Наманганда махсус боғча тарбияланувчиси 70 фоиз куйиш оқибатида вафот этди

0

Наманганда махсус боғча тарбияланувчисининг 70 фоиз куйиш оқибатидаги ўлими муносабати билан жиноят иши қўзғатилди

Наманганда махсус боғча тарбияланувчисининг куйиш оқибатидаги ўлими муносабати билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

 

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизматига кўра, 2015 йилда туғилган Улуғбек Ҳошимов 2019 йил 27 февралдан Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги 31-сонли махсус давлат мактабгача таълим ташкилотида ақлий ривожланишдан орқада қолиш ташхиси билан тарбияланиб келган.

 

2021 йил 5 февраль куни бола тарбияланувчилар хавфсизлиги учун масъул тарбиячи ва ёрдамчи тарбиячи ходимларнинг бепарволиги туфайли иссиқ сув тармоғи жўмрагини очиб юбориб, иккинчи даражали куйиш тан жароҳатини олган.

 

Воқеа содир бўлгандан сўнг болага боғчанинг шифокор, ҳамшира ва бошқа ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Тез ёрдам машинасида вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига етказилган.

 

«Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси воқеа кунининг ўзида хизмат текшируви ўтказган. Ишчи гуруҳ томонидан тузилган далолатномада мазкур ҳодиса масъул ходимларнинг хизмат вазифасига совуққонлиги, бепарволиги туфайли содир бўлганлиги қайд этилган ва боғчанинг 3 нафар ходими вазифасидан озод этилган. Воқеа юзасидан ўтказилган хизмат текшируви хулосаси Давлатобод туман прокуратурасига юборилган», — дейди бошқарма ахборот хизмати раҳбари Саидолим Абдураҳмонов.

 

Улуғбек Ҳошимов кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай 2021 йил 24 февраль куни вафот этган. Наманган вилоят суд-тиббий экспертиза бюроси томонидан шу куни берилган хулосада қайноқ сувдан бош, юз ва тана бошқа қисмларининг 2-, 3-даражали 70 фоиз куйиши оқибатида полиорган юрак-қон томир етишмовчилиги ўлимга олиб келганлиги ва жасадда куйишдан бошқа тан жароҳатлари аниқланмаганлиги кўрсатилган.

 

«Мазкур ҳолатга тергов йўли билан баҳо бериш зарурияти туғилганлиги сабабли 2021 йил 4 апрель куни Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми, 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейди Наманган вилоят прокуратураси масъул ходими Рустамжон Жалолов.

 

Мутасаддиларнинг билдиришича, тергов натижалари ҳақида қўшимча маълум қилинади.

 

Манба: Daryo.uz

loading...