Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (33-қисм)

0

Маматғули қиз туғиб берган аёлининг тилини кесиб ташлай олмади. Қўллари қалтираб, ханжар тушиб кетди. Бу ҳолга ўзи ҳам тушунмади. Кимгаки қилич кўтарган бўлса, албатта, чавақлаб ташларди. Раҳм-шафқат нималигини билмасди. Бироқ бу сафар қўли ихтиёрига бўйсунмади. Аёлни тепиб юбориб, сўнгра пичоқни улоқтирди. Чўғдай гилам устида букилиб қолган Бедор бибининг устидан ҳатлаб ўтиб, ҳарамни тарк этди. У кўриниш бериши билан Тоғай лумбоз белидаги қиличини шарақлатиб югуриб келди-да, иккала қўлини кўксига қўйиб:

— Ҳазратим, хизматингизга мунтазирман, — деди.

— Қочоқларни қувиб кетганлар қайтишдими? — сўради Маматғули ва шу дамда кўзи улкан дарвоза тепасига қўниб турган бир гала олашақшақларга тушди.

— Йўқ, олий ҳазратлари, улар шу кетганларича бедарак.

Маматғули бир муддат кўзини юмди. Жондор Али уни сира куттириб қўймасди. Қароқчиликда ундан ўтадигани йўқ. Бошига ташвиш тушдимикин? Қандоқ ташвиш бўлиши мумкин? Чўл-биёбондан тортиб, яқин атроф тоғларигача унинг измида бўлса! Маматғулининг хаёлига Давронқул шоҳ келди. Унинг амрига бўйсунмай юрганини сўнгги пайтларда тез-тез эсларди. Ҳозир кўнглида энг ишончли, жасур саркардаси ҳам ўзи каби хиёнат қиладигандай.

— Икки хуфияни тезда ортидан жўнатинглар. Жондор Алининг кечикиш сабабини аниқлаб қайтсин. Муҳлат офтоб ботгунча! — буйруқ берди Маматғули.

— Амрингиз бош устига, — дея Тоғай лумбоз орқаси билан юриб узоқлашди.

* * *

Эрғози уч нафар алпқомат йигит ва қариб, озиб-тўзиб кетган оқ соқолли, оппоқ яктакли бир чол билан қайтиб келди. Чол отнинг устида зўрға ўтирарди. Манзилга етгач, йигитлардан бири уни отдан кўтариб туширди.

— Зўрға кўндирдим, — деди Эрғози Халил мерган билан шаҳзоданинг ёнига келиб, — шайх ҳазратларининг вафотини, унинг маконига ҳужум бўлажагини эшитганидан сўнггина рози бўлишди.

Мирзо устози билан бориб, чолга салом берди. Кейин иккаласи чолни кўтаришиб, чорпоя устига ўтқазиб, ҳол-аҳвол сўрашди. Шунда чолга қўшилиб келган йигитлардан бири уларга отасининг кўзи кўрмаслигини, қулоғи ҳам оғирлигини айтиб, қаттиқроқ гапиришларини сўради. “Хўп” дегандек бош қимирлатди унга жавобан Халил мерган.

— Менинг отим Баҳодир тошвой, — деди чол баланд овозда. — Ким шундай покиза одамнинг жонига қасд қилди?! Кимнинг ҳадди сиғди шундай қилишга?!

Чолнинг сўқир кўзларидан ёш сизиб чиқди, вужуди титради. Қўллари қалтираб, кирланиб кетган яктагининг этаги билан юзидаги ёшни артишга уринди.

Унинг саволига биров юрак ютиб жавоб беролмасди. Зеро, унинг сўроғи ҳамманинг кўнглини юмшатиб юборган, тўпланганлар бош эгиб турардилар.

— Айтмасанглар ҳам эшитдим. Қани энди, илгариги куч-қувватим бўлса-ю, ўша ярамасни ўз қўлларим билан бўғиб ўлдирсам!

— Ота! — деди Халил мерган. — Ўша ярамас энди ҳазратнинг уйини вайрон қилмоқчи, атроф қишлоқларнинг кулини кўкка совурмоқчи. Ёрдам сўраб сизни чақирдик.

— Нечтасизлар?

— Юзга яқин.

— Шунча одамнинг қўлидан келмайдими битта қароқчини даф қилиш? Бобомнинг бобоси буюк саркарданинг қўшинида хизмат қилган. Бир ўзи ўнлаб душманни ер билан яксон қилган. Қанийди, ёш бўлганимда эди, — дея чол бошини сарак-сарак қилиб оҳ тортди.

Муҳаммад мирзо унга косада сув тутди. Баҳодир тошвой ютоқиб чанқоғини қондирди. Сўнг лабларини енгига артди.

— Учта баҳодир неварам билан келдим. Мушкулингизни осон қилишга ёрдам беради. Мени ҳазратнинг қабрига оборинглар, зиёрат қилайин. Ундай одамлар жуда кам келади бу дунёга.

