Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

0

* * *

Маҳмудни шу заҳоти Бурҳониддин белидан қучоқлаб қолди.

— Қўйвор! — деди Маҳмуд ғазаб билан. — Ҳозир сениям чавақлаб ташлайман, ярамас, қўйвор!

— Биродар, ўзингизни босинг. Бекорга нобуд бўласиз. Аввал тагига етайлик. Барибир, агар сиз ўйлаган иш содир этилган бўлса, кеч қолдингиз. Қасосга шошсангиз, ўзингизга жабр қиласиз. Кутайлик.

— Имм! — деб сочини юмдалади Маҳмуд ва чорасиз ўтириб қолди.

Тонггача қароқчилар чодир олдидан жилмади. Сарбозлар навбатчилик қилиб, қоровулликда туришди. Қулай вазиятни кутган икки шоввоз дарахтлар тагида чодир томон термилиб ўтираверишди. Чодирдан сув тўккани бир аёлнинг чиққанини ҳисобга олмаганда, эътиборни тортадиган бошқа воқеа содир бўлмади. Лекин сувнинг тўкилиши ҳам Маҳмудга етиб ортди, унинг эркаклик шаънига оғир ботди.

Фақат тонгга яқин улар уйқуга кетишди. Қуёш чиққунича ухлашди. Уйғонишганида эса, Маматғули чодир ташқарисида юрар, қўриқчилар қаёққадир ғойиб бўлишганди.

— Бундан қулай вазият бўлмайди, — деди Маҳмуд Бурҳониддинга, — қўққисдан бостириб борамиз, қўлида қиличиям йўқ экан. Кучимиз етади.

Қўлини орқага қилиб, у ёқдан бу ёққа юрган қароқчилар бошлиғи чодирга кириб кетди. Шу пайт Маҳмуд билан Бурҳониддин иккови чодирнинг икки томонидан унинг эшигига яқинлашишди. Бараварига ичкарига бостириб киришмоқчи эди, аммо улгуришмади. Маматғулининг ўзи чиқиб қолди. Аввал унга Бурҳониддин ташланди. Умрининг ўн йилини навкарликда, беш йил ўнбоши, ундан кейин юзбошиликда ўтказган Маматғули кўп марта бундай аҳволга тушганди. Қўққисдан қилинган ҳужумга бемалол чап бера оларди. Ҳозир ҳам тез ва эпчил ҳаракат билан Бурҳониддиннинг ҳамласини даф қилди. Аммо бўйни аралаш елкасига теккан калтак зарбини ўтказиб юборди.

— Аҳ! — Маматғули зарба теккан елкасини ушлади. Шу заҳоти Маҳмуд яна бир марта унинг бошига таёқ билан туширди. Маматғулининг кўз олди қоронғилашиб, юзтубан йиқилди.

Қўлидаги таёқни улоқтириб юборган Маҳмуд ўзини чодир ичкарисига урди. Иккита паранжили аёлга кўзи тушган заҳоти уларнинг паранжисини юлиб ташлади.

— Хайрият! — бақириб юборди у, чунки аёлларнинг ҳеч бири Зебога ўхшамасди.

— Малика қани?! — сўради у шошиб. Аёлларнинг ранглари оқариб, киприклари пирпиради.

— Қани малика?! — дея овозини кўтариб сўради Маҳмуд жиғибийрон бўлиб.

— Тепада, ишлаяпти у, — деди жувонлардан бири тилга кириб.

Маҳмуд югуриб ташқарига чиқди.

— Зебо бу ерда йўқ, у тоғда экан, — деди Бурҳониддиннинг елкасидан тутиб.

— Қочдик унда, ҳализамон қароқчилар келиб қолишади, — дея унинг кўзига тикилди Бурҳониддин.

Улар дарахтзор оралаб кетаётганида, ҳақиқатан ҳам, икки қароқчи от чоптириб келарди. Улардан бири Жондор Али Маматғулига тавба-тазарру қилиб, маликанинг қочиб кетганини айтмоқчи эди. Лекин хўжайиннинг бошидан қон оқиб, ҳушидан кетиб ётганини кўргач, отидан сакраб тушди-да, юзтубан Маматғулини қучоқлаб ўнгариб қўйди-да:

— Амирим! Амирим! Сизга нима бўлди, амирим? — деди ҳовлиқиб.

