Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

0

Бурҳониддин айтган жойдан чодир ҳовлиси аниқроқ кўринар экан. Бунинг устига, чодирга кириб чиқаётганларни ҳам бемалол кузатса бўларкан.

Маҳмуд чодир ичидан чиққан иккита паранжили хотинни кўриб, юраги шув этиб кетди. Хаёлида биттаси Зебога ўхшаб туйилди. Бироз ўтиб, гулхан атрофидагилар қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишди. Маҳмуднинг ичида мавҳум бир хавотир илондек тинимсиз тўлғаниб азоб берарди. У тез-тез нафас олар, ора-чора: “Падар лаънатилар!” деб қўярди.

— Хўжайин! — чақириб қолди бир маҳал гулхан атрофидагилардан кимдир. — Айтганингиздай, ортганининг кўнглини олаверайликми?

Чодир ичкарисидан ҳам садо чиқди. Лекин овоз бўғиқ эшитилгани боис, Маҳмуд билан Бурҳониддин ҳеч вақони англашмади. Қароқчилар эса, тағин қаҳ-қаҳ отиб кулишди. Шом маҳали Маматғули тўртала жувонни олдига солиб чодирга киргизди-да, паранжиларини юлқиб олиб ташлади. Бунга ҳам қаноат қилмай, кўйлакларини ҳам ечишга мажбур қилди. Сўнг ортига бурилиб ташқарига чиқди-да, шотирларига: “Ёқмаганлари сизларга сийлов!” деди иржайиб. Одатда, у қовоғини осилтириб, гўё  бошқалар еб, ўзи қуруқ қолгандай хўмрайиб юрарди. Турқи-таровати кўпчиликнинг юрагига ваҳима соларди. Ҳозиргидай чиройи сал очилса, бошқалардаги қўрқув чекинарди. Шу боис гулхан атрофидагилар эмин-эркин сўз қотишди.

Ташқарига отилиб чиққан икки жувон қароқчилар чангалидан қутулмоқчи бўлиб типирчилаб, дод-вой солишди. Аммо бир тарсаки билан уларнинг унини ўчиришди. Ювош тортиб қолган ожизалар қорувли билаклар измида бошқа бир чодирга кириб кетишди. Маҳмуд Зебони кўрган ҳар қандай эркак уни бошқага бериб қўймаслигини билар, шу боис уни олдинги чодирда, деган хаёлда эди.

Ҳар икки чодирдан ҳам кетма-кет аёлларнинг чинқиргани эшитилди. Ана шунда унинг юраги тилка-пора бўлди. Ортиқ биқиниб ўтиролмади. Ерга энгашиб қўлига илинган нарсани олди-да, чодир тарафга отилди.

* * *

Тўхтамишбой чидолмай, ўрнидан ирғиб турди-да, боши оққан тарафга югура кетди.

— Бой ота! Бой ота! — қичқирди Толиб. — Қишлоқ бошқа томонда!

Тўхтамишбойнинг кўзи кўр, қулоғи кар эди. Вужудидаги оғриқ уни кўришдан, фикрлашдан бутунлай жудо қилганди. Қаппайган қорнини ликиллатиб оёғи юмронқозиқнинг инига тушиб кетиб, йиқилгунча югурди. Йиқилаётиб, қулоғимни эҳтиёт қиламан, деб бурнини ерга уриб олди.

— Во-о-о-о-й!!! — дунёни бузгудек ўкирди бой, бироқ бу билан оғриқ сусаймади, балки баттар зўрайди.

Қуён юрак Толиб эса, довдираб қолди. У Тўхтамишбойни турғазишга уринар, лекин бой унга куч бермас, ўнғай келган жойига дўппосларди. Бир муддат шу тахлит олишгач, ниҳоят, Толиб бойни амаллаб турғазди.

— Юринг, бой ота, бу ёғи оз қолди, — деди у хўжайинига ялинчоқ овозда.

Унинг бу муруввати ҳам, одатдагидек, жавобсиз қолмади.

— Сен ҳаромини энангникига тиқмасам, отимни бошқа қўяман! — ўкирди Тўхтамишбой кўзидан дув-дув ёш оқиб. Сўнг бошини хам қилиб, қўлидан ушлаб тортқилаётган Толибнинг етовига юрди.

