Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

1

* * *

Тўхтамишбой сарбозлар юзбошисига малика ҳақида хабар етказган ҳамоно лашкар оёққа турди. Юзбоши Тўхтамишбойга еб қўйгудек тикилиб:

— Агар ёлғон гапирган бўлсанг, бошингни танангдан жудо қиламан. Мин отга! — дея ўшқирди.

Бойнинг тулпори сарбозларникидан қолишмас, ер тепиб, пишқириб турарди. Бироқ чавандознинг ҳоли забун, отнинг белида селкиллаб юраверганидан ичи тўкилиб қолаёзганди. Биқинида турган санчиқдан жони оғрирдики, бойнинг башараси ғижимланиб кетганди.

Улар қуёш чиқмай қишлоққа етиб келишди. У ердан Маҳмуднинг кулбасигача кўп вақт кетмайди. Тулпорга икки қамчи урилса, кўз очиб юмгунча етказиб қўяди.

Зумда Маҳмуднинг кулбаси қуршаб олинди. Бой шунча дупур-дупургаям Маҳмуднинг уйғонмаганидан ажабланди. Аслида, қишлоқ одами қушлар чуғури бошланмай уйғонади. “Баччағарнинг боласи эрталабгача ҳангилик қилганга ўхшайди-да, қотиб қопти. Кўрасан, ишратинг бурнингдан чиқишини”, хаёлидан ўтказди бой.

Юзбоши қамчиси билан икки навкарига уйга бостириб киришни ишора қилди. Навкарлар отдан сакраб тушиб, кулба сари югуришди. Бойни эса ҳаяжон босди, у қалтирай бошлади, гўёки лашкарни алдаб олиб келганга ўхшаб туйилди ўзига. Куни кеча Маҳмуд билан ачомлашган маликани кўргани тушга ўхшади, бир юзбошига, бир кулбага қаради. Бахтга қарши, бойнинг хавотири рост бўлиб чиқди. Кулбадан отилиб чиққан сарбозлар қўлларини икки ёнга ёзишди.

— Вой, итдан тарқаган! — ўкирди юзбоши. — Ёлғон гапирганмидинг?!

У қиличини қинидан чиқариб, ҳавода ўйнатди. Тўхтамишбой ўзини ерга ташлаб, юзбошининг оёқ остигача эмаклаб борди.

— Бир қошиқ қонимдан кечинг! Бир қошиқ қонимдан! — дея ўкириб йиғлади у. — Кеча иккисини бир тўшакда кўрганим рост! Ҳаммасини айтишга тилим ожиз!

— Сен итдан тарқаган, малика келиб-келиб ялангоёқ билан ётган, деб айтмоқчимисан?! Қулоқ-бурнини кесинг!

Бой гапиришга улгурмади. Тулпордан сакраб тушган уч сарбоз кўз очиб юмгунча буйруқни бажаришди. Бой оғзи-бурни қонга беланиб, типирчилаб қолди. Оғриқнинг зўридан жони борича бақирди. Итоаткор югурдаги хожасининг қонга беланиб чинқираётганини кўриб, оғзи очилиб турарди. Юзбоши отнинг биқинига этигининг учи билан ниқтади ва бир ҳамлада анграйиб турган қулнинг бошини узиб ташлади. Узилган бош Тўхтамишбойнинг ёнига думалади. Бойнинг кўзи бошга тушиб, кўзлари олайганча бир муддат типирчилашдан тўхтади.

— Демак, сен маликанинг қаердалигини биласан. Агар топмасанг, югурдагингнинг аҳволи бошингга тушади, — деди юзбоши типирчилашдан тўхтаган бошсиз танани кўрсатиб.

Тўхтамишбой бир қўли билан кесилган қулоғини, иккинчиси билан бурнини ушлаб турар, кўзидан дув-дув ёш оқарди. Оғзи қонга тўлган, бироқ ҳали бу жазо билан қутулиб қололмаслигини англарди.

