Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (36-қисм)

0

У ўрнидан турди. Икки қадам юргач, ён-верини кузатиб, яна икки қадам юриб, аланглаб мўлжаллаган жойига қараб кетаверди. Сира йўли кўпаймади. Бу аҳволда тонг отиб, қуёш чиққунча ҳам олтинларини бекитган жойга етолмайди. Шошилиш керак! Шошилиш… Маматғули югурди, бироқ юз қадамча босмаёқ чарчаб қолди. Ўҳҳў, ёшлигида оёғидан ўт чақнар, овқат еб тўймас, жанг қилиб чарчамасди. Энди тўрт қадам югурса, ўпкаси чиқиб кетай деяпти. Лекин нима бўлгандаям тезроқ етиб бориши шарт.

У хуфия йўлакка киргач, бойликларини олишни кейинга қолдирди. Фарвизнинг онасини ўлдирмаса, кўнгли тинчимаслигини англаб етди. Шу боис йўлакнинг охирига етиб, ётоғига кирди. Бахтига, учта хотини ётоғида экан. Мусичадай бир-бирига ёпишиб, қунишибгина туришарди. Уларнинг орасида қизил шойи кўйлак кийган Бедор биби ҳам бор эди. Маматғули ёнига кирганида кўзи қувнасин деб киядиган кимхоб кўйлакда. “Ўзини кимга кўрсатмоқчи? Ҳали мен ўлмай туриб, талоқ олмай туриб, ясан-тусан қилволибдими?! Нима, менинг шўришимни байрам қилмоқчими?” ўйлади у ва секин пардани очди. Худди шу маҳал Бедор биби ҳам у томонга қараган эди. Маматғули тишлари ғичирлаб, белидаги ханжарини қўлига олди.

* * *

Тоғай лумбознинг қароқчилар тўдаси қуриб қолган сой ўзанига тушиб тўхтади. Лумбоз ортига бурилиб, тўдани бир қур кўздан кечирди. Ҳаммаси жойида, шериклари жам. У отининг биқинига ниқтади. Шу пайт тоғ томондан қулоғига нохуш шовқин эшитилиб, Лумбоз сергакланди. Шовқин элас-элас эшитиларди. “Бўриларга ўхшайди, — хаёл қилди у, — шу маҳалда биздан бошқа ким ҳам изғирди?” Хаёлидан ўзини бўрига менгзаб кулгиси қистади. Бўри — зўр ҳайвон-да. Йиртқич. Қуён ёки тулки бошқа, бўри мард. Кундуз дамини чиқармай ётади-да, ишини оқшом битиради.

Улар яна талай муддат юришди. Қароқчиларнинг баъзи бирлари уйқуси келиб, от устида мункиб кетарди. Ниҳоят, милтиллаган шуъла кўринди. Лумбоз отининг жиловини тортиб тўхтатди-да, сарбозларига: “Манзилга етиб қолдик. Жанг ҳар доимгидан оғир бўлади. Биз карвон талагани бораётганимиз йўқ. Айнан жонимизга қасд қилувчиларни йўқ қилишга отланганмиз. Шундай экан, бир жону бир тан бўлиб, душманни қириб ташламоғимиз даркор. Амиримиз уқтирганларидек, илоннинг бошини аждарга айланмасдан бурун янчмоғимиз даркор!” деди ва шундай гаплар хаёлига келганидан хурсанд бўлиб кетди. Маматғули бу гапларини эшитганида эди, шубҳасиз, канизакларидан бирини инъом этиб юборарди. Ўзига қолганда у канизакларни эмас, балки Бедор бибини танлаган бўларди. Ёши қирқни қоралаган бўлса-да, ҳалиям ўн олти яшар қизчадай. Лумбоз ҳар кўрганда малика унга ўтли нигоҳини қадайди. Лумбознинг юраги ўйнаб кетади. Бибининг кўнглида ўзига тегишли нимадир борлигини ич-ичидан ҳис этади, энтикиб қўяди. Ҳали у, ҳали бу баҳона билан ҳарамга кириб-чиқиб туради. Кўзи Маматғулида-ю, ўй-хаёли Бедор бибида бўлади. Ўтиб қолармикан, келиб қолармикан, дийдорини кўрармиканман, деган хаёллар оғушида ширин энтикиб қўяди. Агар ҳозир анави жинқарча билан Фарвизни тутиб топширса, Маматғули бирортасини инъом этар. Ахир ҳафтада икки-уч марта жонон бўлувчиларнинг кўнглини овлаш жонига тегиб кетди. Шундай ўй-хаёллар гирдобида Лумбоз отининг қорнига ниқтади.

