Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

0

* * *

Зебо боласини эмизмоқчи бўлар, кўкрагига сут келмай, чақалоқ хархаша қилар, жувон йиғламоқдан бери бўлиб Маҳмуд кетган тарафга умид билан тикиларди. “Қўлга тушиб қолган бўлса-я”, деган ўйдан унинг юраги зирқираб кетди. Хаёлида турқи совуқ кимса эрини қийноққа солаётгандай эди…

Малика ўзидан-ўзи норозиланди, ахир уни деб қанча банданинг қони тўкилди! Бу фожиа яна такрорланаяпти. Яхшиси, ҳозир боради-да, боласини қийноқлардан озор чекаётган Маҳмудга топшириб, ҳамманинг кўз ўнгида ўзини ўлдиради. Шу билан бир йўла баридан қутулади.

У қайтиб келиб ўғлини қўлига олаётганида тумшуғини олд оёқларига қўйиб ётган Сиртлон ўрнидан турди ва бир ғингшиб чангалзор оралаб кетди. Итнинг тушунарсиз ҳолатидан ажабланган Зебо бир хаёли уни чақирмоқчи ҳам бўлди. Лекин ниятидан қайтди, чунки ит унга эргашиб борса, эгасини қийнашаётганини кўриб қараб турмайди. Кейин ўзи ҳам бекордан-бекорга нобуд бўлади.

Йўқ, Зебо кетолмади, тўсатдан хаёлига бошқа ўй келганди: агар у жонига қасд қилса, сарбозлар аччиқ алам устида Маҳмудни ҳам сўйиб ташлашади. Яхшиси, сабр қилгани маъқул.

У яна паранжисини ёзиб, устига ўтириб олди. Ҳар нарсани ўйламасликка қарор қилди. Бироздан кейин уни кимдир кузатаётгандай туйилди. Сиртлон ёнида бўлганидаям майлийди, негадир ит ҳам қорасини кўрсатмаяпти. Зебо безовталаниб атрофига боқди, ҳеч кимни кўрмади. Бу пайт Тўхтамишбой бекинишга улгурган эди.

* * *

Маликага дуч келишдан олдин Тўхтамишбой кўкнори ширасидан икки қултум ичган эди. Бунгача кўкнорни тутатиб, тутунини ичига ютган, натижада, қулоқ-бурнининг оғриғи қолиб, жони ором топгандек бўлганди, кайфияти кўтарилиб, мияси тиниқ ишлай бошлаганди.

Бироқ бу чора-амалдан нима фойда? Ҳатто хотинлариям унга яқинлашганда ижирғанишади. Тўғри, олдин ҳам улар бойга ёпишиб олишмас, мажбурликдан, кунлари ўтмаганидан бойнинг оромхонасига киришарди.

Шуни эслаб, бойнинг кўнгли хира тортди. Дилгирликни унутиш учун яна кўкнорига ёпишди. У тутундан ёнидаги юзбошининг сарбозига ҳам илинди. Бойнинг саховатидан завқи ошган сарбоз хуржунидан яхна гўшт олиб узатди, нон, сув берди. Тўхтамишбойнинг қорни очқаган экан, пишиллаб еди. Шу зайл улар бошқа сарбозлардан ажралиб қолишди.

Уларнинг бахтига, қаттиқ асабийлашган юзбоши сарбози билан бойни унутган эди. Кўкнорининг кайфи тарқаб, сарбоз безовталаниб қолди. Ирғиб тулпорига миниб, бойга ҳам отга минишини буюрди.

Вақт ўтиб, кесилган қулоқнинг ўрни яна оғрий бошлади. Тўхтамишбой кўкнори ширасидан чимдиб оғзига солди. Аста-секин боши айланиб, тағин кайфияти кўтарила бошлади. Қовоғи осилиб, атрофга олазарак қараб кетаётган сарбозга (у маликани ўзи топишни жудаям хоҳларди, зеро, тилларда достон бўлган сулув чеҳрани кўриш истаги унга тинчлик бермас, қолаверса, шу баҳона юқори мартабага кўтарилиш нияти ҳам йўқ эмасди) қараб қўйди. Бир хаёл сарбозга ҳам бермоқчи бўлди-ю, дарров фикридан қайтди, қурумсоқлиги тутди.

