Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

0

Қандайдир хушхабарни сезган қароқчиларнинг юзларида ним табассум пайдо бўлди.

— Давронқул шоҳ куни кеча ўз пушти камаридан бўлган ўғли томонидан ўлдирилибди! — дея баралла овозда бақирди Маматғули. — Ҳозир тожу тахт учун шаҳзодалар ўртасида кураш бошланган эмиш. Демакки, улар бизнинг қаршимизда ожиздирлар!

Лашкар ҳайқириб, бошлари узра қилич ўйнатишди.

— Бас, шундай экан, бугунги қатлни тўхтатамиз! Ҳамма кайфу сафо қилсин. Сарой соқчиларидан бошқа барчангиз бир кунга озодсиз! Асирни зиндонбанд этинг.

Ҳамма ёқни қароқчиларнинг қийқириғи босиб кетди. Шаҳзоданинг эса боши эгилди.

Уни сарой ертўласига қамашди. Тутқунхонанинг ҳамма ёғи тош билан ўралган, йилт этган ёруғлик тушмагани боис, зимистон эди. Фақат оёқ товушлари эшитилганида, шаҳзода тепада қандайдир туйнук борлигини сезди.

Орадан маълум муддат ўтгач, унинг кўзи қоронғиликка ўрганди. Ертўла деворларини ғира-шира кўра бошлади. Тақдирига тан бериб, секин ерга ўтирди. Устозининг гапларини бирма-бир хаёлидан ўтказди. Унинг айтганларини бажаролмагани учун ўзидан ўкинди. Қани энди, ғойибдан бир куч билагига энса-ю, занжирларни парчалаб ташласа.

У шундай хаёллар гирдобида ўтирганида, тепада билинар-билинмас оёқ товушлари эшитилди. Товушни бутун диққатини жамлаган одамгина эшитиши мумкин эди. “Ҳойнаҳой, қароқчиларнинг бошлиғи аҳволимни билиш учун келаётгандир… Эҳтимол, туйнук бордирки, ундан қараб мени бемалол кўрар”, деган ўйга борди шаҳзода. Қадам товушлари унинг тепасига келганда тинди. Нимадир кўтарилиб, мирзонинг юзига шуъла тушди, унинг кўзлари қамашди. Қўллари билан юзини тўсмоқчи бўлганида, оёғидаги ҳалқага боғланган занжир тортилди. Кўзларини бир лаҳза юмиб очди ва нигоҳи соҳибжамол санамга тушиб, ақли шошиб қолди. Қиз зўр қизиқиш билан унга термилиб турарди.

Мирзо бир неча лаҳза ундан кўзларини узолмай қолди. Гўё қиздан нур таралаётгандай эди.

— Сиз ёмон одаммисиз? — сўради қиз кутилмаганда.

Шаҳзода унинг гапига ҳайрон бўлди. Тезда жавоб беролмади.

— Сиздайин кўркам йигитнинг ёмонлигига сираям ишонгим келмаяпти, — деди қиз саволига жавоб ололмагач.

— Ўзингиз кимсиз? Нега мени ёмон деяпсиз? — сўради шаҳзода.

— Чунки отам фақат ёмон одамларнигина ўрага қамайди. Кейин қатл қилади… Мен сизни олиб келишганида кўргандим. Зимдан отамнинг гапларини эшитдим. Сиз беш сарбозни енгибсиз. Лекин бизга душман экансиз.

Муҳаммад мирзо мийиғида кулди-да:

— Нега унда сиз душман билан гаплашаяпсиз? Кўриб қолишса, сизни жазолашади-ку, — деди.

— Кўришмайди. Отам хотинлари билан боғда шаробхўрлик қиляпти. Бошқалар ҳам кайфу сафода… Бир ҳукмдор ўлибди. Энди отам ҳамма ёқни эгаллаб оларкан. Сиз ўша қароқчиларданмисиз?

— Мен қароқчи эмасман, оддий одамман.

— Оддий одам? Шунақасиям бўладими?

— Ҳа. Бу ҳақда ҳеч ким айтмаганми сизга?

— Йўқ. Отамнинг айтишича, мана шу салтанатимизнинг эгаси мен бўларканман. Сарбозларни бошқарарканман. Чунки акам ҳам, укам ҳам йўқ.

— Қиз бола бўлсангиз, қандай қилиб сарбозларни бошқарасиз?

— Мен ҳар куни эртадан-кечгача жанг машқлари билан шуғулланаман, кўпчиликни енгаман. Мен билан куч синашмайсизми?

— Йўқ.

— Нега, қўрқасизми?

