Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

0

— Одам ўлдирганингиз, ўзга мулкини ўмарганингиз ҳалол экан-у, менинг паранжисиз туришим ҳаром экан-да?! Ўғлимни келтиришсин! — қичқирди алами бўғзига келган Зебо.

— Аббос! — ўкирди Маматғули ҳали-ҳамон тиз букиб ўтирган ўнбошига. — Ўғли қаерда?!

— Ҳазратим! У ўғил Нурсултон шоҳнинг пушти камаридан бўлган. Агар уни омон қолдиргудек бўлсак, бир куни бошимизга бало ёғдиради. Шу боис чўлда қолдирдик. Яна, тақсир, сизнинг ўзингизга маълум қиладиган гапим бор! Агар…

— Чўрилар ишлатилсин. Навкарлар уларнинг тепасида туришсин. Бизга бошпана сув билан ҳаводай зарур, — амр этди Маматғули.

Атрофдагилар дарров тарқаб кетди. Биргина Жондор Али қолди.

Зебо ўзини биров кузатиб турмаганини пайқаб, чўл томонга қоча бошлади.

Маматғулининг ўзи унинг орқасидан қувиб етиб олди-да, Зебонинг қўлидан тутди.

— Ҳаддингни бил! Яхшики, малика бўлгансан, шунинг иззатини қилиб тегинмайман, йўқса, аллақачон…

— Ҳа, шундай қилишингиз хушдир. Қиблагоҳингизга хиёнат этдингиз, сиздан мурувват кутмайман сира! Чоғингиз келадими, юзбоши! — деди Зебо унга еб қўйгудек тикилиб.

Маматғули ғазаб отига минди. Энди уни ҳеч нарса тутиб туролмасди. Шу боис ханжарини яланғочлаб, маликанинг томоғига тиради.

— Ҳақ гапни айтдингиз, маликам. Сизни деб не-не бандалар қурбон бўлди. Агар ҳозир қонингизни оқизсам, ҳамма қутулади. Мен шоҳ ҳузурига минбад қайтмайман. Қароқчиликни касб этдим. Вақти-соати келиб, лашкар йиғаман, шунда мендан қудратлироқ зот бўлмайди. Сизнинг ўрнингизни эса, бошқа аёллар босиб кетади. Ҳолбуки, айни пайтда улардан тўрттаси ихтиёримда.

Маматғули тиғ учини Зебонинг томоғига ботирди. Қон сизиб чиқа бошлади. Ханжарнинг янада чуқурроқ ботиши ҳаммасига якун ясайди.

* * *

Бой уйқудан уйғониб керишди. Ён-атрофга қаради. На Маҳмуд ва на малика кўринди. Полиз оралаб юришгандир, деган хаёлда у чайладан чиқди. Йўқ, ҳеч қаерда уларнинг қораси кўринмади. Ёлғиз хизматкори ўчоқ бошида куймаланиб юрибди.

— Ў-ў, валак-салак! — бақирди Тўхтамишбой.

Толиб қаддини ростлади. Бойни кўрди-ю, қулт этиб ютинди. Кейин ёнига югургилаб борди-да, қаддини дол қилди.

— Бой ота, фалокат, бой ота! Хароб бўлдим! Адо бўлдим! — дея йиғлай бошлади у.

— Нега фалокат бўлади? Ким сени хароб қилди? — сўради Тўхтамишбой унинг гапларига ҳайрон бўлиб.

— Меҳмонларингиз ўта кетган қаллоб экан. Сиз, — деб Толиб бурнини тортиб қўйди, — уйқуга кетишингиз билан эр-хотин менга ташланиб қолишди. Обдан калтаклаб, бор егуликларни олиб кетишди. Ўзимдан кетиб қолибман, бой ота! Ҳеч ким мени шу кунгача бунчалик хўрлаган эмас, бой ота!

Тўхтамишбойнинг кўзи олайди. Қўли мушт бўлиб тугилди.

— Ҳароми! — ўкириб юборди у ва икки букилиб турган хизматкорнинг оч қорнига хиром этигининг учи билан шунақанги тепдики, шўрлик қулвачча икки одим нарига учиб кетди.

