Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (35-қисм)

0

Шу куни Маматғули негадир безовта эди. Жондор Алининг мағлубияти уни эсанкиратиб қўйганди. У бу ердагиларнинг биронтасига унга ишонгандек ишонмасди. Истаган пайтда ўнбошию юзбошилар ғалаён кўтариб, ёши бир жойга бориб қолган Маматғулини ағдариб, ўрнига бошқани қўйишлари мумкин эди. Шу хавотир туфайли у сарой ичкарисини қўриқчиларга тўлдирганди. Улар на бекларга ва на бошқа амалдорларга бўйсунарди, фақат Маматғулининг буйруғинигина бажаришарди. Жангчилар орасидан саралаб олинган бу қўриқчиларга ҳам, аслида, Маматғули ишонмасди. Ҳар дақиқада уларнинг феъли айниб қолишидан чўчирди. Шу боис ҳарам эшигига тўртта қулф солдирганди. Ичкарида унинг ўзи, хотинлари, канизаклар ётишарди. Маматғулининг яна бир хавотири аёллардан эди. Хотин-халажнинг норозилиги юз-кўзларидан аён кўринади. “Мен ўлганимдан кейин бу мочағарлар юзбошию амирларнинг этагига ёпишади. Тирноқлаб йиққанларимни ҳавога совуришади. Бориб гўримни тепкилашади. Ҳеч бирида вафо йўқ”, дея ўйларди у. Ҳатто ётар пайти ётоғининг эшигини ўзи қулфларди. Яширин эшикни эса қия очиб қўярди. Токи эшикни бузиб, унинг хосхонасига киргунларича қочиб кетишга улгурсин. Тағин қочадиган йўлакни ҳам ухлашидан олдин текшириб қўйишга эринмасди. Ташқарига чиққанимда бирови кириб, хуфия йўлакка тузоқ қўйиши мумкин, деб ўйларди. У барча олтину гавҳарларини ана шу йўлакнинг сўл томонидаги девор тубига жойлаштириб, шу жойни темир панжара билан тўсдирганди. Йўлакни қурганлар аллақачон ўлиб кетган, уларни Маматғулининг ўзи ўлдиртирган. Йўлак орқали сарой ташқарисига чиқилар, ундан ўтиб ўнг тарафга — қуюқ дарахтзорлар орасидаги сайисхонага кириларди. У ерда бешта эгарланган от доим шай турарди. Тулпорларни Маматғули қари бир чолга ишониб қўйган. Токи бирон сабаб билан қочишга тушса, қароқчилар сардорига отбоқар ташланиб қолмасин. Ташланган тақдирда ҳам Маматғули уни бир ҳамлада енгсин…

Мирзо саройга кириши билан икки соқчига дуч келди. Соқчилар анграйиб қолишди, ақлларини йиғиб олгунча шаҳзода икковини ҳам қулатишга улгурди. Шу заҳоти бошқа қўриқчилар югуриб етиб келишди. Мирзонинг жангчилари билан соқчилар ўртасида жанг бошланиб кетди. Бошда қароқчилар анча қаршилик кўрсатишди. Бироқ шаҳзода чаққонлик билан яна иккитасини қонига белаб ташлаганидан сўнг соқчилар ортга чекина бошлашди. Бу мирзонинг жангчиларида рағбат уйғотди. Улар душманнинг устига шердай ташланишди.

Қиличларнинг жаранги-ю, қичқириқлардан малика, канизаклар уйғониб кетишди. Шовқин-сурон кўтариб, дуч келган томонга қочишди. Иккитаси Маматғулининг эшигини тақиллатиб, дод солганча нажот сўрашди. Аммо Маматғули уларга эшикни очмади. Бу пайт у йўлакни бир марта назоратдан ўтказганига кўнгли тўлмай, қайта кўздан кечириб, тиллаларини қўлига олиб, завқ билан томоша қилиб, энди ётоғига қайтиб, шифтга термилганча: “Қани энди, олтин, кумуш, гавҳар, олмосларим тоғдай уйилиб ётса”, дея хаёл суриб ётган эди. Шовқинни эшитган заҳоти у тўшагидан отилиб турди. Деворга осиғлиқ қиличини қўлига олиб, эшикка яқинлашди. Биринчи қулфни очди ҳам. Аммо шу заҳоти тўхтади. Унинг ичи ёниб кетаётганди. Эшик ортида нималар бўлаётганини жудаям кўргиси келарди. Бироқ ширин жонини бекордан-бекорга азоблагиси келмади чоғи, хонанинг ичида асабийлашиб юра бошлади.

— Олампаноҳ! Ҳазрати олийлари! Қутқаринг, душман бостириб келди! Эшикни очинг! — қичқирарди хотинларидан бири.

— Тулки! — дея бақирди Маматғули. — Эшикни очдириб мени тутиб бермоқчимисан?!