Маматғули кўзини очди. Қараса, рўпарасида Жондор Али.

— Ушланглар! — деди у афтини бужмайтириб. — Қочиб кетмасидан тутинглар уларни!

Жондор Али атрофга аланглаб, ҳеч кимни кўрмади.

— Кимни тутайлик, амирим? Ҳеч ким йўқ-ку, — деди ҳайрон бўлиб.

— Улар икки киши. Шамширимни келтиринг! — дея Жондор Алига суяниб қаддини ростлади Маматғули. Аммо шу заҳоти боши айланиб, йиқилиб тушаёзди. Яхшиямки, ёнгинасида Жондор Али турган эди.

Чодирга кириб чиққан қароқчи Маматғулининг қиличини унинг қўлига тутқазди.

— Ҳозироқ ёнғоқзору арчазорларни ахтаринглар. Тепадан навкарларни бошлаб келинглар! — буюрди Маматғули.

Жондор Али билан бирга келган йигит ирғиб отига минди-да, қамчи босиб, елдай учиб кетди.

Маматғули ҳам ўзини ўнглаб, Жондор Али келтирган отга минди.

Бу пайт Маҳмуд билан Бурҳониддин тўхтовсиз тоғ тарафга югуришар, Маматғулининг ҳушидан кетганидан фойдаланиб, маликани қутқаришга ошиқишарди. Лекин ёнғоқзору арчазорларнинг охири кўринмасди. Қалин дарахтлар орасида тез юриш қийинлашарди. Улар шу юришда сўқмоқ йўлга дуч келишди. Шох-шаббаларга урилиб, оёқлари сирпаниб, иккиси ҳам ҳолдан тойганди. Шу боис эҳтиёткорликни унутишди. Уларнинг назарида, Зебо тоғ тепасида кутиб тургандек, етиб бориб қўлидан етаклаб олиб кетадигандек. Бир муддат юрганларидан кейин орқадан от туёқларининг дупури эшитилди. Ўгирилиб қарашга улгурмасидан отлиқ кўринди. Чавандоз ҳам уларни кўрди ва шамширини қинидан суғуриб:

— Тўхта! — дея ўкирди.

Маҳмуд энгашиб, қўлига тош олди. Тулпор устида ўтирган суворийни ёнига йўлатмаслик учун тошбўронга тутди. У улоқтирган тошлардан биттаси отнинг бошига, иккинчиси кўксига тегди. Тулпор тўхтаб, олд оёқларини кўтарганча кишнади. Кейин олдинга талпинмоқчи бўлганида, яна тош ёмғири остида қолди. От ўзини у ёқдан бу ёққа ташлади. Устида ўтирган чавандоз мувозанатини йўқотиб, кутилмаганда қулаб тушди. Қароқчи шамшир, қасоскорлар эса тош билан қуролланган. Жанг бошланиб кетди. Тулпоридан айрилган чавандоз учиб келган битта тошга чап берди. Иккинчи марта ҳам энкайиб қолди. Бироқ учинчисига улгурмади, терс бурилган чоғда тош нақ белига урилди.

— Вой, итдан тарқаганлар! — бақириб юборди у оғриқ зарбидан. Шу пайт елкасига ҳам тош тегди. Қароқчи ғазабланиб, қиличини ташлади-ю, оёқ остида қалашиб ётган тошларга ёпишди. Бироқ у бошини кўтариб улгурмай, Бурҳониддин улоқтирган муштдек тош қароқчининг орқа миясига тегди ва уни ерга қулатди.

Маҳмуд ҳам, унинг шериги Бурҳониддин ҳам қонига бўялиб ётган қароқчининг тепасига бормади. Унга ортиқ зарба беришмади. Акс ҳолда, яна битта йўлтўсар нариги дунёга равона бўларди. Йўқ, улар шошишаётганди. Эртароқ Зебони қутқаришни исташарди. Савдогар қуллар билан бирга Зебони қароқчилар қўриқлаётгани уларнинг хаёлига келмас эди.

