Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

0

* * *

Маҳмуд ўпкаси бўғзига тиқилиб, ҳарсиллаб манзилга етиб келди. Шу заҳоти ёввойи жийданинг тагига кўзи тушди. Паранжи қандай ёзилган бўлса, шу тахлит турибди. На бола ва на унинг онаси кўринади. Эркак йиғлаб юборди. Атрофига олазарак боқди. Шунда қулоғига итнинг ғингшиётган товуши чалинди. Жийдадан икки қадам нарида Сиртлон ётарди. Югуриб унинг устига борди.

— Қани?! Қани Зебо?! Нега қўриқламадинг, ҳароми?! — бақириб юборди Маҳмуд.

Бўрибосар ғингшиди, холос. Маҳмуд эгилиб титроқ қўллари билан садоқатли ҳамроҳининг бошини силади.

— Кетиб қолдими? Сабри етмадими? — деди йиғламсираб Маҳмуд.

Кошки, Сиртлонда забон бўлса-ю, барисини бирма-бир айтиб, аламидан фориғ бўлса! Кейин Маҳмуд уни ўлдирса ҳам розийди.

— Энди нима қиламиз, Сиртлон? Мен усиз яшолмайман-ку. Усиз ўламан-ку мен. Нега кетишига йўл қўйдинг? Нега қайтармадинг, биродар?! Нега?! — пешонасига муштлади Маҳмуд.

У ўрнидан туриб, икки қўлини осмонга чўзганча худога нола қилаётганида гумбурлаган овоз эшитилди. Бир зумда чангалзор ёришиб кетди. Маҳмуд тиззалари қалтираб ўтириб қолди ва шу аснода анча нарида чўзилиб ётган гавдага кўзи тушди. Ҳушёр тортиб ўрнидан турди, туртиниб-суринганча юзтубан ётган жасаднинг тепасига борди-да, уни ағдариб юзига қаради. Қўли қонга теккач, кўнглида нохушлик сезгандай бўлди. Тезда итнинг ёнига қайтиб, гўё Сиртлон уни тушунадигандай:

— Ким келди, нима бўлди?! Зебони олиб кетдими?! — дея сўроқлади. Унга жавобан Сиртлон тағин ғингшиди, холос.

— Тур ўрнингдан, тур, жонивор, йўл кўрсат! Қайси томонга олиб кетишди? — у ерда ётган паранжини олиб, итнинг бурнига тутди. — Ҳидлаб, ҳидини олиб йўл бошла.

Бўрибосар қимирламади.

— Турсанг-чи, нима бўлди сенга?! — бақириб юборди Маҳмуд ва итининг олд оёқларидан ушлаб кўтараётганида Сиртлон вангиллаб юборди. Маҳмуднинг юраги шув этди.

— Яралашдими? — деди у қўрқа-писа ва бўрибосарининг баданини пайпаслаб ушлаб кўрди. Ярасини топиб, кўйлагини йиртиб боғлади.

— Энди Зебони қидирмасак бўлмайди. Сенсиз бу тиканзорда унинг изиниям тополмайман. Хоҳласанг, кўтариб оламан, фақат йўл кўрсат, — дея Маҳмуд итига ялиниб, тумшуғига юзини ишқади. Бир бурда нон ушатиб итнинг оғзига тиқди. Лекин Сиртлон оғзини очмади, гўё маликани асраб қололмагани учун нон ейишга нолойиқман, деяётгандай юзини четга бурди. Маҳмуд эзилди.

Ниҳоят, ит ўрнидан турди. Эгасига бир қараб қўйди-да, уч оёқлаб йўлга тушди.

* * *

Зебонинг буткул дармони қуриб, қўл-оёқлари қалтирай бошлади. Боласини кўтариш тугул, ўз гавдасини тик тутиб юришга ҳам мажоли қолмаганди. У тиззалаб ўтириб қолди, ўғлини бағрига маҳкам босганча юм-юм йиғлади.

