Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

0

Аста-секин ёруғлик ўрнини қоронғилик қоплади. Нафармон осмонда юлдузлар бодраб чиқа бошлади. Совуқдан аёл билан эркакнинг бадани жунжикар, туёқларига бошини қўйиб олган қўйлар эса бамайлихотир мудраб ётарди. “Паранжи ҳаё пардаси. Унда ҳам ҳикмат кўп экан. Ҳозир мана шу паранжисиз, бир-биримизга қанча чирмашиб олмайлик, барибир, совуқдан музлаб қолардик”, дея хаёлидан ўтказди Маҳмуд. Шу маҳал узоқ-узоқларда бўрининг увиллаган товуши эшитилди.

— Вой ўлмасам, — деди юрагига қўрқув кирган Зебо, — энди нима қиламиз?

— Хавотир олма. Элас-элас эшитилаяпти, у жуда узоқда. Ҳидимизни ололмайди. Лекин жониворнинг қорни роса оч, — дея уни юпатган бўлди Маҳмуд.

— Эсингиздами, бир ақлли итингиз бўларди, неча марталаб бизни фалокатдан сақлаб қолган. Ҳозир у қаерда? — деди эрининг пинжига тиқилган Зебо.

— У Муҳаммад мирзони қўриқлаб қолганди. Ўша-ўша бошқа кўрмадим. Тирик бўлсаям жуда қариб қолгандир. Ҳозир ёнингдалигимга ҳам у сабабчи. Бўлмаса, бийдай чўлда йиртқичларга…

— Жим, — дея бирдан унинг гапини бўлди Зебо, — айтманг, юрагим ёрилиб кетади.

— Унда кўзларингни юм. Саҳарлаб туришимиз керак.

Юлдузлар чарақлаб нур сочаётган паллада маст уйқуда ётган Маҳмудни қўйларнинг дупури уйғотиб юборди. У аввалига қаердалигини билмай гарангсиди. Кейин чўлнинг ўртасида барханлар орасида ётгани ёдига тушди. Кўзини очиб, ён-атрофга қаради. Бир-бирига ёпишиб олган қўйлар оёқда ҳуркиб туришар, ора-сира туёқларини ерга уриб қўярди. Маҳмуд қандайдир хавф яқинлигини пайқади. Зебога ёстиқ бўлган қўлини унинг боши остидан оҳиста суғуриб олди-да, ўрнидан турди. Турди-ю, юраги товонига тушиб кетди: улардан беш-олти қадам нарида иккита бўрининг кўзлари ёниб турарди.

* * *

Оломон от устидаги йигит билан қизга тош отишга улгурмади. Ҳаллослаганча уларнинг ёнига Халил мерган етиб келди.

— Нима қилаяпсиз?! — бақирди у тўпланганларга. — Бу ҳазратнинг тутинган ўғли Муҳаммад мирзо-ку! Қандай ҳаддингиз сиғди унга тош ўқталишга!

— Шунинг касрига ҳазрат қазо қилганини айтгандинг-ку, — деди йиғилганлар орасида турган қадди букчайган бир чол.

— Яна бир марта сўрамабсиз-да эшитмаган бўлсангиз, ота, — дея уни жеркиди Халил мерган. Сўнг шаҳзода ўтирган отнинг жиловидан ушлади-да, кўзига ёш олиб:

— Ҳазратнинг ўрнини совитмагин, — деди.

Фарвиз бошини эгиб, мирзонинг ортига бекиниб оломон орасидан ўтди. Юриб ўтаётиб: “Сулув қиз экан”, деган гап қулоғига чалинди.

Муҳаммад мирзо қизни ўзининг ҳужрасига олиб кириб, тезда қайтиб чиқди-да, чинор тагига тўпланган оломон олдига дадил юриб борди.

