Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (37-қисм)

0

Шаҳзода зафар қозонганини Халил мерганга етказиш учун чопар юборганидан сўнг, қурбон бўлган жангчиларини отларга ортдилар.

Қўналғада қариялар билан қолган Зебо ҳам, Фарвиз ҳам безовта эди. Улар гурунглашиб овунишга уриниб кўришди. Бироқ гап гапга қовушмасди. Шу зайл тунни безовталикда ўтказишди. Бир неча марта Зебо қизни ухлаган хаёл қилиб, оёқ учида юриб, ташқарига чиқиб келди.

Қуёш терак бўйи кўтарилганда узоқдан бир тўда отлиқларнинг қораси кўринди. Қўналғадагилар қум оралаб келаётганларга термилишди. Фарвизнинг кўкси тез-тез кўтарилиб тушар, паранжисининг юзини тўсиб турган қоп-қора тўридан ҳаво кирмаётгандек энтикиб нафас оларди. Шу боис чимматини кўтариб, юзини очди. Унинг бу қилиғи кексаларга эриш туюлди. Бир чол қизга яқин келиб:

— Юзингни ёп, — деди.

Фарвиз унга норозиланиб қараб қўйди-ю, лекин буйруғини, барибир, бажарди.

Узоқдан кўринган отлиқлар тўдаси яқинлашганида улар қароқчилар билан жангга кетганлар экани аён бўлди.

Қўналғадагиларни кўрган сарбозлар қўлларини юқорига кўтариб ҳайқиришди, отларини ўйнатишди, қуролларини шарақлатишди.

Фарвизнинг кўзидан ёш оқа бошлади. У ўзи сезмаган ҳолда тиззалаб ўтириб қолди-да, қўлларини юзига босганча йиғлайверди. Бир муддат унга ҳеч ким эътибор бермади. Ҳамма қувончдан ҳайқирарди. Ўғлининг соғ-омон қайтганини кўрган Зебо эса мирзони маҳкам бағрига босди. Кўзидан дув-дув ёш оқди.

Мурдалар ортилган отлар бир ерга йиғилганидан сўнг, шовқин-сурон ўрнини жимлик эгаллади. Ҳамманинг боши эгилди, ҳамма бараварига ғамга ботди. Ҳатто сарбозлар қуршовида келган қароқчи асирлар ҳам ердан кўз узишолмади.

Икки кун дафн маросими бўлди. Бир кун кейинги жангда шаҳид бўлганлар тупроққа қўйилган бўлса, иккинчи куни тоғдаги урушда нобуд бўлганларга жаноза ўқилди.

Гарчи қароқчилар бари тавбасига таянган, исталган жазога шай турса-да, уларга қўриқчилар тайинланди.

Бу вақт оралиғида Фарвиз шаҳзодага кўриниш бермади. Мирзо ҳам юмушларидан ортиб, уни йўқламади. Фақат учинчи кун — Зебо ўғлини ҳужрасига бошлаб кирганда уларнинг нигоҳлари тўқнашди.

— Чўлу биёбон тозаланди. Энди карвонларга биров ҳужум қилмайди. Қароқчилар ер билан яксон бўлди. Ҳамма учун сиз ўч олдингиз. Лекин ўша қароқчиларнинг бошлиғи менинг отам эди. Қўлга тушганлар орасида у йўқ, демакки, ўлган. Эҳтимол, сизнинг шамширингиз остида жон таслим қилгандир. Лекин… Лекин… — дея Фарвиз жимиб қолди. У шаҳзодага тик қарамоқчи эди, аммо бардоши етмади. Ҳолбуки, унинг кўзига тик боқишга анча вақт ўзини чоғлаб кўрганди. Бунинг ўрнига Зебога нигоҳини қаратди. — У ҳам одам эди, — деди бир лаҳзалик сукутдан сўнг, — ўз ажали билан ўлмади. Унинг пушти камаридан бўлган қиз — мен нима қилай энди? Қотилига нисбатан…

Фарвиз қолганини айтолмади, тили айланмади.

— Хоним, — дея сўз бошлади мирзо, — отангиз ўлгани йўқ. Қочиб кетишга улгурди. Қочмаганда, жанг қилганда, эҳтимол, ўлдириларди. Сиз айтгандай, менинг қиличим унинг танасини кесиб ўтарди, эҳтимол. “Фарзандман, падаримнинг хунини олмоғим жоиз”, деган ўйга борадиган бўлсангиз, адашасиз. Бегуноҳ одамларнинг қони тўкилмаслиги учун курашиш бошқа, хун олиш бошқа. Ҳар бандага жазони Оллоҳнинг ўзи беради.

— Наҳотки отам тирик бўлса? — сўради Фарвиз ҳаяжонланиб кетганидан мирзога юзланиб.