Ҳартугул, сарбозлар кўмагида бойнинг қон оқаётган аъзоларини латта билан боғлашди, чунки у ҳали юзбошига керак эди. Аслида, юзбошининг аҳволига ҳам ҳавас қилиб бўлмасди. Агар шоҳнинг ёнига қуруқ қўл билан қайтиб борса, бойнинг куни унинг ҳам бошига тушиши муқаррар эди. Юзбоши ичида сўкинди. У маликанинг сувратини чизган мусаввирни сўккан эди.

Одам сувратини чизиш ман этилган, бу ишга қўл урган мусаввир қатл этиларди. Лекин Абдулбахтга жазо ўрнига зарбоф тўн ҳадя қилишди.

Воқеа эса, аслида, бундай бўлганди.

Абдулбахт айғоқчиларга эргашиб Нурсултон подшонинг саройига борди. Туйқусдан кенжа маликани кўрди-ю, ақлу ҳушини йўқотаёзди. Юртига қайтгач, маликанинг сувратини чизди. Йўқ, суратни шоҳга етказиш нияти йўқ эди унинг. Аммо уламолардан бири унинг устахонасида бир ғаройиб манзара чизилган суратни кўриб, уни беш тилла тангага сотиб олиб, Давронқулшоҳга ҳадя этмоқчилигини айтиш учун кирди-ю, малика Зебонинг сувратига кўзи тушиб, тошдай қотди. Бир муддат қоғозда акс этган санамдан кўз узолмай қолди. Сўнг миқ этмай чиқиб кетди. Талай жойгача ўзига-ўзи гапириб борди. Кейин тўғри шоҳнинг ҳузурига кирди. Паривашни ҳали сувратида кўрибоқ ошиқу беқарор бўлган, рашк ўтида ёнган уламо мусаввирдан ўч олиш ниятида шоҳга арз қилди. Эҳтимол, Абдулбахт унга ўша маликаи дилоромнинг суратини берганида, подшонинг ҳузурига кирмаган, ўзи билан олиб кетиб, ҳаётини унга тикилиб ўтказган бўлармиди?

Шоҳ жаҳл отига минди. Мусаввирнинг оёқ-қўлига кишан солиб, зудлик билан келтиришларини буюрди. Абдулбахт шундай бўлишини аввалдан билган эса-да, эҳтиётсизлик қилди, қочишгаям улгурмади.

Шоҳ маликанинг сувратини кўрибоқ юраги ҳаприқди, аммо қилт этмади. Аввалига Абдулбахтни зиндонбанд этишга фармон берди. Сувратни эса, қалб амрига зид тарзда йиртиб ташлади.

Кечаси мусаввирни шоҳнинг ҳузурига яширинча олиб келишди. Ана шунда ошкора савол-жавоб бўлди. Абдулбахт ўзи чизган суврат эгаси ҳақиқатан ҳам ҳаётда борлигини, у Нурсултоннинг кенжа хотини эканлигини яшириб ўтирмади.

— Ҳали бўёғи қуриб улгурмаган эди, ҳазратим. Тайёр бўлиши билан сизга ушбу сувратни етказмоқчийдим. Чунки у соҳибжамолни сўз билан таърифлаб бўлмайди, — деди Абдулбахт.

Шу заҳоти унга тўн ёптирилди. Кейин ёнига сарбозлардан ўнтасини қўшиб, шоҳнинг ўртанча ўғли Миркомилмирзо ҳокимлик қилаётган узоқ вилоятга жўнатиб юборди. Жўнаш олдидан суврати ҳақида бирон кимсага оғиз очадиган бўлса, қатл этилажаги уқтирилди.

