Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

0

Чошгоҳга қолмай, улар манзилга етиб боришди. Тўғриси, чангалзорнинг шундоқ биқинида серҳосил ер борлиги Маҳмуднинг тушига ҳам кирмаганди. Тўғри, ўзи ҳам ер очди, баҳоли қудрат деҳқончилик қилди. Лекин ери зах, ҳосили унмайди.

Кенг дала, ям-яшил қовун-тарвуз пайкалини кўриб Маҳмуднинг кўзи қувонди.

— Жайра деган жонивор тарвузга ўч бўларкан, — деди дала бошида тўхтаган Тўхтамишбой, — чайлани тиканзорга яқинроқ қилиб қурайлик, десам, хизматкорим унамаяпти. Бўридан қўрқади-да, баччағар, — у бир оёғини осилтирганча чайла томонга қулоғини динг қилиб турган Сиртлонга қаради, сўнг кўзини Маҳмуд томонга олиб қочиб: — Бўлмасам, сен билан гавдаси тенгма-тенг иккита ити бор, аммо ўзи зўр миришкор, шунинг учун мен ҳам индамадим… Тарвузнинг палагини босманглар, — деди у палаклар оралаб ўтган ариқчага тушиб юраркан.

Даланинг ўртасига етганида бой тўхтади ва бир қучоқ келадиган тарвузни узиб, Маҳмудга узатди.

— Сенлар мени қурумсоқ деб ўйлайсанлар. Ҳотамтойлигимни бир кўрсатиб қўяй, қишлоққа бориб, ҳаммага достон қиласан, — дея ҳиринглаб кулди.

Чайлагача ўн қадам қолганда деҳқоннинг қораси кўринди. Пайкал оралаб келаётганларга кўзи тушиб безовталанди. Тўхтамишбойни танимади, чоғи, аввалига анграйиб турди. Сўнг икки букилиб салом берди. Бойнинг башараси латта билан ўраб ташлангани боис танимаганлигини айтди.

— Тумшуғингнинг тагига келсаям кўрмайсан-а, ярамас! — деди Тўхтамишбой овозини бир парда кўтариб.

— Узр, хўжайин, кўрмай қопман, — деди хизматкор. Унинг овози титраб чиқди.

— Ҳўкиздай иккита ит бериб қўйибман, шу ерга келдик, биттасиям ғинг демади. Ўғри орқангни кесиб кетсаям билмас экансан-да, нодон! — бақирди Тўхтамишбой меҳмон бошлаб келаётганини ҳам унутиб.

— Бой ота, урғочи итимиз гуйга келган экан, эрталаб Қоплонни чангалзорга ияртиб кетиб қолди, — деди деҳқон икки букилиб.

— Ишқилиб, сениям қўшиб опкетмабди, шунисига шукур қил. Тез дастурхон ёз, ҳамқишлоғим кеп қопти, бир меҳмон қилайин. Аввал Маҳмуднинг қўлидаги тарвузни сўйиб кел, қорин очқаб кетди, — деди Тўхтамишбой.

Хизматкор чайлага бисотидаги биттагина кўрпачани тўшади. Унинг устига бой чўкди. Маҳмуд билан Зебо эса пойгакка — ерга ўтиришди.

Хизматкор дастурхон ёзиб, қаттиқ нон, сопол пиёла-чойнак қўйди. Кейин тарвузни сўйиб олиб келди. Тўхтамишбой ёнбошлаб ётаркан, зимдан Зебога кўзи кетар, унинг жамолини яна бир марта кўришга ошиқарди.

— Имм! — деб қулоғининг устига қўлини қўйди бой, сўнг оғзидаги луқмасини бир амаллаб ютиб, деди: — Яна бошланди. Қутулмайдиган балога йўлиқдим, шекилли. Сизлар ўтира туринглар, мен ҳозир…

У ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Хизматкорнинг ёнига бориб: “Овқатга масаллиғинг борми?” деб сўради. Хизматкор бошини эгди:

— Қотган нон, шолғом, туз, сувдан бўлак ҳеч вақо йўқ, бой ота.

— Ўтган сафар келганимда бир пиёла шира ташлаб кетувдим, турибдими? — сўради чўрисига еб қўйгудек тикилган бой паст овозда. — Шолғомни қайнатиб, ичига шунинг ҳаммасини сол.

— Бой ота, кўплик қилади-ку. Ҳаммангиз тош қотиб ухлаб қоласизлар.

— Айтганимни қил. Ҳозир менга бир чимдим бер, қулоқ-бурним азоб бераяпти.

— Бой ота, дардингизни олай, нима бўлди?

