Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

0

Зебо хаёлга чўмиб, вақтнинг ўтганини сезмай қолди. Маҳмуд масаллиқ солинган идишни ўчоқ бошига кўтариб келганида хотини учи лип-лип ёнаётган чўпни юзига жуда яқин ушлаб турганини кўриб ҳайрон бўлди.

— Куйиб қоласан, — деди у.

— А-а! — қўрқиб кетган Зебонинг қўлидан чўғ тушиб кетди.

— Оловга термилиб қолибсан, тинчликми? — деди хотинининг ниятидан бехабар, унинг чўчиб тушганидан ажабланган Маҳмуд.

— Бир нарса эсимга тушиб қолди, — кўзини олиб қочди Зебо.

— Яхши, хаёлингни бир жойга йиғиб олгин-да, манави пиёзни арчиб тур, — деб хотинининг қўлига пиёз солинган идишни бериб, ўзи қаёққадир кетди.

Зебо пичоқни ушлади. Бундан осони бор эканми? Ҳар қалай, чўғдай куйдирмайди. Фақат кўзини чирт юмиб, тиғнинг учини ботиришинг керак. Оғрирмикан? Зебонинг кўз ўнгида яраланган навкарларнинг афтлари буришгани, инграганлари гавдаланиб, эти жимирлаб кетди. Қўрқди. “Йўқ, — деди у яна ўзига-ўзи. — Барибир, юзимни тилиб ташлашим керак. Шунда мени деб бошқаларнинг қони тўкилмайди. Маҳмуд… У мени кейин ҳам яхши кўрармикан? Яхши кўрмасаям, майли. Қувиб солмаса бўлгани. Бир амаллаб боламни катта қилсам бўлгани. Чўтир бўлиб туғилганимда, шунча балога дучор бўлмасдим! Нурсултон шоҳ ёшини яшаб, ошини ошарди. Мен эса… мен эса, қайсидир бекнинг учинчими, тўртинчими хотини бўлардим. Ўн биринчи бўлдинг нима-ю, учинчи ё тўртинчи бўлдинг нима?.. Навбатинг келгунча эрингни кутасан… Навбат келармиди ўзи? Нурсултон шоҳнинг бошқа хотинлари ойлаб, ҳатто йиллаб эрининг ҳарамига киролмасди-ку. Шоҳ мени кўпроқ тусарди. Қолгани — канизаклар… Уф, пешонам бунчалар шўр бўлмаса?! Насаф ҳокимининг қизиман, ундан кўра бир бечорага фарзанд бўлмайманми? Камбағалгина одамга эрга тегардим, у бошқа хотин ололмасди. Шунда чангалзорларда, чўлу биёбонларда сарсон-саргардон бўлиб юрмасдим…”

— Зебо!

Жувон чўчиб тушди. Қайрилиб қаради. Шундоқ тепасида Маҳмуд ҳайрат тўла кўзларини унга тикиб турарди.

— Хаёлинг жойида эмас сенинг. Муҳаммад мирзо уйғонди, йиғлаяпти.

Маҳмуд Зебонинг қўлидаги пичоқни олди. Жувоннинг бармоқлари пичоқни маҳкам сиқиб олганди. Шунда у хотинининг нияти яхши эмаслигини пайқади.

Зебо ўрнидан турди. Паранжисига ўралган кўйи югурганча ҳужра тарафга кетди. Унинг ортидан бир муддат тикилиб турган Маҳмуд олови ўчай деган ўчоққа ўтин қалади. Тезроқ ёғни доғлаб, масаллиқларни қозонга солиши керак. Чунки Зебонинг ҳолати уни ўйлантириб қўйди. Зебо ҳужрага телбадай ҳардамхаёл кириб кетганди. Ҳозир боласини эмизмаяпти чоғи, бола чирқиллаб ётибди. Зебо ҳужрада хаёл сурганча ўтирибди.

Маҳмуд қўлидаги ўтинни ўчоққа ташлаб, югуриб ҳужрага кирди. Ҳартугул, адашибди. Зебо деворга суянганча боласига кўкрак тутиб ўтирарди. Маҳмудни кўриб жилмайди.

