Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

0

* * *

Маҳмуд жангни бошдан-оёқ кузатди. Кетмон кўтарганлардан кимдир ерга йиқилганида, кўзидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Қароқчилар устун кела бошлаганида, юрагини ҳовучлади. Моҳир қиличбоз йигит пайдо бўлганида эса, қувончдан қийқириб юбораёзди. Уруш тугаб, оломоннинг қўли баланд келганини кўргач эса, ўтириб йиғлайверди. Бунгача Зебо кўз ёшига ғарқ бўлган эди. У ёнига келди. Қирғинбаротни кўрди-ю, ортига қайтди.

Жанг тугаганидан кейин қувончини ичига сиғдиролмай, кўрганларини Зебога тўлиб-тошиб гапириб бериш учун унинг ёнига келганида, аёлнинг нигоҳи бир нуқтага қадалган, гўё сеҳрлангандек қотиб ўтирарди: саройга бостириб кирганлар, қўриқчилар, амалдорлар ва гоҳида канизакларнинг бирма-бир қулаётгани кўз ўнгидан ўтарди. Маҳмуд етиб келганида, Нурсултоннинг камон ўқидан яралангани, тиззалаб ўтириб қолгани ва қиличига суяниб ўрнидан тураётганида кўксини шамшир тешиб ўтгани ва шоҳнинг жон таслим қилаётгани маликанинг кўз олдида қайта жонланганди.

— Халқ ютди, ҳаммасини қириб ташлади! — дея қичқирди унинг ёнига келган Маҳмуд.

Зебо чўчиб тушиб, илкис эрига қаради. Хаёлида кимдир ютқазган, кимнингдир қўли баланд келган. Демак, Давронқул султон уни энди ўзига хотин қилиб олади…

— Душман қўлга туширмасидан қочиб қолишимиз керак. Ўғлимни ўлдириб қўйишади! — бақириб юборди Зебо.

— Нималар деяпсан, жоним? Халқ қароқчиларни қириб ташлади. Куни битди қароқчиларнинг! Тушунаяпсанми?! — дея Маҳмуд хотинининг юзини кафтлари орасига олди.

Ана шундан кейингина Зебо ўзига келди. Киприкларини пирпиратиб Маҳмудга термилди. Бир лаҳза меровланиб шу тахлит ўтирди. Сўнг бирдан эрини қучоқлади.

— Хайрият! Хайрият! — пичирлади унинг лаблари.

— Биз ҳозироқ ҳазратнинг ёнига боришимиз керак, — деди кўзи қувончдан порлаган Маҳмуд. — Халқ қароқчиларни ер билан яксон қилганини айтишимиз керак! Шоҳу амирлар қилолмаган ишни улар эплаганини айтишимиз шарт! Шошайлик! Ўғлимиз ўша ерда! Одамлар келишади. Хушхабарни эшитиб, ҳаммасининг боши осмонга етади. Қани, тур, бу ёғи оз қолди.

Маҳмуднинг оёқларига ғойибдан куч энгандай бўлди. У паҳлавонлардай кўкрагини кериб, дадил одимлади. Қўллари мушт бўлиб тугилди. Юрган сайин юраги ҳаприқар, ортидан эргашиб бораётган Зебонинг ҳам қувончи ичига сиғмас, эридан орқада қолмаслик учун илдамроқ юришга ҳаракат қиларди.

Улар кун пешиндан оққанда, ҳориб-толиб, Аҳмад бобонинг қўналғасига етиб келишди. Қўналғага киришдан олдин Маҳмуд тўхтади. Аввал тиз чўкди, сўнг энгашиб, ерни ўпди, тупроқ олиб кўзига сурди. Унинг ортидан Зебо ҳам бу амалларни адо этди. Кейин паранжисига ўранди.

— Ҳазратим! — дея қичқирди ўрнидан турган Маҳмуд ва югуриб кетди. Ҳовлига етгач, яна чақирди.

— Болам, — деган овоз келди шу пайт чинор томондан.

Маҳмуд билан бирга Зебо ҳам овоз келган томонга қарашди. Чинор остидаги чорпоя устида оппоқ соқолли, салла ўраган нуроний бир чол ўтирарди. Маҳмуд уни кўриши билан ёнига югуриб борди. Шошганча чолнинг озғин қўлларини ушлаб кўзига сураркан:

— Ҳазратим! — деди яна бир марта.

