Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

0

Бўрибосар эгасини малика ёнида кўргач, бошини эгди. Бой пайт пойлаб Маҳмуднинг ортидан сездирмай бориб, пичоқ санчишни мўлжаллади. У орқаси билан ер бағирлаб судралиб, икки кўзини итдан узмай, ниҳоят, кўзлаган жойига етди. Қўйнидан пичоғини олиб, хиёл эгилиб, ёрига термилиб ўтирган Маҳмуднинг бўйнига пичоқни тиради.

Гарданига муздай тиғ тегиши билан Маҳмуд чўчиб тушди.

— Жонинг менинг қўлимда, — ваҳимали шивирлади бой, — қимирласанг, тортвораман.

— Инсоф қилинг. Мен сизга тегинмадим-ку, — деди Маҳмуд ҳам паст овозда.

— Тегмадинг-у, лекин баттар қилдинг. Кимлигинг эсингдан чиқдими? Мени кўришинг билан таъзим бажо келтирмайсанми, ит эмган?! Илгари хотининг ўлганида, оёғимга бош урганингни унутдингми?

— У замонлар ўтиб кетди, бой. Малика ухлаяпти. Қаттиқ чарчаган. Тонг отсин, ҳаммасини гаплашиб оламиз.

— Ўзинг кимсан-у, сен билан ниманиям гаплашардим? Гапимни икки қулоғинг билан ҳам эшитиб ол. Ҳозир тиззангга бош қўйиб ётган ойимчани кўтарасан, мен айтган жойга оборасан.

— Худодан қўрқинг, бой.

— Маликани йўлдан ураётганингда сен Худодан қўрққанмидинг?

— Никоҳ ўқитганман. Зебо шаръий хотиним.

— Эй, муборак бўлсин!

— Ишонмасангиз ўзидан сўранг, бой.

— Ўзидан дейсанми? — Тўхтамишбой бир муддат ўйланиб турди, ич-ичидан режаси иш бераётганидан қувонди ва пичоқни Маҳмуднинг бўғзидан туширди. — Никоҳладингми ўзингга?

Маҳмуд бошини қимирлатиб тасдиқ ишорасини қилди.

— Хайрият, — деб қишлоқдошининг елкасига қоқди Тўхтамишбой, — мен сени ҳаром-ҳариш иш қилиб, бутун уруғ-аймоғимиз бошига кулфат ёғдираяпсан, деб ўйлагандим. Кечир мени, ука. Малика жуфти ҳалолинг бўлибди, қандингни ур. Лекин сендан хафаман. Шу ниятинг бор экан, буғдой олгани борганингда секин шипшитиб қўймайсанми? Ҳамма ишни ўзим ими-жимида битириб бермасмидим?

— Айтишга қўймадингиз-да, бой ота, — деди худди айб иш қилиб қўйгандай ҳаяжонланиб Маҳмуд, — бошим қотиб қолувди. Нима қиларимни билмадим.

— Бемаслаҳат ишнинг оқибати шундай бўлади. Сенинг мана шу хатонг учун менинг қулоқ-бурним кесилди. Лекин қишлоғимиз омон қолди. Шунисигаям шукур. Энди шоҳнинг сарбозлари бошқа ёқларни қидиради. Тополмаганидан кейин бўрига ем бўлган, деган қарорга келиб, подшогаям шундай хабар етказишади… Хотининг сарбозни ўлдирганим учун раҳматни кейинроқ айтар, талотўп тинчиганидан кейин. Ўзим қурбонлик қилиб юбормасам бўлмайдиганга ўхшайди. Охирги пайтларда қишлоғимиз бошига ҳали у ёқдан, ҳали бу ёқдан офат ёғилаяпти. Ўйлаб кўрсам, охирги марта жонлиқ сўйганимизгаям анча бўп кетибди… Сув борми сенда?

— Ҳа, бор. Мана, — Маҳмуд ёнида турган кўзани Тўхтамишга узатди.

Бой ютоқиб ичиб, чанқоғини қондирди. Идиш бўшаб қолди. Идишни яримлатгандаёқ чанқоғи қонган бўлса-да, бой кўзани бўшатишга жаҳд этди.