Озгина юришгач, кўкнорини сарбоз билан баҳам кўрмаса бўлмаслигини англади. Чунки бой жудаям чанқаганди.

Иккаласининг ҳам кайфи ошиб, отда юриш малол келди. Улар тулпорларидан тушиб, соя жой топиб чўзилишди. Юзбошининг дағдағасини ҳам унутиб, хуржунни тўшаб уйқуга кетишди.

Қуёшнинг тафти қайтган палла уйғонишиб, шошиб йўлга тушишганда, икки нафар жасадга дуч келган бой билан сарбознинг ранглари оқариб кетди. Мурдаларнинг қони қотиб қолган, ҳали йиртқичлар ҳид олиб улгурмаганди.

— Ўзимизникилар-ку, ким ўлдирибди уларни? — деди сарбоз ўзига-ўзи гапиргандай.

Тўхтамишбойнинг хаёлига юзбоши келди: бу — унинг иши. Бошқа бировнинг қўли бормайди, ким ҳам юрак ютиб сарбозларга ҳужум қила оларди? Маҳмуд чумчуқниям сўёлмайди. Афтидан, булар юзбошининг амрини бажармаган.

Улар бу бехосият жойдан тезроқ кетишни маъқул кўришди. Бироз юрганларидан кейин сарбоз:

— Иккига бўлинамиз, — деб қолди. У ўз жонини ўйлаётган, гўё бойдан ажралмаса, бошига бирор кулфат тушадигандай эди.

Тўхтамишбой ҳам унинг ниятини тушунди. “Балки шундай бўлгани тузукдир”, дея хаёл қилди.

Бой тўғрига юрди, сарбоз сўлга бурилди.

Тўхтамишбой ялангликка бироз қолганида ҳожат учун отдан тушди. Ўтириб тўғрига қаради-ю…

“Тушимми, ўнгимми?!” Тўхтамишбой ўз кўзига ишонгиси келмасди: рўпарасида малика боласини эмизиб ўтирарди. Тўхтамишбой туйқус иштонини ҳўллаб қўйганини сезмай қолди. Чотига иссиқ текканини сезгач, ўзидан ижирғанди. “Падар лаънати, ўзи шу шармандалик қолувди!” — ғўлдиради у.

Атрофга олазарак боқди. Ҳеч ким йўқ. “Қуриб кетади, — ўйлади бой кўзини яна малика кўринган тарафга тикиб. — Қайғурмасаям бўлаверади”.

У отини четроққа боғлаб, дарров изига қайтди. Белбоғидаги ханжарини олиб, аста-секин жувон томонга юрди. Кутилмаганда бой турган жойида қотиб қолди: маликанинг ҳусну малоҳати унинг ақлини ўғирлаб қўйганди.

Тўхтамишбой шу зайл анча қотиб турди. Қулоқ-бурунсиз бой кўзининг омонлигидан қувонарди. Айниқса, париваш ўрнидан туриб, яланглик тарафга бориб қайтаётганида шунақа таманно қилиб қадам ташладики, Тўхтамишбойнинг юраги қафасини синдирай деди. “Бекорга шоҳ уни қидиртирмаган экан-да, — дея ўйлади у. — Оқшом нега яхшилаб қарамадим-а?.. Қаёқдаги ялангоёқ эга чиқиб турса… Увол-а, увол… Эй, карами кенг Худо, бу не ҳол?! Шунча мол-мулкнинг эгаси бўлсам, қишлоқда мендан бойи бўлмаса, нега энди шундай гўзал хилқат менга эмас, қаёқдаги ялоқхўрга насиб этди? Нега бу неъматингни унга раво кўрдинг?!”