Кўп ўтмай осмон ёришди. Қароқчилар тўдаси юришдан тўхтади, ҳамманинг кўзи осмонда. Тун яримлаган паллада осмоннинг бирдан ёришиб кетганидан қароқчиларнинг юракларига қўрқув тушди. Лумбоз минган отнинг оёқлари титрай бошлади.

— Бек, — деди тулпорини унинг ёнига чоптириб келган сарбозлардан бири, — эсингиздами, шайх калтакланганида қиёмат-қойим қўпишига оз қолувди. Қаранг-а, осмон бемаҳал ёришиб кетди, бу не бало-қазонинг аломати экан? Ҳаммамизни ер ютмаса майлийди. Балки, ортга қайтармиз…

— Йўқ! — деб бақирди Лумбоз. — Амиримизнинг ёнига ёруғ юз билан қайтишимиз даркор! Биз…

Унинг гапи оғзида қолди. Остида дағ-дағ қалтираётган от чўккалай бошлади. Лумбознинг жон-пони чиқиб кетди. От думалаб кетгунча ўзини ерга отди. Шу маҳал қаердадир қасирлаган товуш чиқди. Қароқчилар беихтиёр ортга тисарилишди.

— Бу ҳаром ўлгурга нима бўлди?! — деди Лумбоз жаҳл билан ва товуш чиққан томонга ўғринча қараб қўйди.

— Бек! — деди ёнидаги сарбоз. — Амиримизга кўрган-билганларимизни айтамиз. Зора, гуноҳимиздан кечса. Аммо олдига бориш жудаям хавфли! Бир балога гирифтор бўламиз!..

Лумбоз вақт-бевақт ақл ўргатавериб жонига теккан бу сарбознинг бошини узиб ташлашга шайланган эди, қаердандир гумбурлаган овоз эшитилди. Ҳали товуш тинмай туриб, ер илкис силкинди. Лумбознинг кўзи олайди, қўли билан шамширни ушлаган кўйи тош қотди. Сўнг ётсираб сарбозларига қаради: “Ишқилиб, ҳозир улар мени ташлаб кетишмасайди”.

Тағин осмон гумбурлаб, ер силкинди. Қибла ёришиб кетди. Демакки, бу ерда бир гап бор. Мабодо энди Аҳмад шайхнинг уйини вайрон қилса — тамом! Жаҳаннам олови унинг учун нақдга айланади. Кўп одамнинг ёстиғини қуритди. Талай бандаларга зулм ўтказди. Бу қилмишлари учун тавба қилишни кўнглига туккан. Агар шайхнинг муборак излари қолган даргоҳни кунпаякун қилса… икки дунёдан ҳам умидини узавергани маъқул. Чақмоқ уриб ёндириб юбормаса, ер ёрилиб, комига тортиб кетмаса…

— Гапингда жон борга ўхшайди. Амир, барибир, бир йўла ҳаммамизни қириб ташламас. Ортга қайтамиз, — деди у сарбозига.

Қароқчилар енгил нафас олишди. Шу маҳал оти ҳам оёққа туриб бошини ортга бурди. Лумбоз бунда ҳам ўзи англамаган бир ҳикматни пайқагандай бўлди.

Ёришган осмон тағин қорайиб, қароқчилар тўдаси йўлни орқага солиб тўхтамай юрди. Сарбозларнинг тинка-мадори қуриди. Айримлар отнинг яғринига ўтириб, эгар устига майда хуржунни ўнгариб, сўнгра бошини қўйиб пинакка кетди. Лумбоз ҳам бир неча бор эснади. Лекин мизғишга ҳақи йўқ, шу боис, от устида гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга шох ташлаб кетаверди.

Ғафлат босган қароқчилар қарама-қарши томондан келаётган ёвни илғамади. Рўпарадан қўққисдан чиқиб келган бир тўда отлиқни кўрганларида эса, орадаги масофа жуда қисқа эди. Устига-устак, Лумбоз Маматғули қўшимча куч жўнатган, шекилли, деб ўйлади. Бироқ кўзини йириб қарагач, отлиқлар бутунлай бошқа одамлар эканини кўрди. Улар қиличини яланғочлаган, кўзларида ғазаб ўти ёнарди.

— Душманлар! — қичқириб юборди Лумбоз. — Жангга!

Олдинги қатордагилар сергак тортишди, аммо ортда келаётганлар ҳали уйқудан бош кўтармагандилар. Уйғонганлари карахт ҳолда атрофга алангларди.

