Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (39-қисм)

0

Мирзо унга яқинлашиб деди:

— Ҳеч вақт ёлғон сўзламаганман. Кўрганимни айтдим сизга, хоним. Бироқ қочаётиб…

Фарвиз ялт этиб мирзонинг юзига термилди. Яна нима деркин, деб гапиришини кутди. Бироқ унинг нигоҳи шаҳзодани гапиришдан тўхтатиб қўйди.

Орага бир лаҳзалик жимлик чўкди. Тилига бошқа сўз келмагач, шаҳзода чиқиб кетишни маъқул топди. Фарвиз кўзида ёш билан уни кузатиб қўйиб, сўнг Зебога ўгирилди:

— Ўғлингиз мени ёмон кўради. Худди отамни ёмон кўргандай, — деди тап тортмай.

— Қизим, бу нима деганингиз? — дея Фарвизга термилди Зебо.

— Нега яширади отамни ўлдирганини? Тирик қолган қароқчиларнинг ҳаммаси асирга тушди. Қўшинга қўшиб олинди. Лекин отам йўқ. У қароқчиларнинг бошлиғи эди. Уни ўлдирибгина қароқчиларни енгиш мумкин эди. Демак, уни ўлдиришган.

Фарвиз ўтириб, бошини кафтлари орасига олди.

— Мен оқпадарман, — дея сўзида давом этди у, — отамнинг ўлимига мен сабабчиман. Шунинг учун ҳар куни тушимга киради, мени қўрқитади. Бу аҳволда бир куни юрагим ёрилиб ўламан.

— Қизим, бунақа гапларни гапирманг. Сизда зиғирча гуноҳ йўқ. Худонинг хоҳиши бу ишлар. Ахир, токайгача бегуноҳларнинг қони оқади? Токайгача савдо карвони таланади?.. Сиз ўғлимнинг никоҳига кирасиз, — дея Зебо Фарвизнинг ёнига ўтирди.

Қиз бошини кўтариб, ҳайратланиб Зебога қаради. Бир сўз дейишга тили бормади.

— Сизнинг ёшингизда мен турмушга чиққанман. Ёш она бўлганман. Сиз менга набира ато этасиз.

Бу гап Фарвизнинг ўй-хаёлларини тўзғитиб юборди. У отасини унутди. Кўз ўнгида ертўлада ётган ёш хушбичим йигит намоён бўлди. Фарвиз уни ертўлага ташлангунча кўрганди. Агар яқиндан кўрмаганида, отаси асир йигитни қандай қатл этишини томоша қилган бўларди. Фарвиз йигитни ўшандаёқ севиб қолди… Лекин йигит уни ёқтирармикан?

— Ўғлингиз мени бир куни бадарға қилмаса эди, деб қўрқаман, — деди ерга қараб Фарвиз.

— Сезиб юрибман, унинг ҳам кўнгли сизда. Шунинг учун бу ишни пайсалга солмаганимиз маъқул. Йўқса, кимлардир унинг боши очиқлигидан фойдаланиб қолиши мумкин. У ҳолда, адолат қарор топмайди.

— Ёшлигимдан эркаклар орасида улғайдим. Отамнинг хоҳиши шундай бўлганди. Ҳатто туққан онам ҳам менга бегонадай қараяпти. Ўғлингизнинг эса кўнгли жудаям нозик. Оз қўшини билан бир неча ҳисса кўп қароқчилар тўдасини ер билан яксон қилди. Унинг шоҳ бўлиши аниқ. Шундай экан, мен унинг кўнглига йўл тополмасам, албатта, бошқа хотин олади.

Фарвиз ўзига-ўзи гапираётгандай ён-верига қарамасди.

Зебо унинг паранжисини секин бошидан олди. Майда ўрилган узун сочини силаб, хўрсиниб қўйди.