Шу маҳал чол йиғлашга тушди. Бошини кўтариб унга қараган Маҳмуд ҳайрон бўлди.

— Ота, — деди овози титраб, — нега йиғлаяпсиз?! Мени танидингизми?! Мен Маҳмудман, Маҳмуд…

— Болам, — деди ҳамон кўзидан ёши дув-дув оқаётган чол, — ҳазратни бериб қўйдик. Пиримиз бизларни ташлаб чин дунёга кетдилар!

Маҳмуд чақмоқ ургандай бир қалқиб тушди. Қулоқларига ишонгиси келмади. Ортига ўгирилиб, менга шундай туйилдими ё сен ҳам эшитдингми, демоқчидай Зебога қаради. Кейин чолга юзланди.

— Янглиш айтмадингизми?! — сўради у лаби учиб.

— Кошкийди, янглиш айтган бўлсам. Кошкийди, мен унинг ўрнига ўлган бўлсам-у, ҳозир у менинг ўрнимда ўтирган бўлса, — деб қўлидаги дастрўмолини кўзига босди чол.

Маҳмуднинг оёқларидан дармон кетиб, чинорга суянганча ерга ўтириб қолди. Лекин йиғлолмади. Узоқ-узоқларга унсиз термилганча ўтираверди. Бироздан кейин ёнига Зебо келди.

— Ота, — деди Маҳмуд хотини қўлидан ушлаганидан сўнг ҳушини йиғиб, — ҳазрат касалга чалиндиларми?

— Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди. Ҳеч ким ҳазратни шу аҳволга тушади, деб ўйламаганди…

У бир муддат жим қолди. Кейин эшитганларини бирма-бир сўзлай бошлади. Гап Муҳаммад мирзога боғланганида Зебо ўрнидан туриб кетди. Чачвонини кўтарди.

— Ота… Ота! — деди ҳовлиқиб. — Ўша йигит тирикми?! Қароқчилар уни ўлдиришмадими?! Боши омонми боламнинг?!

У сўнгги гапини айтаётганида бақириб юборди. Бу пайтда Фарвиз ташқаридаги гап-сўзлар қулоғига чалингач, кулба айвонига чиқиб, бир-бирларига суяниб ўтирган эр-хотинни кузатиб турарди. У Зебонинг “болам” деган сўзидан кейин қалқиб кетди.

Чол сўзлашдан олдин рўпарасидаги аёлга тикилди. Пешонаси тиришди.

— Қизим, ўша мард йигит сизнинг ўғлингизми? — дея сўради.

— Ҳа! Менинг ўғлим! Тирикми болам?!! — дея инграб юборди Зебо.

— Тирик, қизим! Тирик бўлганда қандоқ, у таъзияга келган одамларни қароқчилар билан уришишга бошлаб кетди. Иншооллоҳ, босқинчиларнинг кули кўкка совурилади! Иншооллоҳ!

Зебо бўшашиб, ҳушини йўқота бошлади. Маҳмуд ўрнидан сапчиб туриб, уни қучоқлаб, оҳиста ерга ётқизди. Шу пайтгача айвонда жонсарак бўлиб турган Фарвиз аёлнинг ҳушидан кетаётганини кўриб, ёнига югуриб келди.

Зебо Маҳмудни қаттиқ қўрқитди, кўзини очгунига қадар бир чой қайнагулик вақт ўтиб кетди. Бахтига Фарвиз бор экан, қиз ёш бўлса-да, эпчиллик билан Зебонинг аъзойи баданини уқалади, юзини илиқ сув билан артди. Бир зум ўйланиб тургач, аёлнинг қулоғи орқасидаги томирни ниҳоятда енгил ҳаракат билан узоқ силади. Ниҳоят, Зебо кўзини очди, бироқ қаерда ётганини англаёлмай, тепасида ўтирганларга бир-бир қараб олди.

— Хайрият, Худога нолаларим етди. Озгина қолди жонимни суғуриб олишига, — деди Маҳмуд хотинига термиларкан.

Зебо майингина жилмайди. Кўзидан икки томчи ёш оқиб тушди.