— Сиз дамингизни олинг. Унгача биз набираларингиз билан гаплашиб турамиз, — деди унга Халил мерган.

Алпқомат йигитлардан иккитаси тошвойлик санъатидан хабардор экан. Шунда ҳам боболари каби мукаммал эгалламаган экан бу усулни.

— Шунисига ҳам шукр. Муҳими, сизлар жисмонан бақувватсиз. Шу ҳолингиздаям уч-тўрт душманни бемалол енга оласиз. Албатта, бу кам, — деди йигитларнинг гапларини тинглаб бўлганидан кейин шаҳзода.

Унинг гапини эшитган йигитлар бир-бирларига қараб қўйишди. Нигоҳларда: “Баҳомизни анча тушириб юбордими?” деган маъно сезиларди. Бироқ улар хафа бўлишмади, кучларини жангда кўрсатишни кўнгилларига тугиб қўйишди.

Шундан сўнг Халил мерган темирчилар бор-йўқлигини суриштирди. Олти киши ўртага чиқди. Лекин уларнинг биронтасида ҳам дастгоҳи йўқ эди. Боши қотиб, йигитлар билан гурунглашиб турган мирзонинг ёнига қайтаётганида, чўл томондан уч отлиқ елиб келиб қолди.

Аввал уларга мирзо рўбарў бўлди. Келганлардан бири шаҳзодани танир экан, уловидан тушибоқ, мирзонинг қўлини ўпди. Шайхнинг ўлимидан хабар топгани, ниҳоятда афсусдалиги ва унинг учун ҳам шогирдининг қўлини кўзига сурганини айтди.

— Биз савдогармиз, карвонимиз икки чақирим нарида. Ўзингизга аён, замон нотинч, йўлда қароқчиларга дуч келиш хавфли эса-да, шайхнинг вафот этганини, Ҳиндистондан улкан савдо карвони келаётгани хабарини эшитиб, йўлга отландик. Иншооллоҳ, шу ергача омон-эсон етдик. Йўлнинг нариги қисми хавфсизроқ, — деди пўрим кийинган киши.

— Хуш келибсизлар. Лекин бу сафар аввалгидек сизга хизмат кўрсатолмаймиз, тақсир, — деди Муҳаммад мирзо.

— Сиз сираям безовта бўлманг. Толиққан одамларимиз салқинласа, шунинг ўзи кифоя.

— Сарбон карвон билан биргами?

— Албатта. Кейин, — дея мирзони четроққа тортди савдогар, — сизга айтадиган муҳим гапим бор.

— Бемалол. Бироқ ортиқча юмушга вақтим етмас, деб афсусдаман.

— Асло ортиқча юмуш эмас. Хабарингиз бор, биз шайх ҳазратларининг маконида жуда кўп меҳмон бўлганмиз. Ҳазратнинг пурҳикмат гапларини эшитиш бахтиям насиб этган. Шу боис ҳазратнинг қароқчилар қўлида жон таслим этганини эшитиб, юракларимизга қасос алами тинчлик бермайди. Токай йўлтўсарлардан пусиб, қўрқиб яшаймиз?

— Гапларингизга қўшиламан. Агар карвоннинг бошлиғи шоҳга…

— Тақсир, сарой алғов-далғов бўлиб ётибди. Шаҳзодалар тахт учун бир-бирини ғажиш билан банд. Ўтган ҳафтанинг муқаддас жума куни беш ёшга тўлган шаҳзода қатл этилди. Онаси канизак экан, ақлдан озди, шўрлик… Хуллас, гап кўп. Бироқ ҳозир сизга мулла Акбар жанобларининг таклифини етказмоқчиман. Агар рози бўлсангиз, ҳозирданоқ тайёргарлик кўрмоқ лозим бўлади.

— Қулоғим сизда. Гарчи гапларингиз маъқул келмаса-да, ҳеч бир сўзингиз эътиборимдан четда қолмайди.

— Мулла Акбар жаноблари сараланган ўттиз сипоҳ ва тўрт туяда қурол-яроғ билан келаётир. Мақсадимиз ўша қуроллару сипоҳлар ёрдамида кундан-кунга қутуриб кетаётган қароқчилар тўдасини бир ёқли қилиш ва шу баҳонада карвон йўлининг хавфсизлигини таъминлаб, шайх ҳазратларининг ҳам хунини олиш.

— Ўч олиш бизга буюрилмаган. Аммо ҳозир қароқчиларга қарши жангга тайёргарлик кўраяпмиз. Уларнинг кичик бир галасига кутилмаганда ҳужум қилиб, маҳв этишга эришдик. Лекин асосий кучига бас келолмаймиз. Қароқчилар сони бисёр. Шоҳ қўшини билан ҳам бемалол жанг қилолади… Таклифингиз айни вақтида бўлди. Сипоҳлару қуролларни жон деб қабул қиламиз.

— Унда мен Акбар жанобларига гапларингизни тезда етказаман, — деб савдогар мирзонинг қўлини сиқиб қўйди.