Ниҳоят, улар сойнинг охири — қўлтиққа йиғилиб, баландлаб кетадиган жойга етиб келишди. Икки ёнининг тўғриси тоғ, қасоскорлар турган жойнинг орқаси эниш эди.

Маҳмуд арча тагида ётиб, ишлаётганларни бирма-бир кузатди. Уларнинг орасида бирорта ҳам аёл кўринмасди. Ҳафсаласи пир бўлиб, ортига қайтаётганда икки қароқчи от чоптириб ўтди. Яхшики, улар атрофга алангламасди. Йўқса, арча остида ётган йигитларни бемалол илғаши мумкин эди.

Отлиқлар уларнинг ёнгинасидан ўтиб кетишди. Бири бошини рўмол билан танғиб олган Маматғули, иккинчиси Жондор Али эди. Улар булоқ бошига етишлари билан отнинг жиловини тортишди. Қароқчилар югуриб келишиб, бири Маматғули, иккинчиси Жондор Али минган отнинг жиловини ушлади. Ҳар иккала бошлиқ отларидан сакраб тушишди.

— Қани малика?! — сўради Маматғули қўриқчилардан.

Қароқчилар Жондор Алига қарашди. Ўнбоши бирдан амир ёнига тиз чўкиб, бош эгди.

— Ҳазратим, мени ўлдиринг! Шу пайтгача сизга айтолмай келаётган эдим. Малика ўзини жарга ташлаб юборди, — деди у.

— Нима?! — кўзлари ола-кула бўлиб кетди Маматғулининг. — Жарга ташлади?!

— Шундай, амирим. Ғафлатда қолибмиз!

Маматғули шамширининг дастасидан ушлади, аммо қинидан суғурмади. Ниятидан қайтиб, қамчисини ҳавога кўтарди:

— Ўлдими? — деди шаштидан тушиб.

— Худо ярлақаган аёл экан, амирим. Тўғри сувга тушди. Сувдан чиққанини ҳам, жарликни ёқалаб қочганини ҳам кўрдик. Уни кузатиб бордик. Афсус, олдимизда яна бир жарлик чиқди, уни айланиб ўтиш жудаям мушкул эди.

— Аёл киши жарга сакраб, омон қолибди-ю, сенларнинг бирортангнинг қўлингдан келмабди-да бу иш. Ҳайф эркак деган ном сенларга! Ҳамма асирлар пастга тушсин. Ҳозирча чодирларда яшаймиз, — деди Маматғули ва бошини эгганча бир-бир босиб булоқ бошига борди-да, тошларнинг устига ўтирди. “Худо уни не бир фалокатдан омон сақлабди. Қидириш ўринсиз. Бошга кулфат келади… Бу ёғи биргина карвонни таладим. Ўлжа ёмон эмас. Лекин ётиб еганга тоғ ҳам чидамас. Навбатдаги карвонни босмоғим зарур”, дея ўйлади у ва сал нарида қоққан қозиқдай турган Жондор Алини ёнига чорлади.

— Хизматингизга тайёрман, — деди Жондор Али қўлини кўксига қўйиб.

— Бир нарсани ўйладим. Сенинг фикрингни билай-чи, нима дейсан? — дея Маматғули қаддини ростлаб чуқур нафас олди.

— Ўйлари, қарорлари қутлуғ бўлсин, хожам!

— Бизга асир тушган савдогарларни сафимизга қўшиб олсак, қандай бўларкан?

— Амирим, ақлингизга тасанно! Аммо фикри ожизимча… асирларнинг хатти-ҳаракатларида озгина шубҳа бормикин?.. Яъниким, улар биздан аламзада. Баски, қулай пайт туғилди дегунча бизга панд бериб қолишадими, деган хаёлдаман.

