Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

0

* * *

Қуёш заминга заррин нурларини соча бошлаганида, юзбоши навкарларига отланишни буюрди. Шайх ҳужраси жойлашган тарафга ғазаб билан бир қараб қўйди-да, тулпорига қамчи босди.

Тонг отмасидан бурун уйғониб, ҳовлига чиқиб таҳорат оладиган одамнинг ҳануз кўриниш бермаганини юзбоши аразлаганга йўйди. Ваҳоланки, Аҳмад бобога таҳоратнинг ҳожати йўқ, у тунни азоблар исканжасида бедор ўтказганди. Елкаси моматалоқ бўлиб кетганига чидар, аммо озор чеккан дилининг ярасига малҳам тополмаётганди. Бу оғриқни қолдириш ўзига боғлиқ бўлганида қанийди! Маконида одам қони тўкилиши, биргина гўзал малика сабаб қанчадан-қанча бандаларнинг қирғинбарот қилиниши уни азоблаётганди. Кошки, юзбоши буни ҳис қилса! Унинг ўй-хаёли бошқа ёқда. У хоқонидан қўрқади. Бевақт ўлиб кетишдан ҳайиқади. Бандаи бегуноҳларнинг бесабаб жон таслим қилишларидан эса бир туки ҳам қилт этмайди. Жоҳил кимсадан, аслида, мурувват кутиш ақлданмас.

Шайх калтакланганига аразлади, деган фикрга борган Маматғули отининг бошини чўлга буриб, чангалзорга етгунларича навкарларга дам бермади, тулпорларига қамчи босишди. Чангалзорга етганларида Маматғули уловининг жиловидан тортиб, қамчи тутган қўлини кўтарди. Ортидан от чоптириб келаётган сарбозлар сўзсиз буйруққа итоаткорона отлари жиловини тортишди.

Маматғули гап бошлашдан аввал уларга бирма-бир қараб чиқди.

— Шоҳнинг амри бажо келтирилмади! — бақирди Маматғули кўзини сарбозлардан бирига қадаб. — Энди саройда ҳаммамизни ажал кутиб турибди. Агар кимки ажалига рози бўлса, ушлаб турмайман. Бемалол саройга бораверсин!..

Сарбозларнинг бирортаси юрак ютиб: “Мен кетаман саройга!” — деб айтолмади. Кимдир айтгудек бўлса, шу заҳоти калласи сапчадай узиб ташланишига улар шубҳа қилмасди.

— Отларгаям, ўзимизгаям емиш қолмади. Бу аҳволда кўп ўтмай ҳаммамиз очдан қирилиб кетамиз. Нажотнинг бирдан-бир йўли уруш қилиш! — деди ҳеч кимдан садо чиқмагач Маматғули.

Навкарлар кўз уриштириб олишди.

— Карвонни талаймиз! — деди Маматғули сарбозларнинг бесаранжом бўлаётганидан ғазаби тошиб муштини тугиб.

У Аҳмад бобонинг маконини тарк этаётиб: “Давронқулга бош эгиб борсам, қатл этиламан, қароқчилик қилиб юрсам, жоним омон қолади. Бўлди, бас, энди бировдан қўрқиб яшамайман”, дея хаёлидан ўтказди. Бу ажал билан ўйнашиш эканини у яхши биларди. Бир кун келиб қароқчилар пайдо бўлганидан подшо хабар топса, қиличини яланғочлайди… Лекин болта тушгунича кунда дам олади.

— Маъқул гап! — деб отини юзбошининг отига тақаб келди ўнбоши. — Жанг қилавериб толиққанмиз. Истасак-истамасак, пешонамизга ёзилгани шу экан. Карвонни таласак, агар қаршилик қилишмаса, бировга жабр етказмаймиз. Мол-мулкка эга бўламиз. Маишат қиламиз. Давронқул шоҳнинг ҳам муроди шу-ку: қароқчилик. Лекин ўзидан ўзгани ўйламайди баттол. Маматғули юзбоши, — деб у юзбошига юзланди, сўнг хиёл бошини эгиб, қамчисини кўксига қўйиб, таъзим бажо этди, — узр, бундан буён амиримизсиз! Биз навкарлар фақат ўзингизга итоат этиб, сизнинг амрингиз билан иш тутамиз!