Тўхтамишбой хизматкорининг олдида биринчи марта кўнгли эриб, кўзига ёш олди.

— Сўрама, — деди у кўз ёши томоғига тиқилиб, — уруғимни, одамларни деб шу кўйга тушдим…

Бой кўз ёшини енгига артиб, ўчоқ ёнига чордана қуриб ўтирди.

Хизматкор бир чимдим кўкнори ширасини олиб келиб бойнинг қўлига тутқазди.

— Овқатга солаётганингни, — Тўхтамишбой кафтидагига ишора қилди, — анави иккови билмасин. Уқдингми?

Хизматкор мийиғида кулимсираб, бошини қимирлатиб “хўп” ишорасини қилди. Бой ўчоқ ёнида узоқ ўтирди. У кўкнори шираси қўшилган шўрвадан ичган эр-хотин тез ухлаб қолишини биларди. Шу лаҳзани у интиқ кутар, хаёлан малика билан висол онларига ўзини чоғларди.

Тўхтамишбой ўзини маликанинг қўйнида тасаввур қилиб мамнун илжайди. Кўкнори шираси қўшилган шўрвани ичиб малика қотиб ухлайди, типирчиламайди, демакки, ҳеч нимани сезмайди. У кўнглига сиққунча ишрат қилади. Кейин… Кейин ўт олиб кетмайдими дунё деганлари! Анави юзбоши санғийверсин лашкари билан, охири бир куни шоҳнинг ёнига бош эгиб боради. Шоҳ ҳаммасини қиличдан ўтказади. Бу ёқда Тўхтамишбой Маҳмудни асфаласофилинга жўнатади. Қарабсизки, малика уники бўлади-қолади.

Бой ширин энтикди. Шу маҳал яна қулоғи лўқиллаб оғрий бошлади. “Ҳозиргина шира едим. Таъсир қилмадими, нима бало?” — хаёлидан ўтказди у ва хизматкорини ёнига чақириб, яна бир чимдим олди-да, оғзига солди. Шундан сўнг боши айланиб, уйқуси кела бошлади.

Ўрнидан туриб чайлага кирди-да, озгина мизғимоқчилигини айтди. Шу заҳоти малика боласини овқатлантириш баҳонасида чайладан чиқиб кетди. Маҳмуд хизматкорга ёрдамлашадиган бўлди.

Кўп ўтмай чайладан Тўхтамишбойнинг хурраги эшитилди. Зебо бир четда чўккаллаб, ўғлига қип-қизил тарвузни кўрсатиб, ширинлигини таърифларди.

— Кўринишингиздан мендай бир бечорага ўхшайсиз, — деди Тўхтамишбойнинг хизматкори. — Менда-ку, йиртиқ бўлсаям, эгнимда кўйлагим бор. Сизда шу ҳам йўқ экан. Баданингиз тирналиб кетибди. Сизга бир гапни айтай, биродар. Бой ота шу пайтгача бир бандага қайишган одаммас. Эрта баҳордан кеч кузгача итдай меҳнатини қиламан. Лекин бирор марта бўлсин, мурувват кўрсатганини эслолмайман. Уйидаги қулларни-ку, қўяверасиз, уларнинг ҳам ҳуши жойидамас. Биродар, эртароқ бу ерни тарк этинг. Ҳушингизни оладиган овқат тайёр бўлаяпти. Сизга ичиришни тайинлади анави хумпар. Ичиб тошдай қотсангиз, ҳолингиз не кечади, худо билади.

Маҳмуднинг пешонаси тиришди. Юзи аламдан бўғриқиб, қаншарини қашлади.

— Ташаккур, бизни бир хатардан огоҳ этдингиз, биродар. Мен асли унга сираям ишонмаганман. Сеҳрладими ё мени жин урдими, билмадим, ишқилиб, ширин сўзига учиб, ортидан эргашиб келаверибман, — дея чуқур уф тортди у.

— Вақтингиз шом бўлмай, тезда йўлга тушинг, — қистади хизматкор.

Маҳмуд Зебо ўтирган тарафга юзланди. Аввал овоз бериб чақирмоқчи бўлди, бироқ дарҳол ниятидан қайтди. Чунки баттол бой уйғониб қолиши мумкин. У қадамини тезлатиб, маликанинг ёнига борди.

— Кетамиз!

Зебо ялт этиб унга ўгирилди. Чачвонини хиёл очиб, қиё боқди.

— Юрагимни безовталик кемираётганди… Лекин бирдан сизнинг бундай қарорга келганингиз мени ҳайрон қолдирди. Тинчликми? — деб сўради у.