Шаҳзода жилмайди. Кейин бирдан жиддий тортди. “Дунёни нуқул қароқчилардан иборат, деб ўйлайдими бу қиз?.. Наҳотки уни шундай тарбиялашган бўлса? Гаплари содда, самимий… Йўқ, менинг ўлишга ҳақим йўқ. Ўладиган бўлсам, бу беғубор санам отасига ўхшаган қонхўр бўлади”, хаёлидан ўтказди у.

— Чунки занжирбанд этилганман, — дея жавоб қилди шаҳзода баҳона топилганидан хурсанд бўлиб.

— Ҳим, — дея кулди қиз. — Бир китобда занжирбанд шернинг расмини кўргандим. Худди сизга ўхшайди, — қиз сирли янгиликни айтаётгандай бошини кўтариб атрофига аланглади. — Ёзувлариям бориди ўша китобнинг. Лекин мен тушунмаганман, чунки ўқишни билмайман-да! Отам қиз боланинг ўқиши гуноҳ, деган.

— Қиз боланинг қилич ушлаши гуноҳ эканлигини айтмаганми отангиз?

Қизнинг киприклари пирпиради.

— Одам ўлдириш, бировнинг мол-мулкини талаш, эркак киши билан олишиш — буларнинг ҳаммаси гуноҳ-ку!

— Нега унақа деяпсиз? Отам ҳар доим бизнинг тинчлигимизни ўйлаб, қароқчилар билан жанг қилади. Уларни асир туширади, ёвуз ниятлиларни ўлдиради.

Шаҳзода даҳшатга тушди.

— Онангиз ҳеч нима ўргатмайдими? — сўради ўзини босиб.

— Йўқ, — деди қиз бош чайқаб, — онамни деярли кўрмайман. Отам рухсат бермайди. Унинг айтишича, онамнинг тили йўқ эмиш. Бир замонлар, ҳали мен туғилмасимдан аввал, душман бостириб келганда унинг тилини кесиб ташлашганмиш. Отам айтган, агар биз ҳам ожиз бўлсак, ҳаммамизнинг бошимизга ўша кун тушаркан.

— Бундай эмас! Қароқчилик бегуноҳ одамларни талаш, зўравонлик, йўлтўсарлик дегани…

Шаҳзоданинг гаплари чала қолди. Кимдир тепадаги хонага яқинлашди, шекилли, қиз туйнукни ёпиб қўйди.

Талай муддат Мирзонинг кўз ўнгидан қизнинг беғубор боқишлари кетмади. У шунчалик содда эдики, афтидан, мана шу саройдан ҳеч қаёққа чиқмаган, отасидан бошқа ҳеч ким билан гаплашмаганга ўхшарди. Мирзога алам қилаётгани, қизнинг одам ўлдиришни оддий ҳол деб қабул қилаётгани эди.

Орадан анча вақт ўтиб, тепадан яна оёқ товуши эшитилди. Кимлардир бақирди, хахолаб кулди. Кейин улар худди мирзонинг бошига тепаётгандай, томни гурсиллатиб, қаёққадир кетишди. Мирзо кўксини ерга бериб ётди. Шу алпозда анча вақт ўтди. Бир маҳал эшик қулфининг шиқирлагани эшитилди. У сергакланди. Эшик ғийқиллаб очилиб, қўлида шам ушлаган қиз пайдо бўлди.

— Тисс! — деди қиз кўрсаткич бармоғини лабига қўйиб пичирларкан. — Мен сизга ёрдам бермоқчиман.

— Лекин мен кетолмайман. Оёқ-қўлим кишанланган, — деди мирзо ҳам шивирлаб.

Қиз жилмайиб қўйди-да, тез-тез юриб унинг ёнига келди. Шам ёруғида қўлидаги калитни унга тутди. Сўнг шамни шаҳзодага тутқазиб, ўзи занжирларни бир-бирига боғлаб турган қулфни очди.

— Ҳамма уйқуда, майхўрликдан кейин соғ одамнинг ўзи қолмади. Соқчилар ҳам думалаб ётибди. Овоз чиқармасдан юринг…

Улар зиндондан чиқиб, жуда секинлик билан, ҳар қадамда атрофни кузатиб, саройни тарк этишди.

— Сой адоғида отхона бор. Бирорта отни миниб кетсангиз, манзилга эртароқ етасиз, — деди қиз юришдан тўхтаб.

Шаҳзода у томонга ўгирилди. Қизнинг кўзига тикилди.

— Сиз шу ерда қоласизми? — дея сўради.