Ҳаял ўтмай, Тўхтамишбой унинг ортидан етиб келди. Кўзлари ёниб, бир зум аёлга термилди. Қирқ кокил қилиб ўрилган сочлар маликанинг белигача тушиб турар, гарчи у бошини эгиб, хиёл энкайиб ўтирган эса-да, сарвдек қадди-қомати ой нурида равшан кўриниб турарди.

Бутун бошли қудратли давлат шоҳининг дасти етмаган гўзаллик маъбудаси айни дамда ўз илкида эканидан бойнинг боши осмонда эди. У бир-бир босиб, кўзидан тинимсиз ёш оқаётган ожиза — маликанинг тепасига келди. Ҳозир уни қучоқлайди, агар малика типирчилаб қаршилик қилса, биқинига пичоғини тирайди. Йиғиси, дард-алами билан неча пуллик иши бор? Амаллаб уйига олиб борса бўлгани, кейин ишратга берилади. Қулоғию бурнидан айрилгани эвазига шундай ҳурлиқо туҳфа этилган эса не ажаб!

— Жонидан! — деди у бироз энгашиб.

— Менга тегманг. Худо шоҳид, қарғайман. Хонумонингиз куйиб кетади, — деди дир-дир титраётган Зебо.

— Хотиннинг қарғиши нимаям бўларди? Сенгачаям қанчадан-қанчаси қарғаган, лекин жин ҳам урмади-ку… Югурганники эмас, буюрганники, деб шунга айтадилар, маликам. Қаёқдаги ялангоёққа ўзингни топширдинг. Лекин у сени очдан ўлдиради. Мен ер-сув эгасиман, катта бойман. Даргоҳимда тағин маликалик даврингга қайтасан. Мана, гўдагинг ҳам бор экан. У шаҳзодалардай яшайди, — деди Тўхтамишбой маликага тобора эгилиб.

Яраси азоб бермаганида, маликанинг қулоғига шивирлаб айтарди бу гапларини. Ҳечқиси йўқ, яраси тузалиб кетади. Ўшанда истаганича лаззат олади.

Маликанинг жигаргўшаси чинқириб йиғлаб юборди. Тўхтамишбой қаддини ростлашга улгурмай:

— Йўқол! — дея бақирди Зебо ва кутилмаганда тирсаги билан бойнинг башарасига уриб юборди.

— Вой! — ўкириб юборди Тўхтамишбой ва ўзини орқага ташлаб думалай бошлади.

Зебо қўрқиб кетди. Боласини кўтарганча, войвойлаб думалаётган хўппа семиз одамга ҳайрон бўлиб тикилди.

— Единг-ку, манжалақи, сўяман сени!!! — дея бой сўкинар, оғриқнинг зўридан додларди.

Зебо унинг башараси латта-путта билан ўралганини ўзича тушунгандай бўлди. “Нияти бузуқ кимса жабр тортса, зиён қилмайди”, хаёлидан ўтказди у. Қолаверса, бақалоқ қанча азобланиб думалаб ётса, унинг узоқроққа қочиб кетиши шунча осон. Шуни ўйлаб, малика юзини кафтлари билан бекитганча дод солаётган бойнинг башарасига, қулоғига аёвсиз тепди. Тўхтамишбойнинг жони чиқиб кетаёзди, у бор овозда томоғи йиртилиб кетгудек фарёд чекди. Малика гўдагини кўтариб, бой думалаб ётган жойдан узоқлашди.

Зебо сершох жийданинг орқасига ўтиб, чинқириб йиғлаётган гўдагига кўкрак тутди. Бола чапиллаб эмишга тушди. Ўтирган жойидаёқ мадорсизланиб кўзи юмилди, ичидан ингроққа ўхшаш товуш чиқди. Шу пайт узоқдан бўрининг увиллагани эшитилди. Аммо Зебонинг қулоғи том битган, фарзандининг эмаётганини ҳам сезмас, тошдай қотиб уйқуга кетганди.