Шоҳ бир неча тунни бедор ўтказди, ўнгидаям, тушидаям кўз олдида ўша малика. Гоҳ жилмаяди, гоҳ мунғаяди. Балки унутарман, деган хаёлда ўн етти нафар хотинини бир сафга тизиб, бирма-бир қараб чиқди. Йўқ, буларнинг бирортаси ундай бўлолмайди. Барининг кўзида қувлик кўрди, назарида, улар бир фалокат рўй бериб, шоҳнинг ўлишини кутаётгандек. Айниқса, катта хотинлари шоҳ эртароқ ўлса-ю, ўғилларни подшо қилиб кўтарсак, деган шум ниятда. Шоҳ эса, алллақачон валиаҳдни тайин этиб қўйган. У учинчи хотинидан туғилган Тумонмирзо. Бироқ, кошки, бошқа шаҳзодалар падарларининг фармонига бўйсунишса. Фақат қилич яланғочлашни билишади, ҳукмдор бўлиш учун ҳеч нимадан тап тортишмайди.

Шоҳнинг кўнгли эса ёш соҳибжамолни, назокат, нафисликни тусайди. Бу майлни хотинларининг биронтаси қондиролмайди. Подшо уларга рухсат бериб юбориб, ҳарамга кирди. Канизакларини бир-бир чорлади. Биронтасининг қўлини ҳам ушламади, шунчаки юзларига қараб чиқиб, жавоб бериб юбораверди.

Кўнгли таскин топмагач, ўнг қўл вазирига дилини ёрди. Вазир мулоҳазакор эди. Бироқ ҳазрати олийларининг истагини қондириш кўп оғир. Унинг-да боши қотди. Охири айтдики: “Элчи жўнатамиз, подшо Нурсултон бир йилдан бери ўлпон тўламайди. Биз унга кўп вақт бердик. Аммо талабимизни бажармади. Элчилар бориб, янги ой чиққунга қадар ўлпон тўланмаса, юрти вайрон этилажагини етказишсин. Хуфия нома ҳам жўнатамиз, мабодо бу вақт мобайнида қурби етмаса, кенжа хотинини бериши мумкин”. Ўнг қўл вазиру Давронқулшоҳ Нурсултоннинг не аҳволга тушажагини олдиндан билишарди. Жўнатиладиган элчиларининг қатл этилиши ҳам кундай равшан эди. Демак, уруш бошлашга важ бор.

Кутилган воқеа содир бўлди: биргина санам учун, унинг ҳусни жамоли деб, Нурсултоннинг мамлакати харобага айлантирилди. Лекин бундан натижа ҳосил бўлмади — Нурсултоннинг ҳамма хотини бор-у, кенжа малика ном-нишонсиз йўқолган. Биров у ёқда кўрдим, дейди, бошқаси бу ёқда. Қидирилмаган жой қолмади. Кўрдим деганнинг боши танасидан жудо этилди…

* * *

Юзбоши қуруқ қўл билан борса, шу биргина аёлни деб бутун бошли аҳолининг қонини тўккан одам уни кечириб қўярмиди? Ҳеч қачон. Аввалига эшитмаган қулоғини, кейин кўролмаган кўзини, оёғини, қўлини ва бошқа аъзоларини бирма-бир кесиб ташлайди. Итнинг кунини бошига солади.

Юзбоши Тўхтамишбойнинг алдамаётганини биларди. Чунки ҳеч ким ўз жонига қасд қилгиси келмайди. Айниқса, ошиғи олчи бойларнинг.

Юзбоши сарбозларининг чорагини иккитадан тарқатиб, уларга чангалзорни тинтиб чиқишни буюрганди.

* * *

— Паранжисини ол! — қичқирди сарбозлардан бири шеригига.

Зебо қочиб қолди, сарбознинг унга қўли етмади. Бундан жаҳли чиққан шериги уни бўшангликда айблади. Сўкмоқчи бўлди-ю, бироқ тилини тийди. Мабодо эски паранжи остидаги аёл малика бўлса, оғзидан чиққан сўз учун у, албатта, жавоб берарди. У отдан сакраб тушиб, Зебонинг паранжисини кўтармоқчи бўлиб, унга яқинлашди.

