Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (38-қисм)

0

* * *

Фарвиз чўчиб уйғонди, оёқ-қўли тинимсиз титрарди. Ёқасига туфлаб, пичирлаб дуо ўқиб, қайта ёстиғига бош қўйди. Ёнгинасида туққан онаси Бедор биби беозоргина ухлаб ётарди.

Шаҳзоданинг гапидан кейин у волидаси ўтирган ҳужрага кирганди. У билан бегонадай кўришган Бедор биби: “Тирик экансиз, малика”, деди киноя билан. Фарвиз бошини эгди, ўпкаси тўлди. “Нега мени дунёга келтирдингиз?” деб йиғлаб юборишдан ўзини зўрға тийди. Сўнг ҳужранинг бурчагига бориб, деворга суяниб турди. Ётишга жой солинганида бибининг кундошлари атай она-боланинг ўрнини ёнма-ён тўшашди. “Ҳеч бўлмаганда, ухлаганида ҳидини ҳидлайман”, дея умид қилганди Фарвиз. Аммо онасидан олдин ухлаб қолди. Мана, ярим кечаси қўрқинчли туш кўриб уйғонди. Онаси меҳр кўрсатганида ҳозир бағрига кирган бўларди. Шунда қўрқувдан ҳам қутуларди. Энди қоп-қора шифтга тикилиб тонг оттириши керак. Бироқ у озроқ ўйга толиб ётди-да, ухлаб қолди. Тушида отасини кўрди. Ҳамма ёғи қонга беланган ота иржаяр, бехосдан кўзи ўйилиб тушарди… “Сен… Сен сабабчисан!” дея ўкирганча қоқсуяк қўли билан уни кўрсатарди.

— Йў-ў-қ!

Қиз ўзининг овозидан уйғониб кетиб, ўрнидан сакраб турди.

Тонг отган, ҳамма уйғонганди. Қизнинг товушидан кундошлар чўчиб тушишди. Фарвиз уларга бир-бир қараб, йиғлаб юборди. Шундан кейингина Бедор бибининг кўнгли озгина юмшади.

— Нима бўлди? — сўради майин товушда Фарвиздан.

— Ҳалиги… отам: “Сени деб бўлди”, деди. Ҳамма ёғи қонга беланган, кўзлари ўйилган… Қўрқиб кетдим, ойижон, — дея Бедор бибини қучоқлаб олди қиз.

— Қон — ёруғлик белгиси. Отанг қазо қилган бўлса, бу худонинг иродаси. Энди ўзиям, бошқалар ҳам тинч бўлади, қизим, — дея Фарвизни юпатди Бедор биби.

Шу маҳал ҳужрага кириб келган Зебо уларнинг қучоқлашиб турганини кўриб жилмайди.

— Жангчиларга овқат пиширишимиз керак, — деди Зебо кўзини она-боладан олиб, кундошларга қараб. — Сизлар тутқундасизлар, шу боис ҳеч бирингиздан шубҳаланмайман. Бу ёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин… Эркаклар роса толиқишган. Бугун уларнинг ҳолидан хабар олмасак бўлмайди.

Унга тикилиб турган аёлларнинг нигоҳида норозилик аломати сезилмасди. Буни пайқаган Зебо ҳужрадан хотиржам чиқди ва ўғлига рўбарў келди. Эрталабдан бери мирзони кўрмагани боис, пешонасидан ўпиб қўймоқчи эди, лекин улгурмади. Ҳовли томонда шовқин-сурон кўтарилиб, шаҳзода ортига ўгирилиб, югуриб кетди.

Сарбозлар бир жойга тўпланганди. Мирзо тўдани ёриб кирди. Ўртада бир одам ётар, лаблари ёрилган, ҳансираб нафас олар, гапиришга уриниб, лабларини қимирлатар, лекин оғзидан товуш чиқмасди. Шаҳзода сув келтиришни буюрди.

Уч-тўрт қултум сув ичган нотаниш одамнинг нафас олиши меъёрига тушди.

— Сиз кимсиз? — сўради ундан мирзо энгашиб.

— Қочоқман. Ўлимдан қочиб келаяпман.

