Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

0

У ўз ўйларидан ўзи тутақиб, яширинганларни топиб, қиймалаб ташлагиси келарди. Ғазабига чидолмай ўзи суяниб турган ёнғоқни тепди. Шу қўполлиги билан у айни дамда қўнишга шай турган омад қушини ҳуркитиб юборганди. Чунки икки қадам наридаги одам бўйи келадиган бута тагида турган қуён ўтакаси ёрилгудек “шатир-шутур” қилиб қочишга тушди. Бу пайтда Маҳмуд билан Бурҳониддин хаёлларига эрк берганча жуда яқин келиб қолишганди. Кутилмаган товушдан уларнинг капалаги учиб кетди, беихтиёр тўхташди.

— Нима гап? — сўради шивирлаб Бурҳониддин бир одим олдиндаги Маҳмуддан.

— Билмадим. Пойлайлик-чи, балки… — деб Маҳмуд Бурҳониддинга ўгирилиб қаради.

— Маъқул, ҳар қалай, сабр зиён келтирмас.

Иккиси секин ўтиришди. Атрофдаги дарахтларнинг шохлари сийрак эди. Думи билан чивин ҳайдаётган отга Маҳмуднинг кўзи тушди.

— Юзбоши айёрлик қилибди, — деди у Бурҳониддиннинг қулоғига шивирлаб, — оти турибди. Ўзиям шу атрофда бўлса керак. Орқамизга қайтиб, айланиб ўтамиз.

Бурҳониддин бош қимирлатиб тасдиқ ишорасини қилди.

Икки қасоскор кун пешиндан оққанида сойдан чиқиб кетишди.

* * *

Орадан ўн етти йил ўтди. Шунча вақт Зебо кўзи ожиз қариянинг хизматида бўлди. Чўпонлик қилди, қўй соғиб, тирикчилигини ўтказди. Баъзи-баъзида узоқ-узоқларга термилиб, ҳавони ҳидлар, шунда ўғлининг бўйи келаётгандек энтикарди…

Маҳмуд эса дарвеш қиёфасига кириб қолди. Унинг бормаган қишлоғи, Зебони сўроқламаган одами қолмади. Лекин севикли ёрини ҳеч қаердан тополмади. Муҳаммад мирзо эса, эр йигит бўлиб улғайди. Аҳмад бобо туну кун унга таълим берди. “Умрим поёнига етиб қазо қилсам, мана шу жасур, зукко, арслон келбатли йигит менинг ўрнимни эгаллайди. Одамлардан қўлидан келган ёрдамини аямайди”, деган ўйда эди у. Аммо дунёвий-диний билимларни пухта эгалласа-да, Муҳаммад мирзода жанг санъатига иштиёқ устун келди. Ўзига устоз ҳам топди. Нурсултоннинг моҳир навкари Давронқул шоҳнинг қўшини билан жангда оғир яраланиб, тасодиф туфайлигина омон қолган, бир неча йиллик сарсон-саргардонликдан сўнг Аҳмад бобонинг қўналғасидан бошпана топганди. Муҳаммад мирзо Халил мерган исмли шу одамдан жанг санъатини ўрганиб, кейинчалик собиқ навкардан ҳам ўзиб кетди. Муҳаммад кимнинг фарзанди эканлигини яхши билган шайх унинг мумкин қадар уламолик илми билан кўпроқ шуғулланишини истарди. Бироқ ҳар неки ўз аслига қайтганидек, Муҳаммад Мирзо томирларидаги қон ҳам аста-секин уни ўз наслига хос хислатлар томон торта бошлади. Бу пайтга келиб, эл-улус аҳволи танг бўлиб қолганди. Маматғули бошчилигидаги қароқчилар қутуриб кетган, энди улар нафақат карвонлар, балки шоҳ қўшинларига ҳам ҳамла қила бошлаган эди. У хунрезликни авжига чиқариб, таланган карвонлардаги ёш болалар, қария ва аёлларни аёвсиз қиличдан ўтказарди. Бир сафар Аҳмад бобонинг қўналғасига яқинлашиб қолган карвонга ҳужум қилди. Шайх ҳам, Муҳаммад мирзо ҳам воқеани ўз кўзлари билан кўришди. Муҳаммад мирзо қилич яланғочлади, лекин босқинчиларга қарши боришига Аҳмад бобо йўл қўймади.