Ой жийдани бўйлаб кўтарилгунча Тўхтамишбой типирчилаб ётди. Оғриқ бироз сусайганда ўрнидан туриб белбоғининг орасидаги кўкнор ширасини олди-да, бир чимдимини оғзига солиб шимиди. Ичида маликани тинимсиз сўкди. “Шошма, узоққа кетолмайсан, топаман сени. Ўзи юришга мадоринг йўқ, узоққа боролмайсан. Топаман-у, бир йўла ҳамманинг жонини халос қиламан — сўйиб ташлайман. Ташналигимни қонинг билан қондираман”, ўйларди у.

Қулоқ-бурнининг зириллаб оғригани қолди. Секин ўрнидан турмоқчи бўлганида, ортда шитирлаган товуш эшитилди. Қўрқди. Бўри деб ўйлади. Бу маҳалда бўридан бошқа қайси жонивор чангалзорда санқиши мумкин? Аланглаб пичоғини қидирди. Гарчи тўлин ой ёғдуси ҳамма ёқни сутдек ёритиб турган эса-да, пичоғи топилмади. Шитирлаган товуш жуда яқиндан эшитилди. “Йў-ў-ўқ, — дея йиғлаб юборди бой, — шунча кўрган азобим каммиди? Наҳотки!.. Шунча мол-давлатим кимга қолади?! Ўлдим!”

Шундоқ оёғи остида ётган пичоқни кўрмаган Тўхтамишбой қаддини ростлаб, товуш келган томонга қаради. Аъзойи бадани изғиринда қолиб кетган одамникидай дағ-дағ титрарди.

Бир муддатдан кейин товуш чиқараётган жониворнинг боши кўринди. У ҳақиқатан ҳам бўрига ўхшарди.

— Кет! — бақириб юборди Тўхтамишбой.

Жонивор унга қараб ириллади. Бой бирдан бўшашди. Бўри ҳеч вақт ирилламайди. Ахир бу ит-ку!

— Тур кет! — бақириб юборди у.

Ит тўхтади, гўё ортида биров бордай ўгирилиб қўйди. Орадан лаҳза ўтмай, аллакимнинг қораси кўринди. У ярим белигача яланғоч эди. Бойнинг хаёлига Маҳмуд келди. Ундан бошқа ким ҳам бўларди? Ахир ўша эмасми маликани олиб қочган? Шундай қалтис вазиятда ҳам бой: “Бу падар лаънати ялангоёқ маликанинг кўнглини қандай топдийкан?” — дея ўйлашга улгурди.

— Маҳмуд! — деди у бақириб. — Ўзингмисан, биродар?!

Унинг овози кутилмаганда титраб чиқди. Бой руҳланди. Руҳлангани шумликка йўғрилиб, тиззалаб ўтирди. Кўкрагига кетма-кет муштлади.

— Хайрият, Худо деган одам эканман! Бўриларга ем бўп кетаман, деб қўрққандим! — деди у йиғламсираб.

— Зебо қани?! — деди икки ҳатлашда унинг ёнида пайдо бўлган Маҳмуд.

— Қайси Зебо? — сўради бирдан йиғидан тўхтаган Тўхтамишбой.

— Малика! — қўли мушт бўлиб тугилди Маҳмуднинг.

— Ҳа, маликанинг исми Зебомиди?! Ҳозиргина шу ердайди. Қулоқ-бурнимни кесиб ташлашди. Ит азобига солишди. Камига бошимни жийданинг шохига уриб олдим. Ҳамма ёғим қон!

Тўхтамишбой қаншарини силаб Маҳмудга кўрсатди.

— Каллангизни олиб ташлаганда ҳам ҳақлари кетарди уларнинг.

— Нималар деяпсан? Оч қолганингда қорнингни тўқладим, иссиқ-совуғингдан хабар олдим. Тузимни еб, айтган гапинг шуми?! Худонинг кўрсатгани шу экан, ночор аҳволда қолдим. Бало-қазони қишлоғимиз бошидан даф этармикинман деб, қулоқ-бурнимдан айрилдим!..

