонидил у кўрсатган жойга ўтириб, ўғлига кўкрак тутди. Чақалоқ ютоқиб эма бошлади.

— Ҳали кўп юрамизми? — сўради Зебо.

Маҳмуд жавоб беришдан олдин уфққа қаради. Қуёш энди-энди бош кўтариб келаётганди.

— Пешингача. Агар йўлимиз, одамлар айтгандай, қисқа бўлса, ундан эртароқ етармиз, — пешонасидаги терни артди Маҳмуд.

— Биз борадиган ўша бозорда заргарлар борми? — сўради Зебо эрига жилмайиб қараркан.

— Бор… Лекин улар нега керак?

— Тақинчоқларимни сотсам, дегандим. Ҳали айтгандим-ку, бекордан-бекорга… Қўлимга зилдай. Саройдаям кўп тақмасдим. Канизаклар, кундошларим кўрсин, деб тақардим-да, кейин ечиб ташлардим. Юрагим сиқилиб кетарди. Агар буларни сотсак, от олардик. Кейин, кейин… Бегим, балки қопингизни шу ерда қолдирарсиз, шунда қийналмасдингиз, айтдингиз-ку, бунга жудаям кам жўхори беради, деб. Кейинги сафар отга кўпроқ ортиб келардингиз… Пешинга қолмай, бозорга етардингиз, — деб Зебо кўзларини ерга тикди. Чунки Маҳмуд ундан кўзини узмай, худди сеҳрлангандай тикилиб турарди.

“Ҳар қандай кўркам, меҳрибон одамга ўта маҳлиё бўлманг, бир кун келиб у сизни алдайди, — дейишганди Зебога маликалик чоғида, — яна унутмангки, у сизни алдамаган тақдирда ҳам, кўзингиз тегади ва кўпга бормай, бор-будидан айрилади. Ҳар икки ҳолдаям ютқазиб қўясиз”.

— Кўзингиз тегади, — деди Зебо майин овозда.

— А!.. — деди довдираб Маҳмуд.

— Кўзингиз тегади, — такрорлади хотини.

— Тўғри. Ҳа, қоп дедингми? Ташлаб кетсак ҳам бўлади. Лекин… тақинчоқларингдан айрилмаганинг тузукмиди… жуда қиммат турса керак?

Маҳмуд Зебонинг қўлини ушлаб, билагузукни ҳайратланиб томоша қилди.

— Одамнинг жонидан азиз эмас-ку. Ҳали менга бунданам яхшисини совға қиласиз. Кўзим тушса, ўтмишим эсга тушиб, юрагим эзиларди. Сизга сездирмай унсиз йиғлайман. Ўтинаман, мени бу азобдан қутқаринг, — деди ялиниб.

Унинг ҳар бир сўзи Маҳмудга амру фармондек бўлиб турганида, ўтинчга ўрин қолмасди. Айни чоғда шу ергача кўтариб келган шолғомига унинг ичи ачиётганди. Не азобда экиб, суғорди, ишлов берди. Энди ташлаб кетиш… Майли, бировга текинга берганидаям увол бўлмасди, савоби тегар, деб ўзини овутарди. Лекин Зебо унинг қора терга ботганини кўриб туриб, қандай чидайди? Гарчи юзида табассум барқ уриб турган эса-да, ичи эзилиб бораётганди.

— Мен сираям қийналаётганим йўқ. Бу ҳеч нима эмас, кўтармай кетаётганим, — деди Маҳмуд шолғомидан айрилгиси келмай.

— Унда шу атрофга яшириб қўямиз. От олганимиздан кейин келиб, олиб кетасиз. Сотолмасангиз ҳам майли, қиши билан ўзимиз еб чиқамиз. Шолғомли овқатнинг таъми бошқача бўлади. Хўпми?

Маҳмуд атрофга аланглаб, шолғомни яширишга жой қидирди. Бундай ўйласа, яширишнинг ҳожати йўқ экан, чунки бу ердан одам зоти ҳар замонда бир ўтса, боз устига, йўловчи деганнинг ўзининг ҳам юки бўлади.

— Майли, ҳов анави жийданинг тагига қўямиз, — деди Маҳмуд патталаб ётган дарахтни кўрсатиб.

Унинг гапидан Зебо яйраб кетди, бироқ қувончи узоққа чўзилмади. Маҳмуд ҳали юкини яшириб улгурмай, яқин-орадан отнинг пишқиргани эшитилди… Зебо гўдагини маҳкам бағрига босиб, Маҳмуднинг ортидан югурди. Унинг юзидан қони қочиб, ранги оқариб кетди.

— Яширинайлик, — деди у титраб-қақшаб, — ортимиздан қувиб келишаётганга ўхшайди!

Аммо энди кеч эди. От чоптириб келаётганларнинг иккови ҳам паранжили жувонни кўриб қолишганди.

— Топилди! — қичқирди улардан бири қиличини қинидан суғуриб.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

 

 

 

loading...