Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

0

* * *

— Эй бобо, мен Худонинг қарғишига учрабманки, шунча қайғу кўрдим! Бирига уйлангандим, на болалар яшаб қолди, на ўзи… Бир неча йил ўтиб, бошимга қуёш чиқди, деб ўйлагандим. Дунёда тенги йўқ гўзал, ақл-фаросатли аёл пешонамга битди, деб суюнганимда… Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди, қарашлари кўз ўнгимда намоён бўлаверади. Ўн етти… Ўн етти йил бўлди уни йўқотганимга. Бормаган қишлоғим, сўрамаган кишим қолмади. Шаҳарда кирмаганим шоҳнинг саройи қолди, ота! Ҳеч қаерда йўқ! Ҳеч ким кўрмаган!.. Мана, — дея қўлини икки ёнига чўзди дарвеш, — не аҳволга тушдим? Бир сафар лўлилар маконига бориб қопман, денг. Ҳали сенмидинг бизнинг нонимизни яримта қилиб юрган, деб олдиларига солиб қувишди. Итларига талатишди. Баданимда бир тишлам гўшт йўқ, шақиллаган суякман-у, лекин этимни яралашди. Олти ой жароҳат билан юрдим…

— Бас! Етар! — деб бақириб юборди Зебо. — Ортиқ гапирманг, илтимос! Шундоқ ҳам тилка-пора бўлган юрагимни баттар эзманг!

Дарвеш қулоқларини динг қилди, сўнг кафти билан кўзини ишқалади.

— Сиз! — деди вужуди титраб.

— Ҳа, сиз қидирган аёл менман! Танимадингизми, кампирга ўхшаб қолибманми?! — дея қўлидаги идишни ташлаб юбориб, Зебо паранжисини кўтарди.

— Зебо, малоҳатлим, сиз… Сиз ҳалиям ўшасиз, менинг кўзим кўр, қулоғим кар…

Дарвеш бир ёнига қулади. Очлик, чарчоқ, кучли ҳаяжон унинг ҳушини олганди.

Зебо дарров унинг бошини кўтариб, юзини силади.

— Бегим, — деди кўзидан шашқатор ёш оқаётган малика, — кўзингизни очинг. Мени қийнаманг!

— Қизим… Қизим… — чол шошиб қолганидан ўрнидан турмоқчи бўлди, — юзига сув сепинг тезда!

Бироқ Маҳмуднинг ўзига келиши қийин бўлди. Зебо билан чол кўп уринишди. Қилмаган амаллари қолмади.

— Дарров кимлигимни айтмаслигим керагиди. Мен аҳмоқ нима қилиб қўйдим?! — уввос тортиб йиғлади Зебо.

Унинг фарёди Оллоҳга етди, шекилли, ниҳоят Маҳмуд кўзини очди. Зебонинг:

— Хайрият, — деганидан чол дарвешнинг ўзига келганини сезди.

— Иккингиз ҳам сўзламанг. Қизим, дарров сут олиб келинг, — деди чол.

Зебо ўрнидан туриб, шошиб ташқарига чиқиб кетди. Маҳмуд оғиз очиб бир сўз айтиши билан чол уни тўхтатди.

— Индамай ёт, ўзингга келвол, кейин бафуржа гаплашамиз.

Зебо аввалига Маҳмуднинг қорнини яхшилаб тўйғазди. Кейин эри қанчалик қайсарлик қилса ҳам, сув иситиб, чўмилтирди.

— Мана, кўрдингизми, — деди у Маҳмуднинг бошидан сув қуяётиб жилмаяркан, — ҳамма юмушларни ўрганиб олдим. Ҳозир мен билмаган ишнинг ўзи қолмади ҳисоб.

Маҳмуд хўрсинди. У бир пайтлар саройнинг эрка маликасини бу аҳволда кўраман, деб сира ўйламаган эди. У амаллаб Зебони топди-ю, аммо унинг битта саволига жавоб беришни ўйлаб қийналаётган эди. Зебо ҳозир бўлмаса, бироздан кейин, албатта, ўғлини сўрайди. Сизга ишонгандим, нега уни ташлаб кетдингиз, деса, нима дейди?

