Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (41-қисм)

0

Шаҳзода қўшинга буйруқ бермади. Шунчаки отининг қорнига этигининг учи билан ниқтади. Тулпор худди шуни кутиб тургандай юриб кетди. Улкан қўшин унга эргашди.

“Хиёнат, — хаёлидан ўтказди мирзо, — хиёнат! Ўнг қўл вазир! Меҳрдоднинг барча сиру асроридан воқиф бўлган вазир. Шаҳзоданинг ишонган кишиси! У туфайли обрў-эътибор қозонган, кунларини айшу ишратда ўтказган нокас!”

— Ҳазрати олийлари, — деди Мирзаёқуб отини йўрттириб мирзога етиб оларкан, — бу тузоқ! Режамиз бўйича иш тутайлик!..

— Ҳеч нарса муқим эмас. Жумладан, бизнинг режамиз ҳам! Агар тузоқ бўлганида… Эҳтимол, тузоқдир… Нима бўлган тақдирдаям, биз тузган тадбиримиздан четга чиққанимиз йўқ. Мақсадимиз шаҳарга яқинлашиш эди… Қўшин жангга ҳозирлансин!

Мирзаёқуб тулпорини ортга буриб, фармонни эълон қилди.

Шаҳарга бир чақирим қолганда қўшин тўхтади. Шаҳзода ёшлигига бориб, аввал ёлғиз ўзи душман масканига бормоқчи бўлди. Ҳатто қарорини унга ёрдамчилик вазифасини ўтаётган Мирзаёқубга айтди. Мингбоши шу заҳоти унга қаршилик билдирди.

— Ҳазрати олийлари, сиз, аслида, жангга кирмаслигингиз керак. Чунки юртнинг кейинги тақдири сизга боғлиқ. Ёлғиз шаҳарга боришингизга мутлақо йўл қўёлмайман! — деди у.

Уларнинг суҳбатини юзбошилардан уч-тўрттаси эшитиб турарди. Гарчи жоиз бўлмаса-да, улар ҳам шаҳзода билан мингбошининг ёнига келиб, Мирзаёқубнинг сўзларини такрорлашди.

— Унда, кутайлик. Тун ярмигача топшириқни бажаришга кетганлардан хабар бўлмаса, очиқчасига…

У гапини охиригача етказолмади. Уст-боши шалаббо Халил мерган беш навкари билан етиб келди.

— Ҳазратим, ҳамма дарвозалар очиқ, душман жангсиз таслим бўлди. Ҳар эҳтимолга қарши дарвоза ичкарисию ташқарисида саркардаларимизни қолдириб келдим. Эрғози ҳам ўз навкарлари билан бирга ўша жойда турибди. Фақат пойтахтга тезроқ киришимиз зарур.

* * *

Сафармурод нигоҳини узмаган кўйи ўрнидан турди. Ўзи билмаган ҳолда икки қадам ташлади. Бироқ бу пайт аёл нохушликни ҳис этиб, чачвонини туширди-да, ортига бурилиб кетиб қолди. Темирчининг юраги потирлаб қолди. Зотан, у илк бора севги дардига мубтало бўлганди. Шу боис ўзини қўярга жой тополмасди. Бир ҳаяжонланса, бир хурсанд бўларди. Ҳаммасидан чорасизлиги алам қилиб, муштини деворга урди. Бармоқларининг териси шилинди. Жароҳат жойидан қон сизиб чиққанини-да бечора ошиқ сезмади. Ҳаво етмаётгандай кўкрагини кенгроқ очди-да, ерга чордана қуриб ўтириб олди. Қуйилиб келган кўз ёшини артди. Дунёга сиғмай, бақириб йиғлагиси келди. Омадсизлигидан нолиди. Бошқа нимаям қилсин? У ошиқ бўлган аёл бошқа бировнинг — ювошгина, бечораҳол Маҳмуднинг хасми ҳалоли. Агар хотинини тортиб олса, у шўрлик ё ақлу ҳушидан айрилади, ёки юраги ёрилиб ўлади. Қолаверса, у билан дўстлашиб қолган. Дўстга хиёнат!.. Хиёнат қилмаган одам борми дунёда? Жондек дўсти бир қоп буғдойини ўғирлаб кетган-ку. Сафармурод у билан танишганда, Жўрақулнинг оёғида йиртиқ чориғидан бошқа ҳеч вақоси йўқ эди. Аслида-ку, темирчининг аҳволи ҳам мақтагулик эмас. Аммо устахонаси бор эди, шунинг орқасидан ризқ-рўзини топиб юрувди. Анча йиллардан бери кўрмай кетган таниши Жўрақул пайдо бўлди. Ночорлигини айтиб, йиғлаб-ёлворди. Ёрдам сўради. Унинг ҳолига ачинган темирчи устахонасидан бошпана берди. Жўрақул жон фидолик қилаётганини кўриб, ич-ичидан суюнди. Шундай кунларнинг бирида Худо уни сийлади: сахий бойга рўпара қилди. Арзимаган иккита кетмон ясаб берганига бой бир қоп буғдой улашди. Бироқ буғдойни устахонасида бир кун ҳам сақлай олмади. Кечасиёқ Жўрақул қопни орқалаб жуфтакни ростлаб қолди. Ўшанда Сафармурод ўн чандон эзилган, ўз ёғига ўзи қовурилганди. Бошқа биров ўғирлаб кетганида ҳам бунчалик алам қилмасди, хафа бўлмасди. Қўл силтаб қўя қоларди. Аммо яқин қадрдоним, маслакдошим, деб юргани номард чиққани суяк-суягидан ўтиб кетди.

