Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

0

У отини чоптириб кетди. Яна тепага чанг-тўзон ўрлади.

Зебонинг ҳануз туз татимаганидан ташвишланган Маҳмуд чўзилиб ётган жойидан турди. Шу маҳал кун ботишдан чанг-тўзон кўринди.

— Ўтиб кетишди, — деди Маҳмуд юзи ёришиб, — энди йўлга тушсак бўлади.

— Балки шомни кутармиз. Агар улар ортларига…

— Сен бола эмизаяпсан, чарчаб қоласан, — деди Маҳмуд маликанинг гапини бўлиб.

— Хавотир олманг, чидайман. Ҳализамон қуёш қайтиб, салқин тушади, — дея мафтункор табассум билан йигитга жавоб қилди Зебо. Аслида, унинг қорни очиб мадорсизланган, тишини тишига босиб чидаётганди. Ахир у ҳали бирор марта ҳам бундай танг аҳволга тушмаган, саройда мўл-кўлчилик, ноз-неъмат, тансиқ таомлар доимо унга мунтазир эди. Кейин… Кейин ҳам Маҳмуд уни оч қўймади. Егулик топди. Бисотидаги бир бош сигирини ҳам сўйиб сийлади. Энди ҳеч нима йўқ. Лекин қўлга тушиб қолиш хавфи олдида очликка йўл бўлсин.

— Унда ўзим бориб келаман, — деди Маҳмуд хотинининг юзига бироз термилиб тургач.

У эмизикли аёлни очлик қаттиқ қийнашини биларди. Ҳозир Зебо хавфга дучор бўлмасин, деган ниятда бу гапни айтаётганди.

— Сиз бордингиз нима-ю, бирга бордик нима? Барибир, қўлга тушишимиз мумкин, — эътироз билдирди Зебо.

— Биринчидан, мени улар танимайди. Кейин ёлғиз бўлсам, қочиб кетишга имкон топаман. Сизлар… ҳозир, — деб у паранжини ёзди ва кулиб деди: — Қуруқ ерга ўтирволибмиз, мана шу кўрпачада озгина дам оласизлар, Сиртлон қўриқчи.

Бошқа пайт бўлганида Зебо Маҳмуднинг бу қилиғига кулган ва ўзи ҳам шунга яраша ҳазил билан жавоб қайтарган бўларди. Лекин айни дамда вазият буткул бошқача. У ёлғиз қолишдан қўрқаётганини қандай айтсин? Тўғри, Маҳмуд энди унинг эри, ҳар нимани бемалол айтса, айб саналмайди. Аммо, барибир, Зебонинг тили айланмади.

Маҳмуд бўрибосарнинг бўйнидан қучоқлаб:

— Мени уялтириб қўйма, дарров қайтиб келаман, — деди худди ити унинг сўзларини тушунадигандай.

Ўғли ухлагач, Зебо уни секин паранжи устига ётқизди-да, ўзи ўрнидан турди. Бир-бир босиб чангалзор четидаги ёввойи жийда ёнига келиб, ялангликка тикилди. Кўзлари Маҳмудни қидирди, лекин эрининг қораси кўринмади.

Дастлаб югургилаб йўлга тушган Маҳмуднинг дармони қурий бошлаб, йўлнинг ярмини босиб ўтганидан кейин қадами сусайди. Гўё эмаклаётгандай ҳеч йўли унмади. Бунинг устига, оёғи буталарга қоқилиб йиқилиб тушарди. Гарчи қуёш аёвсиз қиздираётган эса-да, озгина дам олгиси келарди. Бироқ Зебонинг оч ўтиргани ёдига тушар, шу боис илдамлаб юришга ҳаракат қиларди. Юра-юра унинг тинкаси қуриб, оёқлари судралиб қолгач, ўзидан нолиди: илгари қанча йўл босмасин, чарчоқ нималигини билмасди. Энди икки чақирим йўл босмаёқ… Нима жин урди? Бу аҳволда қўлга тушиб қолса… наҳотки маликасидан айрилса… Йўқ, бир бошга бир ўлим. Эмаклаб қолсаям етиб боради манзилга!

Манзилга бор-йўғи ўн беш қадамча қолганида Маҳмуд йиқилиб тушди. Оёғи ҳеч нарсага қоқилмади, дармони қуриб йиқилди. Бир муддат кўзини юмди. “Яратган эгам, ўзинг мадад бер”, илтижо қилди у. Бироқ у буткул ҳолдан тойган эди.

Шайх Аҳмад уни кўриб, ажабланиб бироз қараб турди, сўнг қўлидаги китобини ёпиб ўрнидан турди. Бориб қараса, бир йигит, лаблари сувсизликдан ёрилиб кетган, алланималар деб пичирлаяпти.

— Болам… — деди чол энгашиб.

Йигит жавоб беролмади, алаҳсираб бир нималарни пичирлади. Афтидан, у ҳушидан кетаётган эди.