Халил мерган шаҳзода билан савдогарнинг гурунги тугашини кутиб турган эди. Савдогар отига қамчи уриб, тулпорини чоптириб кетганидан кейин мирзога савол назари билан қаради.

— Бизнинг қуролларимиз бор энди. Ўттиз нафар сипоҳга ҳам эга бўлдик.

— Табриклайман, — деб устоз шогирдининг елкасига қоқиб қўйди.

— Энди жангга ярайдиган одамларимизни имкон қадар қиличбозликка ўргатиш лозим. Тағин пухта бир режа ҳам тузмоғимиз керак.

— Сипоҳларнинг етиб келишини кутайлик. Улардан ҳам фойдаланамиз.

— Маъқул, унда тезда омборни ҳозирлайлик.

Кўп ўтмай карвон етиб келди. Сарбон элликлардан ошган зарбоф тўнли, қора соқолли, тўладан келган киши экан. У мирзо ва Халил мерган билан илиқ кўришиб, таъзия билдирган бўлди. Сўнг тўрдаги чорпояга чиқиб ўтирди. Чойдан бир-икки ҳўплаб, сипоҳлар ва қуроллар тўғрисида оғиз очди.

— Бошимиз осмонга етди, — деди мирзо унинг сўзларини тинглаб туриб, — жанг қилмоқ шундай бир валий инсоннинг шогирдига гуноҳ, деган ўйда ўзимни қийнайман. Аммо бусиз осойишталик кўринмаяпти.

— Сиз асло кўнглингизни бузманг. Ҳаммамизнинг бошимиздаги ташвишни биргаликда ҳал қилмасак, қурбонлар сони ортиб кетаверади.

— Аммо биз озчиликмиз. Бунинг устига, қўшинимиз деҳқону косиблардан иборат. Катта қароқчи тўдасига бас келишимиз қийин, деб ўйлайман.

— Ҳа, оғир. Гарчи менинг ёнимда яхши тайёргарлик кўрган сипоҳлар бўлса-да, улар ҳам ожиз. Назаримда, ҳарбий ҳийла керакдай, — деди мулла Акбар қоп-қора соқолини силаркан, ўткир нигоҳини шаҳзодага тикиб.

— Қулоғим сизда. Таклифингиз бўлса, бажонидил.

— Ҳамлани бугундан қолдирманг. Шу туннинг ўзидаёқ душман қароргоҳига бостириб бормоқ лозим. Қўққисдан қилинган ҳужум ҳар қандай қўшинни саросимага солади. Сиз томондан талофат кам бўлади ва иншооллоҳ, қўлингиз баланд келади. Юрт кезиб, одамлар билан гурунглашиб, китоблар ўқиб, ўзимча улардан баъзи хулоса чиқараман.

Мирзо Халил мерганга қаради. Мерган пешонасини тириштириб, бир муддат ўйга толаркан, деди:

— Бунинг ҳам ўзига яраша муаммоси бор. Оддий одамларнинг қўлидан келармикан қўққисдан ҳужум қилиш?

— Улар бизга фақат ёрдамчи вазифасини ўтаб беришади, — деди мирзо. — Агар ҳисоблаб чиқсак, жангга ҳар томонлама тайёр бўлганлар сони қирқдан ошади. Менимча, мулла Акбар жанобларининг айтганларида жон бор.

— Мен, — деди устоз-шогирдга бир-бир қараб олган сарбон, — карвоннинг йўлга чиқишини кечиктираман. Қўриқчилар ҳам сизга ёрдам беради.

— Мурувватингиздан бошимиз осмонга етди… Карвон билан келганлар дам олсинлар. Қуёш ботишидан аввал йўлга чиқамиз.

Бу пайтда Маматғулининг жулдур кийимли айғоқчилари қўналғага етиб келиб, бу ердагиларга аралашишга улгуришганди. Улар карвонсаройнинг аллақачон кули кўкка совурилган бўлса керак, деган хаёлда эдилар. Бироқ Жондор Али тугул, ҳатто унинг бирорта сарбозини ҳам кўришмади. Аммо отлари сайисхонада боғлиқ турарди. Шу ҳол айғоқчиларни ажаблантирди. Ўзларини гўлликка солиб, отларга сув бераётган одамдан қароқчиларни суриштиришди. Отбоқар оғзи қулоғигача ёйилиб қароқчиларни қандай қилиб ер билан яксон этишганини, сўнг ўра қазиб кўмиб ташлаганларигача оқизмай-томизмай гапириб берди. Кейин жўшиб кетиб, қароқчилар тўдасини буткул қириб ташлашга тайёргарлик кўраётганликларини ҳам гуллаб қўйди. Кўринишидан деҳқонга ўхшаш бу икки нотаниш киши шаҳзода билан учрашишни ва йўлтўсарларни даф қилишда улар ҳам иштирок этишини таклиф қилди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)

 

loading...