Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

0

* * *

Шайх Маҳмуднинг ортидан қарамади. Назарида, юзбошининг одамлари уни кузатиб туришгандек. Шайх юзбошини кўргандаёқ юзидаги қайғу-ташвишни илғаб, юраги увишган эди. Қанийди, қидираётган одамни унга топиб бера қолса-ю, ғамини аритса. Аммо қария бундай қилолмас, чунки юзбошининг ташвиши разолатдан иборат эканини у сезиб турарди.

Аслида, юзбошининг ўзига қолса, бунчалик азобга ўзини гирифтор этмасди. Тўғри, азоб чекарди, лекин у бутунлай бошқача азоб, юрак азоби, муҳаббатнинг азоби бўларди. Бу ҳузурбахш азобга дўқ-пўписа аралашмасди. Ҳозиргиси эса бутунлай бошқача. Энди у қандай бўлмасин омон қолиши керак. Агар маликани топмаса, ўраб-чирмаб султоннинг ҳарамига топширмаса, шоҳ Давронқул ҳали кўз кўриб қулоқ эшитмаган жазони ўйлаб топади.

Юзбоши Маматғули чиндан ҳам шайхнинг ҳар бир қадамини кузатиб ўтирарди. Фақат бир нимага чалғиб, шайх Маҳмудни жўнатиб юборганини сезмай қолди. Кейин ўша ялангоёқни эсидан ҳам чиқариб қўйди. Шайхнинг юзида эса ҳеч қандай ўзгариш сезмади. Шу боис юрагини ёриб енгил тортиш мақсадида шайхнинг ҳужрасига кирди.

Аҳмад бобо (баъзан унга шундай деб мурожаат этишарди) мойчироқ ёруғида китоб мутолааси билан банд эди. У Маматғулини кўриши билан ўрнидан туриб, юзбошини тўрга таклиф қилди. Маматғули ўтирди. Узатилган бир пиёла чойни ичди. Сўнг секин гап бошлади.

— Тақсирим, кўпларнинг ҳожатини чиқарганингизни биламан. Дарди бор бандаки, ёнингизга келиб шифо топади.

— Дард бергувчи Худо, шубҳасиз, шифо ҳам фақатгина унинг Ўзидан. Мен табиблик қилолмайман. Илло, руҳий мадад бераман. Шунда ҳам қўлимдан келганча, баҳоли қудрат, — деди шайх майин овозда.

— Менинг дардим ўзгачароқ, тақсирим. Мана, кўкламу ёз ўтиб кетди, лекин бола-чақамнинг дийдорига зорман. Уларни кўришим учун камида олти кун йўл босишим керак. Аммо, минг афсуслар бўлсинким, подшои олам менга бунча муддатни ихтиёримга бермайдилар. Биргина илинжим, — деб Маматғули бошини кўтариб шайхга қараб қўйди, — шоҳнинг амрини адо этиб, кейин ундан рухсат олиш эди. Аммо шу ҳам насиб этмай турибди. Акси бўлиб, бошимдан жудо этмасалар. Менга бир дуо беринг, тақсир, қочқиндаги маликани топай.

— Эшитишимча, малика Нурсултон подшо завжаларининг кенжаси эмиш… Демак, у ҳали янги шоҳнинг никоҳидамас, шундоқми?.. Фарзанд кўрганмикан?

— Фарзанд?! — юзбошининг пешонаси тиришиб ўйга толди. Орага оғир сукунат чўкди. Юзбошининг хаёли ўғил-қизларига кетганди. Катта қизини ўн тўрт ёшида ўзининг мингбошисига бешинчи хотин қилиб берди. Кейингиси ўн иккини тўлдираётир, хотинининг гапича, қипчоқ Даминбек одам қўйганмиш. Орада уруш бошланиб, шу кенжа қизи узатилмай қолди…

— Эҳтимол, бордир, — деди Маматғули ўзига келиб, — бундан бехабар эканман. Лекин шу атрофдалигини биламан. Афсус, тополмаяпман, ажал шамшири нақ бошим устида…

— Ажал кимга қачон етиб келиши сир. Модомики, келгудек бўлса, ҳеч бир рухсатсиз жонни суғуриб олади-кетади.

— Болаларимнинг етим қолишини истаяпсизми? — шайхга тикилди юзбоши.

— Мен асло бировга ўлим тилаган эмасман. Бу гуноҳлар ичида энг азим гуноҳ. Ҳар ким манглайида битилганини кўради. Сиз қидириб юрган маликага ҳам ачинаётганим йўқ. Эҳтимол, унинг-да аҳволи ҳавас қилгулик эмасдир.