Мана энди, унинг ўзи ўғирлик бўлмаса-да, ундан баттари — хиёнатга мойил бўлаётир. Кўнглида: “Қанийди, Маҳмуд бедаво дардга дучор бўлса-ю, бир ҳафтага қолмай ўлса”, деб хаёл қилаётир.

“Ниятингга ўт тушсин! — дея ўзини-ўзи қарғади темирчи. — Дўстингга ўлим тилаяпсанми? Хотинига етиш учун-а!.. Агар унга бир нима бўлса-ю, мен ният қилмаган бўлсам-чи. Мен билмай қолган бўлсам-чи… Унисининг йўриғи бўлак”, дея ўзини-ўзи юпатиб турганида, ўша таниш паранжили аёл яқинлашиб кела бошлади. Темирчининг пешона томирлари бўртиб чиқди.

— Кечирасиз, — деди юрак ютиб устахонасининг ёнидан ўтиб кетаётган аёлга, — мен ҳалиги…

Аёл пиқ этиб кулиб юборди ва тезда унинг ёнидан узоқлашди. Сафармуроднинг кўзи ўт бўлиб ёнди. Ортидан югуриб бориб, паранжисини кўтариб, ҳусну жамолига тўйгиси келди. Лекин, кошки, бунинг иложи бўлса.

У аламини темир-терсакдан олиш учун устахонага бош суқди. Шу пайт ердан чиқдими, осмондан тушдими, устахонада Маҳмуд пайдо бўлди. Сафармуроднинг ранги оқариб кетди, қўллари қалтиради. “Жувон ҳаммасини эрига айтган. Ёмон қаради, нияти бузуқ, деган. Ичимиздаги душманни йўқ қилайлик, деган”, хаёлидан ўтказди у.

— Нима бўлди? — сўради Маҳмуд. — Айтувдим-ку, биродар, камроқ ишланг, деб. Одам деган ора-сира дам олиб ишлайди-да.

Сафармуроднинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди.

— Кун қизиб кетди, шекилли, бошим айланяпти, — деди у баҳона топилганидан ўзида йўқ хурсанд бўлиб.

— Ҳозир айни пешин маҳали, бундай пайтда салқинланг бироз. Бўзтоғдан саркардаликка ўн одам келди. Ўзлари билан бирга қимиз опкелишибди. Қани, ишингизни йиғиштириб, чинор остига боринг, қимизхўрлик қиламиз. Дам оласиз. Иш қочмас, — деб Маҳмуд биродарининг елкасига қоқиб, устахонадан чиқди.

Сафармуроднинг кўзидан икки томчи ёш думалади. Беихтиёр ўзидан жирканди, кеча ясаган шамширини кўксига санчгиси келди. Бироқ ўзини босди. “Бўлди, жувонни эсимдан чиқараман, қимиз мияни қиздиради. Ҳар хил нарсаларни хаёлдан чиқаради”, ўйлади у.