— Шундоқ! Шундоқ! — ҳайқиришди навкарлар Жондор Али ўнбошини қувватлаб.

— Отлардан тушинглар! — буюрди Маматғули.

Жондор Али унинг амрини такрорлади ва сарбозлар отларидан ерга сакради.

Рапидадай қип-қизил юзли, кўзлари қисиқ, сариқ соқолли, тўладан келган ўнбоши Жондор Али мудом юзбошининг ўнгида юрса-да, ҳали Маматғулидан илиқ сўз эшитмаганди. Шу боис чўчиброқ турарди. Ҳозир юзбошининг қўлтиғига киришнинг айни фурсати. Бу ёғи ёши ҳам қирқни қоралади. Кўнгли ором истайди. Кимсан, қароқчилар сардори Маматғулига ўнг қўл сардор бўлиб олса, ошиғи олчи. Қолаверса, агар ҳозир қамчини босмаса, улоқни бошқа биров илиб кетиши тайин. Кейин… Кейин бир гап бўлар. Лекин ўзи ҳам сезмаган ҳолда хоқонини баттол деб юборди. Бу гапи шоҳнинг қулоғига етса, терисига сомон тиқади. Аммо айни дамда шундай дейиши жоиз эди. Чунки бошида Маматғули турибди.

— Қани, бир доира қуриб қўр тўкиб ўтирингиз, машварат қилиб олайлик, — деб Маматғули отдан тушган жойига чордана қурди ва бошқаларнинг ҳам ўзидек ўтириб олишларини кутди.

Жондор Али ўзининг ёнидан жой олганидан ажабланмади. Ўнбоши дағал ва маънисиз сўзласа-да, унинг дилидагини тез илғайди, нима деса ўнбоши маъқуллаб, айтгани оғзидан чиқар-чиқмас бажо келтиради. Демак, уни қанотига олса арзийди.

— Жондор Али ўнг қўлим бўлади, босқинга сизларни у бошлаб боради, — деди Маматғули ўтирган навкарларга кўз ташлаб чиққач.

— Амрингиз вожиб! Амрингиз вожиб! — қичқиришди сарбозлар.

— Тағин бир мушкуллик: ўзимизга қўналға топишимиз зарур. Токи бу қўналға маконимизга айлансин.

Бировдан садо чиқмади. Сарбозлар кўзи билан Маматғулининг оғзини пойлашарди. Хўш, ўшандай макон қаерда? Ёғин-сочиндан, офтоб тиғидан асрайдиган, устида том, тўртта девори бор жой қайда?

— Мана шу чангалзорлар ораси бизга қулай, карвон йўлига яқин, бекинса бўлади. Эҳтимол, кейинчалик чўлга чиқиб кетармиз, — деди Маматғули.

— Ижозат этсангиз, амирим, — деди Жондор Али.

Маматғули бошини сермаб, “гапир” ишорасини қилди.

— Сайҳон чўлининг этагидаги тоғда сўлим сой бор. Булоғи ҳам каттагина. Бу ердан узоғи билан тўрт-беш чақирим. Одам яшамайди у ерда. Дов-дарахти қалин, салқин жой. Бир гал Хуросон жангидан қайтаётганимизда беш-ўн даҳа лашкар билан тунни ўтказганмиз ўша жойда. Амирим ихтиёр этсалар, шу жойни макон тутсак, хўп маъқул амал бўларди-да, — деб Жондор Али Маматғулига юзланди.

Маматғулининг манглайи тиришди. Кир босиб, патакдек қотиб кетган қора соқолини силади.

— Бориб кўриш лозим. Локигин, қуруқ қўл билан эмас. Емишимиз охирлаган. Ўлжа олиб, кейин кетишимиз даркор, — деди у ва ўрнидан туриб ялтироқ камарини ечди. Сўнг сарбозларига навкарлик аломатлари акс этган кийимларини ечиб, тескари ағдариб кийишни буюрди.

Давронқул шоҳ Нурсултонни мағлуб этиб, еру сувини қўлга киритгандан сўнг ўлкада нисбатан осойишталик юзага келиб, савдо карвони қатнай бошлаганди. Шу боис Маматғулининг қароқчилар тўдасига ўша куниёқ омад кулиб боқди. Айғоқчиликка қўйилган икки қароқчи савдо карвони йўлнинг сўл тарафидаги сойда дам олаётгани хабарини етказди. Маматғулининг амри билан ҳамма отга минди. Қиличлар яланғочланди. Сарбозлар жангга кираётгандай ҳайқиришди.

