Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

0

Узун тишларини кўрсатганча ириллаб турган Сиртлон шу заҳоти қароқчига ташланиб, уни болдиридан тишлади. Қароқчи ўкириб юборди ва итни ҳам қамчилай кетди, лекин Сиртлоннинг чангалидан чиқиб кетолмади. Остидаги от ҳуркиб, ўзини бир ёнга ташлади. Қамчи зарби бўрибосарнинг суяк-суягидан ўтиб кетди, чамаси, ит жон аччиғида сакраб, қароқчининг нақ сонидан тишлашга улгурди. Ҳамроҳлари ҳайҳайлаб ёрдамга келмаганида, ит рақибини отнинг устидан ағдарарди. Кетма-кет тушган қамчилар зарбидан Сиртлон душманини қўйиб юборишга мажбур бўлди.

Итининг вангиллаб қочганини кўрган Маҳмуднинг жон-пони чиқиб кетди. Сиртлон унга боласидай азиз бўлиб қолган эди. Бироқ ҳозир унга ёрдам беролмади.

— Урма! — деб бақирганча энди икки қадам ташлаганида, қароқчилардан бири узангидан оёғини олмаган кўйи Маҳмуднинг бошига тепди. Кўз олди қоронғилашиб кетган Маҳмуд ерга ағанади. Бир муддат қулоқлари шанғиллаб, битиб қолди. Қўл-оёғида ҳам дармон йўқдай эди. Сиртлоннинг аҳволи уникидан-да баттар, қамчилашлар жониворни абгор қилиб қўйганди. Сиртлоннинг ягона чораси қочиш, йўқса, ўлдиришлари тайин эди. Шуни сезган ит йиқилаётган Маҳмудга ва боласини маҳкам қучоқлаганча ўкириб-ўкириб йиғлаётган Зебога қараб олди-да, дуч келган тарафга қочишга тушди. Дарвоқе, бу орада қароқчилардан иккитаси шамширини яланғочлаган эди.

Уч отлиқ уни талай муддат таъқиб қилишди. Бир неча марта камондан ўқ узишди. Сиртлон чап берди, уларнинг тузоғига илинмади. Қароқчилар тўхтаб, ортларига бурилиб кетишгандан сўнг ҳам Сиртлон анча жойгача югурди. Сўнг тўхтаб, тили осилиб, нафас оларкан, қароқчилар қайтиб кетган тарафга қайрилиб қаради. Ёвни кўрмади. Шунда кўзидан икки томчи ёш оқиб тушди.

Итнинг аламини Маҳмуддан олмоқчи бўлган қароқчилар уни ўласи қилиб калтаклаб, оёғини чандиб боғлаб ташлашди. Сўнг оғриқ азобидан додлаётган қароқчининг оёғига малҳам суртишди.

Зебо унсиз кўз ёш тўкар, ич-этини ер, хаёлида зим-зиё боши берк ғорга кириб қолгандай эди. Овози борича фарёд чекиб йиғлаганидан гўё эси оғгудай бўлиб, устидан тош ёғиладигандай туюларди. Ўласи қилиб тепкиланаётган, қамчиланаётган эрини кўриб туриб, кўз ёшига, овозига зўр беришдан ўзга чора тополмасди. Лекин охирги дақиқада, барибир, ўзини тутиб туролмади. Ярасига малҳам сурилиб, тан азоби бироз босилган қароқчи ўрнидан туриб оқсоқлана-оқсоқлана ҳушсиз ётган Маҳмуднинг тепасига келиб, жонсиздек шалвираб қолган танага икки марта қамчи тортиб, бу билан ҳам таскин топмай, шамширини қинидан суғуриб, ҳавога кўтарган чоғда Зебо бақириб юборди:

— Йў-ў-ў-қ!!! — аёл устидаги паранжини итқитиб, югурганча қилич йўлига ғов бўлди. — Ўлдирманглар!

У бир қўлида бола, иккинчи қўли билан тиззалаб ўтирганча Маҳмудни қучоқлади.