Вақт алламаҳал бўлганда улар қишлоққа кириб келишди. Бой кўп бақирганидан, оҳ-воҳи тўхтамаганидан овози чиқмай қолганди. Шу боис энди ортиқ ўкиришга мажоли етмасди. Фақат уйга кириб боргач, бирин-кетин югуриб чиққан хотинларини ошириб сўкди. Сўнг хонасига кирди-да, ўзини тўшакка ташлади.

Қишлоқда Ҳамид исмли йигит бор эди. У жароҳатдан оқаётган қонни тўхтатишни биларди. Шайтонлашнинг давосини ҳам топарди. Шулар боис унинг исмига “табиб” қўшиб чақиришарди. Бироқ табиб бошқа нарсани эплаёлмасди. Ахир қандай эпласин, бирон жойда ўқимаган, табиблик сабоғини олмаган бўлса… Бироқ шунга қарамай, одамлар ундан нажот излаб бораверишарди. Бойнинг югурдакларидан бири табибникига қуюндай учиб бориб, оёғини ерга теккизмай олиб келди.

Ҳамид Тўхтамишбойнинг башарасига ўраб ташланган латтани иссиқ сув билан ҳўллаб юмшатди-да, оғритмай ечиб олди.

— Энангни эшак тепкур, Толибни чавақлаб ташланглар! — дея ўкирди бой бор овозда. — У менга итнинг кунини кўрсатди! Мана, бўларкан-ку оғритмасдан ечиб олса!

Ҳамид унинг гапига қулоқ ҳам солмади. Эҳтиёткорлик билан яранинг устини очди, ярадан йиринг сизиб чиқди. Табиб икки қулоғи ва бурнини обдан тозалагач, Тўхтамишбойнинг жони ором топди. Ниҳоятда ҳолдан тойган бой эндигина уйқуга кетгач, ишини уддалаганидан хурсанд бўлган Ҳамид ҳам уйига йўл олди.

Тонг оқариб келаётганда бойни тағин оғриқ безовта қилди. Бу гал дард бутун танани эгаллади. Бой уйнинг у бошидан бу бошига думалай бошлади. Хотинлари ороми бузилганидан диққат бўлишиб, югурдакларни оёққа турғазишди. Яна Ҳамид етиб келди. Бироқ энди унинг ҳам қўлидан ҳеч нарса келмасди. У энг сўнгги чорани қўллади — Тўхтамишбойга кўкнори ширасини ичирди. Бой ухлади. Одатда, қуёш бир терак бўйи кўтарилгунча донг қотиб ётадиган бойнинг бу галги уйқуси мангуга айланди.

* * *

Зебо омон қолишини ўйламади. Ҳатто қўрқувни ҳам ҳис этмади. Фақат бир бор: “Бегим, ўғлим!” дейишга улгурди, холос. Хаёлида улар билан ўтказган дамларни эслади. Кейин қушдай енгил учиб, тўғри сувга тушди. Қирқ йил қирғин бўлса-да, ажали етган ўлади, деганларидек, сойнинг айни икки қулочдан ҳам чуқурроқ ва юзаси кенг жойига Зебо оёғи билан тик тушганди. Малика омон қолди. Тўғри, у сувнинг тубигача кириб кетди. Аммо бу ҳам унга фойда берди, оёғи ерга теккан малика сув юзасига енгил кўтарилди. У сузишни билмасди. Сойнинг кучли оқими бағридаги сулувни саёз жойга суриб чиқариб қўйди. Зебо тезда ўзини ўнглаб ололмади. У сувни тинимсиз чапиллатар: “Вой ўлай, нима қиламан энди?! Нима қиламан?” дерди. Беихтиёр тепага қараб, юраги орқага тортиб кетди. “Шунча баланддан тушиб, омон қолдимми?” дея хаёлидан ўтказди. Зеро, Жондор Али бош қароқчилар ва яна учта савдогар қул тепада нўхатдек кўринарди. У шоша-пиша сувдан чиқиб, сой ёқалаб эниш тарафга югура бошлади.

Жондор Али ҳайратдан донг қотди. Шунча баландликдан сакраб, маликанинг омон қолганига ич-ичидан ҳам хурсанд бўлди, ҳам қойил қолди. Бироқ хаял ўтмай кўнглини хавотир эгаллади. Агар Маматғули маликанинг қочиб кетганини эшитса, уни тириклайин гўрга тиқади.

— Ушланглар! — бақирди у.

