Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

0

Шу пайт ёнгинасига нимадир тўп этиб тушди. Чўчиб кетган шаҳзода тепадан тушган нарсани қидириб топди. Ёнғоқ экан. У тепага қаради. Шунда улкан дарахт шохида ўтирган ғаройиб қушга кўзи тушди. У илгари бунақасини сираям кўрмаганди. Қанотлари қизғиш, тумшуғи узун, чайир бармоқлари билан шохни маҳкам чангаллаб олган қуш бургутдан ҳам йирикроқ эди. Унга бир муддат тикилиб қолган шаҳзода дарахтга тирмашиб чиқа бошлади. Қуш турган шохга етай деганда, қуш учиб кетди. Шаҳзода ҳансираб нафас олганча, йўғон шохга манглайини қўйиб, озгина дам олган бўлиб, юқорига қаради. Кўзи ковакка тушди. Хурсандлигидан юраги ҳаприқиб кетди. Танига ғойибона қувват иниб, ковакка оёғини қўйди. Ковакка кириб дарахтга ёпишиб олди. Шаҳзодани ковак тубидан ўсиб чиққан майда шох-шаббалар тўсиб турар, ердан қараб уни кўриб қолишнинг иложи йўқ эди.

Муҳаммад мирзо талай муддат ковак ичида қўлини бошига тираб, кўзини юмиб дам олди. Қувиб келаётганлар ёнғоқ дарахти остидан ўтишаётганда шаҳзода ўзини анча тетик ҳис этарди. Ўндан зиёд қароқчининг уч-тўрттаси пиёда, қолганлари от устида ўтиришарди.

— Қай гўрга йўқолди?! — деди улардан бири ғазабини яширолмай.

— Ҳамма ёқ ўралган, чакалакни қадам-бақадам қараб чиқдик. Бирдан йўқолиб қолди, — дея иккинчиси отдан тушди.

— У авлиёнинг ўғлими, шогирдими, ишқилиб, шунга яқин. Ажабмас, осмонга учиб кетган бўлса… Ўзи шайх билан шу болага бекор тегиндиг-ов. Ҳаммамизни қарғиш уриб кетмаса, деб қўрқаман, — дея афсусланиб бош чайқади унинг шериги.

— Ваҳима қилма, эшшак! Сен амирга нима деб жавоб беришни ўйла! — дея унга ўшқирди у отлиқ.

Қочоқни қўлдан чиқарганларига амин бўлган қароқчилар кетмоққа шайланганларида, Муҳаммад мирзо турган дарахт тепасига беш-олти олашақшақ келиб қўниб, бири қўйиб бошқаси шақиллашга тушди. Қароқчилар тўхташди.

— Палакат, қайси гўрдан келди?! — деди биттаси.

— Сизларга айтдим, авлиёларга тегиб бўлмайди, деб. Тепамизда олашақшақ сайрагани яхшилик аломатимас. Эртароқ кетайлик бу ердан, — деди яна бирови.

— Йўқ, бу ерда бир гап бор, — деб учинчи қароқчи отдан сакраб тушди ва шаҳзода ўтирган дарахтнинг атрофини айланиб, шох-шаббаларига тикилиб қарай бошлади Бироқ тепа шохда шақиллаётган олашақшақлардан бўлак ҳеч нима кўрмади. Лекин падар лаънати қушлар нега бунча безовта бўлишаётганига унинг ақли етмасди. “Эҳтимол, анави Эшмат тўғри айтаётгандир. Бекордан-бекорга авлиёга озор бериб қўймадикмикан? Олашақшақнинг пайдо бўлиши бошимизга тушадиган офатнинг муқаррарлигидан далолатдир”.

— Кетайлик, — деди у отининг жиловини ушлаб, — Худо қарғаган жойдан узоқлашганимиз маъқул.

Пиёдаю отлиқлар узун-қисқа бўлиб йўлга тушганда дарахт тепасидаги қушлар жиғибийрон бўлиб шовқин солишдики, ҳамма ортга ўгирилиб, дарахтга қаради.

— Тўхтанглар, — деди ҳаммани бу ердан кетишга даъват этган Мирза исмли қароқчи, — биз кофирмасмиз-у, лекин бир ривоят эсимга тушди. Хуллас, дарахтнинг тепасига чиқиб кўрамиз.

У отини ортга бурди. Қароқчилар изига қайтиши билан олашақшақлар тинчлана бошлади.