— Болам, уларга Худо бас келмаса, бандаси бас келолмайди. Бекорга жувонмарг бўлиб кетма, — деб кўзига ёш олди шайх.

— Ота! — деди томирида қони кўпирган шаҳзода. — Қачонгача чидаш мумкин? Ахир ўзингиз ёмонликка қарши курашиш кераклигини уқтирган эдингиз-ку! Беҳуда тўкилаётган қонни кўриб, қандай чидаш мумкин?

— Ваҳшийликни касб этганлар куни келиб, албатта, жазо олажак. Бу дунёда бўлмаса, у дунёда, — жавоб қайтарди Аҳмад бобо.

Муҳаммад мирзо қўлидаги шамширни ташлаб, ҳужрага кириб кетди. Кўксини ерга бериб, узоқ ётди. Қайтиб уйдан чиққанида шашти тушган, кўзларидаги шахт ўрнини ўйчанлик эгаллаганди.

У чорпояда бошини эгиб ўтирган маънавий падарининг ёнига борди. Муҳаммад мирзо ҳали бирор марта Аҳмад бобони бу даражада ғамгин кўрмаган эди. Ҳар қандай вазиятда ҳам чол мулойим жилмайиб қарарди. Лекин бу сафар бошқача. Муҳаммад мирзо ёнига бориши билан шайхнинг кўзи ёшланди.

— Ота, — деди унинг кўз ёшига чидаб туролмаган мирзо, — рухсат этинг, қароқчиларни даф этайин.

— Ўғлим, — деди шайх кўзидаги ёшни енги билан артиб, — уларни даф этганинг билан қон тўкилишини тўхтатиб қололмайсан. Балиқ бошидан айнийди, дейди машойихлар. Калаванинг учи шоҳларда, шаҳзодаларда… Янаям аниқроғи, маликаларда. Бу кўргиликлар уларнинг калта ўйлаши, меҳр-оқибатни унутиб, мол-дунё, роҳат-фароғатга ружу қўйганидан. Канизакдан туғилган фарзанд ҳам, маликадан туғилгани ҳам шаҳзода мақомида бўлишини унутма… Аёллар жанги кетаяпти шоҳ саройида.

— Ота, изн беринг, лашкар тўплайин.

Шайх ялт этиб Муҳаммад мирзога қаради, йигитнинг кўзларида ўт чақнади. Шайх сезди: куч-қудрат соҳибларидаги каби бу ўт ҳеч қачон сўнмайди. Маълум муддат ловулламаслиги мумкин. Кейин шунақанги аланга оладики, ўчиришнинг иложи бўлмайди.

Шайх жавоб қилмади. Секин ўрнидан туриб, осмонга қаради.

— Намоз маҳали бўпти, — деди паст овозда ва таҳорат олгани кетди.

Ҳар не бўлганда ҳам, шайх рухсат этмаган ишга киришмасликни одат қилган Муҳаммад мирзо бу ҳақда унга бошқа сўз очолмади. Бошини хам қилиб, китоб мутолааси билан машғул бўлди. Харита чизди. Харитада икки душман томонининг жанггоҳга тўплангани акс эттирилганди. Мирзо гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга ўтар, талафотсиз енгмоқ йўлларини қидирарди.

Орадан уч кун ўтиб, бир отлиқ йигит келди. Улов худди эгаси каби терга ботганди. Ҳориган йигит чорпоядаги идишдан сув ичди. Сўнг ҳалигача ўзига келолмай юрган Аҳмад бобога таъзим қилиб, икки кундан кейин шу жойдан карвон ўтажагини айтди.

— Йўл ўта хатарнок бўлиб қолди. Шу боисдан, эҳтимол, сафарга чиқиш ножоиздир, — деди унинг сўзларини диққат билан тинглаган шайх.

— Ҳазратим, шаҳарда мол танқис. Нарх-наво осмонга чиқиб кетди. Шу боис бу сафарги савдо карвонини шоҳнинг лашкарлари қўриқлаб келадиган бўлди, — деди йигит.

У талай муддат ётиб дам олгач, яна тулпорига миниб, йўлида давом этди.