— Роса очиққан экан, — деди майин овозда.

* * *

Эртасига чошгоҳга яқин Аҳмад бобо Маҳмудни ёнига чорлади. Қўлида эскироқ чориқ билан чопон.

— Манавиларни ол, — деди у жилмайиб.

Маҳмуд титраб кетди. Бошини эгди.

— Буни бир пайтлар ўзим кийганман.

Чиндан ҳам Аҳмад бобо қарийб беш йил шу чориқни судраган, лекин жуда авайлаб кийган. Ҳар куни ётишдан олдин яхшилаб қоқиб-суқиб, тозалаб бир чеккага қўйиб қўярди. Чопон ҳам унга чориқдан кам хизмат қилмаган, чориқдай эъзозланган. Шу боисдан ҳам, гарчи ранги униқиб қолган эса-да, чоки бут эди.

— Сизнинг кийимларингиз менга табаррук, тақсир, лекин…

— Лекинга ҳожат йўқ. Тез эгнингга илиб ол, — деди Аҳмад бобо.

Ноилож Маҳмуд ичидан ўкиниб-эзилиб оёғига чориқни, устига чопонни илди.

— Эски бўлсаям, муборак бўлсин, иним. Иншооллоҳ, ҳали кўп зар чопонлар кийиш насиб этади, — деб Аҳмад бобо Маҳмудни бағрига босди.

Маҳмуднинг кўзи ёшга тўлди. Ўзини тутишга қанчалик уринмасин, юраги эриди.

— Итинг ярадорлигини айтмаган экансан. Дори-дармон қилиб бойлаб қўйдим, Худо хоҳласа, тузалиб кетади, — деди шайх Маҳмудни бағридан бўшатгач, — жонивор хўп итоаткор экан. Ғингшимадиям.

— Сиртлон бўлмаганда, бизни аллақачон қиличдан ўтказишарди. Жонивор бизни деб ўлиб кетмаса бўлди.

— Ҳай-ҳай, ҳар гапга фаришталар омин дейди. Зинҳор бунақа гапларни оғзингга ола кўрма. Энди, иним, сенга яна бир гапни айтайин. Аслида, бу гапни гапириш менга ноқулай. Инсон дилини оғритиш оғир гуноҳ. Аммо ҳозирги вазиятда айтмай иложим йўқ. Завжанг билан бу ерни тезроқ тарк этишингга тўғри келади.

Маҳмуд сергакланди, чунки у шу ерда Аҳмад бобонинг хизматини қилиб юраман, деб ўйлаганди. Бугун Зебога буни айтмоқчи эди.

— Мен… — у каловланди.

— Тушуниб турибман. Лекин жонларинг азиз мен учун. Юзбоши қароқчиликни касб этибди. Демак, шоҳнинг ҳузурига қуруқ қўл билан боришга қўрққан. Карвонни талаган мардум бу ерга ҳам келади. Шайтон измига кирган бу мурдорга Яратган эгамнинг ўзи инсоф бермаса, бировнинг гапини олиши қийин. Ҳозироқ йўлга тушинглар. Чўлни кесиб ўтасизлар. Ўзи асрасин-у, бироқ қароқчиларга дуч келиб қолармикансизлар, деб қўрқаман.

Маҳмуд зўрға бошини кўтарди.

— Хўп, — деди кўзи ёшга тўлиб.

— Омад ёр бўлсин. Дарвоқе, қаерга боришларингни айтмадим-ку. Сен ҳам сўрамадинг…

Маҳмуд шайхга қаради.

— Қаергаям борардим, тақсир, нари борса, чангалзорни макон қиламан-да.

— Йўқ, Бешкент қишлоғига борасан. Одамлари инсофли, меҳмондўст. Қолаверса, иккита шогирдим шу қишлоқда яшайди. Менинг номимни айтсанг, албатта, ёрдамини аяшмайди.