Эшмат от устида тик туриб дарахтга тирмашди. Бир-икки қулоч кўтарилгач, қурби етмади чоғи, қўл-оёғидан дармон кетиб, гупиллаб ерга қулади. Қароқчилар уни масхаралаб кулишди.

Унга ўқдай нигоҳини қадаган Мирза отини дарахт ёнига ниқтаб келди. Унинг қўллари чайир эди. Ўзи ҳам қотмадан келган, бир нимага ёпишса, қўйиб юбормайдиганлар хилидан эди. У аста-секин тирмашиб, тепага кўтарила бошлади.

* * *

Зебо янги туққан совлиқни соғиб бўлиб, қаддини ростлаётганида, кўз ўнгида чақмоқ чаққандай бўлди. У қалқиб кетди. Атрофга олазарак боқди. Сал нарида эски кулба. Унинг олдида бир туп қайрағоч. Берироқда қўра. Унинг сўл томонида кичкина оғил. Бошқа ҳеч нима йўқ. Кўкдаги қуёш ҳам одатдагидай нур сочиб турибди. Лекин Зебонинг кўнгли ғаш. Тасаввурида чақмоқ чаққани аниқ.

У бошини хам қилганча кулбага кирди. Қўлидаги идишни эшик ёнига, бурчакка қўйди.

— Эгиз туққан қўй сут бердими? — сўради чол у томонга юзланиб.

— Ҳа, — деди ҳолсизланиб бораётган Зебо.

— Нима бўлди сенга, қизим? Овозинг сўник.

— Билмадим, ота, юрагим ғаш. Ҳеч ўзимга келолмаяпман.

— Бу ёққа кел, — деди чол.

Зебо ўрнидан туриб, чолнинг ёнига бориб ўтирди.

Чол унга юзланди. Алланималарни пичирлаб ўқиди. Сўнг кафтини Зебонинг пешонасига қўйди. Жувон ғалати, хуш ёқувчи иссиқлик туйди. Бу туйғу унга жуда танишдек эди. Лекин қачон, кимдан бу туйғуни туйганини эслолмади. Кўзини юмди. Бутун вужуди енгиллашгандай, тани ҳавога кўтарилаётгандай бўлди. Бу ҳолат унга шунчалик ёқаётгандики, кўзини очгиси келмасди. Юрак уриши тезлашди. Чолнинг кафтидан тер томчилай бошлади. Шундан сўнг чол қўлини Зебонинг манглайидан олди.

— Энди тур, қизим, ташқарини бир айланиб кел, — деди чол.

Зебо кўзини зўрға очди. Ўрнидан мажолсиз турди. Гўё сеҳрланиб қолгандай, тебрана-тебрана ташқарига чиқди. Юзига муздай шамол урилди. Қулочини кенг ёзиб, чуқур нафас олди. Бошидаги рўмолни ечиб, сочини ёйди. Овозининг борича бақиргиси келди, бироқ шу маҳал уни кўриб қўйлардан икки-учтаси маъраб қолди-ю, унинг хаёли чалғиди. Шамолда тўзғиган сочларини нозик, узун бармоқлари билан тузатди. Ўзининг аҳволидан ўзи уялди. Қачон… хаёлида йўқ, кўкраги бироз очилиб қолибди. У шоша-пиша бировнинг кўзи тушиб қоладигандай, кўкрагини ёпди-да, ёнғоққа илиниб қолган рўмолини олиб, ўради. Ўз қилиғидан завқи келиб жилмайди. Шу пайт кимнингдир: “Ё Оллоҳу, ё Оллоҳ, абду, ё Оллоҳ”, деган овозини эшитиб чўчиб кетди ва кулба сари югурди.

— Ота! Ота! — деди кулбага ҳовлиқиб киргач. — Кимдир келаётганга ўхшайди!

— Кўрдингми? — сўради чол.

— Йўқ, овозини эшитдим.

— Паранжингни ёпиниб, қарши ол. Бечора бўлса, меҳмон қиламиз, бошқа умидда келаётган бўлса, қўйлардан бир-иккитасини берамиз.

