Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

0

Унинг юрагини ўкинч, алам ўртаб юборди. Бир муддат қотиб турди. Сўнг чуқур уҳ тортиб, аъёнларига (улар канизакнинг сўзларидан кейин юз ифодаси ўзгарган Маматғули бошини сарак-сарак қилганини кўриб, тўхтаганди) қўли билан ишора қилиб кетмасликларини буюрди. Ёнига Жондор Алини чорлади.

— Хизматингизга мунтазирман, — деди Жондор Али қароқчибошининг ёнига келиб қўлини кўксига қўяркан.

— Ўттиз-қирқ чоғли лашкар билан шайхнинг қўналғасига борасан. Кимники кўрсанг, қиличдан ўтказиб, Фарвизни олиб кел!

Жондор Али бошини ирғаб қўлини кўксидан олмай, уч-тўрт қадам орқаси билан юргач, ўгирилди-да, югуриб кетди.

* * *

Бўрилар Маҳмуднинг уйғонганини пайқади чоғи, тишларини кўрсатиб ириллай бошлашди. Қўйлар бир-бирининг пинжига тиқилган, туёқларини ерга урмай қўйган, қалтираб турарди. Шу пайт Зебо уйғониб кетди. У бошини кўтарди-ю, эрининг қўйлар ёнида турганини кўриб, бир лаҳза ажабланиб тикилди.

— Тинчликми? — сўради у.

— Бўрилар! — деди Маҳмуд унга қайрилиб қарамай.

Зебо чўчиб тушди. Шоша-пиша эрининг орқасига яшириниб:

— Энди нима қиламиз?! — деб сўради.

— Бу махлуқ ўта фалокат нарса. Қўрага кирса, бир йўла ҳамма қўйни бўғизлаб кетади, нафсингдан осилгур. Лекин ҳозир боплайман. Шунча йил ёлғиз яшаб, ўрганиб кетганман, — дея Маҳмуд қўйлардан бирини бўрилар турган тарафга етаклай бошлади. Қўй оёқларини ерга қаттиқ тираб олди, уни олдинга силжитиш мушкул эди.

Бир қўли билан қўйнинг думбасидан, иккинчиси билан бўйнидан ушлаб олган Маҳмуд қурбонликни судрай-судрай, тобора хезланиб ириллаётган йиртқичларга яқин олиб борди. Сўнгги куч билан қўйни уларнинг олдига итариб юбориб, ўзи орқага қочди. Тун бўйи очликдан увлаб изғиган йиртқичлар қўйга ташланишди.

Бўриларнинг ўлжага ўралашиб қолганини кўриб Маҳмуд билан Зебо уч бош қўйни олдиларига солиб, қочиб қолишди. Бўриларни кўрганда худди сеҳрлангандай қотиб қолган қўйлар йиртқичлардан узоқлашгач, дадиллашгандек орқа-олдига қарамай тумтарақай қочишди. Энди уларни тўхтатиб қолишнинг иложи йўқ эди. Маҳмуд қўйларнинг ортидан серрайганча термилиб қолаверди.

— Ана, — деди унинг ёнига келган Зебо, — ташвишдан ҳам қутулдик.

— Тўғри-ку-я, ишқилиб, бугун манзилга етиб олайлик-да. Йўқса, кейинги сафар бўриларга мен ем бўламан, шекилли, — деди Маҳмуд.

У ҳазиллашмоқчийди. Айтди-ю, қовун туширди. Зебонинг кўзи ёшланди. Боши эгилиб, чачвонини туширди.

— Йиқилиб қолгунимча юрамиз, нима бўлса бўлар, — дея дадил юриб кетди.

Қуёш терак бўйи кўтарилгунча юришда давом этишди. Йўл-йўлакай Зебонинг кўз ёши тинмади. Бироқ чурқ этмади. Ортидан кетаётган Маҳмуд ҳам гапирмади. Яна қовун тушириб, маликанинг дилини баттар хуфтон қилиб қўяман, деган хаёлга борди. Ниҳоят, аёлнинг оғир-оғир нафас олаётганини кўриб:

— Зебо, толиқиб қолдинг, озгина дам олгин, — деди у.