Маҳмуд қопни ерга қўйган кўйи отлиқларга тикилганча қотиб турарди. У аввалига қўрқди. Сарбоз отидан тушиб, Зебога яқинлашганида билакларига ёввойи куч оқиб кирди.

— Ў-ў! — деб бақирди сарбоз Зебога қўлини чўзган маҳал. — Ажалинг етдими?!

Сарбоз у томонга ялт этиб қаради. Маҳмуднинг важоҳатидан от ҳуркарди. Сарбоз қиличига ёпишди. Қинидан суғуришга суғурди-ю, аммо уни ишлатишга улгурмади, Маҳмуднинг чайир қўллари аввал ёқасини чангаллади. Кейин шунақанги куч билан улоқтирдики, сарбоз жийда танасига урилди. Ўнлаб тиканлар этини тешиб кирди. Бу пайтда Маҳмудга ҳамла қилмоқчи бўлган иккинчи сарбоз Сиртлоннинг чангалида эди. Эгалари дам олиш учун тўхтаганда, у емиш излаб кетганди. Бу ерларда юмронқозиқлар кўп бўлар, уларни тутиш хийла осон эди. Сиртлон аввал ҳам бир неча марта шунақа ов қилганди. Шу боис доим қорни тўқ юрар, ўзиям этлигина эди. Отлар дупурини эшитиб, итнинг қулоғи динг бўлди. Бурни бегона ҳидни сезди ва шитоб билан югурди. Шу чопишда ит бир сарбознинг орқасидан келди. Сарбоз итни кўрмай қолди.

Агар Маҳмуд ҳайҳайламаганида, сиртлон остидаги одамни бурдалаб ташларди. Ҳозир ҳам унинг ҳоли танг эди, ит сарбознинг бўйин томирини тишлаб, узишга улгурганди.

Жийдага урилган сарбоз чайирлиги боис, ўрнидан туриб қўлидаги қиличини ҳавога кўтарди. Энди унинг олдида иккита ёв: бири — ит, иккинчиси — унинг эгаси турарди. Агар иккаласини ҳам бир ҳамла билан чопиб ташламаса, шеригининг аҳволига тушиши тайин. У овозига зўр берди. Унинг ўкиришидан, афтини бужмайтириб қиличини ҳавода ўйнатганидан Сиртлоннинг жуни ҳурпайди. Ит ириллаган кўйи орқа оёқларига ўтирди. Маҳмуд эса жон таслим қилаётган сарбознинг ерда ётган қиличини олди. Унинг қилични уқувсиз ушлаганини кўрган сарбоз ҳали тиканлар заҳри танасидан кетмаган эса-да, нўноқлигидан илжайиб, устига бостириб келди. У Сиртлонни оддий ит деб ўйлаганди, гавдасига эътибор қилмаганди. Сиртлон не-не бўриларни ер тишлатганини билмасди. Сакраганидаёқ ўткир тирноқлари рақибига зиён етказиши етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. Шу боис рақибини осонгина енгишига ишониб, қилични бесўнақай ушлаб турган ялангоёққа ташланди. Аввал уни бир ҳамлада тинчитишни ният қилди. Сарбоз Сиртлоннинг ҳавога сакраганини илғамай қолди. Итнинг тирноқлари сарбознинг башарасини тилиб ўтди. У йиқилди, бўрибосар унинг устидан босиб тушди. Сиртлоннинг тирноқлари башарасини тирнаб ўтганидаёқ қилич сарбознинг қўлидан тушиб кетганди. Сарбознинг қўллари, қулоқлари, бурни, қош-кўзи итнинг тишлари орасида ғажилди. Ўрнидан турмоқчи бўлиб ҳаракат қилганида эса ўткир тишлар сонига ҳам ботди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

 

 

 

loading...

1 ТА ФИКР

Comments are closed.