Зебо эскириб, ранги униқиб кетган паранжини (бу паранжи чолнинг кампиридан мерос эди) устига ёпиб, ташқарига чиқди. Этак томондан қўлида ҳасса, соч-соқоли тўзғиган, оқ яктакли, эски чопон кийган, елкасига хуржун осган дарвешсифат бир одам бор овозда “Ё, Оллоҳ”лаб келаётган эди. У қўйларнинг рўпарасида тўхтади. Жониворларга қараб алмойи-алжойи сўзлар билан нималарнидир гапирди. Сўнг ҳассасига осилган қўнғироғини жиринглатиб, йўлида давом этди.

Зебо унга пешвоз чиқиб, салом берди. Дарвеш тўхтади. Ҳайрон бўлиб рўпарасидаги жувонга қаради.

— Валлоҳу аълам, менга одам зотининг салом бермаганига кўп замонлар бўлди. Овозингиздан англадимки, мендан ёшсиз… Шундай фақир, ақл-ҳушидан мосуво, на одамлар ва на дунё билан иши йўқ махлуққа салом бердингизми? Нафрат керак менга, синглим. Уни беролмасангиз, майли, бир бурда нон, бир қултум сув беринг, — деди дарвеш рўпарасидаги аёлга хиралашиб қолган кўзларини тикиб.

Зебо қалтираб кетди. Кўзига ёш келди.

— Бизнинг ҳам сиздан ортиқ жойимиз йўқ. Кулбамизга киринг. Отам кутиб ўтирибди, — деди бошини эгиб.

— Яратган эгам мендайин ношудга қилинган кароматни тақдирламай қўймас, — деб дарвеш оқсоқланганча Зебонинг ёнидан ўтиб кулбага кирди. Ҳужра тўрида ўтирган чолга салом берди-ю, бўсағага чўкди.

— Гапларингни эшитдим, ўғлим, — деди чол ўтирган жойида бироз қўзғалиб. — Оллоҳ бандасини синамоқ учун унинг бошига турли кулфатлар ёғдиради. Иншооллоҳ, бир куни бошингда қуёш чарақлагай.

Дарвеш аввал сўлга, кейин ўнгга тебранди. Сўнгра гуп этиб йиқилди.

— Ота, — бақирди унинг ортида турган Зебо, — ҳушидан кетиб қолди!

— Бечора, — деб қўлини олдинга чўзди чол, — дарров сув олиб кел, қизим. Оғзига қуй. Юраверганидан тинка-мадори қурибди шўрликнинг.

Зебо дарвешнинг гавдасини ўнглаб, ҳўлланган латтани лабига босиб сув томизди. Оғир-оғир нафас олаётган дарвеш қимирламади.

— Ўлиб қолмайдими? — сўради қўрқиб кетган Зебо чолдан.

— Иншооллоҳ, ўзига келади. Кўпроқ сув ичир.

Зебо идишдаги сувни дарвешнинг оғзига қуйди, сўнг унинг юзини нам латта билан артди. Шундан кейингина дарвеш чуқур нафас олиб, кўзини очди.

— Оллоҳга шукр, — деди.

— Қизим, — деди чол, — дарров сут опкегин.

Дарвеш чолнинг гапини эшитиб, йиғлаб юборди.

— Ота… — деди у бошини эгиб, — неча кунлардан бери туз тотмайман. Одамлар бир бурда нон ҳам бермай қўйди. Кўринсам, олдиларига солиб қувади. Шоҳнинг лашкарига дуч келдим, улар мендан ирганишди. Гуноҳлари озайсин деб, пул беришди. Лекин менга пул не даркор? Бир ялам туз берса, шу кифоя. Юравериб бир қишлоққа бордим. Қўлимда уч-тўрт танга, шуни нонга алмаштирмоқчийдим. Аммо фуқаро мендан баттар экан. Қўлимдаги чақаларни кўриб кулишди. Биз сенга шунча чақа берайлик, эвазига егулик бер, дейишди… Очликдан шишиб ўлганларни кўрдим… Эвоҳ! Эвоҳ! Буларни айтгунча тилим узилсин! Кўрган кўзларим ўйилиб тушсин!

У ҳиқиллаб йиғлай бошлади. Косада сут олиб келган Зебо уни кўриб, музлаб қолгандай жойида тек қотди.