— Аслида, таомил шунақа, юрт подшосининг бир неча хотини, канизаклари бўлади. Мен ҳам энг кичик хотин бўлганман. Лекин ана шу бало ҳамма бахтсизликларга сабаб. Фарзандлари Давронқул султоннинг бошига етди. Тожу тахт учун кураш шаҳзодалар орасида эмас, балки маликалар ўртасида кечмоқда… Хўш, шаҳзода Муҳаммад мирзога турмушга чиқишга розимисиз?

Фарвиз жавоб бермади. Сочининг учини ўйнаб сукут сақлади. Зебонинг завқи келди. Ўзининг келин бўлиб тушгани ёдига келди. Ўшанда у ҳозиргидай хаёл суриб қолмаган эди. Қўрқиб кетувди. Хабарни етказган онасига қараб, қотиб қолувди. Кейин зўрға тили калимага келиб:

— Насаф ҳокимининг эркатойи қари бир чолга хотин бўладими?! — деганди киприкларини пирпиратиб.

— Биз ҳар доим ожизмиз, қизим. Отангизнинг дегани-деган. Ўзингиз ҳам эҳтиётсизлик қилибсиз. Нурсултоннинг хуфиялари кўриб қолишибди. Мабодо розилик бермасангиз, султон шаҳримизни вайрон этади, — деганди шўрлик она кўзидан дув-дув ёш оқизиб.

Зебонинг розилик беришдан ўзга иложи қолмаганди. Чолнинг қучоғида ётишнинг ўзи бўлмади. Бироқ Зебо тишини-тишига босиб чидади. Кейинчалик ўрганиб ҳам қолди. Аммо кутилмаганда Давронқул бостириб келди. Шоҳни қатл этиб, саройни вайрон қилди…

Маҳмудга эса, у ўз ихтиёри билан турмушга чиқди. Кўнгил бериб эмас, балки ёлғизгина ўғлини ўйлаб. Кейинчалик унга кўнгли илиди. Чунки шоҳ чолдан кўра, камбағал эса-да, Маҳмуд кўп бора устун эди. Кўнгли тоза, ишқда ҳам жонбозлик кўрсатарди. Улар қайта топишганларига кўп бўлмади-ю, бироқ шу орада Маҳмуд ўзини тиклаб олди. Куни кеча жангчилар қаторига қўшиламан, деб қолди. Бироқ мирзо унамади. “Сиз билан онамдан бўлак менинг ҳеч кимим йўқ. Сизлар дуо қилинглар. Шунинг ўзи душманга қарата отилган ўқ”, деди у.

— Қизим, мен сизни ёлғиз қолдираман. Ҳали Бедор биби билан ҳам гаплашишим зарур. Зеро, унинг розилигисиз тўй қилолмаймиз, — деди Зебо ўйдан фориғ бўлгач.

— Ойи, — деб юборди кутилмаганда Фарвиз. У илгари ҳам шундай деганди, бироқ ҳозир бу сўзни меҳр билан айтди. Ўзи ҳам айтган гапидан хижолат бўлиб қизарди ва гапини давом эттиролмай қолди. Зебо кулди. Бўлажак келинининг юзидан ўпиб қўйди.

— Сиз зерикмасдан ўтиринг, мен юмушларимни бажариб келай, — деди Зебо ва паранжи ёпинишни унутиб, ташқарига йўналди. Айвонда Маҳмудга дуч келди. Унинг ёнида серсоқол бир киши бор эди. Аёл паранжисини эслади ва бирдан жойида тўхтаб, рўмолининг бир учи билан юзини пана қилди. Бунгача Маҳмуднинг ёнидаги киши унинг юзини кўришга улгурганди. Бу эркак темирчи эди. Оила қуриш тугул, уйи ҳам йўқ, топгани қорнидан ортмасди. Бунинг устига, ота-онаси, қариндош-уруғлари турли касалликларга чалиниб, аллақачон оламдан ўтиб кетишган. Оила қур, фарзанд орттир, дейдиган жонкуяри йўқ эди. Шу боис, ёши элликка яқинлашиб қолган эса-да, ҳали-ҳануз бўйдоқ эди.

