Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)

0

— Майли, ўғлим, боринг. Сизнинг елкангизда юмуш мўл. Мана, мен келдим, шу ердаман. Айтганингиздай, сираям ажралмаймиз. Бошингиз омон бўлсин, — деди Зебо ва ўғлини бағрига босиб, пешонасидан ўпди.

Ташқарида мотам, ичкарида Зебо хурсандлигидан терисига сиғмасди. У ўзини қўярга жой тополмасди. Фарвиз бўлса, ердан бошини кўтармайди. Деворга суянганча унсиз йиғлайди. Қароқчиларнинг биттасиям тирик қолмаган бўлса, демак, унинг отаси ҳам ўлдирилган. Қайсардан қайтган, бир сўзли, қаҳрли отасининг ўлимида ўзини айбдор ҳис қиларди қиз. Ахир у мирзонинг қочишига ёрдам бермаганида, ўзи ҳам у билан бирга бу ерларга келмаганида, балки отаси тирик қолган бўларди. Ким бўлса-да, барибир унга ота-ку. Ана, ўзи кўрди, мирзо онасини қай даражада эъзозлаганини. У эса бир йигитнинг чиройига учиб, отасининг бошига етди. Ҳеч ким ҳеч қандай ваъда бермаган эса-да, бу ерга келиб ўтирибди!

— Ҳа, қизим, — деди унинг ёнига келиб ўтирган Зебо, — нима бўлди? Намунча ғамгинсиз?

Фарвиз чидаб туролмади, ўзини аёлнинг бағрига ташлади. Вужуди титраб йиғлади. Зебо уни қанчалик овутишга уринмасин, барибир, Фарвиз ўзини босолмасди. Кейин у ҳолдан тойиб ухлаб қолди. Зебо уни оҳистагина ётқизиб, устини паранжи билан ёпди.

Шаҳидлар қабрга қўйилганидан кейин оломон чинор остига йиғилди. Тиловат қилинди.

— Бекорга шунча одам нобуд бўлди, — деди юзига фотиҳа тортган эллик ёшлардаги бир одам ўрнидан туриб.

Йиғилганлар унга қарашди.

— Агар бу ўзбошимча йигитнинг гапига кирмаганимизда, улар орамизда ўтирган бўлишарди, — дея гапини давом этказди у бошқаларнинг қарашидан рағбат олиб.

— Бекор айтибсан! — деди бирдан жаҳли чиққан Эрғози. — Агар биз шу бебош йигитнинг гапига кирмаганимизда, ўлигимизни кўмадиган одам ҳам қолмасди бу ерда. Ҳаммамизнинг мурдамиз чивинларга ем бўларди.

— Менинг тадбирим маъқул келмаган бўлса, жазо тайинлангиз, мен тайёрман, — деди мирзо ўрнидан туриб атрофидагиларга қараркан.

Ҳеч кимдан садо чиқмади. Гап бошлаган ўрта яшар эркак эса бошини хам қилиб олганча бошқа чурқ этмади.

— Унда, — деди орага чўккан жимликни бузиб шаҳзода, — катта жангга тайёргарлик кўрмоғимиз лозим. Бу сафар осон бўлмайди. Душман туйқусдан қиладиган ҳийламизга алданиб қолмайди. Бахтимиз бор экан, биз жанг қилишни мўлжаллаган яланглик торайди. Шунинг учун ҳам режани ўзгартирдик. Аввал орқадан, кейин икки ёндан ҳужум қилдик.

— Натижасини кўрдинглар! — деди Халил мерган мирзонинг гапини қувватлаб. — Бошқача бўлганида, талофат ҳозиргидан бир неча маротаба кўп бўларди. Чунки оддий деҳқон билан уруш кўрган сарбознинг орасида ер билан осмонча фарқ бор. Худонинг инояти билангина биз ютиб чиқдик.

