Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

0

Ҳартугул, Маҳмуд унинг ўлишига йўл қўймади, Сиртлонни ёнига чақирди. Эгасининг овозини эшитиб, бўрибосар ғажишдан тўхтади. Аммо қониқмади, шекилли, ўлжасининг устига олд оёқларини қўйиб, териси шилинган башарасига ириллаганча бироз қараб турди-да, сўнг думини ликиллатиб Маҳмуднинг ёнига келди.

Маҳмуд отдан йиқилган сарбознинг тепасига борди. У қимирламай қолган, нафас олаётгани ҳам билинмас, жон таслим қилиб бўлган эди. Наригисининг жароҳати буникидан кўп бўлса-да, ўладиган аҳволда эмасди. Шу боис у думалаб, оғриқнинг зўридан инграрди.

Зебо илгари ҳам бундай омонсиз олишувларни кўрган, лекин итнинг ҳамласига энди гувоҳ бўлиб турган эди. Сиртлон кўзига яхши кўриниб кетди. Айни чоғда ер бағирлаб ётган сарбозларга ичи ачиди.

— Қўрқмадингми? — сўради Маҳмуд Зебонинг ёнига бориб.

— Уларни кўрганимдаёқ юрагим ортига тортиб кетди. Боламдан айрилиб қоламан, деб қўрқдим. Лекин… Сиздай арслоним бор экан, сираям қўрқмайман, — деди Зебо жилмайиб эрининг бўйнидан қучаркан.

Шу пайт паранжиси сирғалиб ерга тушди. Азоб исканжасида ётган сарбоз маликанинг юзини кўрди-ю, бир муддат инграшдан тўхтаб, оҳ тортиб юборди. Шундай санамнинг кўз ўнгида итдан мағлуб бўлганига уялди. Қанчалик жони оғримасин, товуш чиқармай, тишини тишига босиб ётди.

— Тезроқ кетишимиз керак, бошқалариям шу атрофда изғиб юргандир. Ёпирилиб келишса, Сиртлонниям кучи етмаслиги мумкин, — деди маҳбубасининг юзига тикилиб Маҳмуд.

— Хўп, — дея бош силкиди Зебо.

Маҳмуд унинг қўлидан чақалоқни олди. Қўли бўшаган Зебо энгашиб, Сиртлоннинг бошини силаб, эркалади.

Маҳмуд пиёда кетмоқчи эди. Хотини тўхтатди:

— Жангда мағлуб бўлганнинг ҳамма нарсаси ғолибнинг қўлига ўтади. Тулпорларга минмасак, манзилга кеч қоламиз, — деди малика.

Маҳмудга қолса, пиёда кетган бўларди. У гарчи Зебони қучган, юзидан ўпган, қўрққан-қўрқмаганлигини сўраган эса-да, ҳалигача ўзига келолмаётганди.

Улар битта отга мингашди. Йўрға экан, юганини озгина бўш қўйган эди, тулпор илдамлади.

Сарбоз кўкка тикилганча миқ этмай ётар, хаёлида сулув маликанинг жамоли жилваланар, кўзидан эса тинимсиз ёш оқарди.

Пешинга яқин уни бошқа сарбозлар топиб келиб, ҳол сўрашди.

— Бўрилар галасига дуч келдик. Бирдан ёпирилишди. Икковимизниям шу аҳволга солишди, — жавоб қилди сарбоз.

Унинг гапига қуролдошлари ишонишди. Юзини ювиб, яраларини боғлашди. Аммо кейинроқ бир неча сарбозлари билан етиб келган юзбоши бу гапга ишонмади.

— Бошдан-оёқ қуролланган, тулпорли икки саркарданинг бор-йўғи бўрилар галасига кучлари етмаган экан, бундай сарбознинг боридан йўғи афзал, — деди у ва атрофга назар солди. Битта от қирнинг этагида ўт чимдиб юрар, иккинчиси эса кўринмасди. “Бўрилар ҳужум қиларкан-у, у ҳеч қаёққа қочмасдан бемалол ўтлаб юраркан-да?! Қандай инсофли бўрилар эканки, бир сарбозни ўлдириб, емай ташлаб кетса?!” хаёлидан ўтди юзбошининг.

Юзбоши отидан тушиб, бир-бир қадам босиб, олдин ўлган сарбозга, кейин жароҳатланганига назар солди.

— Кўрдингми? — шивирлади у ярадор сарбознинг қулоғига. Сарбоз миқ этмади. Унинг кўз ўнгида маликанинг жамоли гавдаланди, қулоғи остида эса соҳибжамолнинг эрига айтган гаплари янгради.