— Сиз унинг қаердалигини биласизми? — шайхга синчковлик билан қаради юзбоши.

— Қочқиндаги одамда ҳаловат бўлмайди, демоқчиман, — муддаосини аниқ айтиб, шайх ҳушёр тортди. — Мудом таҳликада яшайди. Шуни назарда тутиб айтаяпман-да.

“Эй, Оллоҳ, — хаёлидан ўтказди Аҳмад бобо, — сўзлаганларимда ёлғони бўлса, Ўзинг мағфират айла!”

— Эгам бандасига умрни яшаш учун беради, — гапида давом этди шайх. — Бекордан-бекорга шамолга совуриш учун эмас. Сиз болаларингиз етим қолишидан қўрқаяпсиз, аммо сўнгги уруш чоғида қанчадан-қанча гўдаклар етим қолди.

— Агар маликани топсам, бошқа қирғин бўлмайди.

— Башоратдан тийилган маъқул.

Маматғули шайхдан бир натижа чиқмаслигини англади. Шу боис хайр-маъзур қилиб, ҳужрани тарк этди. У Аҳмад бобо қаршисида каловланиб, ўзи истаган гапларни гапиролмаганди. Ташқарига чиққач, ўзига келди ва: “Яхшиси, хизматкорни сиқувга оламан. Ҳеч бўлмаганда, имо-ишора билан бўлсаям ким келган-келмаганини айтиб берар”, деган хаёлга борди.

— Ҳамдам! — бақирди у чорпояга чиқиб ўтиргач.

Сарбозлардан бири югуриб келиб қўлини кўксига қўйди:

— Хизматингизга мунтазирман!

— Хизматкорни топ. Оёғини ерга теккизмай олиб кел ёнимга! — дея Маматғули қўлини мушт қилиб тугди.

Сарбоз орқаси билан бир-икки қадам юрди-да, кейин ўгирилганча югуриб кетди. У беш сарбоз ёрдамида ҳужраларни, сайисхона-ю чор-атрофни тинтиб чиқди. Бироқ хизматкор ҳеч қаерда йўқ эди.

— Ҳазратим, — деди Ҳамдам юзбоши ўтирган сўри пойига тиз чўкиб, қамчи ушлаган қўлини кўксига қўйиб, — ерга кириб кетдими, осмонга учиб кетдими, хизматкор ҳеч қаерда йўқ. Кирмаганимиз шайхнинг ҳужраси қолди.

— Бор, ағдар-тўнтар қил! Топилмаса, шайхнинг қўл-оёғини боғлаб ҳайдаб кел! — буюрди Маматғули ва шу ондаёқ ичидан зил кетди: авлиёларнинг қарғиши ёмон, деб эшитган эди. Мабодо, шайх қарғаса, хонумони куйиб кетади. “Бекор қилдимми?” ўйлади юзбоши. Бироқ кўз олдида шоҳ Давронқулнинг қаҳрли юзи намоён бўлиб, ўзини босди. Бошини ортга ташлаб, осмонга қаради. Боягина бирорта юлдуз кўринмаётган осмон энди чарақлаб кетибди. Худди Маматғулининг қилмишини ҳамма кўрсин, деб ёритиб тургандай. “Эй, Худо, ўзинг мадад бер!” — дея пичирлади унинг лаблари ва вужудида енгил титроқ сезди.

Маҳмудни ахтариб тополмаган сарбозлар шайхнинг қўлларини орқасига қайириб боғлаб Маматғулининг ҳузурига олиб келишди. Маматғули Аҳмад бобога тик қаролмади, қўрқди.

— Хизматкорингиз қани? — сўради ердан кўзини узмай.

— Ҳозир қаердалигини билмайман, — жавоб қилди шайх.

— Ёлғоннинг гуноҳи азим эканини биларсиз! Мен сизнинг авлиёлигингизга қараб ўтирмайман. Малика керак менга. Топинг маликани! — қалтираб кетди Маматғули.

— …

— Нечук жимсиз? Бошқаларга ақл ўргатганда булбулигўё эдингиз, — пичинг қилди юзбоши.

— Қўлимдан келмайдиган ишни бажаролмайман.

— Бажарасиз, мажбур қилсак! — деб Маматғули ёнида турган Ҳамдамга юзланди: — Йигирма дарра уринглар!

Ҳамдам гўё боши узра чақмоқ чаққандек ортига тисарилиб кетди.