Бироқ чучварани хом санаган экан. Икки коса қимиз ютганидан сўнг, Зебонинг жамоли кўз ўнгидан кетмай қолди. Айни чоғда Маҳмуднинг ёнида ҳам ўтиролмади.

— Ижозат берсангиз, — деди дастурхон атрофидагиларга, — озгина тобим бўлмай турибди. Устахонамга кириб озроқ дам олай.

— Бемалол, локигин, юмушга уннаманг, — деди Маҳмуд.

Сафармурод хуфтонгача кўзини юмиб, хаёл уммонида сузиб ётди, кун адоғига етганини сезмай қолди. Хуфтонда Маҳмуд бир коса аччиқ мастава кўтариб кирди.

— Кўпнинг бир жойга жамлангани яхши-да, — деди у Сафармуродни уйғотиб, — гуруч ҳам топилди, сузмаям. Кўтариб ичинг, биродар, танингиз яйрайди. Куннинг иссиғида ишладингиз-да, ўзиям.

“Эй одам, куннинг иссиғи нима бўпти? Жаҳаннам ўтидаям ишлашим мумкин. Аммо ҳозиргидай қийналмасам керак. Опкелганинг, қани эди, юракнинг тафтини босса”, дея хаёлидан ўтказди Сафармурод ва индамасдан косани қўлига олиб, таомни хўриллатиб ича бошлади.

Биродарининг пешонасидан тер оқиб, овқат ичаётганига қараб турган Маҳмуд коса бўшагач, идишни олиб, устахонадан чиқиб кетди. Лом-мим демади. Аввалгидай “Чарчаманг, биродар”, деб айтмади. Чуқур нафас олди-да, ўрнидан турди. Шуниси Сафармуродга оғир ботди. Назарида, Маҳмуд ҳамма сирдан воқиф бўлгандек. Лекин сир сақлаётгандек.

У терини артиш учун бўйнига ташлаб юрадиган рўмолни букиб, бошини боғлади. Сўнг устахонадан чиқиб, бошини кўтармай, чўл тарафга кетди.

Зебо ҳужрасидан чиқиб темирчининг кетиб бораётганини кўрди. Аввалига ҳайрон бўлди. Кейин у билан тўқнаш келганини эслади. Устахонада нигоҳлари тўқнашганини кўз олдига келтирганда, эти жимирлаб кетди. Зебо темирчининг кўзида яширинган маънони уққан эди. “Эҳтимол, бу одам Нурсултон шоҳнинг саройида хизмат қилгандир. Менинг бу ерда пайдо бўлиб қолганимга ҳайрон бўлгандир”, деб ўйлади аёл. Бироқ темирчининг қиёфаси ўзгарганини кўргач, мақсад-муддаосини англаб етди. У бир гал паранжисини унутиб, чеҳрасини устага кўрсатиб қўйди. Ўшандаёқ темирчи бошқача қараганини сезганди. Бироқ ўзини сезмаганга олиб, “Менга шундай туйилгандир”, деб ўйлади. Чунки кейинги пайтда уни ҳамма она, деб чақира бошлаганди. Кейин устахона яқинида у яна бир эҳтиётсизлик қилди. Сал ўтиб, қароқчибошининг беваси Бедор биби унинг паранжисини ёпиниб чиқди. Иккаласи бир ҳужрада ўтиришганди. Паранжилари бир жойга илинганди. Бедор биби эътиборсизлик қилдими ёки унинг паранжисини ёпиниб кўрмоқчи бўлдими, ташқарига — ўчоқ бошига чиқиб кетди. Қайтиб келиб, кулиб темирчининг довдираганини айтиб берди. У Сафармуроднинг “кечирасиз”дан бошқа сўзни айтолмай қолганини айтиб кулди. Қай замондан бери Маматғулининг дағдағасидан бошқа гапни эшитмаган Бедор биби эркак зотининг бари қўпол, қўрс бўлади, деган фикрда юрарди. Маматғулининг чангалига тушгунча севиб, севилиб, ширин сўзлар эшитганди. Шу боисдан ҳам темирчининг довдирагани унинг кулгисини қистади.

