Таниқли шоир 78 ёшида вафот этди

0

Бугун, 31 март куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ҳабибулло Турсунматов 78 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати маълум қилди.

Ҳабибулло Турсунматов 1943 йил 1 июлда Андижон вилояти Олтинкўл туманида туғилган. 1973 йили Андижон давлат педагогика институтининг Иқтисод йўналишини тамомлаган.

Унинг насрий, публицистик ва таржима асарлари маҳаллий, республика ва хорижий матбуотда ҳамда бир қатор тўпламларда эълон қилинган.

Ҳабибулло Турсунматовнинг илк ижод намуналари 1969 йили “Шарқ юлдузи” журналида “Хаёлимда Дилоромим” сарлавҳаси билан босилган. 1975 йили “Дилроз”, 1977 йили “Дарс”, 1980 йили “Келинчак”, 1985 йили “Висол умиди” номли шеърий китоблари чоп этилган.

Адиб мустақиллик йилларида ҳам фаол ижод қилди. 1998 йили “Қон сачраган ой” қиссаси, 2000 йили “Ёлқин” ва 2016 йили “Тикансиз гул заҳри” романлари ўз мухлисларини топган.

“Ёлқин” тарихий романи 2013 йили қирғиз тилига таржима этилиб, Бишкек шаҳрида нашр килинган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ҳабибулло Турсунматовнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.