Маҳмуд Бешкент ҳақида қаердадир эшитганини эслади. Дарвоқе, куни кеча унга ёрдам берган Толиб исмли йигит айтганди-ку. “Йўлингиз тушса, Бердиёр акамни сўранг”, деган эди. Унинг юзи ёришди. Барибир, шайхнинг ёнидан кетгиси йўқ эди. Ахир шундай одамнинг хизматида бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Этагини маҳкам тутсанг, кам бўлмайсан. Лекин вазият тақозо қилган экан, начора, кетмай иложи йўқ.

— Йўлни биласанми, иним? — сўради Аҳмад бобо.

Маҳмуд “йўқ” дегандек бошини чайқади.

— Қуёш ботарга қараб юрасан. Чўлнинг этагига етганда сўлга буриласан. Қаршингдан ясси тоғ келади. Этагида қишлоқ жойлашган — Бешкент. Бу ердан хийла узоқ, эртароқ йўлга тушиш лозим.

— Хўп, ҳозироқ айтганингизни қиламиз.

Маҳмуд оғир-оғир қадам ташлаб ҳужрага кирди. Зебога кетишлари кераклигини айтди. Хотини негадир бундан сира ажабланмади.

— Хўп, ҳозир.

Зебо шундай деб ўғлини йўргаклай бошлади.

Кун қизий бошлаганда улар йўлга чиқишди. Ялангоёқ юришга ўрганиб қолган Маҳмуднинг оёғига бир ботмон тош осиб қўйилгандай. Қора терга тушиб, оёғини зўрға судраб босарди у. Бир қоп юкни қийналмай ортмоқлаб кетадиган эркакнинг бола кўтарган қўллари толиқди. Аксига олгандай, оқсоқланиб эргашиб келаётган Сиртлон ҳам дам-бадам Маҳмудга суйкалади. Чўлнинг ўртасига етганларида Маҳмуд тўхтади.

— Озроқ дам олайлик. Муҳаммад мирзо ҳам очиққанга ўхшайди, безовталаняпти, — деди чарчаганини сездирмаслик учун.

— Хўп, ҳозир шаҳзоданинг қорнини тўқлаймиз.

Зебо унинг қўлидан боласини олди.

Маҳмуд қумга чўзилди. Қулоғига отнинг кишнагани эшитилгандай бўлди. Ўрнидан чаққон туриб ўтирди. Сиртлонга қаради. Итнинг қулоқлари тикрайган, этак тарафга сергак тикилиб турарди.

— Жим, — деди итнинг бўйнидан қучоқлаб.

— Тинчликми? — сўради Зебо.

— Қаердадир от кишнади. Қара, Сиртлон ҳам бир нимани сезганга ўхшайди, — деб жавоб қилди Маҳмуд ва теваракка аланглаб, яширинса бўладиган жой излади. Сал нарироқда ғуж бўлиб ўсган бута бор экан. Ўрнидан турди-ю, кўзи хонасидан чиқиб кетай деди: Бир тўда отлиқ елдай учиб келаётган эди. Бийдай чўлда тулпор минганлар уларни кўриб қолишлари кундай равшан. На яширинишнинг ва на қочишнинг иложи бор. Зумда уни ҳам, итини ҳам қиймалаб ташлашади. Зебо… Зебога тегинишмайди. Уни ўзлари билан олиб кетишади.

— Ёт, — деди у Зебога, — ерга ёпишиб ёт. Эй Худо, ўзинг паноҳингда асрагайсан.

Маҳмуд хотинидан аввал ерга қапишди. Бир қўли билан Сиртлоннинг ҳам бўйнидан тортди. Ит унга бўйсунишни истамас, ғингшиб, тик оёқда турганча чанг-тўзон кўтариб яқинлашиб келаётган отлиқларни ҳуриб қаршиламоқчи эди. Ахир хавф-хатар бостириб келаяпти. Эртароқ даф қилмаса, хўжайинига, ўзига, қолаверса, манави аёл билан болага зиён етади. Шундай хавфни сезмаётган эгасидан Сиртлон норозилангандек безовта ғингшиди, жангга иштиёқи ортди.