— Сен нонкўрнинг ҳали шу иккита итваччага кучинг етмадими?! Сени бўрдоқига боқиб, ҳўкиздай семиртириб юрибманми?! Ҳамма ёқни расво қилибсан-ку, ҳароми?!

Бой Толибнинг тепасига бориб, дуч келган жойига аямай тепди. Агар бурни билан қулоғидаги оғриқ забтига олмаганида, у хизматкорини хуморидан чиққунча урарди.

— Воҳ! Воҳ, жоним! — деди Тўхтамишбой кесаклар устига ўтириб, бир қўли билан қулоғини, иккинчиси билан бурнини ушлаб. — Қачон бу азоблардан қутуламан?!

Толиб ётган жойида бошини кўтариб бойга қаради. Унинг кўзидан дув-дув ёш оқарди. “Калтакни мен едим, менинг жоним оғриди. Нега энди бой ўзидан-ўзи уввос тортаяпти? Шунча зарурмиди ўша эр-хотин унга? Бойнинг бир гапи бўлган. Бекордан-бекорга уларни ухлатиб қўйишга чоғланмаган. Ҳа, нафсингдан осилгур”, дея ўйлади Толиб.

— Тур ўрнингдан, тур! — бақирди Тўхтамишбой. — Мурдага ўхшаб чўзилиб ётмай, қишлоққа юр, ҳароми!

Толиб инқиллаб-синқиллаб ўрнидан турди. Баданига ёпишган тупроқни сидириб қоққан бўлди. Тўхтамишбой эса жони чиққудек ўкирди:

— Мен дарддан итнинг азобини тортаяпман-у, сен ғаламис уст-бошингни тозалаш билан оворамисан?! Анави ширадан топ! Топ ширани!!! Ҳе, онангни!..

— Бой ота, ҳаммасини қозонга сол, деб айтгандингиз-ку ўзингиз.

— Опке ўшандан бир коса!

Толиб ўчоқ бошига югуриб кетди. Ичида бойнинг уруғ-аймоғининг авра-астарини чиқаргач, совиган суюқ овқатдан бир коса олиб келиб хўжайиннинг қўлига тутқазди. Бой қирқ кун овқат емаган оч одамдай бирпасда косани бўшатди.

— Яна! — деди идишни хизматкорининг қўлига тутқазиб.

Кетма-кет уч коса ичганидан кейин Тўхтамишбойнинг қорни тарвуздай каттариб, қулоқ-бурнидаги оғриқ бироз пасанда бўлди.

— Энди юр, зоти паст! Тағин оғриб қолмай қишлоққа етволайлик! — деди бой ва хизматкорга ҳам қарамай йўлга тушди. У узоқ юролмади, полиздан чиқар-чиқмас ҳансираб қолди. Бунинг устига, мешдек қорнидаги суюқлик чайқалавериб, биқинида оғриқ турди. Бой жиққа терга тушди.

— Валак-салак! — деди олдинда кетаётган Толибга.

Хизматкор тўхтаб ортига бурилди.

— Бу ёққа ке, итдан тарқаган, менга юришга ёрдам бер! Сендай текинхўрларни боқаман деб, отимдан ҳам айрилдим! — деди башараси буришиб кетган бой.

Толиб келиб унинг қўлтиғига кирди. Бойдан анқиётган бадбўй ҳиддан хизматкорнинг афти буришиб кетди. Аммо чидашдан бошқа чораси йўқ эди унинг.

Масофанинг ярмини босиб ўтганларидан кейин бойнинг яралари яна оғрий бошлади. Тўхтамишбой овоз чиқариб инқиллай бошлади. Бироздан кейин эса “оҳ-воҳ”лашга тушди. Энди уларнинг йўли унмасди. Ўн қадамча юриб тўхташар, бой ўтириб олиб, оғзига келган сўз билан сўкинарди. Охири чидамади, хизматкорига ярага ўралган латтани ечишни буюрди.