Муҳаммад мирзо қанчалик истамасин, барибир, шайх унинг қароқчиларга қарши уришишига йўл қўймасди. Чошгоҳ маҳали тулпорини эгарлади. Қилични камарига танғиб, чўл тарафга от қўйиб кетди.

У карвон йўлида бироз юрди. Атрофни кузатди. Ниҳоят, оғир одимлаётган туялар қаторига кўзи тушиб, яширинди. Чунки шоҳ навкарлари уни қароқчи деб ўйлаши мумкин эди.

Карвон рўпарасига келгач, у секин-аста туялардан ўтиб ҳам, ортда қолиб ҳам кетмай, отида кетаверди. Орадан бир қумғон қайнагулик вақт ўтди. Ногаҳон Муҳаммад мирзонинг кўзи тоғ томонда кўтарилган тўзонга тушди. Қиличини қинидан суғуриб, карвон қўриқчиларига қаради. Улар бамайлихотир: на сўзиқ чалинди, на туялар карвони тўхтатилди.

Бир муддатдан сўнг қароқчиларнинг қораси кўринди. Шунда ҳам карвон йўлида давом этаверди. Қароқчилар яқинлашиб қолгандан сўнггина қий-чув бошланди. Муҳаммад мирзо от бошини карвон томонга бурди, лекин қамчи босмади. Тулпор секин-секин юришда давом этди. Қароқчилар карвонга етган маҳал йигит отига қамчи босди.

Муҳаммад мирзо қийқириқ, бақир-чақир авжига чиққан жойга етиб келганида шоҳнинг лашкаридан беш-олтитаси жон таслим қилишга улгурганди. Қароқчилардан ҳам қонига беланиб, ерда чўзилиб ётганлари бор эди. Мирзо жангга кирди. Унинг руҳий қуввати тўлиб-тошар, лашкарлар қароқчилардан жисмонан бақувват бўлсалар-да, улар тадбир қўлламас, бир-бирларига ҳамла қилиш учун тик ташланишарди. Муҳаммад мирзо эса, аксинча, кўзи ғазабдан ёнган қароқчига яқинлашгач, бурилиб ортига қочар, сўнг ўнгланиб ўзини ҳимоя қиларди. Шу тариқа рақибини яккалаб қўйиб маҳв этиш унга хийла осон кечарди. Унга бу амал сирини Халил мерган ўргатганди.

Қароқчилар бирин-кетин отларидан ағанай бошлади. Муваффақият шоҳ лашкарларига қўшилган Муҳаммад мирзо томонга ўтди. Қароқчиларнинг талофатга юз тута бошлагани сезилиб қолди. Улар секин-аста қочишга тушишди. Карвон қўриқчилари ҳайқиришиб, уларнинг ортидан талай жойгача қувиб бориб, кейин ортга қайтишди. Муҳаммад мирзо эса ўзи келган томонга қайтиб кетди.

У маконига етмай туриб қиличини яширди. Сўнг отни боғлаб, ҳужрага кириб, кийимларини алмаштириб чиқди. Чинор остида тасбеҳ ўгириб ўтирган Аҳмад бобо унга кўзи тушиши билан:

— Ўғлим, бу ёққа келинг, — деди.

Мирзо унинг ёнига бориб тиз чўкди. Аҳмад бобо тутинган фарзандига бошдан-оёқ разм солгач:

— Терингиз ҳали қотмабди, болам, қаёқлардан келаяпсиз шошиб? — дея сўради.

Муҳаммад мирзонинг юраги шув этиб кетди. Бир зум тили калимага келмади. Сўнг чангалзорга борганини баҳона қилди.

— Шошибсиз-да, ўғлим, — деди Аҳмад бобо ва: “Бўлди, бўшсан, кетавер” дегандек кўзини қўлидаги китобга тикди. Мирзо нима қиларини билмай туриб қолди. Бу унинг учун оғир жазо эди. Бундан кўра шайх уни уришганда ёки бир шапалоқ туширганда бунчалик оғир ботмасди. Кетишини ҳам, қолишини ҳам билмай турган мирзо, Аҳмад бободан садо чиқавермагач, секин узоқлашди. Унинг сиридан воқиф бўлган шайх гўё: “Сенга шундай тарбия берганмидим?” деяётгандек туйилди. Бошини эгиб ҳужрага кетаётган Муҳаммад: “Бўлди, энди ҳеч қачон бировга қилич кўтармайман”, дея онт ичди.