Ҳаял ўтмай, қир устида отлиқлар кўринди. Улар тўғри Маҳмуд билан хотини ер бағирлаб ётган жойга бостириб кела бошлашди. Ерга ёпишиб ётишдан наф йўқлигини сезган Маҳмуд ўрнидан туриб, оёқларини букиб ўтирди, тиззаларига қўлини қўйди. Шу алпозда чўлда кўп юриб толиққан кишига ўхшарди у. Сиртлон безовталаниб ҳурди, думи хода бўлиб, жунлари тикрайди.

Қочоқларга яқинлашганда отларнинг жилови тортилди. Кейин отлиқларнинг устида ўтирганларнинг ҳайқиргани эшитилди.

Зебонинг ичидан зил кетди. У паранжисига маҳкам ўранган кўйи чачвон орасидан отлиқларни кузатди. Беш киши экан. Соқоллари ўсиб кетган, девдай. Биқинларига шамшир осилган. Иккитасининг қиличи қўлида.

Маҳмуд хезланаётган Сиртлоннинг бўйнидан маҳкамроқ қучоқлади. Қўйиб юборса, тамом, отлиқларга ташланиб, нобуд бўлиши тайин.

— Кимсизлар?! — деди Маҳмуд билан Зебонинг атрофини ўраган отлиқлардан бири.

— Бешкентликмиз. Торғолга қариндошимизникига бориб қайтаяпмиз. Озгина дам олайлик, деб тўхтагандик, — жавоб қайтарди Маҳмуд юзидан қони қочиб.

— Эшак-пешакка мингашмаган экансанлар-да! — ҳиринглади отлиқ офтобда қорайган пешонасини қамчи ушлаган қўли билан артиб.

— Жой қуригандай, жазирамада ўтириб дам олаяпсанларми? — деди отлиқлардан яна бири депсинаётган отининг жиловидан тортиб.

— Бийдай чўл бўлса, дарахт тугул бутаям йўқ, оёқларимиз сал ором олсин, дегандик, — жилмайишга уринди Маҳмуд.

— Дам оламан деб шоқолга ем бўп кетмагин тағин, — деди биринчи гапирган отлиқ.

Отлиқлар хахолаб кулиб юборишди. Кейин яланғочланган қиличлар қинига кирди.

— Кетдик, — деди соқолига оқ оралаган отлиқ отининг бошини Маҳмуд билан унинг хотини келган тарафга бураркан.

Шу бир оғиз сўздан Маҳмуднинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Юзида қувонч аломатлари пайдо бўлди. Бемаврид келганлар отларига қамчи урганида, у Зебога қаради.

— Хайрият, осон қутулдик, — деди ва чавандозлар кетган томонга юзини буриб қаради-ю, юраги шиғ этиб кетди: кетаётганларнинг иккитаси тўхтаб, гаплашаётган эди. “Вой, падар лаънатилар, юзбошининг одамлари эмаскан, деб хурсанд бўлувдим-а!” ўйлади у ва отлиқларнинг эътиборини тортмаслик учун Зебога эгилиб:

— Болани менга бер, кетдик, — деди.

Қароқчиларнинг беш нафари отларининг бошини улар томонга бурди ва кўз очиб юмгунча Маҳмуд билан Зебога етди.

— Сен! — деди соқолига оқ оралаган чавандоз тулпорини Маҳмуднинг устига бостириб ҳайдаб келиб, қамчисини ўнг қўлига оларкан. — Соқов, гунг эмасмидинг?!

— Худога шукур, гўдаклигимдаёқ тилим чиққан, шундан бери гапираман, — жавоб берди Маҳмуд вужудига титроқ кириб.

— Шайхнинг уйидаги кар-соқов хизматкор сен эмасмидинг?!

— Қайси шайх?..

— Мана бу! — чавандоз Маҳмуднинг елкасию юзи аралаш қамчи урди.

— Воҳ! — деганча Маҳмуд ерга қулади.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

 

 

 

loading...