Оломоннинг нигоҳи унга қадалди. Одамлар азбаройи шайхнинг ҳаққи-ҳурмати боис тилини тишлаб турарди. Унинг аёл кишини паранжисиз-несиз отга мингаштириб келганини кечиролмасди. Ахир шунча йил шайхнинг таълимини олган бўз йигитни нима жин урди? Устозининг тупроғи совимай туриб, бошқаларга кўрсатган кароматими бу? Уларнинг аччиқ гаплари тиллари учида турарди.

— Ҳализамон қароқчилар тўдаси бу ерга бостириб келади, — деди гулдурос овози билан оломоннинг диққатини ўзига тортган шаҳзода. — Улар тоғ бағридаги сой бўйида ин қуришган. Агар ҳозирданоқ тайёргарлик кўрмасак, бирортамиз омон қолмаймиз.

— Мабодо, — деди тўда орасидан чиқиб келган салласи қорайиб кетган, пешонасини ажин босган чол, — шайх бугун ҳаммамиз жон таслим қиламиз деганида, биз ҳеч иккиланмай жонимизни фидо этардик. Лекин сен ундан шунча тарбия кўриб, юзимизни ерга қаратдинг. Сени шайхнинг тутинган ўғли дейишга ҳам ор қиламиз. Сенда уят, шарму ҳаё бўлмаса, бизда бор.

— Сизнинг ўғлингиз дор тагидан тирик қайтса, бошқалар шу тахлит кутиб олишса, қай аҳволга тушардингиз? — деди шаҳзоданинг ўрнига Халил мерган. — Неча бор ҳазратнинг ўз оғизларидан эшитганман: “Менда ҳам унинг ёшида буникидай билим йўқ эди”, деганлар у киши. Биз оми, содда одамлармиз. Нима савоб-у, нима гуноҳлигини ўрни келса, ажратолмаймиз. Бунинг қандай шароитда қиз билан бирга келганини билмайсиз-ку! Сабабидан бехабар бўлиб, ўзларингча ҳукм чиқариш маъқул ишми?! Неча йил саркарда бўлганман, соҳибқирон Темур тўғрисида кўп ривоятларни эшитганман. Ҳатто шундай соҳибқирон ҳам ҳеч вақт гумон орқасидан ҳукм чиқармаган экан. Ваҳоланки, ҳар бирингиз гумон иймондан айиришини яхши биласиз. Келинг, ундан кўра ёш пиримизнинг гапларига қулоқ тутайлик.

Тўпланганларнинг бошлари эгилди. Ўртага чиқиб гап ташлаган чол ўзини секин орқага, бошқаларнинг панасига олди.

— Қиз билан бирга қочаётганимда, унинг ёпинишига паранжи тугул, бир парча латта ҳам йўқ эди. Агар отга миндирмаганимда, ҳали-ҳамон етиб келмаган, қароқчилар қўлига тушган бўлардик, — деди оломонга қарата Муҳаммад мирзо. — Шундай бўлса-да, олдингизда айбдорман. Аммо ҳозир буни муҳокама қилиш фурсати эмас. Мен қилмишимга жавоб беришга тайёрман. Бироқ ҳозир зудлик билан тадоригимизни кўрайлик. Ҳадемай, ортимиздан қувиб етиб келадиган қурол-яроғли қароқчиларга шундоғам кучимиз етмаса керак, деган хавотирдаман.

— Бу даргоҳ муқаддас, — деди ёши қирқларни қоралаб қолган, кенг елкали, қорувли Эрғози исмли эркак. — Ҳар бир қадамни таҳорат олиб, кейин босиш керак. Шундай экан, қон тўкилиши асло мумкин эмас. Бир марта…

Унинг товуши бўғилиб, кўзи ёшланди, гапиришга қийналди. Ҳарчанд сўзлашга чоғланмасин, оғзидан ғўлдираган товушдан ўзга гап чиқмади. Кўз ўнгида оппоқ матога ўралган ҳазратнинг жонсиз танаси намоён бўлаверди. У шайхни ҳеч қачон ўлмайди, деб хаёл қиларди. Агар лозим бўлса, унинг учун жонидан ҳам кечмоққа тайёр эди. Шайх Аҳмад бандаликни бажо келтирди, деган хабарни эшитганида турган жойида тахтадай қотиб қолди. Сўнгги бор зиёрат қилгани ёдига тушди. Ўтириб, юм-юм йиғлади. Сўнг бехосдан “А-а-а!” дея бақиришга тушди ва “Эшитганларим ёлғон. Янглиш. Боришим билан шайх ҳазратлари кулиб кутиб олади”, деган хаёлда муқаддас қўрғон томонга югурди. Етиб келиб қарасаки, мотам!