— Бу ердан икки чақирим нарида ерим бор. Чайла ҳам қурганман. Ҳозир айни пишиқчилик пайти. Ҳамма нарса мўл-кўл. Сизларни ўша жойга обориб қўяман. Сарбозлар юз йил ахтаргандаям тополмайди. Қишлоқда босди-босди бўлиши билан хабарини етказаман… Эшитдингми-йўқми, Давронқул шоҳга фитна уюштиришибди. Ўғли заҳарламоқчи бўлган, чоғи. Овқатига солибди. Лекин шоҳдан аввал таомдан еган ошпаз ўлибди. Сарой аъёнлари фитнада ўртанча шаҳзоданинг қўли бор, деяётган эмиш. Бир марта фитна уюштирилдими, албатта, яна қайтарилади. У ўлса, сенинг душманинг қолмайди… Ейишга бирон ниманг борми? Кечадан бери туз тотганим йўқ. Энди, иним, сенга айтсам, бой бўлиш ҳам осон эмаскан, — деб Тўхтамишбой Маҳмуд узатган нон бўлагини худди биров тортиб оладигандай шоша-пиша оғзига тиқди, сўнг қулоғининг устига оҳиста кафтини қўйди. — Яна зирқираяпти, — деди афтини буриштириб, — табибга бормасам, аҳволим чатоқ.

Бой белбоғидаги сўнгги чимдим кўкнори ширасини иккига бўлди. Бир бўлагини оғзига солиб шимиркан:

— Мен ҳам озгина дамимни олай, — деди ва ўрнидан туриб, сал нарироққа бориб, бир бутага бошини қўйиб чўзилди-да, кўзини юмди.

Ҳаял ўтмай бой хуррак ота бошлади. Безовталанган Сиртлон бошини кўтариб, ғингшиб қўйди. Бу пайтда Маҳмуднинг ҳам кўзини уйқу элитаётганди.

Тонг қоронғисида Зебо уйғонди. Ўғлининг қорни очди, чамаси, йиғлади. Зебо бошини кўтариб, атрофга аланглади, кўзига чангалзордан бошқа нарса кўринмай, ҳайрон бўлди. Бироқ тезда кечаги воқеалар хаёлига келди ва қўрқиб кетди. Маҳмуд ухлар, яланғоч бадани тирналган, терисидан сизиб чиққан қон қотиб қолганди. “Бечора, — хаёлидан ўтди Зебонинг, — шу аҳволда уйқуга кетибди-я”. Кўзи ёшга тўлиб, секин эрининг қўлини кўтарди-да, безовталанаётган ўғлини қўлига олди. Маҳмуд уйғониб кетди. Уйғонишга уйғонди-ю, бошини тезда кўтаролмади. Бўйни қотиб қолган экан, бунинг устига, бели ҳам оғрирди.

— Озгина мизғинг, — деди унга меҳрибонлик билан Зебо, — мен боламни эмизиб оламан.

Маҳмуд бошини ирғаб тасдиқ ишорасини қилди-да, қуриб қолган ўт-ўлан устига чўзилди. Зебо жигаргўшасига кўкрагини тутиб, бир қўли билан оёғи устига ёпиб қўйилган паранжини олди-да, эрининг устига ёпди.

Муҳаммад мирзо қорни тўйиб, мунчоқдай кўзчаларини юмиб ухлай бошлади. Унга бир муддат меҳр билан термилган Зебо оҳиста ўрнидан тураётиб, эрининг ёнидаги рўмолга кўзи тушди. Қизиқсиниб, уни очди. Яхна гўшт билан нонни кўриб, сўлиш олди. Бир бўлак гўштни оғзига солиб, чайнай бошлади. Кейин уялиб кетди: уни шу ҳолда кўрса, Маҳмуд нима деб ўйлайди? Зебо нафсини тийиб, қўлидаги нонни белбоғ устига қўйди. Уйғонса, бирга баҳам кўрамиз, деган хаёлга борди. Сочини тузатиб, ўрнидан турди ва тўла қопдай қорни кўтарилиб тушиб ухлаётган Тўхтамишбойга кўзи тушди. Туни билан хуррак отиб чарчаган, шекилли, бой пишиллаб ётарди. Шу зайл ётиши Зебонинг кўзига жуда хунук кўринди, у жирканиб юзини бурди.

Қизиқ, Маҳмуд Зебони топиб келишга келибди-ю, лекин нега хотинининг орқасидан шу жойгача таъқиб қилган бу бадбахтга индамабди? Қоронғида кўрмадимикин? Кўрмаган бўлса, Сиртлон бор-ку, ит нега бу аблаҳни ғажиб ташламади?

Минг хил ўй-хаёлга борган Зебо гарчи эрининг ором олишини истаётган эса-да, кўнглига хавотир тушиб, уни уйғотишга мажбур бўлди.

— Туринг, бегим, туринг, — деди у эрининг қулоғига шивирлаб.

Маҳмуд кўзини очди. Тепасида гўзаллик маъбудасини кўрди. Секин уни қучмоқчи бўлганида, Зебо ўзини четга тортди.

— Бу ердан эртароқ кетайлик, — киприклари пирпиради жувоннинг.