Маҳмуднинг гавдаси қушдай енгил бўлиб қолган эса-да, ёши бир жойга бориб қолган отахон уни машаққат билан кўтариб, бир амаллаб чинор тагига олиб бориб, юзига сув сепди. Маҳмуд бирдан кўзини очди. Бир лаҳза қаерда ётганини англаёлмади. Кейин юзи қайғули тус олди.

— Ота, — деди у аланглаб бошини хиёл кўтариб, — ёрдам беринг!

— Бажонидил, болам. Аввал манави сувни ич, — деб идишни Маҳмуднинг оғзига тутди чол.

Маҳмуд ютоқиб ичди. Танасига қайта жон ингандай бўлди.

— Болам билан хотиним оч ўтирибди, ота, бирон егулик беринг. Тезроқ оборай, — деди Маҳмуд кўзлари жавдираб.

Шайх ҳозир сўраб-суриштиришнинг мавриди эмаслигини билгани боис тез-тез юриб кулбасига кирди. Рўмолга яхна гўшт, нон солиб, ташқарига чиқди-ю, қўрқиб кетди. Чунки чангалзор тарафдан боягина кетган сарбозларнинг қораси кўринган эди. Шайх ҳолсизланиб ётган йигитнинг кимлигини билмаса-да, кўнглига хавотир оралади.

— Ҳов, болам, тез бу ёққа кел! — деб уни ёнига чақирди.

Маҳмуд кўзини юмганча чинорга суяниб ўтирарди. Шайхнинг овозини эшитиб, дик этиб ўрнидан турди. Оппоқ соқоли кўксига тушиб турган отанинг қўлидаги рўмолга кўзи тушиб қувониб кетди. Югуриб унинг ёнига борди.

— Ҳеч ким қидирмаганмиди сени? — сўради шайх ундан.

Маҳмуд жавдиради. Нима деб жавоб қилишни билмай қийналди, боши хам бўлди.

— Майли, кейин айтарсан. Ҳозирча менинг хизматкорим бўп турасан. Ҳов анавиларни кўраяпсанми? — деб шайх тобора яқинлашаётган отлиқларга кўзи билан имо қилди. — Ўшаларга чой дамлайсан. Бўлмаса, сени тутиб олишади. Фақат оғиз очиб, гапирма, соқовдай юр.

— Хўп, — деди Маҳмуд бош ирғаб. Зеро, унинг ўзга чораси ҳам қолмаган эди.

Юзбоши бошлиқ сарбозлар етиб келишиб, отларини сайисхонага боғлашди. Кейин чорпояга чиқиб ўтиришди. Улар ҳам толиқишган, юз-кўзлари бежо, асабийлиги кўриниб турарди. Шу боис улар шайхга иззат-икром билан муомала қилиб ҳам ўтиришмади. Одатда, бу манзилга қўнган йўловчилар келган заҳоти шайхни тавоф қиларди. “Сизни зиёрат қилиб ўтайлик, деб атай қўниб-тушдик, тақсир”, дейишарди улар. Зеро, бу жойдан ўн чақирим ўнгу сўлда карвонсаройлар бор эди. Бироқ у манзилларда карвон камдан-кам тўхтар, жуда кеч қолиб кетишсагина ўша жойларни қўналға қилишарди. Йўловчилар шайхнинг гурунгига маҳтал, уни эшитишга иштиёқманд эдилар. Шайх ривоятларни айтиб бераётганида бутун вужудлари қулоққа айланар, кейин йўл-йўлакай ўзларича шайхдан эшитганларини гапириб кетишарди. Уруш бошлангач, карвонлар сони камайди. Шу боис ҳозир шайхнинг қўналғасида ўзидан бўлак ҳеч ким йўқ эди.

Шайх дастурхон олиб келиш учун кулбасига кираётганида юзбоши Маҳмудни чақириб:

— Яна ким бор бу ерда? — деб сўради.

Маҳмуд, шайх тайинлаганидай, лом-мим демади. Гарангсиб юзбошига тикилиб тураверди.

— Гунгмисан, нима бало?! — бақириб юборди юзбоши.

Маҳмуд киприкларини пирпиратди. Тутоқиб кетган юзбоши шахт билан қиличини қинидан суғурди-ю, бироқ сермашга улгурмади, шайх ҳужрадан чиқиб, сўри томон келаётганди.

— Бор, йўқол! — ҳайдаб солди юзбоши Маҳмудни.

Шайх унинг ўшқирганини эшитса-да, индамади. Гап юзбошидан чиқишини кутди. Бахтига, юзбоши Маҳмуд тўғрисида ҳеч нима сўрамади. Мабодо сўраб қолгудай бўлса, ёлғон гапиришга мажбур бўларди…

— Ҳаво бугун дим, — деди юзбоши, — йўл босиш ўлимдан оғир. Ортга қайтишдан аввал дам олишга қарор қилдик.