Алам билан бой кўзини маликадан узиб, Маҳмудни қидирди. Бироқ у кўринмади: “Қайси гўрга кетибди валакисаланг?” Шу маҳал малика ўзи томонга қараётганини илғаб қолган бой буталар орасига беркинди.

* * *

“Қўрққанга қўша кўринар. Менга шундай туйилаётир, шекилли. Чангалзорда бу маҳал ким ҳам бўларди? Эси бор оёғини босмайди бу ерларга”, хаёлидан ўтказди Зебо. Бу билан у ўзига таскин бермоқчи эди, кўнглидан хавотири аримади, аксинча, юраги баттар сиқилаверди. Дунёда шундай тиканзору ялангликдан иборат манзиллар борлиги илгари унинг  тушига  ҳам кирмаган эди.  Қўрқинчлилиги-чи! Ютиб юборай дейди. Унда-бунда ҳашаротлар чириллаб қолади. Кейин сув қуйгандек жимлик. Яна туйқусдан ҳашаротлар хиргойисини бошлаб, юракни эзади.

Маҳмуддан хавотир олиб, қўрқувдан юраги тўлиб, Зебо йиғлаб юборди. Ора-сира ўғлига қараб қўяди. Чақалоқ безовталана бошлади, қорни оч, эммоқчи. Зебонинг эса кўкраги бўшаган, овқат зарур.

Шу пайт шитирлаган товушдан Зебонинг юраги ёрилаёзди, ялт этиб товуш келган томонга қаради. Кўзи думини ликиллатиб келаётган Сиртлонга тушди. Енгил тортиб, хўрсинди. Ит ёнига келганидан кейин жувон унинг оғзидаги қон юқини кўрди. Ҳа, бўрибосар овга чиққан, омади чопгани кўриниб турибди. Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор? Сиртлон Зебонинг оёғига суйкалди.

Буталар орасидан йўлбарсдай баҳайбат итни кўрган Тўхтамишбойнинг нафаси ичига тушиб, ерга қапишди. Агар ит уни сезиб қолса, юзбошининг берган азоби ҳолва бўлиб қолади.

Бой Маҳмуднинг ити тўрт бўрини ер билан битта қилганини эшитган, бир неча марта Маҳмуд дон сўраб борганида, ундан итингни бер, деганди. Ҳатто бир сафар бир қоп буғдойга алишмоқчи бўлган, бироқ Маҳмуд кўнмаганди. Бой итни қўлга киритишга кўп уринди. Битта итга икки қоп буғдой кўп, бир қопга Маҳмуд кўнмайди. Ўғирлаб кетай деса, буни уддалашга кўзи етмайди…

Ҳозир Тўхтамишбой маликани қўлга туширишни ўйламас, итнинг ҳамласидан омон қолиши даргумон. Чунки Сиртлон туйқусдан қулоқларини диккайтириб, бой ётган тарафга қараб ғингширди. Сўнг ит бошини четга буриб ҳурди. Аввал узиб-узиб, кейин жон-жаҳди билан ҳура бошлади. Зебо ҳам, нарироқда дамини чиқармай ётган Тўхтамишбой ҳам кимдир келаётганини пайқади.

Чангалзор ичидан аввал одамнинг бўй-басти, сўнг тагидаги оти кўринди. Бу ҳали қиличини қинидан суғурмаган, аммо камонини ўқлаган, Тўхтамишбойга ҳамроҳ сарбоз эди. У ёввойи жийда ортида жон-жаҳди билан ҳураётган итни, кейин маликани кўрган эди. Итнинг важоҳатидан чўчиган сарбоз камонни қўлига олди.

Зебо қўллари қалтираб боласини бағрига босди. Тўхтамишбой эса ўрнидан сапчиб туриб, ханжарини қинидан суғурди. “Айни муддао!” — ўйлади у. Ҳозир сарбоз итни ўлдиради. Бой эса сарбозни саранжомлайди. Кейин маликани, истаса, юзбошига топширади, истамаса, ўзи билан олиб қочади. Ишқилиб, анави ялангоёқ келиб қолмаса бўлгани.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

 

 

 

loading...