— Шафқат қилинг, мен аёлман! — зорланиб йиғлай бошлади аёл. — Манави хонада қароқчиларнинг каттаси!

— Ярамас!!! — дея ўкириб юборди Маматғули. — Ҳали енгилмасимдан сотдинг-а, итдан тарқаган!

У ғазаб билан ётоғини ўраб турган пардани қиличи билан бурдалаб ташлади. Бу пайтда эшикни қарсиллатиб тепишаётган эди. Ёнғоқдан ясалган эшик Маматғулининг назарида ағанаб тушадигандай туюлди. У ётоғининг бош тарафидаги пардани суриб, хуфия йўлакка кириб кетди.

Эшикни синдириб, Маматғулининг ётоғига аввал шаҳзода отилиб кирди. Тунчироқ ёниқ, бироқ ҳеч ким йўқ. Мирзо жангчилари билан хонани ағдар-тўнтар қилди. Бироқ қароқчиларнинг бошлиғи ерга кирдими, осмонга учиб кетдими, уни ҳеч қаердан топиб бўлмади. Шунда камончилар сардори яширин йўлакни топди.

— Ҳаммангиз сарой ташқарисига чиқинг. Маматғули ўлдирилганини эълон қилинг. Мен ўзим у ярамасни тутаман.

Мирзо тунчироқни қўлига олиб, йўлак бўйлаб Маматғулининг ортидан тушди. Тор ва зах йўлак узунлиги боис мирзо димиқиб қолди. Сарой ташқарисига чиқиши билан юзига урилган муздай ҳаводан тўйиб симирди. Атрофга аланглаб, ҳеч нима кўрмади. Шунда қулоғига: “Ҳазратим, биз нима қиламиз энди?” деган гап эшитилди. Овоз келган томонда милт-милт ёғдуга кўзи тушди. Ўша тарафга югуриб, бирпасда сайисхонага етди. У ерда тўртта от безовталаниб турар, аммо бирор кимса кўринмасди. Мирзо тунчироқни юқорироққа кўтарганда кўзи ерда қонга беланиб ётган одамга тушди. Тепасига бориб қараса, бир чол хириллаб нафас олаяпти. Шаҳзода чолнинг бошини кўтариши билан қария нафас олишдан ҳам тўхтади. Бу зимистонда қароқчибошининг ортидан қувиш бефойда эканига мирзо иқрор бўлди.

У зудлик билан ортига қайтиб, йўлак орқали аввал Маматғулининг ётоғига, ундан сарой ҳовлисига чиқиб олди. Ҳовлида жанг давом этаётганди. Гарчи Маматғулининг сарбозлари сафи сийраклашган эса-да, қаршиликни тўхтатмаганди. Шаҳзода ҳам жангга киришди, эпчил қилич сермаб, душманлардан тўрттасини жон таслим қилдирди. Шундан кейингина қолганлари қиличларини ташлаб, таслим бўлишди.

Уларнинг қўл-оёқларини боғлаб, тўрт йигитни қўриқчиликка қолдириб, шаҳзоданинг ўзи қолганлар билан бирга ташқарига чиқди. Халил мерган қароқчилар хуррак отиб ётганида ҳужумга ўтган эса-да, улар ўзларини тез ўнглашга, қўлларига қурол олишга улгуришганди. Шаҳзода ёрдамга етиб келди. Йигитлардан кимдир Маматғулининг ўлганини эълон қилди. Шу сабаб бўлдими, ҳар қалай, қароқчиларнинг шашти пасайди. Беш-олтитаси пана-пастқамга қочишга улгурди. Қолганларининг сафи тез сийраклашиб, бор-йўғи йигирма чоғли қароқчи қолди. Уларни мирзонинг йигитлари тўрт томондан қуршаб олишди. Агар қуролларини ташламаганларида, шубҳасиз, бариси нариги дунёга жўнатиларди. Қароқчилар тиз чўкиб, бошларини эгишди. Мағлуб бўлганларнинг қиличлари йиғиштириб олинди.

— Саройга ҳайдаб киринг! Машъалалар ёқилсин! — деб бақирди мирзо.

Мағлубият нималигини билмаган Маматғулининг қолган-қутган сарбозлари алам гирдобида эди. Бироқ энди уларнинг қўлидан ҳеч вақо келмас, асирларни турткилаш тугул, озгина ортиқча ҳаракатдан ҳам маҳрум этилгандилар.

Қароқчи асирлар бир жойга жам қилингач, шаҳзода Халил мерганга қараб:

— Наҳотки шунча қисқа муддатда беш юздан зиёдини ер тишлатдингиз? — дея сўради.

— Йўқ, биз уларни кўп деб ўйлаган эканмиз. Аслида, улар кўпайиб улгурмаган экан.