Аёл тўхтади. Паранжисини қўлига олиб, эрига қаради. Сочлари жиққа ҳўл, сохта яра-чақалардан асар ҳам қолмаган, аввалгидай жозибали эди. Унинг юзига тушган бир-иккита ажин Маҳмудга мутлақо кўринмаётганди. Эркак тўлқинланиб кетди. Битта-битта босганча аёлнинг қаршисига келди.

— Дам ол, — деди майин овозда.

— Йўқ, йиқилиб қолгунча юраман, — жавоб қайтарди Зебо.

— Оёқларингга ичинг ачимайдими?.

— Йўқ.

— Унда меникига ачисин ичинг.

Аёл бошини эгди. Кўзи ёшланди.

— Ўғлимни соғиниб кетдим, — деди шикаста товушда.

— Ҳечқиси йўқ. Мана, озгина қолди. Кечгача етволамиз, кейин у доим ёнингда бўлади. Ҳа, эсимдан чиқибди, бир нарса айтсам, хафа бўлмайсанми?

Зебо ялт этиб Маҳмудга қаради.

— Фақат хафа бўлмайман десанг айтаман.

— Хафа бўлмайман, — бошини эгди Зебо.

Маҳмуд унинг иягини бармоғи билан кўтариб:

— Унда битта кулиб бер-чи, — деди.

— Айтаверинг, — кўзини олиб қочмоқчи бўлди Зебо, — ўрганиб қолганман ҳар қандай гапга. Аввалги нозу фироқларим йўқ энди.

— Йўқ, бу сафар нозлансанг арзийди. Фақат айт, хафа бўлмайман, де, бир кулиб бер менга.

Зебонинг азбаройи қизиқиши устун келиб, мийиғида жилмайди.

— Ана энди айтаман, — деди Маҳмуд кулиб туриб, — ўғлингни топганингдан кейин, насиб қилса, тинчгина яшашни бошласак, менга ўғил туғиб берасан.

Бу қисқа фурсат ичида Зебо хаёлан минг бир кўчага кириб чиққан, бироқ Маҳмуддан бу гапни кутмаганди. Шу боис дув этиб қизарди, қиз боладек уялиб кетди. Кейин пиқ этиб кулиб юборди.

— Хўш, айтганимни қиласанми? — сўради унинг кулгисидан руҳланган Маҳмуд.

— Оёғингизга ичим ачийди. Қорнингиз ҳам очқагандир, дам олайлик, — деб Зебо Маҳмудга табассум ҳадя қилди-да, паранжисини қум устига ёза бошлади. Эркак унинг белидан қучди. Юзидан ўпмоқчи бўлди, бироқ аёл ўзини олиб қочди.

— Эркак зотининг кўнгли, барибир, ғалати-да, — деди у, — кейин гаплашамиз бошқа гапларни. Мен сизнинг хотинингизман-ку, сиз нима десангиз шу.

Бу гапдан Маҳмуд еру кўкка сиғмай кетди. Ёш боладай диконглагиси келди. Гарчи икки кундан бери одамга ўхшаб овқатланаётган эса-да, аммо ҳали қалтис ҳаракатга қуввати йўқ эди.

Эр-хотин оғзидаги биринчи луқмани ютиб улгурмай, этак томондан қий-чув, оҳу нолалар қулоқларига чалинди. Маҳмуд ўрнидан сапчиб туриб, югурганча қум барханининг устига чиқди-ю, шу заҳоти ўзини ерга ташлади.