Овози ҳавога сингиб улгурмасидан қароқчилар жар ёқалаб югуриб кетишди. Ахир ким ҳам шундай гўзалдан айрилиб қолгиси келади? Ҳеч бўлмаганда, унинг хусни жамолидан баҳра олардилар, энди шундан ҳам мосуво бўлишадими? Йўқ, дарров уни тутиш керак. Улар ҳансираб югуриб боришаётганда рўпарадан яна бир тик тушган жарлик чиқди. Энди қанотлари бўлсагина маликани тутишлари мумкинлигига ишонишган қароқчилар тўхтаб қолишди.

Зебо талай муддат югурди. Кейин нафасини ростлаб, жарлик тепасига қаради: ҳеч ким кўринмади. Шундан сўнг аста-аста одимлаб юриб кетди.

Ниҳоят, жарлик қаддини букди, сув ёйилиб оқиб, қир-адир бошланди. Зебо тезроқ бир-икки адирдан ошиб, озроқ тин олгач, чўлга равона бўлишни мўлжаллади. Аслида, дам олиш у ёқда турсин, тўхташга ҳам фурсати йўқ эди Зебонинг. Лекин нима қилсин? Оёқлари қақшаб оғрирди. Бу аҳволда бирон жойда сулайиб ётиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. У иккинчи адирга зўрға кўтарилди. Бахтига, эниш тарафда ёлғиз ёнғоқ дарахти бор экан. Зебо унга етибоқ остига ўзини ташлади. Тани-жони яйрадики, “Оҳ!” — деди-ю, кўзларини юмиб шу заҳоти уйқуга кетди. Вақт чошгоҳдан ўтганди. Пешингача дам олишни мўлжаллаган Зебо қуёш қайтгунича кўзини очолмади. У уйқусида туш кўрди. Тушида шу ёнғоқ остида ётганмиш. Ёнига аёл деса аёлга, эркак деса эркакка ўхшамайдиган оппоқ либосда бир одам келибди. Юзлари, сочларини силабди. Зебо уни кўриб аввалига қўрқиб кетганмиш. Кейин қўрқув йўқолибди. Сийпалашлари ёқибди. Ўзини жаннатдагидай ҳис этармиш. Зебо: “Наҳотки ўлган бўлсам, — деб ўйлармиш тушида. — Оллоҳга шукур, дўзахнинг юзини қаро қилибди. Ўғлим қаерда экан? Ахир ўғлимни топмай, қандай жаннатга кироламан? Майли, мен дўзахга кирайин-у, болам жаннатда қолсин. Нега… энди уни ўлганга чиқардим? У ҳали улғаяди, набираларим бўлади. Эсиз, уларни кўриш насиб этмади-да”.

“Болангдан хавотир олма, Машриқ томонга боравер”, деган овоздан Зебонинг уйқуси тўзғиди. Кўзини очиб, оқ либосдаги одамни кўрди, у бир-бир босиб, кетиб борарди.

— Шошманг! — дея бақирди Зебо. — Боламнинг қаердалигини айтиб кетинг. Менсиз у қийналиб кетди. Кўкракларим сутга тўлган. Эмизмасам, оч қолади болагинам.

— Қизим, болангдан асло хавотир олма! У сен орзу қилгандай йигит бўлади. Уйғонганингдан кейин Машриққа қараб боришни унутма, — деб шарпа кўздан ғойиб бўлди.

Зебо “Машриққа… Машриққа…” дея такрорларкан, ўрнидан туриб атрофга аланглади. “Ухлаб қолибман… Энди боламни қандай топаман? Чўлга етгунимча қуёш ботади… Қизиқ, ғалати туш кўрдим”, дея ўйлади у. Кейин нима қиларини билмай, боши қотди. Ичи ёниб ётарди, боласини кўрмаса бўлмайди. Лекин тушига ишонса… Таваккал қилди. Машриққа равона бўлди.

Зебо бор-йўғи уч қир ошди. Толиққан қуёш ётоғига йўл олаётганида бир кулбага дуч келди. Кулба атрофида яланглик, на бир дов-дарахт, на бир бута… Чангиб ётган бийдай чўл ўртасидаги бу кулба Маҳмуднинг уйига жуда ўхшаб кетарди. Зебо бир муддат ўйланиб турди. Сўнг секин ичкарига мўралади.

Каталакдай ҳужранинг кун ботаридаги туйнукдан шуъла тушиб турарди. Хонанинг ўртасида эса бир чол эшик тарафга қараб ўтирибди.

— Кимсан? Киравер тортинмасдан, — деди чол.

Зебо бутунлай довдираб нима қиларини билмай қолди. Ичкарида одам борлигини хаёлига келтирмаганди.