— Ўғлимнинг борлиги, тириклиги, Худо ўша ёлғизгинамни кўп кўрмаганидан…

— Кўп гапирма, озгина дамингни ол, — деди унинг гапини бўлиб Маҳмуд, — ўғлингни шу аҳволда кутиб олмассан?

— Ҳа, айтганча, мен ўрнимдан турай. Ҳализамон ўғлим келади. У зафар қучди, дедингиз-а?! Жоним болам, ишқилиб, қийналиб қолмадимикин?..

Зебо бироз жим қолди. Сўнг Маҳмудга қараб деди:

— Сиз, майли, ташқарига чиқаверинг. Мен… — қизга юзланган аёл бирпас Фарвизга тикилди, кейин худди бир нима ёдига тушгандай ўзини ўнглади. — Манави қиз билан тайёргарлик кўриб турамиз. Хўпми?

— Яхши, фақат мени бошқа қўрқитмагин, — деб Маҳмуд ҳужрадан чиқиб кетди.

Маҳмуд чорпоя устида жувон ҳушини йўқотганига қайғуриб ўтирган чолнинг ёнига етганда, чўл томондан келаётган ҳайқириқ қулоғига чалиниб, таққа тўхтади. Овоз келаётган томонга ўгирилиб қараб, югурганча ҳужрага кириб, Зебога мирзо яқинлашиб келаётганини хабар қилди. Ўзи эса ташқарига ошиқди.

— Ҳой, шошма! — бақирди унга чол. — Мен қоп кетмайин, мениям обор!

Чолнинг иккала оёғи ҳам ишламасди. Маҳмуд уни опичлаб, қоқ суяк бўлиб қолган гавдасини зўрға кўтариб оёққа турди. Лекин бу дамда чол-ку чол, ўн беш ботмон юкни кўтаришга ҳам қодир эди.

Ҳайқирганча отда, пиёда келаётган оломон шунчалик тез одимлардики, кўз очиб юмгунча чол билан Маҳмуд турган жойга етиб келишди. Ерга чордона қуриб ўтирган чол билан ёнида турган Маҳмуднинг кўзларидан тинимсиз ёш оқарди.

Олдиндаги отлиқ — шаҳзодалигини ҳеч ким билмайдиган Муҳаммад мирзо уларнинг ёнига келиб, отдан сакраб тушиб, энгашиб чолнинг қўлларини ўпди.

— Биз душманни қириб ташладик! Қароқчилар тўдасини енгдик, ота! — дея чолнинг қўлтиғига кириб, ўрнидан туришига кўмаклашди.

— Бўлдими, қароқчилардан қутулдикми? Энди карвонлар ҳам бехатар бориб келаверадими, болам?! — деди кўзидаги ёшини тиёлмаган чол.

— Кел, — деди Маҳмуд мирзога қучоқ очиб, чол жавоб беришини ҳам кутмай, — бағримга бир босай! Ҳидингни соғинганман!

У шаҳзодани маҳкам бағрига босиб, юм-юм йиғлади. Сўнг қулоғига пичирлаб: “Онанг келди, болам. Йўлингга кўзлари тўрт бўлиб ўтирибди ҳужрада”, деди.

Мирзо Маҳмуднинг бағридан чиқиб, ўткир кўзларини нотаниш одамга тикди.

— Сиз ким бўласиз? — дея сўради.

— Мен нобакор сенинг отангман, — деди Маҳмуд товуши титраб.

Шаҳзоданинг юзи қизариб, кўзи чарақлади. Кенг пешонасига тер тепчиб, нафас олиши тезлашди.

— Нима, отам?! — деди қулоқларига ишонмаган мирзо.

— Менман сени шу ерларга ташлаб кетган, болам! Бунинг учун ўлдирсанг ҳам розиман!..

Маҳмуд бошқа гапиролмади, елкалари силкиниб изиллаб юборди. Уларни қўрғалаб турган оломон бир шундай азаматга оталикни даъво қилаётган фақирга, бир эшитган гапига лол бўлиб қолган мирзога қаради.

— Отажон! — дея тиз чўкиб шаҳзода Маҳмуднинг оёқларини қучоқлаб, йиғлай бошлади.

— Болам, — деди ундан бундай ҳаракатни кутмаган Маҳмуд мирзонинг елкаларига қўлини қўйиб, — тур, болам! Онангнинг ёнига бор! Кўзлари кўр бўп қолмасин!