Юраги гупиллаб турган ночорнинг кўзлари жавдирар, “Сен ҳали қочоқмисан?! Шоҳимизга хизмат қилишдан бўйин товладингми?” деб қолишларидан чўчирди. Уч марта ўлимга чап берди. Энди келиб-келиб: “Озод бўлдим, шайхнинг муридлари мени бағрига олади. Сув-нон беришади, оёққа туришимга кўмаклашишади”, деган хаёлда етиб келганда, бу ерни ҳам бутун бошли пойтахтни кунпаякун қилган шаҳзодалар эгаллаб олишибди. Қочган-писганни ушлаб қатл этишаяпти. Бироқ… Булар орасида лашкар кийимидагилар йўқ-ку…

— Қани, ўрнидан туришига ёрдам бериб юборинглар! Чорпояга оборинглар. Озгина салқинласин, ҳовуридан тушсин, — деди кутилмаганда шаҳзода.

Қочоқ унга тикилганча қотиб қолди. Қулоқларига ишонгиси келмади. Ҳозиргина ҳаётдан умидини узиб турганди.

— Сиз ким бўласиз? — сўради қочоқ бироз тетиклашгач, чоллар, паранжи ёпинган аёлларнинг эмин-эркин юрганини кўриб.

Мирзо Халил мерганга “Сиз сўзланг”, дегандек қаради.

— Ҳазратнинг маконида кимлар бўлиши мумкин? — дея Халил мерган қочоқнинг саволига савол билан жавоб берди.

— Узр, тақсир, мен хом хаёлларга борибман. Тўртта одамнинг бир жойда тўпланиб турганини кўрсам қочаман. Уларнинг қўлига тушиб қолишдан Худонинг ўзи асрасин. Чунки улар нуқул қайсидир шаҳзоданинг сарбози бўлиб чиқади. Кейин мендан: “Сен қайси шаҳзода томонидасан?” деб сўрашади. Нима деяримни билмай қоламан. Фалон шаҳзоданинг, десам, бу лаънатилар бошқа шаҳзоданинг сарбозлари ёки хуфиялари бўлиб чиқса, тамом… Асли темирчиман, тақсирлар. Темирни бураб, эритиб, хоҳлаган буюмни ясайман. Лекин одамнинг қаҳри темирдан ҳам қаттиқроқ бўларкан, — дея бошини эгди қочоқ.

— Биродар, исмингиз нима? — сўради мирзо.

— Отим Омонёр темирчи, — деди қочоқ шаҳзодага термилганча.

— Нега бунча тикилиб қолдингиз? — деди ҳайрон бўлган мирзо.

— Мен бу ёқда, худога шукр, салқинлаб ўтирибман. Чўлдагилар сувсизликдан тинка-мадорлари қуриб, сулайиб ётишибди. Кўринишингиздан яхши одамга ўхшайсиз, илтимос, уларга ёрдам беринг.

Халил мерган мирзога қаради. Улар кўз уриштириб олишди.

— Неча киши улар? — сўради шаҳзода устозидан кўзини олиб, Омонёр темирчига юзланаркан.

— Кўп эмас, ўттиз ёки ундан камроқ чиқар, — жавоб қилди темирчи.

Ўрнидан сапчиб турган шаҳзода югурганча сайисхонага кетди. Унинг ортидан Эрғози эргашди. Шаҳзода: “Ўн киши етади. Ҳар бир сарбоз иккитадан от етакласин”, деб буюрди.

Қочоқларни қўналғага пешинга яқин олиб келишди. Уларнинг ҳоли танг, жуда абгор аҳволда эди.

— Билишимча, — деди Омонёр мирзонинг ёнига келиб, — сизнинг амрингиз бу ерда вожиб экан.

Шаҳзода унга энди кўраётгандай, бошдан-оёқ разм солди, лекин бир оғиз ҳам гапирмади. Амиру фармонбардор бўлишни у хаёлигаям келтирмаган эса-да, ўз-ўзидан шундай бўлаётган эди. Атрофидагилар унинг оғзини пойлашар, нима деса, бош ирғаб маъқуллашар, тезда бажаришга киришиб кетишарди. Айни дамда шаҳзода ўйланиб қолди: “Шошма, бунинг охири нима бўлади? Мен ҳам бир куни келиб, ўзим йўқ қилган ўша қароқчига айланиб қолмайманми?”

— Тақсир, — бир муддат жимликдан сўнг гапида давом этди Омонёр бошини эгганча, — бекордан-бекорга бегуноҳ бандалар ўлиб кетаяпти. Қочишимиздан бир кун аввал ўн кишини дорга осишди. Улар шаҳзода Солиҳга хизмат қилган оддий усталар эди. Лекин ўз ихтиёрлари билан хизмат қилишмаган. Чунки ўша шаҳзода вақтинчалик тахтни эгаллаганди. Кейинги савашда шаҳзода Меҳрдодга енгилиб, қочиб кетди. Тахтни қўлга киритган бу шаҳзода бўлса, аёвсиз қон тўкди. Бунгача шаҳзода Солиҳ ҳам шундай қилганди.