— Киравер, болам, менинг кўзим кўрмайди. Сезяпман, болам, эшикнинг ёнида турибсан. Ёмон ниятли эмассан.

— Ассалому алайкум, — деди Зебо.

— Эй, қиз боламисан? Бу қашқирлар маконида қиз бошинг билан нима қилиб юрибсан?.. Майли, нима бўлгандаям ичкарига кир-чи.

Зебо беихтиёр унинг гапига бўйсунди, бироқ бўсағада тўхтади. Ичкарига киришга юраги дов бермади.

— Ўтир, қизим. Кўрпача ёз, дердим-у, лекин ўзим ҳам ерда ўтирибман. Кўрпачани унутганимга кўп бўлган, — жилмайди чол.

Унинг кўксига тушиб турган соқоли деярли оқариб кетганди. Юзини ажин босган, бошидаги салласи қора тусда эди. Балки, вақт ўтиб қорайиб кетгандир… Кўзлари юмуқ, эгнидаги яктагининг беш-олти жойи йиртилганди. У ўтирган ҳужранинг ҳавосидан кўнгил айнирди.

— Ҳечқиси йўқ, ота, — деб Зебо нигоҳини ерга тикди.

— Энди айт, қизим, қаерликсан, бу ерларда нима қилиб юрибсан? Кимнинг қизисан? — сўради чол қўлини тиззасига қўйиб.

Зебо нима деярини билмай, бир муддат тараддудланиб қолди.

— Ҳеч кимга айтмаган гапларингни бемалол айтавер менга, болам. Чунки менга айтадиган гапингни қумга сингган сувдай ҳеч ким эшитмайди. Лозим топмасанг, майли, ҳеч нима дема.

— Ота, хабарингиз борми-йўқми, шу атрофда қароқчилар бор экан. Мен эрим билан бирга, бундан бехабар, сафарга чиққандим. Йўлда тутиб олишди. Эримни ҳушидан кетгунча калтаклашди. Кейин мени болам ва эримдан айириб олиб кетишди. Ўғлим ҳам эримнинг ёнида — чўлнинг ўртасида қолиб кетди. Мен қароқчиларнинг чангалидан аранг қочиб келдим, — деб кўз ёшини артди Зебо.

Чол чуқур хўрсинди. Кейин ажин босган манглайини озғин бармоқлари билан силади.

— Фарзанд доғи ҳар қандай одамнинг қаддини букади, қизим. Лекин қароқчилар эрингни ўлдиришмаган экан, иншооллоҳ, у ўзига келиб, болангни ҳам омон сақлагандир. Мен тоғни урса толқон қиладиган бир арслон йигитнинг жон таслим қилаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Шоҳнинг навкарлари унга ҳар томондан найза санчишди. Кўкрагидан отилаётган қонни эсласам, қоронғи дунём баттар зимистонга айланади. Додимни кимга айтишни билмайман, қизим! — деди чол. Унинг сўқир кўзидан айни дамда ёш оқарди. Йиғламсираб гапираётганидан лабларини қимирлатганида титраб кетарди. — Ўз қўлим билан кўмдим ўғлимни. Эртасига сен кўриб турган аҳволга тушдим. Баъзан боласининг ўлимини энаси кўрмай кетганига шукр қиламан, Манзура ўғли балоғатга етмай қазо қилган…

Зебо кафтларини юзига босиб, додлаб юбормаслик учун тишини тишига босди.

— Ҳай, қизим, мени кечир, сенгаям дардимни дастурхон қилдим. Ҳадемай, қўйларим келиб қолади. Ақлли қўйлар, сут беради. Навбатма-навбат туғади жониворлар. Азалдан шундай. Шу жониворларнинг сути билан жон сақлаб юрибман-да, — деди чол жилмайишга уриниб.

Бу гапларнинг бирортаси ҳам Зебонинг қулоғига кирмас, хаёли Муҳаммад мирзода, назарида, чақалоғи муштдек бошини қимирлатиб йиғлайверганидан ичи куйиб кетгандай туюлади. У ўрнидан туриб, ташқарига югуриб чиқди.

— Қизим, қаёққа кетаяпсан?! — дея бақирганча қолаверди чол.

Зебо кулбадан чиқди-ю, қотиб қолди. Кейин тиззалаб ўтириб, юзини кафти билан бекитиб:

— Бола-а-а-а-м!!! — дея бақирди. Унинг овози узоқ-узоқларга кетди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

 

 

 

loading...