Кечга яқин карвон уларнинг қўналғасига етиб келди. Карвондагилар ҳориб-толган, тўзиб, тупроққа беланган эди. Шайх уларни қучоқ очиб кутиб олди. Ширин сўзини аямади. Ҳар доимгидек ҳаммасини меҳмон қилди.

— Худо деганимизча бор экан, — деди ювиниб, бошқалардан олдин чорпояга ўтирган сарбон Аҳмад бобога, — қароқчилар, сал бўлмаса, ҳаммамизни қириб ташлаёзди. Бахтимизга, юзига ниқоб кийган бир йигит ёрдам берди. Унинг қаердан келиб, қаерга кетганини ҳеч ким сезмай қолди. Шунақанги чапдаст эканки, қароқчиларга сичқоннинг ини минг танга бўлиб қолди. Вой, уларнинг олди-орқасига қарамай қочишларини бир кўрсангиз эди!

— Кўпини ўлдирдими ўша йигит? — сўради шайх.

— Ҳа, қароқчиларнинг ярмидан кўпини қиличдан ўтказди.

Аҳмад бобо оппоқ соқолини силади ва чуқур ўйга толганча ўрнидан турди. Меҳмонларга чой кўтариб кирган Муҳаммадга қаради, лекин сўз қотмади.

Карвон эртаси куни пешинда йўлга чиқди. У узоқлашиб кетгандан сўнг шайх Муҳаммад мирзо билан гаплашди.

— Кўнглимдан кечган гумоним содир бўлганидан афсус-надоматдаман, — деди у мирзонинг кўзига тикилиб. — Лекин, ўғлим, бир нарсани ёдингда тут: шу пайтгача бирор банда қилич билан дунёни эгаллаган эмас. Аммо ақл-идрок соҳибининг дасти беҳад узун бўлади. Шуни ҳеч қачон унутма.

Шаҳзодага бошқа гапнинг ҳожати йўқ эди. Қолаверса, унинг ўзи ҳам онт ичган. Бироқ у онтида туролмади, чунки Маматғули бош бўлган қароқчилар тўдаси залолатнинг навбатдаги ботқоғига оёқ қўйди.

Аҳмад бобонинг қароргоҳида овозини кўтариб гапиришга бировнинг ҳадди сиғмасди. Бироқ илк мағлубиятининг сабабини шу жойдан қидирган Маматғули шайхни ўлдиришга қарор қилди.

Энди тонг отиб келаётган эди. Намозини адо этган Муҳаммад мирзо падарининг ортида ўтириб Қуръон тиловат қиларди. Кутилмаганда ташқаридан отларнинг дупури, қий-чув эшитилди. Устоз-шогирд юзига фотиҳа тортиб ўринларидан туришиб, ташқарига чиққанда, бир тўда отлиқ бостириб келарди.

— Хуш келибсиз, — деди одатдагидек мулойимлик билан Аҳмад бобо.

Маматғули қўлини юқорига кўтарди. Унинг ортида турган икки сарбоз ёйларини ўқлашди. Қароқчибошининг қўли пастга тушиши билан камонлардан ўқлар учди. Муҳаммад мирзо устозини тўсишга улгурмади, визиллаб учган пайконлар Аҳмад бобонинг кўксига санчилди.

— Ота! — бақириб юборди мирзо ва йиқилаётган чолни қучоқлаб секин ерга ўтқазди. Пайконларни суғуриб, отиб юборди. Шайхнинг кўксидан қон сизиб чиқди.

— Ота! — бақирди Муҳаммад мирзо кўзлари ёшланиб.

— Ўғлим, — деди оғир нафас оларкан Аҳмад бобо, — сенинг онанг малика…

У бошқа гапиролмай, кўз юмди.

Бу пайт устоз-шогирднинг тепасига келган Маматғули Муҳаммад мирзонинг елкасига кетма-кет қамчи урди. Лекин шаҳзода қилт этмади. У маънавий падарининг кўксига бош қўйиб, ўкириб йиғларди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

 

 

 

loading...