Ўзбекистонда полиомиелит кузатуви кучайтирилди

0

Полиомиелит – ўткир шол касаллиги бўлиб уни майда, ҳатто оддий микроскопда ҳам кўриб бўлмайдиган вируслар чақиради. Касаллик асаб тизими, айниқса орқа мияни шикастлайди ва жиддий асоратларни, ҳатто умрбод фалажлик ёки болалик ёшидаёқ ўлим ҳолатини олиб келиши мумкин.

Шу ўринда полиомиелитни юқтириб олиш осонлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Мулоқотда бўлиш ёки ҳаводаги томчилар йўли билан ўтадиган вирусни ташиб юрувчига тегишнинг ўзи кифоя. Организм ичига тушган вирус марказий асаб тизимини шикастлайди, бунинг натижасида фалаж ёки шол ривожланиши мумкин. Касаллик кечишининг бундан оғирроқ кўринишларида нафас тизимининг шикастланиш ҳоллари ҳам мумкин, бу муқаррар ўлимга олиб келади. Полиомиелит билан асосан 10 ёшгача бўлган болалар касалланадилар. Касалликнинг яширин даври ўртача 5-12 кун бўлиб, баъзида 35 кунгача давом этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлаги хизмати томонидан республикада полиомиелит касаллигининг олдини олиш ва тарқалишига қарши профилактик ва эпидемияга қарши чоралар ЖССТ тавсияларига мувофиқ амалга ошириб келинмоқда.

Республикамизда полиомиелит касаллиги учрамайди, лекин чет давлатлардан кириб келган шахслар маҳаллий аҳолига юқтириши мумкин. Бугунги кунда Тожикистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикасида полиомиелит касаллиги аниқланмоқда. Ушбу давлатлар билан иқтисодий алоқалар яхши йўлга қўйилган бўлиб, фуқароларнинг кириб-чиқиши учун шароитлар яратилган.

Ўткир паралитик фалажни назорат қилиш бўйича эпидемиологик вазиятни ўрганиш учун Сурхондарё вилоятига мутахассислар сафари уюштирилди. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг санитария назорати пунктларида (СНП) ва даволаш-профилактика муассасаларида ўткир шол фалажининг фаол эпидемиологик кузатувини кучайтиришни ташкил этиш ва 5 ёшгача бўлган болаларни эмлашга тайёрлаш бўйича амалий ва маслаҳат ёрдами кўрсатилди.

Сурхондарё вилояти ҳудудида ёввойи полиовируснинг 2-турини олдини олиш ва тарқалишини олдини олиш мақсадида 10-20 март кунлари 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида оммавий эмлаш ўтказилди.

Республикамиз ҳудудига четдан ёввойи полиовируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлаги хизматининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари раҳбарлари хабардор қилиниб, полиомиелит ва ўткир шол фалажининг фаол эпидемиологик кузатувини кучайтириш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

loading...