Маҳмуд чўмилиб, Зебо берган эски матога ўраниб турди. Хотини унинг кийимларини ювиб, офтобда қуритди. Кейин ўзи кийгизиб қўйди. Неча вақтдан бери бундай меҳрни кўрмаган дарвеш кўз ёшини зўрға тийиб турди.

— Қушдай енгил бўлдим, — деди у жилмайиб.

— Муҳаммад мирзо қани?! — сўради Зебо Маҳмудга бироз қараб тургач, ҳаяжон билан.

Аёл билан эркакнинг кўзлари тўқнашди. Маҳмуд нима деярини билмади. Зебонинг юрагини қўрқув эгаллаганди.

— Фақат ўлди, деманг. Кўтаролмайман… Шўрим қурийди, — деди кўз ёшини тиёлмай Зебо.

— Йўқ… Йўқ, тирик у. Тирик! Уни шайх тарбиялаяпти. Ҳа, у катта олим, донишманд бўлади, — деди шошиб қолган Маҳмуд.

— Худога шукур, Худога минг қатла шукур, — деб аёл томоғини силади.

— Мен сизни… Сени қидириб топишим керак эди, шунинг учун шайхнинг қароргоҳидан кетишга мажбур бўлдим. Қачонки топсам, кейин қайтаман, деб ўзимга ваъда бердим. Қароқчилар ин қурган сойликкаям бордим. Сенинг қочиб кетганингни эшитдим…

— Илтимос, — дея унинг лабига бармоғини босиб гапиришдан тўхтатди Зебо, — эртага йўлга чиқамиз. Ҳойнаҳой, ҳозир катта йигит бўп кетгандир? Забардаст…

— Мен ҳам сенга шуни айтмоқчи бўп тургандим.

Кечки овқат маҳали Зебо мақсадини ўз отасидай бўлиб қолган чолга минг истиҳола билан айтди. “Агар мен кетадиган бўлсам, мендан ёрдамини аямаган, кулбасидан жой берган одамнинг аҳволи қандай кечади?” деган ўйга борди. Бир хаёл, Маҳмудга ўғлимни шу ерга олиб келинг, демоқчи бўлди-ю, аммо фикридан қайтди. Чунки бир вақтлар чайир, чаққон одамнинг ҳозир кўп юришга қурби етмаслиги шундоқ кўриниб турарди. Ўзи ҳам ёлғиз кетолмайди. Чунки йўлни билмайди. Бундан ташқари, ҳар хил одамларга дуч келиб қолиши мумкин. Қанча йиртқичлар изғиб юрибди бу чўлу биёбонда. Ягона чора — Маҳмуд иккаласи бирга йўлга чиқиши керак. Ҳартугул, бир-бирига суянчиқ, мадад бўлишади.

— Қизим, — деди қаддини ростлаб олган чол, — менинг бир оёғим ерда бўлса, бириси гўрда. Сираям хавотир олмай, йўлга чиқаверинглар. Фарзандингни топиб, бағрингга бос. Дунёда бундан-да тотли не бор?!

— Лекин…

— Айтдим-ку, қизим… Егуликларни тайёрлаб, яқинимга қўйиб қўй. Қўлимни узатиб олавераман. Сениям кўнглинг хотиржам, мениям қорним тўқ бўлади. Қорин тўқ бўлгандан кейин одамзодда ғам бўлармиди? — деди чол.

Тонгда Маҳмуд билан Зебо йўлга отланишганда, чол тўртта қўйни олиб кетишларини тайинлади. “Йўлда ҳар нарса бўлиши мумкин. Ажабмас, корларингга яраса”, деди у.

Йўлда кетаётган Зебонинг бир хаёли ўғлида бўлса, бириси чолда эди. Илгари-ку, совлиқлар ўрганиб қолгани боис, чолнинг ёнига бориб, соғдирарди. Энди-чи?.. Ҳолбуки, у қачон қайтишиниям билмайди. Худо кўрсатмасин, бирон кор-ҳолга йўлиқиб кечикишса, чолнинг аҳволи не кечади?