— Оллоҳдан ўзга ёрдам беролмайди. Мен дуо қиламан. Шояд, бир куни шаҳзода Меҳрдоднинг кўнглига эзгулик уруғи унса…

— Аммо унинг онаси — шоҳ Давронқулнинг учинчи хотини малика Балхия раҳмсиз аёл. Маълумингизким, у шоҳни қатл этишга фармон берган. Ижрони Меҳрдоднинг ўзи амалга оширган. Ўз қўли билан падарининг кўксига ханжар санчган… Оқпадарнинг кўнглида эзгулик уруғи унишига ҳеч ким ишонмайди. Халойиққа ёрдам керак. Солиҳ шаҳзода қўшин тўплаб, шаҳарни вайрон этмасидан олдин, тахтни Меҳрдоддан тортиб олиш керак!

Муҳаммад мирзо Омонёрнинг гапларидан даҳшатга тушди. У нобакор қандай ўғилки, отасининг кўксига ханжар санчишга журъат этса!

Мирзо бир сўз демай, Омонёрдан узоқлашди. Ҳужрага кирди. У ерда ҳеч ким йўқ эди. Бурчакка бориб ўтирди-да, Қуръон оятларини пичирлаб ўқиди.

Аср намозидан сўнг ҳам мирзо ўзига келолмади. Хужрадан чиқмай, ғамгин бош эгиб ўтираверди. Кўп ўтмай, Халил мерган билан Эрғози киришга изн сўрашди.

— Не ҳол бу? — деди бироз аччиқланган шаҳзода. — Сизлар учун мен ўтирган уйнинг эшиги ҳамиша очиқ.

— Узр, — деди Эрғози бир қўлини кўксига қўйиб, — тарки одат — амримаҳол…

— Келинг, — деб ўрнидан турди мирзо Эрғозининг илтифот кўрсатишига имкон қолдирмай.

— Кайфиятсиз юрганингизни кўриб, ташвишга тушдик. Аввало, ўзингиздан сўрашга ботинолмадик. Лекин суриштириб билдик, — деди Халил мерган.

— Устоз, сиз ҳар доим мендан истаган нарсангизни сўрайверинг. Нега энди… Мен кимман… маънавий падаримнинг таълимини олган талабаман. Қароқчиларга қирғин келишини хоҳлагандим. Оллоҳ насиб этиб, орзумиз ушалди. Карвон йўли осойишта бўлди. Энди ҳамма уй-уйига тарқаб, ўз юмуши билан шуғулланаверсин. Қанча одам шаҳид бўлди! Шуларнинг қайғуси елкамдан босаяпти, — деди мирзо бошини эгиб.

— Фақат бу эмас. Юрагингизни эзаётган бошқа бир дард борки, унинг қайғуси бошқа ҳар нимадан устун… Сиз нафақат карвон йўлини, балки эл-улусни талон-тарождан халос қилишингиз керак. Йўқса, бебош шаҳзодалар фуқаронинг қонини тўкишдан тўхтамайди.

Мирзо ялт этиб Халил мерганга қаради.

— Сиз мени яна қотилликка даъват этаяпсизми? — деди бироз ҳаяжонланиб. — Охиратим куйиб кетади-ку!

— Шаҳзодалар диндан чиқиб кетишган, — деди Халил мерган мирзонинг кўзига тик боқиб. — Агар ҳозир чора кўрмасангиз, имкониятингиз бўла туриб, фуқарони ҳимоя қилмасангиз, қиёматда жавоб бермайман, деб ўйлайсизми?

— Бошим қотди, — деди устозининг нигоҳидан кўзини олиб қочган мирзо.

— Фақат сизгина атрофингиздагиларга бош бўла оласиз. Менга ўхшаганларнинг қўлидан қиличбозликдан ўзга иш келмайди.

— Кечгача муҳлат беринг. Ўйлаб кўрай, бирон чорасини кўрармиз, — жавоб қилди мирзо.

Кечга бориб, у рози бўлди. Бошқа иложи ҳам йўқ эди. Бекордан-бекорга нобуд бўлаётган болалар, аёллар, қариялар кўз олдига келиб, Халил мерганнинг таклифига кўнди.