— Гапларингиз тўғри, — деди унга юзланган Эрғози, — энди нима қиламиз? Муҳаммад мирзо айтганидай душман ёппасига бостириб келса, ҳаммамизни қириб ташлайди, унда барча саъй-ҳаракатларимиз бир пул бўлади-ку.

— Буни, аввалги сафаргидай, пухта режалаштирамиз. Эҳтимол, қароқчиларни инларидаёқ йўқ қилган маъқулдир.

— Халил, ўзинг айтгандай, бу ердагилар уруш кўрмаган, — дея гапга аралашди шу пайтгача чорпоя устида жим ўтирган оппоқ соқолли чол (уни Қўлдош бобо деб чақиришарди. Ғовактепа қишлоғидан. Аҳмад шайхнинг, гарчи ундан ёши катта бўлса-да, биринчи шогирди. Икки йилдан бери оёқдан қолган. Ҳамма қароқчиларга қарши жангга кетганида қўналғада ёлғиз у қолганди). — Шундай экан, сизлар нима десанглар, булар шуни қилишади. Ўзларинг зарур чора-тадбирни пухта ўйлаб кўринглар, — деди ва оломонга юзланди: — Уйдан келгандан бери туз тотганларинг йўқ. Бу ерда қоринларингни тўйғазишга ҳеч вақо топилмайдиям. Шунинг учун уч-тўрттанг қишлоғингга бориб, егулик опкелинглар. Агар Муҳаммад мирзо бугун йўлга чиқишимиз керак деса, бугун чиқамиз. Шунинг учун шошилишларингга тўғри келади.

Ғала-ғовур бошланди. Ҳамқишлоқлар тўда-тўда бўлишиб, биттадан вакил ажратишди. Улар ўлжа отларга миниб, қишлоққа йўл олишди.

— Устоз, — деди Муҳаммад мирзо чорпоя устида Эрғози, Қўлдош бобо ва Мерган қолгач, Халилга мурожаат қилиб, — мен олишишни биламан, бироқ душманга қарши режа тузишда оддий одамлардан фарқим йўқ. Сиз нима дейсиз? Нима қилсак, қароқчиларни бутунлай қириб ташлаймиз?

Мерган бир муддат сукут сақлаб, манглайига тепчиган терни белбоғига артди. Сўнг секин гап бошлади.

— Темур услуби билангина душмандан устун келишимиз мумкин, — деди ва чорпояда ёнма-ён ўтирганларга бирма-бир қараб, сўзида давом этди: — Буюк Темурнинг махсус тошвойчилари, мингвойчилари, мешвой, қўштаёқчилари бўлган, деб эшитганим бор. Айнан ана шу одамлар ҳар қандай жанг тақдирини ҳал қилишган.

— Ҳеч нарсага тушунмадим, устоз. Ким эди ўша мингвой, мешвойчилар? — деди Халил мерганга юзланиб шаҳзода.

— Тошвой унвонига эга бўлган саркарданинг қўлига оддий қорамол ичагининг бир учи кийгизилади, иккинчи учига тош маҳкамланади. Тошвой душманнинг энг сара аскарининг кекирдагига тош билан уриб, уни отдан ағдаради. Бу айтишга осон, аслида, жудаям мураккаб. Шунинг учун бундай одамлар Буюк Амирнинг лашкарлари орасида саноқлигина бўлган. Бу усулни жангчи сулоласигина қойиллатиб бажарган ва давом эттирган. Мингвойчилар кутилмаганда душман аскарлари орасида пайдо бўлиб, бемалол саркардани енголган… Хуллас, бундай одамларни ҳозир топиш амримаҳол. Бундай жанг сирини орамизда ҳеч ким билмайди.

— Шошманг, — деди ўрнидан сапчиб туриб кетган Эрғози, — бизнинг қўшни қишлоқда бир оилани “тошвойлар” дейишарди. Улар нега тошвойлар дейилишини ҳеч ким билмайди. Ўзлари бошқалар қатори деҳқончилик қилишади, чорва боқишади. Лекин қишлоққа кам аралашади. Хуллас, ўзлари билан ўзлари овора.