Зебони кўриб унинг юраги бирдан шиғ этиб кетди. Юришдан тўхтаб бир зум аёлдан кўзини узолмай қолди. Яхшиямки, аёлнинг жуфти ҳалоли Маҳмуд бир қадам олдинда ва у ҳам хотинига қараб турарди. Шу боис ортидан келаётган одамнинг нигоҳини пайқамади. Бироқ Зебо бегона эркакнинг нигоҳи қаршисида ўнғайсизланди. Уялганидан ўзини қўярга жой тополмай қолди.

— Ёпинишни унутибсизми? — деди кўнглида рашк олови алангалай бошлаган Маҳмуд.

— Узр, бегим, унутибман. Ҳозироқ хатомни тўғрилайман, — деб изн текканидан хурсанд бўлган Зебо ортига қайтиб кетди.

Ўша учрашувни Зебо ҳам, Маҳмуд ҳам тезда унутишди. Уни эслашга вақт ҳам бўлмади. Чунки қўшин сафарга отланаётган эди. Аммо темирчи Сафармуроднинг ҳаловати йўқолган ва ҳар онда малика ёдига тушарди. Ҳар сафар Зебо истиқомат қилаётган ҳужра ёнидан ўтаётганида умид билан эшикка қараб қўярди.

Ниҳоят, қўшин жангга отланди.

Жангчиларни кузатганлар худди урушга кетаётганлар тезда қайтадигандек, талай муддат уларнинг ортидан қараб туришди.

Шу куни кечгача қароргоҳда қолганлар хомуш юришди. Темирчи эса жангга кетганларни ўйламас, аксинча, ўй-хаёли Зебода, қўли ишга бормасди. Ваҳоланки, юмуш бисёр. Отларга тақа ясаши керак, қиличлар дамини ўткирлаши зарур… У бўлса, янги қурилган устахонанинг бир четида ўтириб, хаёл суриш билан овора. “Унинг эри бор, ёмон кўз билан қарашим гуноҳ. Нима ўйда юрганимни биров пайқаса адо бўламан”, дерди ўзига-ўзи Зебони унутишга уриниб. Бироқ гўё сеҳрлангандай, кўз ўнгида мудом ўша аёл намоён бўлаверарди. Ҳатто “Нима бўлса бўлди, ҳужрасига кириб, яна бир кўриб келаман”, деган хаёлга ҳам боради-ю, тезда бу ниятидан қайтади. Шундай изтироблар исканжасида ўтирганида, кутилмаганда ўчоқ бошидан ўша — ишқида ёнган аёл ўтиб қолди. Аёл паранжи ёпиниб олган, бироқ чачвони очиқ эди. Шу боис, темирчи кўнглининг маликасини аниқ-тиниқ кўрди ва ўрнидан сапчиб турди. Шу маҳал Зебо ҳам у томонга кўз ташлаганди, нигоҳлари тўқнашди.

* * *

Шаҳзода бошлаб кетаётган қўшин чўлнинг ўртасига етганда, сочилиб ётган суякларга дуч келди. Мирзо отининг жиловини тортиб тўхтатди. Тулпоридан сакраб тушди-да, суякларга синчковлик билан назар ташлади. Сўнг ўгирилиб, отдан тушган Халил мерганга:

— Бир бечоранинг шўрини шу ерда қуритишган экан. Ё очидан ўлган, ёки бемаҳал йўлга чиқиб, йиртқичларга ем бўлган. Йиғиб кўмайлик, гарчи кеч бўлса-да, жанозасини ўқийлик, — деди.

Мерган эътироз билдирмади.

Дарҳол тўрт-беш сипоҳ суякларни бир жойга йиғиб, сурпга солиб, ўрашди. Жаноза ўқилди. Шундан сўнг суяклар тупроққа кўмилди.

Тунни чўлда ўтказган қўшин эртасига қуёш бир терак бўйи кўтарилганда лўлилар қишлоғига кириб борди. Уларни фолбин кампир бошлиқ бир тўда лўлилар қаршилади.