— Йўл-йўлакай ҳаммасини айтиб бераман, — деб у ортига бурилди-да, хизматкорнинг ёнига борди:

— Исмингиз нима, биродар?

— Толиб. Бешкент қўрғониданман. Мабодо шу ёқларга йўлингиз тушса, Бердиёр исмли акамни сўранг. Унга саломимни етказинг, — деди хизматкор Маҳмудни қучоқлаб ва ўзларига яқинлашиб келган Зебога юзланди: — Келин, сиз ўгирилиб туринг.

Малика унинг нега бундай деганини тушунмади. Ғалати аҳволга тушди. Шундай эса-да, тиканзор томонга ўгирилди.

Толиб кўйлагини ечди. Унинг қовурғаларини қўл теккизмай санаса бўларди. Оқ оралаган соч-соқоли ва қоқ суяк гавдасини кўрган одам сесканиб кетарди. “Мен ундан беҳроқ эканман”, беихтиёр хаёлидан ўтди Маҳмуднинг.

— Ўзингизга ҳали кўп керак бўлади. Мен бир амалларман, — дея унинг қўлини қайтарди Маҳмуд.

— Йўлингиз оғир. Бунинг устига, тиканзор оралаб кетишингизга тўғри келади. Шундоғам ҳамма ёғингиз тирналиб кетибди. Олинг, биродар. Ҳа, шошмай туринг…

Толиб чайла тарафга югуриб кетди ва тезда қўлида тугунча билан қайтди.

— Манавини қорнингиз очганида аёлингиз билан баҳам кўрарсиз. Узр, бошқа берадиган нарсам йўқ.

Толибнинг кўзига ёш тўлди, у йиғлаб юборишдан ўзини зўрға тийиб турарди.

— Ўзингиз оч қоласиз-ку, нима ейсиз? — деди хижолат тортиб Маҳмуд.

— Ана, тарвуз-қовун пишиб ётибди. Бир иложи бўлар. Ҳализамон арава келиши керак. Хотиржам бўлинг, битта қорним бор, тўйғазиш қийинмас.

Маҳмуд Толибга: “Биз билан юринг, бирга бўлсак, ҳар қалай, арғамчига қил қувват, дегандай бир-биримизга далда бўламиз”, демоқчи бўлди-ю, аммо тилини тишлади. Барибир, эркак киши, фавқулодда Зебога кўзи тушиб қолса… Яхшиси, шу ерда хайрлашгани маъқул. Насиб этса, бир куни қарзини узади.

Чангалзорга ичкарилагач, эр-хотин тамадди қилишга ўтиришди. Ҳусну жамолда тенгсиз маликаси қандай овқатланаркан? Маҳмуд шайхнинг ёнидан гўшт, нон олиб келаётганида ҳам шуни ўйлаган, хурсандлигини кўрмоқчийди. Яна… Зебонинг нон бўлагини назокат билан қўлга олиши, ибо билан чайнаши, ора-сира ҳамроҳига майин жилмайиб қўйиши у билан биринчи маротаба таомланганидаёқ хотирасида муҳрланиб қолганди. Шу ҳолатни у қайта-қайта кўргиси келар ва гарчи Зебо унга ишончиниям, ўзиниям топшириб қўйган эса-да, барибир, унинг нозли ҳаракатларига боқиб тўймасди.

Улар борар манзил Аҳмад бобонинг уйига бир амаллаб етиб олишса, шайх кўмаксиз қолдирмаслигини Маҳмуд ич-ичидан сезарди. Шу боис қадамини жадал-жадал босарди.

Шайхнинг уйига етиб боришганида қуёш тик келган эди. Маҳмуд Зебони чинор остига ўтқазиб, ўзи Аҳмад бобонинг ҳужрасига мўралади. Шайх намоз ўқиётганини кўргач, ортига қайтиб, чорпоя устида турган тош косани қўлига олди. Аҳмад бобо, одатича, намозга киришдан аввал чорпояларнинг устига сув тўлдирилган косаларни қўйиб чиқарди. Токи намоз ўқиётганида ёки бошқа иш билан машғуллигида сувсаб келиб қолган йўловчи дарров чанқоғини қондирсин.

— Шукр, — деди Зебо сувдан қониб ичиб, — шундай паллада етказганига шукр.

— Худо хоҳласа, бундан бу ёғига кунимиз ёмон ўтмас, — дея жувоннинг ёнига ўтирди Маҳмуд. Кейин ўрнидан чаққон турди: шайх ҳужрасидан чиқиб, ёнма-ён ўтиришганини кўриб қолишидан уялди.