Мирзо арслонкелбат қаддини кўтарди. Бургутдек нигоҳи билан оломонга бир-бир қараб чиқди. Унинг нигоҳига дош бериш қийин эди. Одамлар бироз ортга тисарилишди, Маҳмуд йўлни очди. Шаҳзода падарининг ёнидан ўтди-ю, югуриб кетди. Кулбага етишига ўттиз қадамча қолганида тўхтаб, тиз чўкиб, ерни ўпди. Сўнг эмаклай бошлади. Ичида Қуръон тиловат қилиб, ерни ўпиб кетаверди. Қўллари, оёқлари титради. Юраги тез-тез урди. Бутун вужудидан тер қуйилиб, кийимлари жиққа ҳўл бўлди…

Ўғлининг келганини эшитган она ҳужрада ўтиролмади. Кулбадан отилиб чиқиб, ўғлининг ер ўпиб келаётганини кўриб, кўз олдини туман қоплади. Титраб кетди.

— Болам! Болажоним! Шаҳзодам!!!

Она бир-бир қадам ташлаб ўғлига яқинлашди. Қушлар сайрашдан, чигирткалар чириллашдан тўхтаганди гўё. Оломон киприк қоқмай қараб турарди. Отларнинг қулоғи тикрайди. Шамол ҳам тинчиди. Қуёш тиғини қайтариб, борлиқни сукунат қоплади.

Она юришдан тўхтади. Мирзо унинг оёқларининг остигача ерни ўпиб борди. Сўнг онасининг оёқларини кўзига суртиб, тавоф қилди.

— Мирзом! — дея Зебо тупроққа ўтирганча боласининг бошини бағрига босди. Ўғлининг юз-кўзларидан ўпишга тушди.

Воқеани кузатиб турган оломоннинг боши эгилди. Кўпчиликнинг кўзлари ёшланди.

— Она, мен сизни жуда кўп кутдим. Лекин излаб чиқмадим. Мени кечиринг, она! — деди кўз ёши сел бўлиб оқаётган шаҳзода.

— Асло бундай деманг, шаҳзодам, сизни гўдаклигингизда тортиб олишди. Мен сизни чўлнинг ўртасида ҳимоясиз қолдириб кетдим. Мени зўрлаб отларига ўтқазиб, олиб кетишди. Сизнинг дийдорингизга етмоқни туну кун худодан тиладим. Нолам Оллоҳга етиб, сиздайин арслон ўғлимни топдим!

— Она, энди ҳеч ким, ҳеч қачон бизни ажратолмайди. Мен бировга бериб қўймайман сизни, кўнглингиз тўқ бўлсин. Энди туринг, она, сизни бошимда кўтариб юраман.

Мирзо онасини ўрнидан турғазиб, ҳужрага олиб кирди. Фарвиз ташқарига чиқолмади, узоқ айрилиқдан кейинги она-боланинг топишганини кўришга юраги дов бермади.

— Мана, — деди шаҳзода онасининг кўнглини кўтариш учун қизни кўрсатиб, — энди бу қиз доим сизнинг ёнингизда бўлади.

Зебо сочлари майда ўрилган, дўпписи ярашган, бошини эгиб турган хушбичимгина қизга бошдан-оёқ қаради. Шу маҳалгача эътибор бермаган экан, энди қиз кўзига бошқача кўринди. Зебо бир-бир босиб қизнинг ёнига борди-да, пешонасидан ўпиб қўйди.

— Она, — деди Муҳаммад мирзо Зебога қарашга ботинолмай ерга тикилиб, — сиз билан ҳали узоқ гурунглашаман. Урушдан шаҳидларни олиб қайтдик. Уларни дафн этишим зарур. Рози бўлсангиз, мен борайин.

Зебо ўғлини қўйиб юборгиси келмас, тўйиб-тўйиб кўзларига тикилмоқчи, юзидан ўпмоқчийди. Шунча йил… Йўқ, буни сўрашга унинг мадори етмайди. Ахир, қандай сўрасин? Ўғли қийналганини айтиб қолса, шундоғам зада бўлган юраги тилка-пора бўлади-ку.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

 

 

 

loading...