* * *

Жондор Али неча йиллардан бери ўзининг қўл остида бўлиб келган чўлу биёбонда бундай пистирмага дуч келаман, деб сира ўйламаган эди. Маматғулининг фармони билан ўттиз чоғли сарбозни бошлаб келаётганида хавфдан дарак берувчи бирорта ҳам белгини кўрмади. Сой адоғигача отларини чоптиришиб, бу ёғига бамайлихотир кетишаётганди. Шайхнинг қўналғасига етиб боришса, бас, Фарвизни отасига элтиб топширишади. Тамом-вассалом. Шу ҳам юмуш бўптими?

Аҳмад бобонинг кулбасига етмасдан икки чақирим берироқда атрофини қум барханлари ўраб турган кенг яланглик бор. Икки ёни хийла тор, етти-саккиз қадамча. Жондор Али бу ердан кўп ўтган. Бироқ ҳар ўтганида, кўнглида қандайдир хавотир сезарди, бироқ бунинг сабабини ўзи ҳам билмайди. Бу сафар ҳам юраги сиқилди. Бир хаёл шу бехосият маконни айланиб ўтмоқчи ҳам бўлди-ю, истиҳола қилди. “Кулгига қолиб юрмайин тағин”, деб ўйлади.

Яланглик охирлаб қолганда орқадан шовқин-сурон эшитила бошлади. Жондор Али Ҳали ўгирилишга улгурмай, кетмон, болта, таёқ кўтарган оломон уларнинг устига бостириб келди. Тўданинг қаердан пайдо бўлгани ёлғиз Худога аён эди.

Жондор Али ғазабга минди. Қаёқдаги ялангоёқлар уларга ҳужум қилмоқчими? Буларни ажал ҳайдаб келган, шекилли, деб ўйларди у.

— Ҳаммасини қиличдан ўтказинг, тириги қолмасин! — ўкирди Жондор Али.

У шундай дейиши билан ёнгинасидаги от устида ўтирган сарбознинг бошига тош келиб тегди. У ўкирганча отнинг оёқлари остига қулади. Жондор Али унинг боши қандай ёрилиб, қон оққанини аниқ-тиниқ кўрди. Яна бир қароқчи шу тахлит қулаганини кўргач, юзбошини ваҳм босди. Тошлар қаёқдан учиб келаётганини англаб етолмаётган эди. Лекин булар ҳам ҳолва экан. Бир пайт ўнгу сўлдан қуролланган гала-гала пиёдалар бостириб кела бошлади. Жондор Али иккита пиёдани чопиб ташлади. Аммо шу пайт кутилмаганда оти ерга қулаб, бир оёғини босиб қолди. У ўрнидан туришга ҳаракат қилаётганида бошига, белига кетма-кет таёқ зарбаси тушиб, шамшири қўлидан учиб кетди. Қолган воқеаларни у ерда ётганча кузатди. Саросимага тушган сарбозлар ўзига келиб, энди жангга киришган пайтда, кутилмаганда олд тарафдан нотаниш чавандоз от чоптириб келди. У ўзини тўдага уриб, қароқчиларнинг учтасини қиличдан ўтказди. Бу абжир йигитга моҳир қиличбозгина бас келиши мумкин эди. Бундай қиличбоз эса отнинг остида бир оёғи синиб ётар, боз устига, боши ёрилган, иккита қовурғаси синганди.

Бу кутилмаган ҳамладан саросимага тушган қароқчилар бирин-кетин ерга қулайвергач, кетмонлилар кучайиб кетди. Улар жон-жаҳдлари билан отлиқларга ташланиб, деярли барчасини ерга қулатди. От устида турган сўнгги қароқчини эса тўрт томондан қуршаб олишди. Оломон орасида аламзадалар кўп эди. Карвонни талаб, одамларнинг шўрини қуритиб, аёлларни бева, болаларни етим қилиш билан машғул бўлган бу аблаҳни нимталаб ташлашга тайёр оломон ҳалқани тобора сиқиб келаверди. Шунда шаҳзода оти билан тўдани ёриб кириб, қароқчига рўбарў бўлди.

— Бекорга жувонмарг бўлгандан кўра, асир тушганинг маъқул, — деди у.