Юзбоши ҳаммасини тушунди. Қиличини қинидан чиқарди-да, сарбознинг муҳаббатга лиммо-лим юрагига санчди. Кўп йиллардан бери шоҳнинг зафарли юришларига ҳамроҳ бўлган, унинг обрўсини, шон-шуҳратини деб жанггоҳларда жон олиб жон берган, душманининг калласини олиш, юрагига ханжар санчиш, қонини дарёдай оқизиш билан умрини ўтказиб, ўттиз беш ёшга тўлган эса-да, ҳали аёл зотининг қўлидан тутмай, гўзалликдан бебаҳра, фақат юзбоши қиличини яланғочлашидан озгина фурсат бурун Нурсултон шоҳнинг кенжа хотинини — маликани кўришга муяссар бўлиб, ошиққа айланган сарбоз юрагини тиғ тилка-пора қилиб ўтганида ҳам миқ этмади. Бир муддат қотиб турди-да, кейин гуп этиб йиқилди. Унинг қулаши бошқаларни ҳам сескантириб юборди. Юзбоши ҳам қалқиб тушди. У нимадир деб ғудраниб сарбозни айбламоқчи бўлди-ю, шу тобда тилига тузук-қуруқ гап келмади. Аслида, бошқа пайт ҳам унинг оғзидан маъноли гап чиқмаган, чунки кўрган-билгани уруш, жанг эди.

“Чуҳ!” деб отини ниқтади юзбоши. Ўйноқлаб турган тулпор депсиниб олдинга интилди.

— Ҳали узоқлаб кетмаган! Изидан тушинглар! — ҳайқирди юзбоши.

Юзбоши ҳақ эди. Маҳмуд билан Зебо ҳали унчалик узоқлашмаган, уларни чангалзор сарбозлардан тўсиб турганди. Мабодо яланглик бўлганида юзбошининг тулпори кўп ўтмай уларни қувиб етар, бу гал бўрибосар ҳам Маҳмудга ёрдам беролмасди. Зебо эса, иккинчи эрини ҳам кўзида ёш, дилида алам билан чин дунёга кузатиб қўйган бўларди. Чангалзор, ўр-жар жойлар уларнинг жонига ора кирди, юз қадамдан кейин эр-хотинни от тугул, туяга минган ҳам кўрмайди.

— Етади, — деди кутилмаганда Зебо, — тушамиз!

Маҳмуд отни жиловидан тортиб тўхтатиб, ортига ўгирилди.

— Нега? Ҳали анча юришимиз керак-ку! — деди у ҳайрон бўлиб.

— Изимиздан тушган бўлса, от билан бекинолмаймиз, тутиб олишади. Қолаверса, жуда тез кетаётганимиз йўқ.

Маҳмуд ўйлаб ўтирмади, чунки Зебонинг гапи жўяли эди. Тулпордан сакраб тушди-да, хотинининг қўлидан боласини олди.

— Эгар-жабдуғини ечиб олинг-да, ҳайдаб юборинг, буям энди озод. Арқони бирор жойда ўралиб бўриларга ем бўлмасин. Жонини ўзи асрасин, ризқиниям ўзи топсин, — деди Зебо.

У гўё тезроқ айтмаса, биров келиб оғзини ёпиб қўядигандай шошиб гапирарди. Шу он хаёлига: “Болани шу одамга ташлаб кетсам-чи!” деган ўй келди. Шундай қилса, ёлғизгина фарзандининг жони омон қолади. Ўзи… У ўзини ўлдиради, шундай қилса, бошқаларнинг қони тўкилмайди. Маҳмуднинг кўнгли тозалиги шундоққина кўриниб турибди. Унга боласини бемалол ташлаб кетсаям бўлаверади.

Зебонинг хаёли ўғлига оғди – чаққонлик билан отдан тушиб, фарзандини бағрига босаркан, неча кунлардан бери уни кўрмагандай тўйиб-тўйиб ҳидлади. Бунгача Маҳмуд тулпорни яланғочлади. Эгар-жабдуғи бўлса, от бир ёққа кетиб қолмас, шунга ўрганган эди, зеро, не-не жанггоҳларда соҳиби уни тарк этар, лекин тулпор жойидан қимирламай уни кутарди. Ҳозир озод эканини ҳис этди, чоғи, кишнаб олд оёқларини кўтарди. Сўнг ортига қайрилиб югуриб кетди.

Маҳмуд билан Зебо пешинга довур дам олмай йўл босишди. Боласи йўлбошловчининг қўлидалигига қарамай, жувон унга етишиб юриб чарчади, нозик оёқларидан дармон кетди. Лекин тишини тишига босиб чидади. Ахир Маҳмуд ялангоёқ, тиканларга чап бериб бораётир. Зебо уялганидан ҳам етишиб юришга уринарди. Аммо бу эркакнинг ўта чайир оёқлари тош-метин бўлиб кетганини билмасди.