— Ҳазратим, — деди у бошини эгиб, — каллангни бер, денг, сўзсиз бераман. Лекин… тақсир, шайх… авлиё. Бошимизга бирор кулфат орттириб олмайлик.

Юзбоши жаҳл отига миниб, қиличини қинидан суғурди-да, Ҳамдамнинг кўкрагига санчди. Қон тизиллаб отилди.

— Алҳазар!!! — хитоб қилди шайх.

Ҳамдам гурсиллаб ерга қулади. Маматғули қонга беланган шамшир тиғини Аҳмад бобонинг томоғига тиради.

— Эндиги навбат сенга, қари тулки! Чопиб ташлайман! — ўкирди у.

— Агар мушкулингиз шу билан осон бўлса, майли, чопинг. Зеро, ўлим ҳақ ва мен ажални ёруғ юз билан қаршилайман, — деди шайх хотиржам оҳангда.

Шайхнинг гапи юрагига наштардек санчилган юзбоши ўрнидан сапчиб турди.

— Йигирма дарра уринг! — қичқирди у сарбозларига.

Юзбоши қамчи зарбасидан шайх додлайди, деб ўйлаган эди. Аммо фақат қамчининг ҳавони кесиб тушган зарбинигина эшитди. Шу маҳал бирдан атроф ёришиб кетди, чақмоқ чақиб, гумбурлаган шовқин эшитилди. Ўзларида куч топиб, шайхни калтаклаётган иккала сарбоз ҳам қамчиларини кўтарган кўйи қотиб қолишди. Ранги ўчган юзбоши чорпоядан сакраб тушди. Бироқ қаерга борарини, нима қиларини билмай, довдираб қолди. Саросималаниб қичқирди:

— Шайхни қўй… Қўйиб юбор!

Аҳмад бобо ўрнидан оғир қўзғалиб, оёққа турди. Яктагини қоқди-да, бир-бир босиб ҳужраси томон юрди. Унинг дилида шу тобда биргина илтижо бор эди: “Парвардигор, бу хом сут эмган бандаларингни кечир!”

Шайх ҳужрасига кириб, таҳорат олди. Уст-бошини алмаштириб, намоз ўқиди. Кейин ўтириб йиғлади. Ўзининг ноҳақ хўрланганига у аламзада эмас, балки даргоҳида қотиллик юз бергани боис йиғларди.

Асли шайхнинг болалиги ҳам шу маконда ўтган, отаси катта мулла эди. Аҳмад бобо эс-эс хотирлайди. Ўша пайтда уч-тўрт ёшда эди. Отаси бедаво дардга мубтало бўлиб, ёруғ оламни тарк этган. Эл бошига ўлат ёғилган экан. Бутун-бутун қишлоқлар ҳувиллаб қолган. Шунда Аҳмаднинг отаси Оллоҳга ёлвориб, ҳамма дардни менга бер, бандаларингга шафқат қил, дея илтижо қиларкан. Орадан ҳафта ўтмай ўша бедаво дарддан у қазо қилади. Шу билан одамлар бошига ёғилган ўлат ҳам кўтарилади.

Отанинг бисотидаги китоблар ўғлига мерос бўлиб қолди. У тинимсиз ўқиди. Бунинг самараси ўлароқ, катта олим мақомига эришди. Унинг даргоҳига етган одам зоти борки, феъл-атворини бу қутлуғ маскан ҳавосига тез мослаштиради. Ҳатто бир сафар икки душман томон лашкарлари бу жойга келишгач, бир-бирини чопиш тугул, ҳақоратли гап ҳам айтишолмаган. Энди эса шундай қутлуғ даргоҳда қон тўкилди…

Аҳмад бобонинг назарида отасидан қолган ернинг ҳар қаричини фаришталар макон айлаган. Энди не кор-ҳол рўй беради, фаришталар афсус-надомат чекиб, бу масканни тарк этадими?..

* * *

Сиртлон ўлжага ташланиш учун шайлангандай олд оёқларига тумшуғини тираб ириллади.

— Дуруст, шундай ётиб тургин, жонивор, ҳозир боплайман сени, — дея сарбоз итни мўлжалга олди.

— Сиртлон, қоч! — бақириб юборди Зебо.

Бекасининг товушидан сергакланган ит олдинга отилди. Сарбоз таранг тортилган ёйни бўшатди. Бўрибосар бир ҳаволади-ю, орқа оёғига теккан камон ўқидан гурсиллаб йиқилди. Малика даҳшатга тушди. Онасининг чинқириғидан уйғониб кетган гўдагининг ингалаганини ҳам эшитмади. Югурганча Сиртлоннинг ёнига бориб, итнинг оёғидан камон ўқини суғуриб олди. Ит вангиллади.