— Бас! — бақирди Маматғули. — Сиз жангчи эмас, қароқчисиз! Қароқчи бақириб-чақириб бировни чўчитмайди! Тап босади! Омад ёр бўлсин!

Отлиқлар чанг-тўзон кўтариб, вазмин кетаётган карвон ортидан қуюндек ёпирилди. Карвонга яқинлашгани сайин Маматғулининг юрак уриши тезлашди. Кўзлари ўт бўлиб ёнди. Шу кетишда карвон одамларига қўшиб туяларни ҳам ёриб ташлагудек шашти бор эди унинг.

Сарбон бостириб келаётган отлиқларни кўриши билан диққат бўлди. Чунки бу ерларда қароқчиларнинг қораси учрамасди. Шайх Аҳмаднинг иззатини қилиб, унга яқин ҳудудга йўламасди.

— Карвонни тўхтатинг! Туяларни жамланг! Қўриқчилар шай бўлишсин! — қичқирди вазиятни пайқаб етган сарбон.

Туялар сони йигирматача эди. Уларни бир жойга тўплагунча хийла вақт кетди. Қўриқчилар қорувли, жанг кўрган йигитлар эса-да, саноқли эдилар.

Савдогару қўриқчилар саросимага тушиб, ҳимояга чоғлана бошлади, сарбон отини ниқтаб, тобора яқинлашаётган қароқчилар қаршисига чиқди. Унинг нияти тил топишиш эди. Агар қароқчилар бошлиғи бир бахя гап қотишга изн берса, Ҳусайн Насафий унинг тош юрагини эритишга қодир эди. Фақат муросаю мадора билан карвонни омон сақлаб қолса бўларди.

Аммо сарбоннинг нияти амалга ошмади. Маматғули ўнг қўлини юқорига кўтариб “тўхтанг” ишорасини қилган қуролсиз сарбоннинг елкаси аралаш бўйнига шамшир уриб, ўтиб кетди. Ҳусайн Насафийнинг кўз олдини қип-қизил булутга ўхшаш ғубор қоплади. У бир неча лаҳза эгарда қотиб турди-да, ерга гурсиллаб қулади. Унинг икки ёнидан ҳайқириб от чоптириб ўтиб кетган қароқчилар қўриқчилар билан жангга киришди. Зумда қий-чув, дод-фарёд, қиличларнинг қасир-қусури ҳамма ёқни тутиб кетди.

Қўриқчилар босқинга бардош беролмай, бирин-кетин ерга ағанай бошладилар. Қароқчилар бундан баттар жазавага тушиб, шиддат билан шамшир ўйнатишарди. Сўнгги қўриқчи ҳам кўксига қилич санчилиб йиқилгач, Маматғули ўнг қўлини азот кўтариб, жангни тўхтатди ва беихтиёр ўзи биринчи бўлиб нобуд қилган кишининг (у ҳали сарбон жон таслим қилганини билмасди) жасадига қаради. Сарбон қулочини кенг ёйиб, ерпарчин бўлиб ётар, оти эса кўринмасди.

— Кимдир қочишга улгурмадими?! — бақирди у Жондор Алига.

— Амирим, ҳаммаси қонига бўялди! — деди Жондор Али эгарда ғоз туриб.

— От қани?

— Эгаси йиқилгандан сўнг ҳуркиб қочган!

Маматғулига мана шу жавоб керак эди. У кимнингдир қутулиб кетишини сираям истамасди, талончиликни бошлаганидан биров хабар топишидан қўрқарди.

— Савдогарларни йиғинг, — буюрди Маматғули ва ўзи карвоннинг бош томонига қараб кетди.

Савдогарлар саккиз киши экан, тағин тўрт аёл ҳам бор эди. Мана шу ўлжа Маматғулига ёқиб тушди. Ахир унинг иссиқ-совуғидан хабар оладиган ожиза керак эди-да.

Карвон Жондор Али айтган тоғ тарафга ҳайдаб кетилди.