У ҳўнграб йиғлаб юборди. Ўтирган жойида ерни муштлади. Сиртлон кўзлари ёниб бойга қараб турди. Сўнг ит уч оёқлаб сакраб унинг ёнидан ўтди ва таниш ҳид келаётган тарафга юрди. У ҳали Зебонинг ёнига етиб бормасидан чақалоқнинг йиғиси эшитилди. Маҳмудни ҳаяжон босди. Итнинг ортидан югурди. Бу пайт ҳушидан кетаёзган Зебо бағрида гўдаги билан чўзилиб ётарди.

— Зебо! Зебо! — деди қичқириб Маҳмуд ва тиз чўкиб маликанинг юзини силади.

— Бегим! — деб пичирлади Зебо.

— Мен келдим, — овози қалтираб чиқди унинг. У кечикканидан, маликанинг қаровсиз қолганидан хижолатда эди.

— Сув беринг, — деди Зебо ялингандек оҳангда.

— Ҳозир, ҳозир… Мана, мана сув… Ҳамма нарса бор, опкелдим.

У Зебони елкасидан тутиб турғазди, қўлидан болани олди. Сув ичиб, малика дармон киргандай кўзларини очди. Маҳмуд белбоғини ёйиб нон ушатди, бир бўлак гўшт билан нонни тотинди-да, илтижоли қараб:

— Уйқум келаяпти, — деди.

— Яна бир туюр егин. Болаям оч. Озгина есанг, унга сут бўлади, — дея уни аврашга тушди Маҳмуд.

Кўзи юмилиб кетаётган эса-да, Зебо тағин икки тишлам нон билан бир бўлак гўшт еди. Кейин оҳиста энгашиб Маҳмуднинг тиззасига бошини қўйди-ю, ухлаб қолди.

Ҳамма ёқни ҳашаротларнинг чириллаши тутиб кетган, осмонда сутдек оппоқ ой нурларини сочар, юлдузлар чарақлаб турарди. Маҳмуднинг тиззасига бош қўйган санам беозоргина ухларди. Кўкдаги ой бу гўзални шу ерда учратаман, деб сира ўйламаганди. Ўтган гал унинг юзига термилиб тўймаган, айни чоғда, ёлғиз ўзим кўриб турибман, деган хаёлда ҳеч кимдан қизғанмаганди. Энди эса, Маҳмуддан ойжамолни рашк қилди. Қанийди, шуъласининг тафти баланд бўлса-ю, маликага эга чиққан бу эркакни куйдириб юборса!

Зебонинг сув ичаётганини кўриб Тўхтамишбойнинг томоғи қуруқшаб кетди. Унинг тупугини ютмоққа ҳоли йўқ эди. Нон-гўштни кўриб сўлаги оқди. Бир қултум сув билан бир бурда нон сўрасамми, деб ўйлади. Аммо сўраёлмади. Йўқ, орият қилганидан эмас. Ор деган туйғу, умри бино бўлибдики, бойнинг кўнглига бегона. У қўрқди, овоз чиқарса, бўрибосарнинг ташланиб қолишидан қўрқди. Шу боис ўтирган жойида дамини чиқармади. Бироқ шу аҳволида ҳам режа тузди. Малика билан Маҳмудни тузоққа туширишнинг минг битта йўлини хаёлан чамалади. “Пичоғимни топиб олишим керак”, дея ерни тимирскилади. Пичоқ шундоққина тиззасининг тагида ётган экан, олиб секин қўйнига тиқди. “Умрим бино бўлиб, бировни пичоқламаганман. Бугун биттасини даф қилдим. Яна бу ялангоёқниям асфаласофилинга жўнатсам, қанийди”, дея хаёлидан ўтказди бой ва бутун диққат-эътиборини итга қаратди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

 

 

 

loading...