ОСТЕОПОРОЗ АЁЛЛАР ХАСТАЛИГИМИ?

0

Остеопороз олтмиш беш ёшдан ошган аёлларда анча кўп учрайди. Шунингдек, бу касалликка ўта озғинлик, эндокрин бузилишлар, менопауза(климакс)нинг барвақт бошланиши, узоқ вақт давомида дори-дармонлар қабул қилиш сингари ҳолатлар ҳам сабаб бўлади.

Хўш, ушбу хасталик нега аёлларда кўпроқ кузатилади. Унинг белгиси, даволаш усуллари қандай? ССВ матбуот хизматининг ушбу касаллик борасидаги саволларига тиббиёт фанлари номзоди Умида РУСТАМОВА жавоб берди.

— Остеопороз касаллиги нега ёши улуғларда кўпроқ учрайди?

— Маълумки, одам туғилганидан то 30 ёшга киргунича унинг суяклари тузлар ва микроэлементлар билан тўйиниб мустаҳкамланади. Ёши ўтгани сайин эса қон айланиш тизими издан чиқиши ва бошқа сабабларга кўра суяк ҳажми камая бошлайди, бу эса остеопорозга олиб келади.

Аслида суяк тўқимаси доимий равишда янгиланиб туради ва ҳар ўн йилда мутлақо янгиси билан алмашади. Болалар ва ўсмирларда 18 ёшгача суяк емирилишига нисбаттан янги суяк пайдо бўлиши тезроқ кечади. Кейинчалик бу жараёнлар тезлиги тенглашади. 40 ёшдан сўнг эса суякнинг юпқалашиши, яъни суяк емирилиши кучаяди.

— Остеопорозга олиб келувчи омиллар қайсилар?

— Остеопороз кўпинча организмда калъций ионларининг суякларга яхши сингмаслиги туфайли вужудга келади. Айтиш жоизки, организмда доимий равишда калъций ионлари емирилиб, улар ўрнига янги калъций ионларининг алмашиниш жараёни кечади. Агар шу мувозанат бузилса, яъни емирилган калъций ионлари ўрнига янгилари келиб тушмаса ёки кам тушса, суяк зичлиги камайиб боради.

Бунинг сабаблари турлича.
Биринчидан, калъций моддасини емирувчи тўқима(остеокласт)лар фаолияти кучайиб, қурувчи тўқима(остеобласт)лар калъций ионларини етказиб беришга улгурмайди.
Иккинчидан, қурувчи тўқималарнинг фаолияти сусайиши мумкин. Учинчидан, остеокластлар ва остеобластлар фаолияти бир вақтда бузилиши мумкин ва натижада суяклар зичлиги аста-секин камая бошлайди.

— Гормонал бузилишлар касаллик хавфини орттирадими?

— Организмдаги гормонал ўзгаришлар, яъни андроген ёки эстроген гормонларининг етишмовчилиги (айниқса, менопауза — климакс даври)да бу ҳол рўй беради. Аёлларда бачадон олиб ташланган ҳолатларда, остеопороз хавфи ортиши мумкин.

Гормонлар етишмаслиги туфайли калъций ионлари остеокласт емирувчи тўқималар фаолиятини кучайтиради, бундан ташқари, ичакда овқат билан тушган калъцийнинг ҳазм бўлиши қийинлашади.

Гормонал бузилишлардан ташқари организмдаги қалқонсимон без ва буйрак усти безларининг касалликлари остеопорозга туртки беради. Остеопороз нозик, озғин, кичик жуссали аёлларда кўпроқ учрайди, чунки семиз ва тўла одамларда оғирликни кўтариш учун суяклар ҳам бақувватлашиб, зичлиги ҳам шунга мос равишда ошади.

Организмда Д витаминининг етишмаслиги ҳам жиддий ҳодиса. Чунки мазкур витамин қурувчи тўқималарнинг фаоллигини оширади. Шунинг учун таркибида Д витамини кўп бўлган балиқ ва сут маҳсулотларини кам истеъмол қилган одамларда ҳам остеопорозга мойиллик кузатилади. Шу боис Д витаминига бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш талаб этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

loading...