— Мен ўз кўзим билан кўрганман. Улар чумолидай ҳар ерда изғиб юришарди. Балки яна бошқа жойда ҳам биқиниб ётишгандир, — деб мирзо бошини эгганча миқ этмай ўтирган асирларга қаради. Сўнг бирининг ёқасидан ушлаб ўрнидан турғазди.

— Ҳийла билан бизни енгдингиз! — деди асир кўзини олайтириб шаҳзодадан аввал сўз бошларкан. — Аммо ҳали кучимиз бор. Шайхнинг қароргоҳини кулини кўкка совуришга кетганлар қайтса, сизларни ер билан яксон қилади.

— Нима?! — бақириб юборди мирзо. — Ким кетди у ёққа?..

— Қўшин иккига бўлинган эди. Камчил пайтда босдинглар. Йўқса, кетмончиларинг ҳозир нариги дунёда бўларди.

Шаҳзода ўзини босолмай, қароқчининг юзига мушт туширди.

— Ҳаммасини ертўладаги зиндонга қаманг! — дея жангчиларига зиндонни кўрсатди. Сўнгра гаплашиб турган Халил мерган билан Эрғозининг ёнига келиб: — Мен тезда изимга қайтишим зарур. Агар вақтида етиб бормасам, ота-онамдан айриламан. Қароқчиларда раҳм-шафқат деган нарсанинг ўзи йўқ. Шу боис, устоз, — деб у Халил мерганнинг қўлини ушлади, — одамларни санаб чиқиб, ярмини сизга қолдираман. Аммо асосийлари мен билан бирга кетиши шарт.

— Вақт ғанимат. Бизда ҳам анчагина талофат бўлди. Аммо юз элликдан зиёд аскаримиз бор. Менга элликтаси кифоя. Сиз, албатта, шошилинг.

* * *

Маматғули узоқлаб кетолмади. Чунки у тиллаларини олишга улгурмаган, бойликсиз, сарбозсиз у ҳеч ким эди. Ортидан ҳеч ким қувмаётганига амин бўлгач, отнинг жиловини тортиб тўхтатди. Сўнгра қулоғини динг қилиб ортга ўгирилди. Шовқин йўқ. Қочганини биров сезмабди. У ҳиринглаб кулди. Жиловни силтаб бир ёқлама тортиб, тулпорни қирга ҳайдади. Думини ҳар ёққа саланглатиб от йўртишга талпинди. Бироқ устидаги чавандознинг чайир қўллари унинг чопишига йўл қўймади. Дарахтзор тугаганидан сўнг, Маматғули неча йилларда қуриб битказган саройининг тўғрисигача келди. Сўнг пастга энди. Тулпордан тушди-да, отни дарахтга боғлаб, шамширини яланғочлаганча пастга эна бошлади. У саройга икки юз қадамча қолганида тўхтади. Бу пайтда жанг тугаган, Маматғули маконига душман бостириб кирдими ёки сарбозлари ичидан ола чиқдими, билмасди. Шу боис машъалаларни боши узра кўтариб, саройга кириб-чиқаётганларни бирма-бир кузата бошлади. Шунда у оддий деҳқон кийимида юрганларни кўриб, анграйиб қолди. “Мен бирор шоҳ лашкари ҳужум қилдими, деб ўйласам, келиб-келиб, кетмончиларга бой бериб қўйдимми? Ё Оллоҳ, наҳотки… Наҳотки… Ҳа, бу анави тирранчанинг қилғилигига ўхшайди. Демак, Жондор Али осонликча мағлуб бўлмаган экан-да. Фарвиз… оқпадар қиз ёрдам берган уларга. Ёлғизгина қизим… Сени оқ қилдим! Икки дунёда ҳам кечирмайман”. Маматғулининг қўллари мушт бўлиб тугилди. Қани энди, қизи ёнида бўлса-ю, ўз қўллари билан уни сўйиб ташласа. “Ҳеч бўлмаганда онасининг тилини суғуриб олганимда ҳам ҳозир бунчалик алам қилмасди”, дея пичирлади.

Шу маҳал туйқус хаёлига олтинлари келди. Уларни ҳозироқ олиб чиқмаса, кейин кеч бўлади. “Мабодо душман яширин йўлакни қоронғида пайқамаган бўлса, деҳқонлардан биронтасини ўлдириб, кийимини кияман-да, саройга кираман. Кирибоқ қизнинг онасини бўғизлаб ташлайман. Энди шафқат қилмайман. Тонг отгунча шу ишларни битирсам, саҳар Тоғай лумбоз қайтади. Чўлга чиқиб, уни ўзим кутиб оламан. Бу ялангоёқ кетмончиларга кўрсатиб қўяман жанг қилиш қанақа бўлишини! Бирортасиниям тирик қолдирмайман. Анави жинқарчанинг тириклай терисини шиламан. Фарвизнинг юрагига ўзим ханжар санчаман”.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (34-қисм)

 

 

 

loading...