У ўзига келгунча, биров бир нима демади. Ҳамма мум тишлаган, ўша қора кунни қайтадан ёдлагандек бошларини хам қилганча жим турарди. Шаҳзода Ҳақ ҳукми қаршисида бандаси ожиз эканлигини яхши билар, шу боисдан қайғусини чегараларди. Айни чоғда, сўзловчи гапини охиригача айтишини кутиб, сукут сақлаб турган эди.

— Бу даргоҳда, — деди ниҳоят Эрғози ўзини босиб олиб, — бошқа қон тўкилмайди. Шундай экан, чўлга келувчиларни хуш қаршилаймиз. Мен сўнгги нафасимгача уришаман.

Оломон ичида ғала-ғовур кўтарилди. Биров қуруқ таёқ ёки кетмон билан жанг қилиб бўлмаслигини айтса, бошқа биров куч эр кишининг билагидалигини уқтирмоқчи бўларди. Давронқул шоҳга қароқчиларнинг келаётгани ҳақидаги хабарни етказишни таклиф қилганлар ҳам бўлди.

— Давронқул шоҳни ўлдиришибди! — деди Халил мерган оломонга юзланиб. — Ўз пушти камаридан бўлган боласи ўлдирибди уни!

— Ё алҳазар, қандай бедодлик?!

— Ўғил отага тиғ кўтарибдими?

— Асл сабаб онада!

— Шоҳ бошқа хотинидан туғилган ўғлига тахтни олиб бермоқчи бўлгандир-да!

— Жим! Бунақада вақтни бой бериб қўямиз! Хуллас калом, ҳозир шахзодалар орасида тожу тахт учун кураш авж олиб кетган. Шундай экан, шоҳ лашкарларидан нажот кутиш аҳмоқлик! — деди Халил мерган.

— Биз режа тузайлик. Шунга мувофиқ олишамиз! — деди шаҳзода гапга аралашиб.

Халил мерган, Эрғози ва шаҳзода чорпояга чиқиб, аввал харита чизишди. Халил мерган, умри жангу жадалда ўтгани боис, асосан, Аҳмад шайх таъзиясига йиғилган одамларнинг қандай жойлашувини белгилаб чиқди. Оломон уч гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳ рўпарадан, қолган гуруҳлар кутилмаганда икки ёндан ҳужум қиладиган бўлди. Шундан кейин жангга кирадиганлар бўй-бастига қараб гуруҳларга ажратилди.

Уруш майдонига икки тош наридаги атрофини қум барханлари ўраган чуқур яланглик танланди.

Ҳамма қўлига илинган нарса билан қуролланди. Фақат беш кишида қилич ва бир кишида камон бор эди.

Оломон йўлга тушиш арафасида Муҳаммад мирзо ҳужрага кирди. Фарвиз билан нигоҳлари тўқнашди.

— Отам билан уришасизми? — сўради қиз овози титраб.

— Бошқа иложим йўқ… Имкониятимиз кам. Лекин начора?

Мирзо гуноҳ ишга шайланаётган одамдай ўзини ноқулай сезди.

— Сизга айрим нарсаларни айтиб қўйишим керак. Қарашларингиз, барибир, бошқача, — дея шаҳзода ўгирилиб ташқарига йўналди.

— Тўхтанг, — деди Фарвиз йигит эшик ёнига етганида. Муҳаммад мирзо ўгирилиб қизга қаради.

— Мен сизни соғ-омон кўришни истайман, — дея қиз унинг ёнига келиб, шаҳзоданинг елкасини силаб қўйди.