Зебо Бедор бибининг гапларини эшитиб, жилмайиб қўйди.

Мана, энди Сафармуроднинг чўл тарафга кетаётганини кўриб ҳайрон.

У секин эрининг ёнига борди.

— Анави биродарингиз чўлга кетаяпти. Оёқлари чалкашиб кетаётир, ортидан кўрдим, — деди.

— Боя унга овқат обориб бергандим. Ранги синиқиб қопти. Касал десам, касалга ўхшамайди, соғ десам, соғга. Тушнинг қизиғида кўп ишлаган, чамаси. Ҳай, майли, орқасидан борай-чи, — деб Маҳмуд Зебонинг ёнидан узоқлашди.

Сафармурод илгарилаб кетмаган экан. Негадир тўхтаб-тўхтаб юрарди. Маҳмуд унинг овоз чиқариб алланималар деганини ҳам эшитди. Шундан кейин бетоблигига ишонч ҳосил қилди. Лекин касал бўла туриб, чўл оралаб кетаётганини тушунмади.

— Биродар, — деди унинг ортидан етиб олиб.

Сафармурод таққа тўхтади. Орқасига бурилди. Маҳмудни кўриб, жони чиқиб кетгудай ҳаяжонланди. У биринчи марта ўз дўстига шундай қараётган эди. Ҳолбуки, ўзи хаёлан унга хиёнат қилиб, яна уни ёмон кўраётганди. Балки Маҳмуд ёлғиз қолишига халақит бераётгани учун ёмон кўргандир. У бош олиб кетмоқчи эди. Қайтиб келмоқчи эмасди. Кўрмайин ҳам, куймайин ҳам, деган фикрга келганди.

“Маъқули уни бўғиб ўлдириш. Ўзи қилтириққина, кучи йўқ. Келиб-келиб, бу жулдурвоқи шундай гўзалнинг эри бўладими? Ҳозир бўғаман, ўлади. Кейин менгаям йўқ, бунгаям”.

Бироқ у шайтоний хаёлдан нарига ўтолмади. Билакларини ишга сололмади, аксинча, қумга тиззалаб ўтириб, юм-юм йиғлади. Маҳмуд эса ҳайрон. Кўнглини кўтарай деса, йиғисининг сабабини билмайди, қараб тураверишга кўнгли чидамайди.

— Биродар, — деди охири у Сафармуроднинг ёнига ўтириб, — нима бўлди? Ҳе йўқ, бе йўқ йиғлашингизнинг боиси нима? Ёки жангу жадалга кетганлардан нохуш хабар эшитдингизми?

Темирчи апил-тапил кўз ёшини артиб, Маҳмудга қаради ва:

— Иншооллоҳ, улар зафар қозонгай, юрт Муҳаммад мирзонинг қўлига ўтиб, тинчигай… Локигин мен ортиқ бу қўналғада туролмайман. Навкарлар учун қурол ясашим зарур, буни биламан. Аммо қурол ясашимдан бу ердан кетмоғим минг чандон афзалроқ, — деди.

— Гапларингиз маънисини англолмаяпман. Тушунтириброқ сўзланг, нима бўлди? Бу ерда қолишингизга нима халал бераяпти, биродар? Худо хоҳласа, қўшин зафар билан қайтади. Насиб этса, темирчи-усталарга бош бўлиб, қилич, найза эмас, омоч ясайсиз, биродар!

— Буни биламан, аммо кетмоқдан ўзга чорам йўқ.

— Хай, кетинг, кета қолинг. Шундай таҳликали дамда қочиб қолинг. Мана шу-да сизнинг садоқатингиз. Биродарлар жон бериб, юртнинг осойишталиги учун жанг қилаётган маҳалда, сиз жуфтакни ростланг. Пана-пастқам, соя-салқин жойдан макон топиб, тинчгина умргузаронлик қилинг!

— Бас қилинг! Агар мен худди сиз айтгандек яшаганимда эди, кўп ёрдамим тегарди халойиқнинг тинчлигига! Энди, бас, мени холи қолдиринг!

— Билганингиз, — деб Маҳмуд ортига бурилиб кетди. Сафармурод эса ўтирган жойида қолаверди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (37-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (38-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (39-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (40-қисм)

 

 

 

loading...