Сарбоз кўппакка кўмаклашаётган аёлнинг ҳусну жамолини кўриб, ҳушини йўқотаёзди. Шу боис на шамширини қўлига олди, на ёйига ўқ жойлади.

Жароҳатини икки-уч бор ялаб, Сиртлон қаддини ростлади ва от устидаги сарбозга ҳамла қилишга шайланди. Сарбоз саросималанди. Қўлини қиличига узатган ҳамоно ўнг болдири шунақанги ачишиб оғридики, чидолмаганидан ўкириб юборди. От ҳуркиб, аввал олд оёқларини кўтарди, кейин ён тарафга сакради. Ўзини йўқотиб қўйган сарбоз ерга йиқилди. Шунга қарамай ўзини ўнглаб, қиличини қидирди. Қилич эса итнинг ёнида ётар, олишнинг имкони йўқ. Итнинг важоҳати даҳшатли эди. Сарбоз атрофига бир қур назар ташлаб, бир қадам нарида ётган жийда шохини кўрди. Итдан кўзини узмаган ҳолда секин энгашиб таёқни қўлига олди.

Сиртлоннинг жароҳати тез ҳаракат қилишга имкон бермасди, оёғини кўтариб босаётганда зириллаб оғрирди. Шу боис сарбоз отдан қулаганида устига сакраб ғажиб ташлаёлмади. Бўрибосар писиб душманига яқинлаша бошлади. Сарбоз қўлидаги калтакни сермаганда ўзини четга тортиб чап берди, ўткир тишларини кўрсатиб ириллади.

Тўхтамишбой ит билан сарбознинг олишувини кўриб турар, “Қани энди, иккаласиям шу тобда жон таслим қилса. Кўнглимдагидай бўларди-да”, деб ўйларди у малика яширинган томонга қараб-қараб қўяр экан.

Сиртлон туйқусдан сарбознинг устига сапчиди. Сарбозга яраси панд берди, қочиб итга чап беролмади, фақат қўлидаги таёқни итга тўғрилашга улгурди. Бўрибосар унинг устидан босиб тушди. Таёқнинг бир учи итнинг қорнини яралади, Сиртлон ёнига ағанаб, вангиллаб юборди.

“Айни вақти!” — хаёлидан ўтказди Тўхтамишбой ит мағлуб бўлганини кўриб.

Сарбоз энди ўрнидан турганида, ёнида Тўхтамишбой пайдо бўлди.

— Бўғизлаб ташланг, — деди сарбоз Тўхтамишбойнинг қўлидаги ханжарни кўриб.

— Ҳа, бўғизлайман! — дея бой кутилмаганда сарбознинг кўксига ханжар санчди.

— Имм! — инграб юборди Сарбоз. — Нима қилдинг, ит эмган?!

— Лекин бу билан кесилган бурним, қулоғим аввалгидай бўлиб қолмайди. Ҳали ҳаммангнинг қонингни ичаман! — ўкирди Тўхтамишбой.

Сарбоз тиззалаб қолди, кейин орқасига йиқилди. Бир лаҳза ўтар-ўтмас жони узилди. Шунгача бой унга бақрайиб қараб тураверди. Сарбознинг бутунлай тинчиб қолганига ишонч ҳосил қилгач, бўрибосарни ҳам даф қилмоқчи бўлиб итга яқинлашаркан, малика томонга қаради.

Итни ўлдирадиган бўлса, башарасини латта билан ўраб олган бу кимса ўзига тажовуз қилишини билган Зебо қочишга тушди. Очликдан, иссиқдан тинка-мадори қуриган жувон узоққа кетолмаслигини билса-да, боласини қўлига олиб, ўзини чангалзор ичига урди. Унинг қочаётганини кўрган Тўхтамишбой итни унутиб, бир кўришдаёқ юрагини ўйнатиб юборган офатижонни қувишга тушди.

Уларнинг ортидан қараб қолган Сиртлон увиллаб юборди.

Бу пайт шом қоронғиси тушган, чангалзор оралаб юриш қийин эди. Малика уч-тўрт марта қоқилиб йиқилди. Ҳар сафар йиқилаётганида боласини азот кўтариб қолар, тиззалари зирқираб кетарди.

Тўхтамишбой тобора маликага яқинлашарди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)