Қароқчининг кўзи олайиб кетди, қўлидаги шамшири пастга тушди. Ғазаби жиловланиб, тили боғланди. Бошқа қароқчилар уни қўрғалашди. Улар паранжига бекинган бу хилқатнинг гўзаллигидан ҳайратда эдилар.

— Мени ўлдиринглар! Шунда тинчийсизлар, бегуноҳ банданинг қонини тўкишдан нима наф? — деди кўзидан дув-дув ёшини оқизиб Зебо.

Шу гапидан кейингина қароқчилар ўзларига келишди.

— Малика! — деди улардан бири.

Қолганлари унга қайта тикилиб қарашди:

— Малика!

Қароқчиларни ҳаяжон босди. Маликани топиб, шоҳга етказган одам умрбод бахт қасрида яшашга муяссар бўлишини, тиллаю кумушга кўмилишини улар яхши билишарди. Бироқ айни омад уларни қўрқувга ҳам солганди. Чунки маликанинг ҳамроҳини ўласи қилиб калтаклашди, малика шоҳга арз қилгудек бўлса, бас, сўзсиз-сўроқсиз Давронқул султон уларни бошларидан жудо қилади. Зеро, айни дақиқада улар ўзларини навкар ҳисоблашар, ҳали қароқчиликни касб этиб улгурмаган эди. Бугун эрталаб ўнбоши этиб тайинланган, соқолига оқ оралаган, чап юзида шамшир изи қолган Аббос дарҳол ўзининг кимлигини эслаб қолди.

— Назармат! — деди ёнидаги қароқчига ўгирилиб. — Бу хотин энди маликамас. Амирга маъқул келсагина малика бўлади.

Лекин Зебо тағин малика мартабасига чиқишига шубҳа қилмасди. Аббоснинг илинжи эса, маликанинг ялангоёқ бир кимсага хотинлик қилганида эди. “Модомики, шунча вақтдан бери улар бирга юрибдими, демак, бирга бўлишгани ҳам тайин. Энди ялангоёқдан қолган бу аёлни Маматғули никоҳлаб олиши даргумон. Лекин бу ҳурлиқо қошида Маматғули бошини эгмай қаёққа борарди? Ахир Давронқул султон шу аёлни деб қанча одамни зор қақшатди!” дея ўйлади Аббос.

— Назармат! — деди у тағин ёнида турган йигитга бақириб. — Ўнгар отингга!

Қароқчи буйруқни эшитиши билан маликанинг елкаларидан тутди ва жони ҳузурлангандек тамшанди. Зеро, дуру гавҳарни ўзиники қилиб олмаса-да, ушлаб кўриш ҳам роҳат бағишлайди-да!

— Тегинма! — бақирди Зебо.

Унинг гапига Назармат парво ҳам қилмади. У бўйнини буриб, ўнбошига қараркан:

— Боласини нима қилай? — деб сўради.

— Итдан бўлган қурбонликка ярамас. Боласини ташла. Ялангоёқ билан қолаверади. Ўзини олиб кетамиз, — деди Аббос.

Шунда Зебо Назарматнинг қўлидан тишлаб олди.

— Вой, ҳароми! — дея у маликани қўйиб юборди-ю, қўлининг қонаган жойини пуфпуфлай кетди. Малика вазиятдан усталик билан фойдаланди: боласини Маҳмуднинг ёнига ётқизди-ю, ёнгинасида турган Назарматнинг белидаги камарга осилган ханжарни суғуриб олиб, ўзининг кўксига тиради:

— Агар бирортанг менга тегинадиган бўлсанг, ўзимни ўлдираман. Мени Давронқул шоҳнинг навкарлари изғиб-излашаётганини биласизлар, агар улар сизлар туфайли кўксимга ханжар урганимни эшитса, ҳаммангнинг терингни шилиб сомон тиқишади. Сизларнинг қароқчилик қилаётганликларингни ҳам, менинг Бешкентга йўл олганимни ҳам кўпчилик билади. Агар манзилга етиб бормасам, барингнинг шўрларинг қурийди, — деди Зебо дона-дона қилиб.