— Тўғри айтасан. Ақлингни бир синамоқчийдим. Ортиқча нонхўрларнинг бизга кераги йўқ. Бироқ қўйиб юборсак, подшо навкарларини бошлаб келишади. Шу боис қатл этганимиз маъқул. Жар лабига обориб, барининг бошини танасидан жудо қилинг, — деб Маматғули ўрнидан туриб, отига минди. Ҳукм ижросини кузатмасдан тулпорни ниқтади. Аммо булоқ захидан эмиб кўкка бўй чўзган арча ёнига борганида жиловни тортиб, отни тўхтатди. Арча остида Маҳмуд билан Бурҳониддин ерга қапишиб ётишарди.

Уларнинг бахтига Маматғули кўп турмади, тулпоридан кўз узмаган кўйи “чуҳ” деди. У бироз узоқлашгач, Маҳмуд билан Бурҳониддин ердан бошларини хийла кўтариб, қароқчилар қулларни жар лабига ҳайдаб боришаётганини кузатишди. Кейин икковиям юзларини ерга босиб кўзларини юмиб олишди. Зеро, одам бошини узишдек аянчли воқеани кўришга юраклари бетламади. Айниқса, Бурҳониддинга қийин бўлди. У қатл этилаётганларнинг барини танир, улар билан ҳамсуҳбат бўлган эди. Бир неча лаҳзадан кейин улар дунёни тарк этишади. Кошки, қўлидан бир чора келса… Ҳеч бўлмаганда бирортасини асраб қололса… Афсус! Минг афсус!.. Қутқараман, деб уларнинг қисматига шерик бўлиб қолиши тайин. “Қонингни ичаман! Ўлдираман! Жонимга тегиб кетган эдинглар! Қутуладиган бўлдим!” дея ўкирарди қароқчилар. “Падар лаънатилар, ҳеч қурса, бечораларни қандай қилиб ўлдиришингни айтма. Индамай қилич торт, сезмай қолсин. Ўлимни қарши олиш қанчалик оғирлигини билмайсанми, нодон? Қаёқдан ҳам билардинг бошингга тушмаган бўлса?”

Маҳмуд чуқур хўрсиниб қўйди. Унинг ичидаги сўниб бораётган чироқ қайта аланга олди. Зебога ит тегмаган, у қочиб кетган. Фақат энди уни топиш зарур. Иккинчидан, савдогарларнинг қатл этилишидан юраги эзилди. Бироқ у ҳам Бурҳониддин каби чорасиз эди. Бош эгиш ва Худонинг қарғишига учраган бу жойдан тезроқ узоқлашишни ўйларди у.

Аммо хавф ҳали бутунлай бартараф бўлмаган. Маматғули осонгина жон берадиганлар тоифасидан эмасди. У бошқаларга ибрат бўлсин, деб атай қатлгоҳдан узоқлашиб, пастликка энганди. Қилич яланғочлаб, кутилмаганда ўзига ҳамла қилган икки шоввознинг йўлини пойлаётганди. Мўлжалича, ҳамлакорлар шу томонда эди. Чунки Жондор Али билан бирга ёнига келган йигитнинг қонга бўялиб ётганини кўрди. У топшириқни бажариш учун кетаётган эди. Шундай алп йигит отдан қулабдими, демак, Маматғулининг жонига қасд қилганлар жанг ҳадисини олган… Ҳартугул, Маматғулининг хотирасида қолгани — савдогар қулларникига ўхшаш кийимда эди улар. Демакки, ҳар икковиям у асирга туширган савдогарлардан. Лекин қароқчиларнинг кўзини шамғалат қилиб қандай қочишди экан? Нега энди қутулганларига шукр қилмай, чодирга бостириб келишди?.. Эҳтимол, ўч олиб, сўнг жуфтакни ростлашни мўлжаллашгандир… “Тавба, қасд оламан, деб ҳаётини қил устига қўйиш шартмиди? Ахир икковиниям калласини сапчадай узишим мумкин эди-ку… Хўп, мени йиқитиб, ҳушимдан кетказдинг. Нега ўлдирмадинг? Бир умр эслаб юрсин, дедингми? Ҳар сафар савдогардан мағлуб бўлганим ёдимга тушганида ич-ичимдан эзилишимни истадингми, ярамас?!”

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

 

 

 

loading...