— Ҳимм, — дея иржайди серсоқол қароқчи, — шу кетмончиларга асир тушаманми?! Шамширимнинг мазасини беш-олтитаси татиб кўрди. Ундан бошқалар ҳам умидворга ўхшайди!

Шундай деб, қиличини баланд кўтарди. Шамшир офтобда ялтираб кетди. Қароқчи ҳалқанинг кўзига бўшроқ кўринган бўлагига от қўйди. Аммо мўлжалланган жойгача улгурмади. Мирзо унинг шундай ҳаракатланишини кутаётганди. Ортиқча қийинчиликсиз қароқчига етиб, шамширини унинг белидан ўтказиб юборди.

Устидаги чавандоз ерга қулаши билан от югуришдан тўхтади. Оломон шу заҳоти қийқириб, қўлларини осмонга кўтарди.

— Ҳаммангизни, — деб қичқирди от устида ўтирган Халил мерган, узангига оёғини тираб тик тураркан, — зафар билан қутлайман!

Унинг қутловига қийқириқлар жўр бўлди. Аммо бу шодиёна узоқ давом этмади. Кимнингдир йиғлаётгани аввал уч-тўрт кишининг, кейин бошқаларнинг ҳам эътиборини тортди. Енгига қон сачраган, офтобда қорайган юзига тер билан тупроқ ёпишиб, лойга айланган Эрғози йиғлаётган кишининг ёнига борди.

— Нима бўлди?! — сўради у бошини тиззалари орасига олиб ғам чекаётган одамдан.

У бошини кўтариб, тепасида йиғилганларга бир-бир қараб чиқди.

— Акам… Акам шаҳид бўлди, — деди.

Ҳамманинг боши эгилди. Оломон жанг майдонига қаради. Майдонда қонга беланган мурдалар чўзилиб ётарди.

Қароқчилардан бирортаси тирик қолмабди. Жондор Алининг ҳам айни дамда мурдадан фарқи йўқ эди. У ҳушидан кетган, кўзи юмилиб, танасини куч-қувват тарк этганди. Шу боис қароқчиларга қазилган ўрага чала ўлик Жондор Али ҳам ташланди.

— Бу қабрга кирганлар, — деди Халил мерган оломонга қарата, — кофирнинг ишини қилишди. Лекин, мана, қазо муддати келиб, нариги дунёга равона бўлишди. Энди уларнинг ёлғон дунёда қилган ишларини эсимиздан чиқарайлик-да, жанозасини ўқийлик. Оллоҳ буларни ҳам ўзининг раҳматига олган бўлсин!

Оломоннинг бундай нияти йўқ эди. Жасадлар очиқ қолиб, бижғиб кетмасин, деб уларни кўммоқчи эди. Оломоннинг ниятини пайқагач, аввалига на Халил мерган ва на шаҳзода сўз очди. Охири мерган чидаб туролмай, кўнглидаги гапни айтди.

— Худо хайрингизни берсин, бошқа расм-русумни қилмасак ҳам, жаноза ўқийлик, — деди.

Одамлар истаб-истамай, рози бўлишди ва жанозага сафлана бошладилар.

Оломондан ўндан зиёд одам яраланган, тўққиз киши шаҳид бўлган экан. Жасадлар ўлжага олинган отларга ортилиб, қўналға тарафга йўлга тушишдан олдин шаҳзода:

— Бу ҳали тўла ғалаба эмас. Қароқчибошининг мингдан зиёд лашкари бор, кутилмаганда бостириб келиши мумкин, — дея саф тортиб турганларга бирма-бир қараб чиқа бошлади.

— Қароқчилар қуриб битмагунча уришишга тайёрмиз. Мана, энди отлар бор, қанча қурол-аслаҳани ўлжага олдик. Энди қўрқадиган жойимиз қолмади. Бориб яхшилаб тайёргарлик кўрайлик-да, қароқчилар қачон бостириб келаркан, деб кутиб ўтирмай, ўзимиз тадбир бошлайлик.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

 

 

 

loading...