— Кексароғи борми? — сўради ундан Халил мерган.

— Менимча, йўғ-ов. Яқиндагина, адашмасам, бир ой ҳам бўлмади, тошвойлардан бир чол қазо қилди, дейишувди.

— Биродар, ҳозироқ отга мининг. Ўша оилада эр йигитлардан неча киши бўлса, олиб келинг. Келишга кўндиринг, фақат тезроқ, кечга қолманг, — деди Халил мерган унга илтижоли оҳангда.

Эрғози чорпоядан сакраб тушиб, отлар томонга югуриб кетди.

* * *

Маматғули тушгача ғазабини босолмади, унинг ёнига бирор кас, ҳатто хотинлари ҳам йўлай олмади. Пешинда тўйиб майхўрлик қилган қароқчилар бошлиғининг бироз кайфияти кўтарилди. Боиси, у Жондор Алига ўзидан ҳам кўпроқ ишонарди. Шу пайтгача бу шоввоз битирмаган иши бўлмаган. Бошда карвонни талашга шахсан ўзи бош бўлган эса, мана, кейинги ўн йил бу юмушни Жондор Алидай паҳлавон эплаб келаяпти.

“Қани, кўрай-чи, бу қайсар йигитча яна қандай ҳунар кўрсатарканки, Жондор уни қай шармандали ҳолга тушираркан? Падар лаънати менинг қизимни қандай аврадийкан? Йўқ, авраб олишга имкони йўқ эди-ку?.. Ҳа, Фарвизнинг ўзи унинг ёнига борган… Ҳар қандай қизнинг хаёл-ҳушини оладиган йигит экан ўзиям. Жуссаси, юз-кўзи, қилич ўйнатиши… Куёвликка арзигулик. Аммо бунинг учун у хизматимда бўлмоғи керак. Қанийди, шундай мард, довюрак, салтанатимни менсиз ҳам қўлда тута оладиган куёвим бўлса… Биламан, атрофимдагилар қазомни кутиб юришибди. Кўзим юмилиши билан буди-шудим талош бўлади. Бунча мол-мулкка эга бўлгунимча озмунча азоб чекдимми? Киндик қоним тўкилган макондан бадарға бўлдим. Мени деб хоннинг саркардалари пешонамдаги ёлғиз ўғлимни ҳам қатл этишибди… Келса, гаплашаман. Агар ўша йигитча гапимга кўнса, тўй-томоша қилиб, қизимни никоҳлаб бераман”, деган ўйлар билан Маматғули ҳарамга кирди. Кўнгли канизак тусади.

Иккита канизак кирди. Бироқ у шу заҳоти канизакларни изига қайтариб, Фарвизнинг онасини чақиртирди. Аёли билан қизи ва бўлғуси куёви тўғрисида маслаҳатлашишни кўнглига тугди. Аммо Бедор биби ҳарамга кириши билан Маматғулининг тепа сочи тикка бўлди. Бўлмаса, аёл бир оғиз ҳам гапирмаган, Маматғули ҳам ҳеч нима сўрамаганди. Шунчаки, кўрди-ю, жони чиқиб кетди.

Бир пайтлар Бедор биби унинг энг суюкли хотини эди. Аввал канизак мақомида эди. Маматғулигача унга ит тегмаган. Тоза, бокира, қитиғи ўлмаган қиз эди Бедор биби. Юзлари тиниқ, қош-кўзлари қоп-қора, тишлари садафдек. Маматғули уни ўзига кўниктиргунча кўп қийналганди. “Агар менга ўғил туғиб берсанг, шу куниёқ никоҳимга оламан. Бош маликам бўласан”, деганди. Лекин бу гаплар бибининг кўнглини эритолмади. У ҳатто оғироёқ бўлганидан кейин ҳам қароқчилар бошлиғидан ўзини олиб қочиб юрди. Шундан кейин Маматғули унинг ортидан хуфия қўйди. Билдики, бу қизнинг суйган йигити бор экан. У ҳам Бедор биби билан бир карвонда сафарга чиққан ва қароқчилар ҳужуми пайтида шаҳид бўлган экан. Йигитнинг ўлгани Маматғулига бироз таскин берди. “Ҳартугул, ўлибди-ку, ўлган одамданам қизғаниб юрайми энди?” — дея кўнглини хотиржам қилди.