Ниҳоят, чангалзор тугаб, яланглик бошланган жойда мўъжазгина кулба кўринди. Лекин унга етиб олиш учун ҳам анча юриш керак эди. Зебонинг дармони қолмади.

— Озгина дам олайлик, — деди у ялангликка чиқишдан аввал.

Маҳмуд тўхтаб, ортига ўгирилди. Сўнг кулба тарафга юзини бурди. Назарида, озгина ҳаракат қилишса, етиб оладигандай туйилди.

— Муҳаммад мирзонинг қорни очди, — деди Зебо Маҳмуднинг иккиланаётганини кўриб.

Улар кўздан панароқ жойга ўтиришди. Зебо ухлаётган боласига кўкрак тутди. Чақалоқ лаблари билан тамшаниб, сут ҳидини сезди чоғи, кўзларини очмай чапиллаб эмишга тушди. Зебо толиққан оёғини силади. Сўнг ҳовур кўтарилаётган ялангликка қаради. Ялангликни босиб ўтиш азобнинг ўзгинасига ўхшарди. Устига устак, эгнидаги паранжи ҳам зилдай бўлиб босаяпти…

У ўйини ўйлаб улгурмай, аввал отларнинг дупур-дупури, сўнг пишқирган товушлар эшитилди. Маҳмуд билан Зебо сергакланиб, ўзларини панароққа олишди. Чақалоқ безовталаниб, ғингший бошлади. Маликанинг юраги тез уриб кетди.

— Жим! Жоним болам, жим, — дея шивирлади у.

Сиртлоннинг қулоқлари тикрайди, қаддини кўтарди. Булар ҳам бояги икковига ўхшайди. Демак, сарбозлар! Демак, уларни ҳам ғажиш керак. Бўлмаса, соҳибига ҳамла қилишади. Бўрибосарнинг безовталанаётганини сезган Маҳмуд итининг бўйнидан қучоқлади.

— Жим. Жим ёт! — деди паст овозда.

Сарбозлар чангалзор тугаган жойда тўхташди. Юзбоши узангига оёғини тираб қаддини ростлади ва ялангликни кузата туриб кулбага кўзи тушди.

Бу — савдо карвонлари тўхтаб, дам олиб, ҳордиқ чиқарадиган жой эди. Юзбоши Хуросонга шоҳ карвонини кузатиб бориб қайтаётганида бу ерда бўлганди. У донишманд чолниям билар, чол ҳаммага баравар мурувват кўрсатишидан ҳам хабардор эди. Маликани олиб қочган кимса, унинг назарида, кўп узоқлаганда шу ергача келади. Шунда ҳам тагида от бўлса. Ҳойнаҳой, ҳозир чол уларга иззат-икром кўрсатаётган бўлса керак.

У йигитларига қараб мийиғида кулди. Сўнг тулпорининг биқинига ниқтади, чанг-тўзон кўтарилди.

— Хайрият, қутулдик, — дея бўшашди Зебо.

— Дам олайлик, демаганингда қўлга тушарканмиз. Яхшиям чарчабсан, — дея Маҳмуд ўзини зўрлаб кулимсиради.

Зебо эрига қараб жилмайди. У ростдан чарчаган, мадори қуриганди. Бироқ судралиб бўлса-да ўша кулбагача етса бўларди. Негадир оёғи тортмади. Қўрқди. Мана, кўнгли сезган экан.

— Бозор қолди, — дея гап бошлади яна Маҳмуд, — балки орқамизга қайтиб кетармиз.

Зебо аламли кулимсиради. “Орқага?! Ажалнинг домигами? Боягина унга ишонгандим. Мен бўлмасам ҳам боламни эсон-омон катта қила олади, деган хаёлга боргандим… Адашганга ўхшайман”, хаёлидан ўтказди жувон.

— Менимча, улар борган жойларида бизни тополмай, яна ортга қайтишади. Қайта бошдан чангалзорни изғиб чиқишади. Биз уларни ўтказиб юбориб, кейин анави чолникига борайлик, шу маъқулроқ, — деди Зебо.

Гарчи у маслаҳат солаётгандай гапирган эса-да, бу гал гапида буйруқ оҳанги аниқ сезиларди. Айни вазиятда у ўзини маликадек тутиб, дадил ҳаракат қилмаса бўлмаслигини англаган, шу боис гап оҳангини ўзгартиришга мажбур эди.

Маҳмуд ўйланиб қолди. Кейин жимгина ерга узала тушиб ётди.