* * *

Маматғулининг ҳуши бошидан учди — у мутлақо кутмаган воқеа содир бўлди. Айшу ишратга берилиб, шаҳзодани ҳам унутган қароқчибоши кун ёйилиб, уйқудан уйғонганидан кейингина қизини эслаб, уни кўргиси келди. Нонуштадан аввал Фарвизни чақириб келишларини буюрмоқчи бўлганида, даҳабошилардан бири ҳарамдан чиққан Маматғулининг ёнига югуриб келди-да:

— Бир қошиқ қонимдан кечинг, ҳазратим! — деди тиз чўкканча бош эгиб.

— Нима бало бўлди? — сўради қароқчибоши бамайлихотир.

— Асир қочибди, олампаноҳ, — деди даҳабоши Маматғулининг мартабасига урғу бериш билан гуноҳини бир бахя озайтириш мақсадида.

— Нима? Қочибди?! — қошлари чимирилди Маматғулининг. — Менинг зиндонимдан шу кунгача бирор банда чиқолган эмас! Қандай қочади?!

— Ҳазратим, афтидан, кимдир кўмак берганга ўхшайди, — деди даҳабоши титраб-қақшаб.

— Соқчилар кимники эди?!

— Амирим, мен гуноҳкор бандангиз…

Даҳабоши гапини охиригача айтолмади. Кўзлари олайиб, қизариб-бўзарган, қўллари мушт бўлиб тугилган Маматғули хиром этиги билан бошини эгиб турган гуноҳкорнинг кўкрагига аёвсиз тепдики, шўрлик гилам устига чўзилиб қолди. Бурнидан шариллаб қон оқди. Қонни кўрган Маматғули баттар қутурди ва даҳабошининг қиличини қинидан суғуриб олиб, гуноҳкорнинг калласини узиб ташлади. Даҳшатли манзарага гувоҳ бўлган Маматғулининг икки хотини титраб-қақшаб бир-бирларини қучоқлаб олишди.

— Сен ҳаромиларга кўрсатиб қўяман! — дея ўкириб, қароқчилар сардори ташқарига отилди. Унинг кўзи кўр, қулоғи кар эди. Сўнгги пайтларда жаҳл отига минса жазавага тушадиган бўлиб қолганди у. Бундай лаҳзаларда кўзига ёмон кўринган одамнинг шўри қурирди.

Бироқ бу сафар у даҳабошининг калласини олиш билангина чекланди. Сарой ҳовлисига чиқиб ўкирди ва шу заҳоти яқин аъёнлари бирин-кетин ёнига югуриб келишди. Амирнинг қўлида қилични, ундан чак-чак қон томиб турганини кўрган сарбозларнинг юраклари товонларига тушиб, бараварига тиз чўкишди.

— Ҳазрати олийлари, — деди ҳар доим қароқчибошининг ёнида юрадиган, энг ишончли сарбози Жондор Али, — амрингизга мунтазирмиз!

Маматғули уни кўриб, бироз ўзига келди. Қилични ерга ташлади.

— Ҳаммангиз ғафлат босиб ётганингизда, зиндондаги асир қочиб қолибди. Унга кимдир кўмак берибди, — деди Маматғули овозини бироз пасайтириб. — Лашкару соқчиларни тўпланг, топинг айбдорни!

Аъёнлари эгилиб-букилиб орқалари билан юриб узоқлаша бошлаганларида паранжига бурканган канизаклардан бири Маматғулининг ёнига югуриб келиб, қулоғига шивирлади.

— Нима?! — деди жувонга ўгирилган Маматғули кўзлари олайиб.

— Ҳозиргина уйғотайлик деб ётоғига киргандик, Фарвизхоним тўшагида йўқ. Қидирмаган жойимиз қолмади, — деди канизак шивирлаб.

— Имм! — дея инграб, кўзини юмди Маматғули. — Отангнинг юзига оёқ босдингми, қизим?!

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

 

 

 

loading...