Бу воқеаларга ҳам анча бўлди, қанча сувлар оқиб кетди. Ундан бери Бедор бибини қароқчибоши никоҳига олди. Лекин бу аёл қурмағур, заррача бўлсин ўзгармади. Бир ўғил туққанди, нобуд бўлди. Мана, Фарвизни дунёга келтириб, вояга етказди. Қани энди, шу қизгинаям унинг кўнглини ёритолган, бир зумгина қувонган бўлса…

Ҳозир юзига ажин тушган, сочларига оқ оралаган аёл унинг қаршисида турибди. Бир қўли кўксида, қадди хиёл эгилган. Худди муте қулдай илтифотли.

— Қизингнинг қилган ишидан хабардор бўлсанг керак?! — деди уни кўриши билан Маматғули қовоқларини баттар уйиб.

— …

— Мен деворга эмас, сенга гапираяпман! — дея овозини яна бир парда кўтарди Маматғули хотинининг жим турганидан баттар жаҳли чиқиб.

— Фарвизхонни мен жуда кам кўрардим. У фақат сизнинг тарбиянгизни оларди, — деди тўлиқиб кетган Бедор биби.

— Барибир, сен ярамас туққансан уни! Хуфия таълим берганга ўхшаяпсан!

— Айбдорман.

— Демак, ҳақ эканман-да. Сен уни менга қарши қайраган экансан-да! Ўша чўлда тўнғизларга ем бўлган суюклингнинг хунини олмоқчи бўпсан-да!

Бедор биби кутилмаганда кўксидаги қўлини тушириб, Маматғулига тик боқди. Кўзлари ўт бўлиб ёнди. Ғазаби жўш урганидан лаблари титради.

— Сиз, сиз… — деди у товуши титраб, — ҳар қанча қонхўр бўлсангиз ҳам, қизимнинг отасисиз! Мен фарзандни ҳеч қачон отага қарши қайрамайман!

— Нима?! — ўрнидан туриб кетди Маматғули. — Қонхўрманми?! Қайси тил билан айтдинг бу гапни, ҳароми?!

— Ўзингиз билган нарсани нега тан олгингиз келмайди? Не-не карвонларни талаб, не-не одамларнинг ёстиғини қуритмадингиз! Мен қизимга ўлим тилаб келганман шу кунгача! Чунки сизнинг фикру хаёлингизни биламан!..

Аёлнинг ҳар битта гапи Маматғулининг юрагига наштардек санчилаётган эди. Бедор бибининг қолган гапларини эшитишга сабри чидамай, бор кучи билан бибининг юзига шапалоқ тортиб юборди. Аёлнинг боши айланиб, кўзи тинди, зарбага бардош беролмай, алвон гилам устига қулади.

— Тилингнинг бунча узунлигини билмаган эканман! Билганимда, аллақачон узиб ташлаган бўлардим. Лекин хатони тўғрилашнинг эрта-кечи йўқ! — дея Маматғули сўл қўлининг бармоқлари билан оғир-оғир нафас олаётган Бедор бибининг жағини қисди. Тирноқлари аёлнинг нозик юз терисига ботди. Аёл бир лаҳза нафас олишга қийналди. Худди қассобнинг пичоғи остига тушган қўй мисол томоғидан хирилдоқ бир товуш чиқди. Бу овоз қонхўрни баттар қутуртириб юборди. У белидаги камарга осилган тилла ранг қиндан тиғи тошни кесгудек ўткир ханжарини суғуриб олди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

 

 

loading...