Фарғонада ИИБ биносидан ўлиги чиққан 20 ёшли йигит бўйича маълумот берилди

0

Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган “Қува туманида 20 ёшли, соппа-соғ йигитни ИИБ ходимлари «суҳбат қилиш» учун олиб кириб кетиб, ўлигини олиб чиқиб беришибди” сарлавҳали хабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 2 апрель куни Қува тумани Қалинпўстин маҳалласи бўйлаб пиёда кетаётган, 2001 йилда туғилган фуқаро А.Анваров йиқилиб тушиб, соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли шифохонага олиб борилган. Тиббий муолажаларга қарамасдан, шу куни А.Анваров шифохонада вафот этган.

Суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотида, фуқаро А.Анваровнинг ўлимига ўткир юрак-ўпка етишмовчилиги, юракни ишемик касаллиги, икки томонлама буйраклар поликистози сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Шунингдек, жорий йил 31 март куни Қува туман ИИБ ҲПБ профилактика инспекторлари туманнинг Қалинпўстин МФЙ ҳудудида хизмат олиб бораётган пайтида фуқаро А.Анваров карантин қоидаларини бузиб, ниқоб тақмаган ҳолда юрганлиги сабабли тўхтатилганида А.Анваров шахси тўғрисида бирор-бир маълумот тақдим этмаган.

Сўнг, А.Анваровни шахсига ойдинлик киритиш мақсадида Ҳуқуқ-тартибот масканига олиб борилган.

Фуқаро А.Анваров содир этган ҳуқуқбузарлигини тушуниб етганлигини, моддий томондан қийналганлигини маълум қилганлиги боис, отаси Ё.Халилов иштирокида профилактик суҳбат ўтказилиб, расмий огоҳлантирилган ва отаси билан биргаликда яшаш хонадонига рухсат берилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қува туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вафот этган фуқаронинг оила аъзоларига ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Шу ўринда журналист ва блогерлардан текширилмаган ва тасдиқланмаган маълумотларни ижтимоий тармоқларга жойламасликларини, агарда бирор-бир воқеа ва ҳодиса ҳақида ишончли маълумот олиш зарурати туғилса, вилоят ИИБ Ахборот хизматининг 99) 9945375 телефон ҳамда телеграмм рақамига мурожаат қилишларини сўраб қоламиз.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here