Орадан бир кеча ўтди. Йўл яримлаб қолган эди. Кутилмаганда отларини ўйнатиб, қувлашмачоқ ўйнаётгандай қир ортидан қароқчилар пайдо бўлди. Улар кўз очиб юмгунча йўловчиларга етиб олишди. Маҳмуднинг ич-этини хавотир кемирар, Зебони қўрқув босганди.

Қароқчилар отларнинг юганидан тортиб, чанг-тўзон кўтариб тўхташди.

Кўзи ғилай, соқоли кўксига тушган, белига қилич осган, сарғиш юзли қароқчи бир муддат Маҳмуд билан Зебога термилиб турди-да:

— Эшмат, икковиниям қўйларига қўшиб олиб кет. Анчадан бери хотинсиз, баччабозлик қилиб юргандинг. Паранжининг ичидаги сенга туҳфа. Қоматини қара, ғоз турибди, беш-олтита туғиб беришга қурби етади. Эркаги отхонани тозалайди, ишлатасан! Тихирлик қилса сўйиб ташларсан. Ўзиям туршакка ўхшаб қопти, — деди.

— Эрим ҳам менга ўхшаб моховга дучор бўлган, — деди кутилмаганда паранжисини ерга ташлаган Зебо юзини очиб. — Қайсиларинг тегинсаларинг, юқади.

Отлар илкис ортга тисарилди. Эгарда ўтирганлар аёлга қарамаслик учун юзларини четга буришди.

— Худо уриб қўйган экан буларни. Яқинлашманглар! — қичқирди қароқчилардан бири.

Маҳмуд хотинини кўриши билан:

— Астағфирулло! — деди ва ерга ўтириб қолди. Кейин қўл-оёғи титрай бошлади.

Қароқчилар ваҳимага тушиб, бир дарду балога йўлиқмаслик учун отларга қамчи босишди. Бирпасда ҳавога чанг-тўзон кўтарилди. Қароқчилар кўздан ғойиб бўлишди.

Зебо анчадан буён биринчи марта хандон отиб кулди. Овози узоқ-узоқларда акс-садо берди. У қаттиқ ва узоқ кулди, кўзидан тирқираб ёш оқди. Кейин ўтириб йиғлай бошлади. Ишқ дардида ғам чекиб, мажнунга айланган Маҳмудга нисбатан кўнглида пайдо бўлган ғазабдан йиғларди. Қароқчилар-ку, ўз оти билан қароқчи, одамларни чумчуқдай сўйганида ҳам бир туклари қилт этмайди. Ваҳоланки, ўзларининг бир тола сочи узилса, қанчалик азоб тортишади! Аммо ишқ дардида девона бўлган манави одамга нима бўлди? Зебонинг ҳусни кўзни қамаштирадиган кезлари жон фидо қилиб, чиройи дарз кетган заҳоти кераксиз матоҳга чиқариб қўйса бўлар экан-да.

Унинг кўз ёшлари юзига сурилган кукунни ювиб (бу кукун мой аралаш сарғимтир ўтлардан тайёрланганди), яранинг сохталигини ошкор қилиб қўйди. Устига-устак, вужудидан чиққан тер бўёқни чаплаштириб, уни янада хунукроқ кўрсатди. Аёл бу аҳволида Маҳмудга кўринмаслик учун йўл бўйи бир мартаям чачвонини кўтармаганди.

— Қўрқиб кетдингизми? — деди Зебо ҳали-ҳамон анграйиб ўтирган Маҳмудга.

— Йўғиди-ку, қаёқдан пайдо бўлди бу яралар? — ҳайратланди Маҳмуд.

— Энди сизга керагим йўқми? Мана шу бийдай чўлу биёбонда ташлаб кетасизми? — деди истеҳзоли жилмайиб Зебо.

— Нималар деяпсан? Бу бало сенга ёпишиб, жонингга озор бераётганидан азобланаётгандим. Кел, ишонмасанг, ўша яра чиққан жойдан ўпаман. Токи дард менга ўтсин-у, сенинг хусни жамолингга гард юқмасин, — деб Маҳмуд ўрнидан турди.

— Худога шукур, — деди қалби қувончга тўлиб Зебо, — рангингиз оқариб кетганини кўриб, мен бошқа хаёлларга борибман.