Қиз бошини эгди. Хўрсинди. Лекин ҳеч нарса демади. Шаҳзоданинг кўнглида унга айтадиган гаплари кўп эди. Аммо дилини оғритиб қўйишдан чўчиди. Шу боис:

— Хайр, — деди бир оғиз ва югурганча пастликка эниб кетди. Кечаси юриш ундими ёки тез югурдими, ҳаш-паш дегунча сой адоғига етиб олди. Қиз айтганидай, сўл тарафда сайисхона бор экан. Отлардан бири кишнаб юборди. Шахзода тўхтаб, синчиклаб қаради. От масофани яқин қилади, лекин сўрамай миниб кетиш ўғирликка киради. У иккиланиб қолди. Шу пайт:

— Ҳадемай, тонг отади. Нега турибсиз? — деган овоздан чўчиб тушди. Шаҳзода ортига ўгирилиб қараганда, қаршисида халоскори турарди.

— Сиз қолгандингиз-ку, — деди қизга яқинлашиб.

— Агар қолсам, отам яқинларининг бирортасидан шубҳаланиб, қатл этади. Менинг йўқолганимни билса, ҳеч кимдан шубҳа қилмайди. Энди тез кириб, отлардан биронтасини олиб чиқинг. Қўрқманг, соқчиларнинг ҳаммаси маст уйқуда…

Шаҳзода беихтиёр унинг айтганларини бажарди.

От яланғоч эди. Югани ҳам йўқ, фақат бўйнида бир қулоч келадиган арқон бор эди. Ўзиям хийла қирчанғи экан. Кўплаб жангу жадални, кўп чавандозларни кўрган, шекилли, ювош, қаёққа бошласа кетаверарди. Қиз отга мингашиб шаҳзодани қучоқлаб олди. Мирзонинг эти жимирлади, юрагини қандайдир ҳаяжон босди. Бошқа пайт бўлганида, отга қизни миндириб, ўзи пиёда кетган бўларди.

Шаҳзода тулпорни чоптирганда қиз уни маҳкамроқ қучоқлади. Унинг таровати йигитнинг вужудига титроқ солди. Анча вақтгача у отда кетаётганини унутди. Агар қиз:

— Уйқум келаяпти, — демаганида, устозидан қолган қўналғага етгунча отда кетаётганини ҳам унутарди. Энди унинг ҳам уйқуси келаётганди. Хаёлида тулпор ҳали ҳам югуриб кетаётгандай эди. Аммо қирчанғи аллақачон югуришдан тўхтаб, бошини осилтириб оҳиста юраётганди.

Шаҳзода кўзини уқалади, бу пайт уфқ бўзариб, тонг отиб келаётган эди.

— Мен пиёда юраман, сиз отда… Гаплашиб кетаверамиз. Айтганча, исмингиз нимайди? — деди мирзо.

— Фарвиз, — жавоб қилди қиз юмилиб кетаётган кўзларини зўрға очиб, йигитни маҳкамроқ қучаркан, — лекин сиз пиёда кетсангиз, мен отдан йиқилиб тушаман. Мижжа қоққаним йўқ. Ҳали узоқ юрамизми? Эртароқ чиқиб кетайлик шу чўлу биёбондан… Отамнинг саҳарлаб турадиган одати бор…

У гапираётиб ухлаб қолди. Чарчоқ мирзонинг ҳам тинкасини қуритган эса-да, у қизнинг гапидан сергакланди. Бир қўли билан юзини ишқаларкан, отни ниқтади.

Бироздан кейин қизнинг қўллари бўшашиб, гавдаси ҳам бир томонга оға бошлади. Яна бироз ўтиб, йиқилиб тушаёзди. Яхшики, ҳушёр бораётган мирзо бир қўли билан уни тутиб қолди.

Улар манзилга етганларида қуёш бўй кўрсатиб қолганди. Карвон тўхтаб ўтадиган маконда оломон ўз ташвиши билан овора эди. Йигит билан қизни дастлаб бир эчкисоқол одам кўрди. Аввалига қизни илғамади, шу боис бепарво тикилиб турди.

— Ё пирим! — дея бақириб юборди у қиз йигитни қучоқлаб олганини кўргач. — Мусулмонлар, манави кофирларга бир қарангиз!

Қўналғада унинг овозини эшитганлар югуриб келишди. Бақир-чақирдан Фарвиз уйғониб кетди. Қўрққанидан шаҳзодани маҳкам қучоқлаб олди.

— Бу бола, — деди тўпланганлар орасидан бир киши, — ҳазратнинг хизматини қилиб юрарди. Танийман. Ҳазрат шунинг касофатига қолган. Тошбўрон қилинглар бу кофирларни!

Оломондагилар ерга энкайиб, қўлларига тош олишди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

 

 

 

loading...