— Шундай, — жавоб берди шаҳзода.

— Мени кечиринг. Тириклигини билсам бўлди эди. Сизнинг ўлдиришингизни истамаган эдим.

— Онангиз тутқунликдан озод бўлиб келди. Оллоҳга шукрлар бўлсинким, ҳеч бир зиёнсиз. Қотилликни касб қилган отага шунчалик меҳр қўйибсиз-у, аммо муштипар онангиз ҳақида қайғурмадингиз ҳам. Келганларига икки кундан ошди, чиқиб ҳол сўрамадингиз. Қўшни ҳужрада ётган Бедор бибининг ҳолидан хабар олинг.

— Хўп. Албатта, — дея Фарвиз чачвонини тушириб, эшик томонга югурди-ю, бирдан тўхтади.

Ахир унинг Бедор бибини кўрмаганига не замонлар бўлди. Юзу кўзларини ҳам унутиб қўйган эди.

* * *

Маматғули ниятига етолмагач, йўлак бўйлаб бораркан, икки-уч бор зах деворни муштлади. Олтин-кумушлари яширилган ўрани очиб, сандиқчани суғуриб олди. Бу ўрада шундай сандиқдан яна тўртта бор эди. Ҳаммаси тўла, хийла оғир ва кўтаришга ноқулай эди. Шу боисдан у учта сандиқчани олди-да, қолганларига бошқа сафар келишни кўнглига тугиб, йўлакдан ташқарига қараб юрди. Бахтига, ҳали тонг отмаган, атроф зимистон эди. У оти боғланган жойга етгунча ҳеч кимга дуч келмади. Тулпор устидаги хуржунга сандиқларни жойлаб, сакраб отнинг эгарига чиқиб олди. Бошини осилтирганча талай муддат юргач, дов-дарахтлар ортда қолиб, дашт бошланди.

Қуёш баралла кўтарилганда, у тулпорининг жиловини тортди. Отдан тушиб, ерга ўтирди. Шу зайл хийла муддат ўтирганидан сўнг, тағин отга миниб, йўлида давом этди. Кўп ўтмай, даштлик поёнига етиб, чўл бошланди. У қаёққа боришни, кимдан паноҳ топишни билмасди. Шу боис боши оққан ёққа кетаётган эди. Қуёш тиккага келганида юриши қийинлашди, қоп-қора салласи тагидан юзига тер оқиб туша бошлади. Хаёлида қизи билан хотинларининг гўрига ғишт қалашдан чарчамаётган қароқчибошининг ўйи чалкашди. У энди тез-тез бошини кўтариб, атрофга назар ташлар, бирорта дов-дарахт учраса, соясида дам олишдан умидвор бўларди. Аммо атрофда на бир дарахт ва на бута кўзга ташланарди. У ҳориб-толиб, отнинг жиловини тортиб тўхтатиб, секин ерга тушди ва отнинг соясида дам ола бошлади. Тулпор пишқириб, безовталанди.

— Сениям томоғинг қуриб кетдими, жонивор? — дея отга қаради Маматғули. — Озгина сабр қил. Бирор сувли, сояли жой топамиз. Мана, қара, мен чидаяпман-ку. Сендан неча ёш каттаман, биласанми? Билмайсан. Мен сенинг отангниям минганман. Отангнинг отасиниям. Қара-я, ҳамма менга хиёнат қилди. Лекин сен, сенинг уруғ-аймоғинг менга содиқ.

Маматғули ўрнидан туриб, отнинг ёлини силади. Сўнг эгарга минди.

Кун асрдан ошиб кетганда у бир қишлоққа кириб келди. Қорни оч, тинка-мадори қуриган, лаблари қақраб ёрилиб кетганди. Уловининг ҳам аҳволи танг эди.

Пастқам, кўримсиз уйлар олдида беш-олти бола ўйнаб юрарди. Улар отлиқ одамни кўришлари билан тумтарақай қочишди. Шунда Маматғули ҳовлисида эшагини эгарлаётган қорачадан келган одамнинг ёнига борди. У Маматғулини илгаридан кўриб юргандай эътибор ҳам бермади.

— Ҳов, биродар… — деди Маматғули қуруқшаган лабларини ялаб.

Қора одам айилни яхшилаб тортиб, боғлаганидан сўнг унга юзланди.

— Бир қултум сув бер, — деди Маматғули унга.

Қора одам бир-бир қадам босиб унинг ёнига келди. Аввал отга, сўнг эгарда ўтирган кимсага қаради-да:

— Кимсан? — деб сўради.

— Аввал сув бер, биродар, роса чанқаб кетдим. Кейин кимлигимни айтаман.

— Шоҳнинг навкарлариданмисан?