Эртаси куни лашкар йиғиш мақсадида тўрт томонга чопарлар жўнатилди. Шаҳзодалар зулмидан тинка-мадори қуриганларнинг ўзи Муҳаммад мирзо ҳақида эшитиб, оқиб келаверишди. Орадан ҳафта-ўн кун ўтар-ўтмай, карвонсаройдаги қўшин сони икки ҳиссага ошиб кетди. Халил мерган, Эрғози ва қароқчиларга қарши урушдаёқ карвон билан келиб, уларнинг сафига қўшилган навкарлар янги келган кўнгиллиларга қиличбозликни ўргатишни бошлади. Бир ой ўтиб, мирзонинг қўл остида кўп минг сонли қўшин йиғилди.

Зебо қароргоҳда кундан-кун кўпайиб бораётган одамларга аввал эътибор бермаган эди. Ҳар хил гап-сўзлар, тинимсиз машғулотлар билан қизиқмаганди. Ҳатто қўшин тўпланаётгани, ўзига ошиқу беқарор бўлган ва васлига етиш учун Нурсултон шоҳни маҳв этган Давронқул шоҳнинг фарзандларига қарши уруш бўлажагини эшитганида ҳам, парво қилмаганди. Ҳали бунга камида бир йил керак, деган хаёлга борганди. Аслида-ку, ўғлининг яна жанггоҳга киришини истамас, ўғли пиридан таълим олибди, энди унинг ишини давом эттириши Зебога жудаям маъқул эди. Чунки ўзи хон саройини кўрди, не-не азоб-уқубатларни бошдан кечирди. Бу савдолар яна такрорланишини ҳечам истамайди. Бироқ Давронқул шоҳнинг ўғиллари юртни пароканда қилиб ташлаганини эшитганидан кейин кўнглига тугиб қўйган гапларни мирзога айтмади. Аслида, унинг кўнглида: “Шаҳзодам, қароқчиларни йўқ қилдингиз. Шунинг ўзи чинакам зафар. Энди тинчгина, урушу жанжаллардан холи яшасак, ҳам падарингизга, ҳам менга, қолаверса, ўзингизга ҳам яхши бўлади. Падарингиз ҳам, мен ҳам саводсиз одамлармиз. Зора, сиздан илм ўргансак”, деган илтижо бор эди.

Навкарлар бир жойга тўпланганини кўриб, шаҳзоданинг юраги ҳаприқди, айни дамда у хурсанд бўлишни ҳам, хафа бўлишниям билмаётганди.

— Шошилмаяпсизми, ўғлим? — деди мирзога онаси у зиёрат қилиш учун ҳужрасига кирганида.

— Биз қанчалик кечиксак, фуқарога шунчалик зиён етади.. Бунинг устига, турли беклар, амирлар ҳам қўшин тўплаётганининг хабари келиб турибди, — дея жавоб қилди шаҳзода.

— Сиз мамлакатни қўлга киритсангиз, осойишталик бўладими?

— Ҳар нарса Оллоҳга аён. Насиб этса, эзгу ишнинг охири бахайр бўлади, — деди жилмайиб мирзо.

— Ҳар не бўлса-да… — дея Зебо эндигина гап бошлаганида, ҳужрага Фарвиз кириб қолди. Она-бола унга қарашди. Қиз ҳақида улар ҳали бир оғиз ҳам гаплашмаган эди. Шундай эса-да, ғалати ҳолат юзага келди. Мирзо чиқиб кетмоқчи эди, Фарвиз уни сўроққа тутди.

— Гапларингизни бўлиб қўйганим учун узр, — деди у ёнгинасидан ўтиб кетаётган шаҳзодага қараб.

— Ҳечқиси йўқ, биз гаплашиб бўлгандик, — дея унга жавоб қайтарди мирзо.

— Сизни холи учратолмай юргандим. Шунинг учун, гарчи суҳбатингизни бўлган эсам-да, киришга мажбур бўлдим, — деди Фарвиз мирзони тўхтатиш мақсадида.

— Тинчликми? — дея унга ўгирилиб қаради шаҳзода.

Қиз Зебога бир қараб олди. Кейин ютинди-да, бошини хиёл эгиб гап бошлади:

— Отам ҳақида билмоқчийдим. Сиз унинг тириклигини айтдингиз. Мана, неча кундирки, тушимга кириб чиқади. Қўлини бигиз қилиб, менга ўшқиради. Ҳамма ёғи қонга беланган… Шу аҳволга тушишида мени айбдор қилади.

Фарвиз сўзлашдан тўхтаб, кўзига ёш олиб, лабини тишлади.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (37-қисм)

 

 

 

loading...