— Бундай ҳаво йўл юрган одамни толиқтириб қўяди, — унинг гапини маъқуллади шайх ортига қайтиб кулбаси томон кетаркан.

Юзбоши сарбозларидан бирига хуржундаги шаробни келтиришни буюрди. Бошқа карвонсаройда тап тортмай, саройбоннинг ўзига шароб буюрарди. Шайхдан сўраш бефойдалигини билиб, чол қайтиб келгунича шаробдан уч-тўрт пиёла қуйиб ичишга улгурди. Унинг афт-ангоридан майхўрлик қилаётганини сезган шайхнинг руҳи чўкди, бироқ бир нима дейишни ортиқча билиб, индамай қўя қолди.

Маҳмуд югуриб-елиб сарбозлар берган этни тўғраб лаганга солиб, уларнинг олдига қўйди. Беихтиёр икки бўлак гўштни оғзига солганини ўзи ҳам сезмай қолди. Айни чоғда яширинча чангалзор томонга кўз ташлаб қўяр, хотини билан ўғлини ўйлаб, ич-этини кемирар, умидланиб шайхга термиларди. Бироқ шайх унга юмуш буюрарди, холос.

Қорни тўйгач, юзбоши пинакка кетди. Шуни кутиб туришгандай сарбозлар ҳам чўзилишиб, кўзларини юмишди.

— Мен кетишим керак, — пичирлади Маҳмуд шайхга.

— Аҳволингни тушуниб турибман, лекин ҳозир мавриди эмас. Ҳализамон булар уйғонади. Сезаяпсанми, сенга олайиб қараб қўйишаяпти. Мабодо йўқолиб қолсанг, қидиришади. Сабр қил.

Шайх йигитни тинчлантирса ҳам, ўзининг ичи қизир, жулдур кийимли, ялангоёқ йигитга ачинарди. Лекин айни лаҳзада бундан ўзга чора қўлидан келмаcди. Манави турқи совуқ, одам сиёғини йўқотган юзбоши билан сарбозлари ҳеч нарсадан тап тортмасликлари тайин эди. Буларнинг жонлари ўзларига ўлгудек ширин, бироқ бошқаники уларга хасчалик эмас. Султондан қўрқишади-ю, Худога жавоб бериш хаёлларигаям келмайди. Шундай экан, улардан ҳар қандай қабиҳликни кутса бўлади. Бир арзимасдай туйилган хато фожиага олиб келиши ҳеч гапмас.

— Хотининг қачон таом еганди? — сўради у Маҳмуддан.

— Кеча. Тонгда ҳам озгина тотинувди.

— Хайрият. Кечгача бардоши етаркан.

— Боласи бор-да.

— Сабр.

Қуёш уфққа ёнбошлашидан бурун юзбоши уйғонди. Бироз хаёл суриб ўтирди. “Вақтни бой бераяпман. Ҳалигача маликани тополмадик”, дея ўйлаб, хўрсинди. Ботаётган қуёшга термилди. Кейин сарбозларидан бирига шайхни чақириб келишни буюрди. Унинг бу ердан кетгиси йўқ, кўнгли алланимани сезар, назарида, малика шу ерда яширингандай эди.

— Бу кеча меҳмонингиз бўламиз, — деди у шайхга.

— Бажонидил, — жавоб қилди шайх, — фақат майхўрликка ижозат йўқ.

Юзбошига одам зоти чумчуқдай гап, шартта қиличини қинидан суғуриб, Тўхтамишбойнинг югурдагини сўйгандай чопиб ташлайверади. Лекин бу гал қўли бормади. Ҳатто шайхга ўқрайишга ҳам журъати етмади. Дамини ичига ютди.

Маҳмуд эса типирчилар, интиқлик билан қоронғи тушишини кутарди. Вақт эса аксига олгандай имиллаб ўтмоқда. У яширинча яна чангалзор тарафга қараб қўйди, юраги ўйнади. Назарида, уни тақиб қилишаётганга ўхшар, ҳар қадамини кузатиб туришгандай эди. Яна бир бор чангалзор томон қараса, билиб қолишади. Туйқусдан унинг хаёлига бўрилар келди, шомда улар изғий бошлайди. Бўрибосарнинг ҳам уч-тўрт қашқирга кучи етмайди. Эртароқ бориши керак.

Шом қоронғиси энди этагини ёяётган палла Маҳмуд шайхнинг ёнига бориб, кетишини айтди. Шайхнинг мўлжалида ҳали эртароқ эди. Лекин йигитни ортиқ тўхтатиб туришнинг иложи қолмаганини билган шайх унга бир жуфт ноннинг устига гўшт қўйиб берди ва сув тўла кўзани тутди-да: “Худонинг паноҳига топширдим”, деди.

Маҳмуд олд-орқасига қарамай югургилади.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

 

 

 

loading...