Шаҳзода бошлиқ тўда жангга киришиб кетди. Мирзо аввал Лумбозга зарба берган эди. Бироқ рақиб чап беришга улгурди. Шундан сўнг Муҳаммад мирзо бошқаларни бирин-кетин отдан қулата бошлади. У жанггоҳни бир айланиб чиққунича, ҳар иккала томондан ҳам талайгина жангчилар қонга беланди. Лумбоз билан мирзо яна рўбарў келишди. Бу сафар Лумбоз шамширини шаҳзоданинг боши узра кўтарди. Мирзо эпчиллик билан чап берди, унинг қиличи ҳавонигина кесиб ўтди, холос. Қайта ҳамлага шайланганида Лумбознинг елкасини шамширнинг ўткир тиғи кесиб ўтди, у қиличини ерга тушириб юборди. Мирзо гарчи имкони туғилган эса-да, унинг бошини кесмади. Шунчаки ёнидан ўтаётиб, биқинига тепди. Лумбоз ерга қулади. Шу пайт кимдир бақириб Маматғулининг ўлганини эълон қилди. Қароқчиларнинг юрагига ваҳима тушди. Бунинг устига, Лумбоз ҳам яраланди. Қароқчилар бошқарувчисиз довдираб қолишди. Агар мирзо қўлини юқорига кўтариб жангни тўхтатмаганида, қароқчилар бир бошдан қиличдан ўтказиларди.

Мирзо ўйноқлаётган отнинг жиловидан маҳкам тортаркан, баланд овозда:

— Шамширингизни ташланг! Йўқса, жувонмарг бўласиз! — деб амр этди.

Иложсиз қолган қароқчилар шамширларини ерга ташлашди.

— Отлардан тушинг! Бир жойга жам бўлиб, тиз чўкиб ўтиринг! — дея буйруқ берди мирзо.

Қароқчилар бир-бирларига қараб олишиб, сўнг бирин-кетин ўзларини отдан ташлашди.

— Тупроғини кўзга суриб, тавоф қиладиган жойни вайрон этишга қандай ҳаддингиз сиғди? — дея бор овозда бақирди шаҳзода ҳам тулпоридан тушиб.

Ҳеч кимдан садо чиқмади. Буйруққа Мирзонинг сарбозлари ҳам бош эгишди.

— Олий жазога лойиқ бу қилмишингиз, ҳукмни ижро этиш бизга тан. Бу сизларга сабоқ бўлсин, токи қазоларингиз етгунча қийналиб юринглар. Тўрт томонингиз қибла, кетаверинг. Аммо шуни унутмангки, сиз улуғимизнинг руҳини чирқиратдингиз, — деди қароқчиларга бир-бир кўз югуртириб шаҳзода.

Унинг амридан қароқчилар тугул, ўзининг жангчилари ҳам ҳайратга тушишди, тўдада ғала-ғовур кўтарилди. “Муқаддас тупроқни топтаганлари, бегуноҳларнинг қонини тўккани учун ҳаммасининг бошини танасидан жудо қилиш керак!” дея ҳайқира бошлади сарбозлар. Мирзо қўлини юқорига кўтариб, жангчиларига қарата:

— Бундан ортиқ жаҳолат бўлмас! — деди.

— Биз сизнинг кимлигингизни билмаймиз! Бир бор қўлга тушириб, кейин қочириб қўйганимиздаёқ, Худо ёрлақаган одам эканлигингизни англаганмиз. Тўғри, кўп карвонни таладик, аммо шайх ҳазратларининг маконларини вайрон қилмадик, — деди кутилмаганда Лумбозни йўлдан қайтарган қароқчи.

Ҳамма бурилиб унга қаради.

— Бу аҳволда қолдириб кетманг бизни. Қулингиз бўлайлик, хоҳлаган жазонгизни беринг, токи бўйнимиздаги гуноҳ озгина эса-да соқит бўлсин!

Маҳмадона қароқчининг гапларини эшитиб ярадор Лумбоз тишларини ғичирлатди: “Тилини тийиб турмайдими, озод бўлишарди. Кейин уларни бир жойга йиғиб бу муштдай йигитчанинг таъзирини берарди. Бу аҳмоқ эса қул бўлишга тайёр. Беақл эшак, бошқалар номидан гапиришни ким қўйибди сенга?” У этигининг қўнжига қўлини тиқиб ханжарни олди-да, қўйнига жойлади.

Шаҳзода айтарини айтиб, ортга — тулпорининг ёнига қайтаётганида туйқусдан кўзи безовталанаётган Лумбозга тушди. Икки кунлик мингбоши ярадор қўлини осилтириб ўрнидан турди ва маҳмадона қароқчига яқинлашди. У қўлига ханжарни олганда мирзонинг эти жимирлаб кетди. Лумбоз шамширини ҳавога кўтарган маҳал мирзонинг қиличи унинг кўксига санчилди. Лумбоз бир лаҳзагина ихраниб турди-да, сўнг орқасига қулади.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (35-қисм)

 

 

 

loading...