Лекин Аҳмад бобо ҳужрасидан чиқавермади. Маҳмуд бир неча бор умид билан унинг эшигига қаради. Охири чидолмай, бориб секин ҳужрага мўралади. Шайх чўккалаган кўйи мутолаа билан машғул эди. Ора-сира кўзини юмар, бир муддат ўтиб, яна сарғайган қоғозга термиларди.

Маҳмуд қисқа йўталди. Аҳмад бобо бошини кўтариб қаради. Маҳмуд салом бериб, келганлигини айтди.

— Хабарим бор, — деди шайх майин жилмайиб, — чорпояга чиқиб озгина дам олмабсан-да. Шундай жазирамада юришнинг ўзи бўладими? Майли, шўрва ҳам тайёр эди. Қайноғи ўчмасин деб тагидаги чўғини тортмагандим… Эсим қурсин, келин ҳам келганми?

— Шундай, тақсир, — жавоб қилди Маҳмуд.

— Унда келинни ҳужрамга бошлаб кел. Мен овқатни сузиб келаман, — деб Аҳмад бобо ўқиётган китобини ёпиб, ўрнидан турди.

— Сиз овора бўлманг, ўзим…

Аҳмад бобо кулди, сўнг Маҳмуднинг ёнига келиб, елкасига қоқди.

— Ўғлим, ҳали ҳаммасига улгурасан. Локигин ҳозир дам олишинг зарур. Тунни чангалзорда ўтказган бўлсанглар, совуқда хўп азоб чеккансизлар… Мен овқатни келтирай. Сен келинни бошлаб кел. Қолган гапларни кейинроқ бафуржа гаплашиб оламиз.

Бироқ бафуржа гурунг кейинга сурилди. Қўналғага уст-бошини чанг босган, лаблари чанқоқдан ёрилиб кетган, бошидаги салласи чувалган кимса эгар устида бир ёнга қийшайиб келди. Бу пайтда Маҳмуд Зебони ҳужрага бошлаб кирган, ўзи Аҳмад бобога кўмаклашиш учун ташқарига чиққанди.

— Тақсир! — деди хириллаган товушда отлиқ шайхни кўриб, тулпорнинг жиловидан тортаркан. — Тақсир, фалокат!

Отдан тушаётиб, оёғи узангидан чиқиб кетиб, гурсиллаб йиқилди. Шайх қўлидаги тош косани ерга қўйди-ю, унинг ёнига югурди.

— Тақсир… Тақсир!.. — ҳансираб нафас оларди йиқилган отлиқ.

— Сув… сув олиб келинг! — деди шайх овозини кўтариб, унинг гапларини охиригача эшитмай.

Маҳмуд қўлидаги косани ерга қўйиб, югурганча чорпоя устидаги сув тўла мешни қўлига олди.

Роса чанқаган, гапиришга-да мажоли қолмаган, лаблари, юзлари қонталаш, кўзидан оққан ёшнинг ўрни қуриган жилғанинг изидай билиниб турган, ҳаво етишмаётганидан кўкраги кўтарилиб тушаётган одамнинг бошидан озроқ сув қуйди. Кейин мешни унинг оғзига тутқазди. Ютоқиб ичаётиб томоғига сув тиқилиб қолган отлиқ ўқчиб йўталди, кейин бўйнини сув тўла меш томонга чўзди.

— Шошилмай ичинг, биродар, сув кўп, қонгунингизча етади, — деди шайх унинг бошини баландроқ кўтариб.

Отлиқнинг роҳатланиб, айни пайтда, ютоқиб сув ичаётганини кўрган киши у жаннат шаробини сипқараяпти, деб ўйлаши аниқ эди.

— Раҳмат, — деди ниҳоят у чуқур нафас олиб, — ўлиб қоламан-ов, деб ўйловдим.

— Худо хоҳласа, ризқ-насибангиз сероб бўлади, — далда берди унга шайх.

Отдан йиқилган одам ўрнидан туриб, пешонасини артди. Юзи қайғули тус олди. Оқарган қалин қошлари чимирилди. Кўзига ёш тўлди.

— Бошимизга фалокат ёғилди, тақсир! — деди у йиғлаб юбормаслик учун зўрға ўзини тутиб.

— Қанақа фалокат?! — сўради Аҳмад бобо унга тикилиб.

— Ўн йилдирки, карвонда юраман. Лекин ҳалигача бирор марта сизнинг даргоҳингиз атрофида қароқчилар ҳужумига йўлиқмагандим. Бугун йўлиқдим, тақсир! Иймонини сотганлар сизнинг-да ҳурматингизни қилмади!..

У ортиқ чидолмай, ўкириб йиғлаб юборди. Аҳмад бобо эса жонсиз тана мисол жойида қотди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

 

 

 

loading...