— Башоратимдан айланай, — деди лўли кампир отини тўхтатган шаҳзодага қараб, — кеча неча бор фол очган бўлсам, ҳаммасида бизга осойишталик олиб келадиган қўшинни кўрганман. Лўлиларни жамлаб, сизларга пешвоз чиқдик. Хуш келибсиз. Азиз меҳмонимиз бўлинг, бир пиёла чойимизни ичиб кетинг!

Шу пайт мирзонинг ёнига Халил мерган келди ва паст овозда:

— Тўхтамаганимиз маъқул. Кампир жодугарга ўхшайди, — деди.

Шаҳзода унга бир қараб қўйди-да, отдан сакраб тушиб кампирнинг ёнига келди.

— Чойхўрликка вақтимиз йўқ. Аммо сизнинг кўнглингизни оғритмаслик учун тузингиздан тотинаман, — деди кампирга.

Кампирнинг орқасида турган лўли аёл нон узатди. Шаҳзода нонни ушатиб, бир бурдасини оғзига солиб, чайнади.

— Толеи баланд йигитга ўхшайсан, — деди унга кампир, — Худо хоҳласа, юртга бош бўласан. Ҳамма ёқда тинчлик-осойишталик ҳукмрон бўлади-ю, турмушимиз изга тушиб кетади.

— Иншооллоҳ, энди бизга рухсат, — дея мирзо ортига қайтаётганида, кампир уни тўхтатди.

— Бизнинг ризқимиз кўпга сочилган, териб-териб еймиз. Шунда ҳалол бўлади. Локигин, бир иш қилиб қўйганмиз. Кўп зеб-зийнатлар, олтин-кумушларимиз бор. Бунақа давлатни биз кўтаролмаймиз. Шунинг учун бойликларни сенга топширсам-у, тахтни эгаллаганингдан кейин шаҳарга киришимизга рухсат берсанг, — деди ҳассасига суяниб.

— Ҳаром йўл билан орттирилган давлатнинг менга кераги йўқ, — деди мирзо аччиқланиб.

— Хато ўйладинг. Бу давлат ҳаром йўл билан келгани йўқ. Кўп йиллардан бери одамларнинг шўрини қуритган қароқчибоши ўз оёғи билан келиб қолди. Айтганимизга кўнмади. Мени чопиб ташламоқчи бўлди. Лекин бир ўзининг кучи шунча лўлига етармиди? Тошбўрон қилиб, отдан ағдардик. Сўнг чўлга обориб ташладик. Мен унинг келишини аввалдан билардим, фолимда чиққанди. Одамлардан айрилиб қолганимиздан кейин тўғри келган нарсага фол очавераман. Ҳар куни очаман. Шунинг учун қароқчининг келишини олдиндан билгандим. Сенинг келишингниям…

Мирзонинг хаёлига лоп этиб, аввал Маматғули, ундан сўнг йўлда учраган одам суяги келди. Ичидан зил кетди. Гарчи ҳар қанча қотил, босқинчи эса-да, Маматғулининг тирик қолишини жудаям истарди. Азбаройи унинг қизи учун. Тикандан гул пайдо бўлмайди. Агар тикан билан гул чатишса-чи?..

— Биз бир жойда муқим яшашга ўрганмаганмиз. Лекин Давронқул подшога қарам бўлганимиздан бери шу жойдан бошқа ерга қимирлолмаяпмиз. Олтин-кумушларни сенга бекорга бераётганимиз йўқ. Эвазига бизга эркимизни ҳадя этасан. Хоҳлаган ерга боришимизга рухсат берасан.

— Яхши, лекин менинг ҳам бир шартим бор. Бажарсангиз, олтин-кумушларниям оламан, шартингизгаям кўнаман. Розимисиз? — сўради шаҳзода унга тикилиб.

— Айт шартингни, — деди ноилож қолган кампир.

— Куф-суфни, ирим-сиримни йиғиштирасиз.

— Авлод-аждодимдан қолган удумдан қандай воз кечаман, бачам?

— У ёғи ўзингизга ҳавола.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (37-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (38-қисм)

 

 

 

loading...