Толибнинг қўли қалтирарди. Яранинг устига ҳеч қандай малҳам сурилмаган, демакки, латта ёпишиб қолган. Уни иссиқ сувга ивитиб ечмаса, бой жон таслим қилиши ҳеч гап эмас. Бошқа одам бўлганда: “Ўлса-ўлар, шу билан қутулиб қўя қоламан”, деб аямай латтани юлқиб тортиб оларди. Бироқ кўзлари жавдираган Толиб бундай қилолмасди. У титраб, қалтираб, тугунни ечганидан кейин латтани авайлабгина тортди.

— Войдод!!! — деб жони борича бақириб юборди Тўхтамишбой. — Энангни эшшак тепгур, нима қилаяпсан?!

— Бой ота, бой ота! — деди қўрқиб кетган Толиб. — Ёпишиб қопти! Ёпишибди, бой ота!

— Онангникига ёпишадими, ифлос!..

Бой бошини ҳар ёққа силкитиб увиллаб йиғлар, чорасиз қолган Толиб унга жавдираб тикилиб турар, нима қиларини билмасди.

* * *

Зебонинг юзи докадек оқариб кетди. Маматғулининг башарасидаги қаҳр нафратга айланди.

— Йўқ, малика деганлари осонгина жон таслим қилмайди! Асирга тушгач, ит азобини тортишга маҳкум. Одатда, улар бекларга инъом қилинарди. Лекин бундан мен ўзим жабр кўраман. Тўрт жориям канизак ўрнида, сиз эса, маликам, уларнинг ўрнида неки хизмат буюрилса, ҳаммасини бажараверасиз. Қани, кўрайлик-чи, бу ойдай жамолингиздан нима қоларкан? — деди у пичоқни Зебонинг томоғидан олиб.

— Қўлингиздан жоҳилликдан ўзга иш келмаслиги аён. Билганингиздан қолманг. Аммо ўғлимни топиб бермас экансиз, менга суйкалишингиз бефойда. Икки дунёда ҳам каминага эга чиқолмайсиз, жаноби қароқчибоши! — деди Зебо унга тик қараб.

— Жондор! — бақирди Маматғули. — Ҳамма жорияларни ҳарамимга жам қил! Уларнинг юмушларини мана бу маликага юкла. Аёлларнинг кирларини ҳам у ювсин.

— Ўғлим!..

— Ўғлингни энди туққанингда кўрасан! Агар яна бир марта боланг ҳақида оғиз очсанг, туғилганингга пушаймон едираман! — ўшқирди Маматғули ва Жондор Алига юзланиб деди: — Нимага серрайиб турибсан, хумпар! Обориб ишлат. Паранжисиз кўрсам, сенинг каллангни оламан!

Жондор Али Зебони паранжига ўрантириб, олдига солиб тоққа бошлаб кетди. Маликанинг ортидан қараб қолган Маматғули бўйнини буриб тупурди-да, қамчиси билан хиром этигига уриб:

— Ҳали шошмай тур, ўзинг ялиниб-ёлвориб қўйнимга кирасан. Ўшанда сенга ўғлингни кўрсатаман! — деди.

Зебо йўл бўйи йиғлаб кетди. Ям-яшил қирлар, сойдаги зилол сувнинг шилдираб оқиши, дарахт шохларида тинимсиз сайраётган қушлар овози ҳам кўнглига таскин бермади. Малика Нурсултонни ўлдиришганда ҳам, Маҳмудни қора қонига белашганда ҳам қарғанмаган эди. Умрида илк бора қарғанди. “Бугундан ортма! Тўлғониб, қийналиб, товонингдан бошинггача яра-чақа босиб ўлгин!” Кейин бирдан тўхтаб, ортига ўгирилди. Чачвонини кўтариб:

— Узоқлашдикми? — сўради Жондор Алидан.

— Қаердан? — деди Жондор Али Зебонинг ҳусну жамолидан кўзини узолмай.

— Анави ер ютгур кўрмайдими бизни?

— Амир ҳазратларими?

— Ҳа, ўша.

— Йўқ.

— Сиздан сўрасам бўладими?

— Нимани?

— Агар мени қўйиб юборсангиз… Ҳаммасига рози бўлардим, ниятингизга етардингиз.