Маҳмуд Зебога тикилиб тураркан: “Аёл-да, — дея хаёлидан ўтказди, — ҳар қанча қийинчилик кўрса ҳам, барибир, аёллигича қолаверади. Тавба, худди об-ҳавога ўхшайди-я. Бир қарасанг, қуёш чиққан, ҳамма ёқ чароғон, бир зумда осмонни булут қоплаган. Вақтида олдини олсанг опқолдинг, бўлмаса булут қуюқлашиб, шунақанги жала қуядики, қочгани жой тополмай қоласан”. Узоқ йиллик саргардонликлар оқибатида гарчи Маҳмуднинг оёғу билагидан қувват кетган эса-да, ақли тўлишган эди.

— Бу ерда узоқ туролмаймиз. Қароқчилар қайтса, кўз ёшинг ювган “яра”нг ошкор бўп қолади. Мен бу чўлу биёбонни кўп кезганман, яширин йўлларни биламан. Ана шу ёқдан юрамиз.

Қуёш қизармай туриб, улар тўхташди. Бу ёғига иккаласининг ҳам оёқлари бардош беролмасди. Шу боис атрофини қум барханлари тўсиб турган янтоққа мўл чуқурда тунашга қарор қилишди. Қўйлар Зебога ўрганганди. Жониворлар уларнинг оёқ тарафига ётиб олишди.

— Ҳартугул, чол ақлли одам экан, — деди нигоҳини осмонга тиккан Маҳмуд. — Шунча йил кўришмадинглар, никоҳсиз бир-бирингизга ҳалол бўлмайсизлар, деб бошқатдан никоҳлаб қўйди-я. Бўлмаса, ҳозир ёнма-ён ётолмасдим сен билан.

Зебо жилмайди, эрининг кўксига бошини қўйди.

— Тақдирим сизга боғланганини сира ўйламаган эканман. Энди сизга сиримни ошкор қилсам ҳам бўлар, — деди.

— Мендан яширган сиринг ҳам бормиди?

— Бор эди. Сизга турмушга чиқишни ўзим ихтиёр этганман, мен учун ҳар нарсага тайёрлигингизни билибоқ никоҳингизга кирганман. Ниятим, ўғлимни омон асраб қолиш эди.

— Бундан чиқди, — деди хўрсиниб Маҳмуд, — сен подшони қаттиқ севганинг боис фарзандини асрамоқ учун ҳар қандай йўлдан қайтмагансан-да?

— Асло. Ҳазрати олийларининг мендан бошқа хотинлари ҳам кўп эди. Агар бу саноққа канизакларни ҳам қўшсак, унинг мен билан бўладиган вақтининг ҳисобини олиш ҳеч қийин эмас. Очиғи, мен уни ҳечам ёқтирмаганман. Ҳар сафар ёнига чорлаганда, ичимдан зил кетган. Ўшандаёқ қалбини ёлғиз менга бероладиган одамни кўнглим тусаган. Бироқ фарзандим менинг бутун борлиғим эди. Ахир мен уни деб изтироб чекдим. Азобларим лаззатли эди. Уни илк дафъа кўрганимда, ўзим қайта туғилгандай бўлдим. На салтанат, на шоҳона яшаш кўзимга кўринди. Гарчи манфаат сабаб сизнинг никоҳингизга кирган эсам-да, аста-секин қалбимда муҳаббат олови аланга олди.

Маҳмуд маҳбубасини бағрига босиб, юзига юзини қўйди, чуқур хўрсинди. Бу хўрсиниқ аввалгисидан бошқача, ҳароратлироқ эди.

— Баъзан, — деди у мийиғида кулиб, — Давронқул шоҳни ҳам миннатдор бўлиб эслайман. Агар у сенга ошиқу беқарор бўлиб, султонни маҳв этмаганида, биз ҳеч қачон учрашмасдик, мен сенинг ақлу фаросатинг, гўзаллигингдан баҳраманд бўлмасдим.

— Худбинсиз, — деб Зебо эрининг кўксига беозоргина уриб қўйди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

 

 

 

loading...