— Қўрқма, энди бизни бошқа ҳеч ким таъқиб қилмайди. Сарбозлардан узоқлаб кетдик. Биз ҳозир бир жойга борамиз, ўша жойда озроқ яшаб турамиз, кейин яна менинг кулбамга қайтамиз, — деди Маҳмуд.

Зебо нону гўшт берганига бу ухлаб ётган эркак эрига шундай деган бўлса керак, дея ўйлади.

— Анави ухлаётган меш мени шу ергача қувиб келди. У уйғонмасидан бурун кетайлик бу ердан, — дея жавдираганча боқди эрига у.

Маҳмуд ўрнидан турди. Тўхтамишбой ётган тарафга қараб, ижирғаниб қўйди.

— Ҳамқишлоғим бўлади, — дея изоҳ берди у, — сарбозлар бечоранинг қулоқ-бурнини кесиб ташлашибди. Қишлоқнинг бойи шу. Бойлигиданми, ҳамма кулфат унинг бошига тушибди. Ўзи шундай деди. Кейин битта сарбозни ўлдирган эмиш.

Зебонинг кўз ўнгида кечаги воқеа гавдаланди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам, Сиртлон йиқилганидан кейин у сарбознинг кўксига ханжар санчди. Лекин кейин… Кейин тегинмоқчи бўлди-ку. Хон саройидагидек ҳаётни ваъда қилди.

— Лекин яхшилик чиқадиган одамга ўхшамайди, — деди Зебо тўнкадай узала тушиб ётган гавдага ижирғаниб қараб.

— Уям сарбозларга қўшилиб бизни қидирган. Гап-сўзидан пайқадим. Сени никоҳимга олганимни билмаган. Шунинг учун ҳамма тинчисин, деган мақсадда қидирган бизни.

Зебонинг кўнгли, барибир, алағда эди, ички бир туйғу уни кетишга ундарди. Аммо эри вазиятни бошқача тушуниб турганда, нима ҳам қилсин?

— Кеча ҳеч нима емадинг. Аввал овқатлан, кейин гаплашамиз. Кеча нон, гўшт, сув…

— Кўрдим, — деди Зебо жилмайиб, — озгина тотиндим. Сизнинг уйғонишингизни кутаётгандим.

Улар нонушта қилаётиб, Тўхтамишбойни бутунлай унутишди. Шу боисдан иштаҳа билан овқатланишга тушиб кетишди. Рўмолчадаги емак оз кўринган эса-да, икковлашиб ярмини ҳам ейишолмади. Тағин ора-чора Сиртлонга ҳам насиба улашишди. Эр-хотин тамадди қилиб олишгач, сал ўтмай, Тўхтамишбой уйғонди. Ўрнидан туриб, бир-бирига қапишиб ўтирган жувон билан эркакни кўриб хўмрайди. Қулоғининг, бурнининг ўрнини секин ушлаб:

— Имм! — деди эр-хотиннинг эътиборини тортиш мақсадида.

Зебо бошига паранжини илди. Маҳмуд бой томонга қайрилиб қаради. Сўнг бойга бир парча нон билан бир бўлак гўшт олиб бориб берди.

— Тавба, кунинг шуларгаям қоларкан-да. Шунисигаям шукур, — деди бой Маҳмудга кўзини олайтириб қараб қўяркан. — Сийлашни ҳали мендан кўрасизлар.

— Бой ота, сизда бори бизда йўқ-да. Бор-йўғимизни илиндик, — деди хижолат тортган Маҳмуд.

Бой инқиллаб-синқиллаб оёққа турди. Тикка турганча кавшанди. Кейин:

— Қани, юрдик. Чошгоҳгача етиб олишимиз керак, — дея йўл бошлади.

“Бир умрга қулоқ-бурнимдан айрилдим, афт-ангорим махлуқникидан фарқ қилмас. Ҳатто шу исқиртларгаям юзимни очиб қаролмайман-а! Ялангоёқлар ижирғанади мендан. Ҳаммаси мана шу маликани деб бўлди. Агар у бу ерларга келиб қолмаганида, оромим бузилмасди. Қазом етгунча айшимни суриб яшардим. Танимдаги аъзомдан айриларканман-у, тинч ўтираманми? Ҳечам! Бир томоша кўрсатай ҳали, ҳамманг атрофимда гирдикапалак бўлиб қол. Сен шу гўзаллигинг билан ўзингни бир ялангоёққа топширибсан. Энди мендай махлуқнинг ҳам кўнглини оласан! Мен махлуқманми?! Эй Худо, махлуқман!.. Симиллаб оғриб кетаяпти. Ишқилиб, тузалиб кетсин-да”, дея хаёл сураётган бой йўл юраётганини ҳам унутган эди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

 

 

 

loading...