— Ха-ха-ха! — кулиб юборди Аббос, кейин туйқус жиддий тортди. — Бизни деб ўлганингни ким айтади? Қочиб кетган анов итми?! Агар сен ўзингга бир нима қиладиган бўлсанг, боланг соғ қолмайди. Кейин анави ерда чўзилиб ётган ялангоёғинг ҳам асфаласофилинга равона бўлади. Яхшиси, қўлингдаги ханжарни ташлагин-да, паранжингга ўраниб, отга мин. Бизнинг қароргоҳимизга борасан.

— Мен Насаф ҳокимининг қизиман. Отам лашкар тортиб келяпти. Омон қолишга умидинг бўлса, менга тегинма. Шундай қилсанг, эримни хўрлаганингни бировга айтмайман.

— Майли, маликам, сиз айтганча бўла қолсин, — деди Аббос дарров мулойимлашиб, — фақат ханжарни топширинг, қароқчиликни энди бошлаганимиз учун ҳар битта қуролимиз ҳисобда.

— Битта пичоққа кунларинг қолмагандир.

— Бас! — бақириб юборди Аббос. — Боласи билан эрини чавақлаб ташланглар!

Зебонинг юраги ёрилиб кетаёзди. У қўлидаги ханжарни отиб юборди.

— Назармат, отга ўнгар! — буюрди Аббос ва оқсоқланганча нарироқда қароқчиларнинг ёшроғи жиловидан ушлаб турган от томонга кета бошлади.

— Боласи билан эрини нима қилай? — сўради Назармат буйруқни бажаришга шошилмай.

— Биз билан кетишга рози бўлгани учун икковиниям шу ерда қолдирамиз. Насибаси бўлса, яшаб кетади, — деди Аббос.

Зебонинг кўзи тинди. У бир лаҳза жойида тебраниб турди-да, сўнг шилқ этиб ёнига қулади-ю, ҳушидан кетди. Шу пайт Муҳаммад мирзо чинқириб йиғлаб юборди. Лекин чақалоқнинг йиғиси дийдаси тош қотган қароқчиларнинг пинагини ҳам бузмади. Улар маликани паранжига ўраб, Аббос айтгандай тулпорга ўнгаришди. Сўнг отларига қамчи уришди.

Сиртлон узоқлаб кетмаган эди. Изига қайтиб, бўйнини чўзиб рўй бераётган воқеани кўриб турганди. Ит ғингшиди. Қароқчилар тулпорларини чоптириб кетганларидан кейин олд оёғи билан тумшуғини силади ва чинқириб йиғлаётган чақалоқ билан оғир-оғир нафас олиб ётган Маҳмуднинг ёнига югурди. Жароҳати боис, шамолдай елиб келолмади, икки-уч бор тўхтаб-тўхтаб югурди.

Етиб келиб, овози бўғилиб қолган чақалоқнинг юзини ялади. Муҳаммад мирзо жим бўлди, лабчалари тамшаниб кўкрак қидирди. Сўнг муроди ҳосил бўлмай, яна чинқириб йиғлашга тушди. Маҳмуднинг юзидаги қонни ялаётган Сиртлон бошини кўтариб, чақалоққа термилди. Бўйнини буриб, бошини у ёқ-бу ёққа силкитди. Кошки, унинг бу ҳаракатига гўдак овунса! Баттар йиғлади, юзи бўғриқиб кетди. Ўймоқдай оғизчасини очиб, нафас ололмай, қотиб қолди. Сиртлон тағин гўдакни ялашга тушди. Ҳартугул, унинг томоғидан яна ҳаво ўтиб, овози чиқди ва йиғлай-йиғлай, сўнг жимиб қолди.

Ит ғингшиб бир Маҳмудга, бир чақалоққа қаради-да, тумшуғини юқорига кўтариб увиллади. Кейин болани ва Маҳмудни ялади.