* * *

Мирза, ниҳоят, шаҳзода ўтирган ковакка яқинлашди. Қанчалик чайир бўлмасин, қўллари толиқди. Бошини кўтариб тепага кўз ташлади. Шох-шаббалар орасида бир шарпани илғади. Қувончдан кўзлари порлаб, шиддат билан юқориламоқчи бўлганида, томирлари тортишиб:

— Ушла! Ушла! — дея бақирди-ю, пастга қулади. Бели билан ерга урилиб, кўзи косасидан чиққудек олайиб, нафаси ичига тушди. Кимдир елкасини силаб, қўлларини кўтаргандан кейин ўпкасига ҳаво кириб: “Воҳ… Воҳ… Воҳ, жоним!” деб юборди. Тез-тез нафас олганча ерга чўзиларкан, қўлини юқорига кўтарди.

— Ўрнидан турғазсак, ўзига келади, — деди Эшмат ёнидаги шерикларига.

— Аҳм-о-о-қ, — деди Мирза хириллаб, — дарахтни кесинглар, тепасида ўтирибди.

Ҳамма унинг гапига ҳайрон бўлиб, бир-бирига аланглади. Ковакда ўтирган шаҳзодани эса ҳаяжон босди.

— Дарахтни чопинглар, — деди Мирза гарангсиб турган қароқчиларга жаҳл билан. Ҳамма бараварига дарахт тепасига қаради. Боягина шақиллаб дунёни бузаётган олашақшақлар қаёққадир ғойиб бўлганди.

Қиличлар болта вазифасини ўтади. Неча йиллар қору ёмғир остида тобланган дарахт ҳар бир зарбдан титраб кетарди. Охири бир тарафга тоб ташлаб, гурсиллаганча ёш тераклар устига қулади. Ковакда ўтирган шаҳзода ўзини четга отди. У тушган жойда қароқчилардан учтаси турарди. Шаҳзода ерга сакраб тушиши билан улар йигитга ташланишди. Муҳаммад мирзо қаддини ростлашга ҳам улгурмади. Сарбозлардан бири шаҳзоданинг сочига ёпишди, иккинчиси қўлларини қайирди, учинчиси эса, оёқларига чанг солди.

Қимирлашга имкони қолмаган Муҳаммад мирзони ўрнидан турғазганларида, ёнига Мирза келди.

— Сени деб беланги бўп қолдим! — деди у шаҳзоданинг қорнига мушт тушириб. Шаҳзода бу зарбадан қимирламади, бироқ Мирза инграб юборди.

Қочоқни Маматғулининг саройига олиб боришди. Унинг қароргоҳини сарой деб ҳам бўлмасди. Девор билан ўралган, атрофига арча, терак экилган, итлар учун кичкина уячалар қурилган, ҳаммом деворга қадаб кўтарилган, тизза бўйи фавворадан сув отилиб турибди. Ўртада бир терак бўйи саккиз хонадан иборат тошдан тикланган уй қад ростлаган. Маматғули бу масканни сарой атаб, ўзини амир деб эълон қилганди. “Мен, албатта, хоқон бўламан, — дерди у аъёнларига. — Янги бир давлатнинг ҳукмдори бўламан”. У мақсадига қисман эришди, тўрт-беш қишлоқни забт этди ҳам, аммо бир неча ўн минг кишилик қўшинга эга бўлган Давронқул шоҳ ва бошқа султонларга кучи етмасди.

Шаҳзодани фаввора ёнига олиб келишди. Арқонни ечиб, занжир билан оёқ-қўлларини қайта боғлашди. Сўнг мажбурлаб тиз чўктиришди. Маматғули саройидан чиққан пайт шаҳзоданинг бошини эгишга хўп уринишди. Лекин буни эплаш осон бўлмади. Шундан сўнг қароқчилардан бири унинг бошини босиб турди.

— Қўйиб юбор, — деди унга Маматғули.

— Амирим, бу ҳаддидан ошибди…

— Арзийди. Бештангни ер тишлатгандан кейин ғўдайиб туришга ҳақли. Бундайлар ҳар куни туғилавермайди. Агар шунга ўхшаган ўнта йигитим бўлганида, аллақачон ярим дунёни эгаллаган бўлардим! — дея бир-бир босиб шаҳзодага яқинлашди.

Шу пайт Жондор Али унинг ёнига келиб, қулоғига шивирлади.

— Қачон?! — деди ҳаяжонланиб кетган Маматғули ўнбошининг гапларини эшитгач.

— Куни кеча бўпти, ҳазратим, — жавоб қилди Жондор Али.

— Валлоҳу аълам, бизнинг ҳам кунимиз туғадиган пайт бор экан-ку! — дея навкарларига қаради қароқчибоши.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

 

 

 

loading...