— Тиззамга бошингизни қўйинг, — деди унга тикилиб турган Зебо.

Бу пайт юзбоши донишманд чолнинг қошига: “Сўрайман, агар айтмаса қиличдан ўтказаман. Кейин кўраман ҳотамтойлигини”, деган қасд билан борган эди. Бироқ оппоқ соқоли кўксига тушган нуроний отахонни кўриши билан шаштидан қайтди.

Кулбанинг олд тарафи сайисхона эди. Ундан нарида пешайвонли саккиз ҳужрали уй бор. Йўловчилар уловларини сайисхонага киритиб боғлаб, ўзлари ҳужраларда дам олишар, сўнг яна йўлларида давом этишарди. Уй билан сайисхона ўртасида иккита улкан чинор савлат тўкиб турарди. Уларнинг остига чорпоя қўйилган. Кундузи бу соя-салқин жой одамга ҳузур бағишлар, қувват берарди. Бировлар чинорнинг таги хосиятсиз, дейишарди-ю, аммо бу сўлим гўшада бир муддат ўтирган кишининг қайта тургиси келмасди.

Айни дамда чол чорпояда мутолаа билан машғул эди. У чангалзор томондан кўтарилган чанг-тўзонни кўриши билан чорпоядан тушди ва отлиқларга пешвоқ чиқди.

Юзбоши сўнгги лаҳзада тулпорини юганидан тортиб тўхтатди. Акс ҳолда, тавозе қилиб турган чолни от уриб юбориб, ўлдирмаган тақдирда ҳам, майиб қилиши тайин эди. Қони қизиган жонивор олд оёқларини кўтариб пишқирди. Сарбозлар гўё асир олаётгандек чолнинг атрофини ўраб олишди. Донишманд ҳали узоқдалигидаёқ буларнинг яхши ният билан келмаётганини сезган эди. Шу боис қимир этмай тураверди. Ҳолбуки, юзбошининг важоҳатидан от ҳуркарди. Унинг важоҳати чолнинг кўзига кўзи тушгунча пасанда бўлди. Ўткир нигоҳ унинг кўзларидаги қаҳр оловини сусайтирди. Юзбоши бир қўли билан юганни силтаб тортиб, типирчилаётган тулпорини тинчлантираркан, иккинчи қўлини юқорига кўтариб сарбозларининг ҳам ўпкасини босиб қўйди.

У отдан тушиб, қўлини кўксига қўйиб чолга салом берди.

— Марҳамат, чой тайёр, — деди қария меҳрибонлик билан чорпояни кўрсатаркан.

— Юмушимиз кўп, чой ичишга вақт йўқ. Сиздан бир нарсани сўрамоқчийдим, — деди юзбоши.

— Бемалол, иним, — изн берди чол очиқ юз билан.

— Сизга кўп гапнинг ҳожати йўқ. Ҳар нарсадан бохабарсиз. Биз маликани қидириб юрибмиз. Эшитдикки, у шу атрофда юрган эмиш. Мабодо даргоҳингизга келиб… Эҳтимол, қўниб ўтгандир. Кўргандирсиз…

Шайх Аҳмад бу воқеадан чиндан-да хабардор эди. Султон Давронқулнинг уруш бошлагани боисини эшитгандаёқ ташвиш тортиб, беҳуда тўкилажак қонларни ўйлаб, оҳ тортиб юборган эди.

— Йўқ, — деди жиддий тортиб Шайх Аҳмад, — келмади. Нурсултоннинг тахти эгаллангани ўзларингга аён, бир неча кун бўлди. Балки, малика узоқлаб кетгандир.

— Биз ҳам шу хаёлга борган эдик, бироқ кутилмаганда терс хабар келди-да. Сиздан сўровимиз шу: мабодо бу ерда пайдо бўлса, зинҳор бизга хабар етказарсиз. Малика топилса, юртнинг осойишталиги барқарор бўлади. Йўқса… бу ёғи ўзингизга аён.

Шундай деб узангига оёғини тиради. Кўнглидан эса, чол ёлғон гапираётир, маликани яшириб ўтирибди, деган бадгумон ўй кечди. Лекин, начора, унинг уйини тинтиш у ёқда турсин, кўзига тик қараб гапиришга ҳам ботинолмади. Мана, ҳозир ҳам сўзлай туриб кўзларини олиб қочди. Бу ҳолатида яна озгина гаплашса, сарбозлари олдида обрўси бир пул бўларди. Яхшиси, кетгани маъқул, эҳтимол, пойлоқчи қўйиб кетар, тунда бостириб келар. Ҳар қалай, шунда юмуши осонроқ битармиди…

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

 

 

 

loading...