Бу гапни кутмаган Жондор Алининг ҳуши бошидан учди, беихтиёр орқасига ўгирилиб қаради. Чуқур нафас олди. Бу билан ўзининг нафсибадлигини сездириб қўйди. “Шошма, ҳали сендан кўп фойдаланаман. Юзбошингни ўз қўлинг билан йўқ қилдираман”, хаёлидан ўтказди Зебо. Айни дамда эркак зотининг кўзини ўйнатадиган табассумини Жондор Алига туҳфа этди.

— Маликам, — деди Жондор Али ҳовлиқиб, — ҳали мавриди эмас. Вақти келса, сизга ўзим маълум қиламан.

— Лекин унда кеч бўлади. Ишга ҳозироқ киришган маъқул.

— Шу ернинг ўзида-я!

— Шартимга кўнсангиз, жой танламаймиз.

— Шарт… Ўғлингизми?

— Шундай.

— Қуллар ишлаётган жойда одамим бор. Иккита. Боришимиз билан уларни чўлга жўнатаман.

— Келишдик. Мен боламни кўрсам бас, ихтиёрингизда бўламан. Тезроқ боламни топайлик.

Зебо чачвонини тушириб, илдам юриб кетди. Энди унинг кўнгли озгина бўлса-да, таскин топган эди. Ҳартугул, умид бор, ҳали қоронғи тушмаган, йиртқичлар изғийдиган маҳал эмас. Шояд гўдагини омон кўриш насиб этса…

Улар яна бироз юргач, булоқ бошига етишди. Яккам-дуккам тизза бўйи буталарни айтмаганда, кўзга кўринарли дарахт йўқ. Ўт-ўлан қовжираган, ҳамма ёқ тош. Қушлар сайрамайди. Қуёш қайтган, иссиқнинг тафтиям унчалик билинмайди.

Асир олинган савдогарлар тош қазиш билан овора. Аёллар улар қазиган тошларни булоқ бошига ташишаяпти. Ҳамманинг тинкаси қуриган, оёқларини судраб босади.

— Нега кам? — бақирди Жондор Али тошлар уюмини кўриб. — Ялпайиб ўтирибсанларми?! Ё менинг қорамни кўриб энди ишга тушдингларми?!

Қўллари қавариб кетган бир савдогар бошини кўтариб унга қаради.

— Биродар, ахир қазиш осон эмас…

Унинг гапи оғзида қолди, қароқчилардан бири аёвсиз савалай кетди. Шўрлик савдогар қамчи зарбидан ўкириб юборди. Зебонинг ёдига чўлдаги воқеа тушиб, титраб кетди.

— Урманг! — дея бақириб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.

Қамчини ҳаволатиб кўтарган қароқчи ажабланиб унга қаради. Шу лаҳза Жондор Алининг қамчиси ишга тушди, ҳавони кесиб, “шир” этиб тушган зарбадан Зебонинг елкасида оғриқ турди. У инграниб тиззалаб ўтириб қолди.

— Ҳамма аёллар пастга тушсин! — ўкирди Жондор Али. — Омадларинг чопди. Тўртовингнинг ўрнингга ҳам манави ишлайди энди, — деб Зебони қамчи дастаси билан туртди.

Иззат-икромдан ўзга муомалани кўрмаган маликанинг зарб еган елкасидан кўра юраги кўпроқ оғриди. У беихтиёр қазиб қўйилган тошлардан бирига энгашди.

Тўрт аёл бир қароқчи етовида пастга эниб кетди. Савдогар қуллар ишга тушишди. Зебо булоқ билан улар орасида тош кўтариб бўзчининг мокисидай бориб келарди. Жондор Али эса, хос навкарларидан бирини ёнига чақириб, қулоғига шивирлади. Собиқ навкар бошини қимирлатиб, “хўп… хўп”лаб турди-да, кейин югуриб бориб отига минди. Уларни зимдан кузатаётган Зебо қамчи зарбини унутгандай бўлди: “Ҳар қалай, сўзида турди-ку”. У ич-ичидан мамнун бўлиб, ғайрат билан тош таший бошлади.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

 

 

 

loading...