* * *

Аҳмад бобо юзбошининг бу қадар қабиҳликка боришини хаёлигаям келтирмаган экан. У тун бўйи тиловат қилди. Худодан адашган бандаларга инсоф тилади. У саҳар палла Маматғули навкарларини олиб кетганидан кейин ҳовлига чиқди-ю, жоҳил юзбошини унутишга қарор қилди.

— Ҳазратим, Ҳусайн Насафийнинг етти фарзанди бор эди…

— Нима?! — Аҳмад бобо таланган кишининг сўзини бўлди. — Карвон Ҳусайн Насафийникимиди?!

— Шундай, тақсир, — ҳўнг-ҳўнг йиғлади Бурҳониддин Каллоҳ, — бирор қароқчи шу пайтгача унга даф қилмаган эди. Созгарчилик қиларди.

Аҳмад бобо кўзини юмди.

— Сиз иккингиз чорпояга чиқиб, бироз дамингизни олинг. Мулла Маҳмуд, завжангиздан хабар олинг, — деди шайх ва оғир қадам ташлаб улардан узоқлашди.

Маҳмуд келавермагач, Зебо ҳужрадан чиқиб қаради, уч эркакнинг сўзлашаётганини кўрди. Нотаниш эркакнинг кийим-боши сарбозларникига ўхшамасди. Шу боис кўнгли жойига тушди. Бир муддат паранжида уларнинг сўзларига қулоқ тутди. Қароқчилар ҳақида эшитгач, эти жимирлаб, ўзини ёмон кўриб кетди. Ҳужрага кириб йиғлади.

Маҳмуд кириб келганида, унинг кўзи йиғидан қизарган эди.

— Нима бўлди? — деди Зебонинг ёнига тиз чўкиб Маҳмуд. — Йиғлашингнинг боиси не?

— Ўзим шундай. Ҳамма кулфат мени деб… — жавоб қилди Зебо.

— Қайғурма. Буям ўтиб кетади.

— Иншооллоҳ, — бошини сермади Зебо.

— Овқатинг совиб қопти. Тамадди қилиб олайлик, кейин гаплашамиз.

— Хўп, — деди Зебо.

Аммо унинг томоғидан овқат ўтмади. Ўзини зўрлаб шўрвадан икки-уч қошиқ ичди. Кейин эрига қараб:

— Сизнинг бу ерда ўтираверишингиз ножоиз, — деди.

Маҳмуд овқатланиб, ташқарига чиқди ва Бурҳониддин Каллоҳнинг ёнига борди. Унга далда беришга уриниб кўрди, аммо эплаёлмади. Шу боис бошқа гапирмай, чорпоянинг устида жим ўтирди.

Аҳмад бобо кечгача кўриниш бермади. Унинг қаерга кетганини чорпоядаги эркаклар ҳам билмай, хавотир ола бошладилар. Маҳмуд ўрнидан туриб қидирмоқчи бўлганида, чўл тарафдан шайхнинг қораси кўринди. Шу маҳал Зебо ҳам ташқарига чиққан эди. Маҳмуднинг ўзига қараганини кўриб, қўли билан имлаб уни чақирди.

— Тақсирни уринтириб қўймайлик, — деди у Маҳмудга, — тамаддини мен тайёрлаб берсам.

— Сен?! — деди ҳайрон бўлган Маҳмуд, аммо зумда хаёлига келган гапни ҳайдаб, ичига ютди. У: “Умрингда овқат қилиб кўрмаган бўлсанг, қандай пиширасан?” демоқчийди. Бироқ Зебонинг дили оғришидан чўчиди.

— Мен кўмаклашаман, — деди у ва Аҳмад бобонинг ёнига кетди.

Унинг гапини эшитган шайх эътироз билдирмади. Масаллиқларнинг жойини айтиб, Бурҳониддин Каллоҳ ўтирган чорпоя тарафга юрди.

Ўчоққа ўт ёқилгач, Маҳмуд масаллиқ олиб келгани кетиши билан Зебо ёнаётган чўпни қўлига олди. “Ана энди мақсадимга етаман. Мени деб энди қон тўкилмайди, аксинча, мени кўрганлар ирганишади. Юзларини терс буришади… Озгина оғрийди, майли, чидайман, чўғни аввал юзимга, кейин кўзимга, манглайимга босаман”, пичирлади жувон.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

 

 

 

loading...