Гўдак гўё тақдирига тан бергандек, сут эммаса-да, тим қора кўзчаларини тепага тикиб индамай ётаверди. Маҳмуднинг на тириклиги ва на ўлгани билинар, ҳатто нафас олиши ҳам сезилмасди. Сиртлон уларнинг атрофини уч марта айланиб югурди. Кейин ҳозиргина келган ёққа — Аҳмад бобонинг қўналғаси томон чопди. Йўлда тўхтамади, жароҳати оғриса-да, оёқлари толиқса-да югурди.

Шайхнинг юрагига қил сиғмас, қўналғасида салқинлаб дам олгани қўнган йўловчилар билан ҳам тузук-қуруқ гаплашмасди. Илгари бу одати йўқ эди, бир чой қайнагулик вақт оралиғида қўноқлар билан гурунглашар, қаердан келаётгани, қаёққа йўл солаётгани билан қизиқарди. Бугун кўришиб сўрашди, холос. Сўнг ҳужрасига кириб кетди. У ерда ҳам ўтиролмади. Ташқарига чиқди. У-бу юмуш билан ўзини овутмоқчи бўлди. Лекин кўнглига ҳеч нима сиғмади. Бир маҳал кўзи чўл тарафдан югуриб келаётган итга тушди. Пешвоз юриб, бир-икки қадам босди. Тўхтади. Қўлини манглайига қўйиб синчиклаб қаради. “Маҳмуднинг итига ўхшайдими? Ишқилиб, бирон кор-ҳол рўй бермаганмикин?” хаёлидан ўтди унинг. Юраги безовталанди, жойида туролмай қолди. Итнинг етиб келишига сабри етмай, у томонга югурди. Ит Аҳмад бобонинг ёнига етгунича икки марта думалади. “Жонивор-эй, буткул ҳолдан тойибди-ку”, хаёлидан ўтди шайхнинг ва у қадамини тезлатди.

— Шайх қаёққа шошиб кетди? — деди чорпояда елпиниб ўтирганлардан бири Аҳмад бободан кўзини узмай.

— Қайдам… Афт-ангоридан жуда безовта эди, — деди иккинчиси.

— Қарайлик. Бирон кор-ҳол рўй берган бўлмасин.

Қўноқлардан уч киши ўрнидан қўзғалди. Улар шайхнинг югуриб кетаётганини кўришди ва беихтиёр кетидан чопишди.

Тили бир қарич осилиб қолган ит, ниҳоят, Аҳмад бобога етди. Ҳурмоқчи бўлди, аммо қурби етмади, ғингшиди, холос. Сўнг шайхнинг этагидан тишлаб чўл тарафга тортқилади.

— Ишқилиб, улар омонми? Зиён-заҳмат етмадими?! — деди ҳансираб Аҳмад бобо.

Ит чолнинг этагини қаттиқроқ тортқилади.

— Ҳозир, ҳозир! Юр, олдимга туш! — деди Аҳмад бобо.

Ит унинг этагини бўшатиб, олдига тушди. Секин югургиласа-да, шайхдан илгарилаб кетар, сўнг тўхтаб ортига ўгирилар, бетоқатланиб ғингширди.

Ёши панд бердими, ортидан югурган уч киши шайхни қувиб етишди.

— Тинчликми?! — дея сўрашди улар.

— Сизлар тезроқ… тезроқ итнинг ортидан боринглар, бирон фалокат рўй берганга ўхшайди, — деди Аҳмад бобо ҳаллослаб.

Чақалоқ ҳолсизланиб қолган, “и-и-и… ии-и… ии-и” деган паст товуш чиқарарди. Ит етиб келибоқ унинг юзчасини, оғизчасини ялади. Бола умидланиб тамшанди. Бошчасини у ёқ-бу ёққа қимирлатди. Шу маҳалда ҳалиги уч киши етиб келишди. Бири чаққон эгилиб чақалоқни ердан олди. Бошқаси юзтубан ётган Маҳмудни ўнглади.

— Қайси итдан тарқаган бу кўйга солди буларни? — бақириб юборди қўноқлардан бири.

— Сўкингандан не наф, ундан кўра боланинг оғзини ҳўллашнинг иложини қил! Томоғи қуриб қопти! — деди унга гўдакни қўлига олган киши.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

 

 

 

loading...