— Ҳа, шундай десаям бўлаверади.

— Лекин ҳечам ўхшамаяпсан. Кўринишингдан қароқчига ўхшайсан. Агар қароқчи бўлсанг, сув тугул, эшагимнинг тезагиниям бермайман.

— Қароқчимасман, шоҳ саройиданман, вазирнинг ноибиман. Агар сув берсанг, сени қуруқ қўймайман.

— Ҳе, — кулди қора одам. — Ниманг борки, менга тортиқ қилсанг?

— Олтин бераман сенга.

— Олтинингни олиб қўй. Сен қароқчига ўхшайсан. Аммо, барибир, сув бераман, — деб қора одам кулбаси сари юрди.

Маматғули чуқур хўрсинди: “Падар лаънати, пешонамга ёзиб қўйганмикан, қароқчи деб? Қораялоқ!”

Бироздан кейин қора одам кулбасидан чиқиб келиб, сопол кўза тўла сувни Маматғулига узатди. Қароқчибоши ютоқиб ичди. Сўнг лабини енгига артиб, кўзани эгасига узатаркан:

— Отим ҳам роса чанқаган. Чўлу биёбонда жониворнниг ҳаром ўлишига сал қолди, — дея Маматғули қўйнига қўлини тиқди-да, битта кумуш танга олиб қора одамга узатди. — Бунгаям сув берсанг, савобга қолардинг.

— Абсамат! — деди шу пайт қаердандир пайдо бўлган кампир ҳассасига суяниб. — Берма сув. Бу ўғри, одам ўлдирган. Оёғидан-бошигача қонга ботган!

Маматғули сесканиб кетди. Секин шамширига қўл узатди.

— Нима деб вайсаяпсан, кампир? — деди жаҳли чиқиб. — Қанақа қон?!

— Кеча аён бўлувди. Худди шу отда, мана шундай қора саллада келаётган отлиқни кўрувдим. Унинг хуржуни олтинга тўла!

Шовқинни эшитган ярим яланғоч, жулдур кийинган одамлар бир зумда Маматғулини ўраб олишди. Қароқчибошининг юрагига ваҳм тушди ва у беихтиёр қиличини қинидан суғурди.

— Қайсинг яқинлашсанг, қўйдай сўйиб ташлайман. Ҳароми лўлилар! — деди у отининг юганидан тортиб. Бошқа пайт эгаси шундай қилганида от ўйноқлаб кетарди. Бу гал жонивор зўрға тумшуғини кўтарди.

— Агар соғ қолишни истасанглар, отимга сув беринглар-да, йўлимдан қочинглар! — ўкирди Маматғули.

Лўлилар бараварига кампирга қарашди.

Кампир ҳассасини тўқиллатиб, Маматғулининг тулпорига яқинлашди. Отнинг кўзига қаради.

— Жонивор хўп толиқибди, — деди ва яна Маматғулига қаради, — бу уловда сенинг ҳақинг қолмабди. Жонинг омонлигида отдан тушгин-да, кет! Агар шундай қилсанг, Абсаматнинг бўйнидаги гуноҳи ювилади. Сенга сув бериб гуноҳга ботди. Агар ўз ихтиёринг билан отни ташлаб кетмасанг, у сени ўлдириши керак!

— Нималар деб валдираяпсан, алвасти?! — деб ўшқирган Маматғули шамширини тепага кўтарди.

Маматғули кампирни чопиб ташлашга улгурмади, ҳар тарафдан отилган тошларнинг икки-учтаси унинг бошига тегди. У “Уҳ!” деди-ю, ерга чўккалаганда калтак ёғилди: гоҳ юзига, гоҳ биқинига урилаётган тепкилар зарбидан у ҳушини йўқота бошлади: “Бўлди, тамом бўлдим, булардан ўлиб қутуламан энди”, дея хаёлидан ўтказган қароқчибоши тупроққа беланиб, қўллари билан бошини пана қиларди. Ҳаял ўтмай, унинг танаси калтак зарбини сезмай қўйди. Шу пайт кампир қавмини тўхтатди.

— Бу нокаснинг умри қароқчилик билан ўтган, — деди у нафас олишиям сезилмай қолган Маматғулининг бошига келиб. — Чўлга обориб ташланглар уни, токи ўзи ҳам бўри, шоқолларга ем бўлсин.

Лўлилар Маматғулини чўлнинг ичкарисига элтиб ташлаганларида, ҳали унинг жони узилмаган эди.

У ўзига келганида эса, кўкда юлдузлар порлаб турар, атрофини бир гала шоқол қуршаб олганди.

Маматғули илкис қимирлади, йиртқичлар ҳуркиб бироз ортга тисарилишди. Кейин бирдан ўлжага ташланишди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (36-қисм)

 

 

 

loading...