Сирдарёда ходимлари номига пластик карта очган фирибгар

0

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими мансабдорлари ходимлар номига пластик карта очиб, уларнинг хабардорлигисиз 38 миллион 879 минг 400 сўм маошни талон-торож қилди.

Маълум қилинишича, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими мансабдор шахсларидан норози бўлиб, ходимлар туман адлия бўлимига мурожаат қилган. Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари натижасида бир неча ходимлар номига банкдан 2020 йилнинг август ойида HUMO пластик карталари очилиб, уларнинг хабардорлигисиз иш ҳақи ва бошқа тўловлар ўтказилгани аниқланган. Шунингдек, бу маблағлар ишлатиб юборилиб, пластик карталар бўлим бош ҳисобчиси томонидан қолдиқсиз ҳолатда 2020 йил сентябрь ойида топширилган.

Бунинг оқибатида жами 38 миллион 879 минг 400 сўм маблағлар талон-торож қилинганлиги аниқланди. Мирзаобод туман адлия бўлими томонидан мансабдор шахларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатиш масаласини кўриб чиқиш учун туман прокуратурасига жиноий таклиф киритилган.

Аввалроқ Бухорода мактаб биносини таъмирлашда 140 миллион сўм талон-торож қилингани ва Сирдарёда мактаб қурилишида салкам 150 миллион сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Тошкентдаги 2 корхона аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун ажратилган пулларни талон-торож қилгани маълум қилинган.

loading...