Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (42-қисм)

0

Зебо эрини бетоқат бўлиб кутди. Чунки темирчи нечун бош олиб кетгани унга аён эди. Шу боис ҳали уйга кирар, ҳали ташқарига чиқар, икки кўзи чўлда эди. Унинг ичи қизиди. “Эҳтимол, темирчи менга кўнгли борлигини эримга айтгандир?” деган хаёлга ҳам борди.

Бироқ Маҳмуд қайтиб келиб деди:

— Темирчига бир бало дориганга ўхшайди. Ичимдагини топ дейди. “Кетаман”, дейди, тамом-вассалом. Айтмаган гапим қолмади. Кўнмади. Майли, билганини қилсин. Кетсин. Бир куни афсус қилади.

— Бўйдоқми у? — сўради Зебо.

— Ҳа, шўри қисган, шу ёшга кириб ҳам уйланолмаган. Камбағалликда кун кечирган-да. “Ўз қорнимни зўрға тўйдираяпман, хотин, бола-чақани қандай боқаман?” деган-да.

— Бир савоб иш қилсангиз, — деб қолди Зебо кутилмаганда.

— Савоб? Қанақа савоб? — ҳайрон бўлди Маҳмуд.

— Уни уйлантириб қўйинг. Қароқчибошининг хотинлари бева қолишди. Бирисини шунга никоҳлаб қўйсангиз. Эри қароқчи бўлгани билан, хотинлари қароқчи эмас-ку. Ҳар қайси билан гаплашиб кўрдим. Бариси оқила аёллар. Муштипарлар кўп қийналган экан, — дея хўрсинди Зебо.

— Ҳа, шу нарса хаёлимга келмаганини қара. Ҳозироқ бориб, Сафармуродни кўндириб келаман.

— Йўқ, борманг. Ўзи қайтиб келади. Гапларингизга қараганда (кўринишига қараганда, демоқчийди Зебо, лекин вақтида гапни ўнглаб олди. Йўқса, ундаги ўзгаришни эри пайқаб, бошқа хаёлга борган бўларди), ўжар одамга ўхшайди. Бундайларни ёлғиз қолдириш керак. Шунда ҳовуридан тушади.

Зебо ҳақ бўлиб чиқди. Қош қорайганда қирдан эниб, Сафармурод қайтиб келди. Бироқ тўғри устахонасига кириб кетди. Маҳмуд ортидан киришга шошилмади, ҳовуридан тушишини кутди.

Маҳмуд Зебо билан анчадан бери ёлғиз қолмаганди. Бунинг устига, кундан-кунга яшнаб, чирой очаётган Зебони кўрган сайин Маҳмуд ўзини бардам сезарди. Ҳозир севгилисини маҳкам бағрига босиб:

— Илтимос, менга ўғил туғиб бер, — деди.

Зебо жилмайиб, эрининг елкасини силади.

— Худонинг хоҳиши. Агар пешонамизда бўлса, Худойим йўл берса, сиз ўғил ё қизингизни эркалайсиз, шояд…

Маҳмуд гурунглашгиси, Зебонинг ширин-шакар сўзларини жон қулоғи билан эшитгиси келарди. Шу боис Сафармуродни унутди. Ёдига тушганида, кетгиси келмади. Лекин Зебо қўймади.

— Боринг, ҳолидан хабар олинг. Кейин секин кўнглига қўл солинг, — деди.

— Ҳеч бунақа иш қилмаганман. Қўлимдан келармикан? — деди Маҳмуд иккиланиб.

— Менинг кўнглимни топгансиз-ку. Ёлғиз сизгина ютиб чиққансиз, бегим. Биродарингизга маслаҳат беришдан чўчияпсизми?

— У пайтлари мен сенинг кўнглингга ўзим учун қўл солгандим. Ҳечам бировга совчилик қилмаганман.

— Бу нарса тузилажак янги давлат учун ҳам керак. Ҳозирданоқ атрофимизга ишончли одамларни тўплашимиз зарур. Сарой бутунлай бошқа олам. Саройда зимдан курашлар кечади. Муҳаммад мирзо давлатни одиллик билан бошқаришига шубҳам йўқ. Лекин атрофига нопоклар ҳам суқилиб киришга ҳаракат қилади. Бундай ҳол барча замонларда бўлган ва бўладиям. Азбаройи мамлакатни осойишта сақлаб туриш учун шоҳнинг атрофида ҳалол, иймонли одамлар бўлмоғи лозим.

Маҳмуд Зебони бағрига маҳкамроқ босди. Аёл сўзлашдан тўхтади.

— Сиқиб қўйдингиз, — деди.

— Қўрқаяпман. Ҳозирданоқ менга ёт гапларни айтаяпсан. Ўғлинг тахтга ўтирса, билмадим, ёнингга йўлатмай қўясанми, деб қўрқаман. Кел, бағримга қаттиқроқ босай, ҳидларинг ўтириб қолсин, — дея жавоб қилди Маҳмуд.

Зебо кулди.

— Доим сиз учун ҳозиргидай бўлиб қоламан, — дея эрининг бағридан чиқиб, тўшакка ўтирди. Туйнукдан тушиб турган ой шуъласида Зебонинг чиройи янаям латофатли кўриндики, Маҳмуд беихтиёр ўзининг ғариб кулбасини, у ерда малика билан ўтказган илк оқшомни ёдга олди.

— Бегим, вақт алламаҳал бўп қолди. Сизнинг қиладиган ишингиз бор ҳали, — дея эрининг юмушини эслатди аёл.

Сафармурод ухламаган экан. У ой ёруғида шамшир қайраш билан овора эди.

— Яхши қилдингиз қайтиб, — деди Маҳмуд унинг ёнидаги пўстак устига ўтириб, — қорнингиз ҳам очиб кетгандир?

— Ўрганиб кетганман. Беш-олти кунлаб туз тотмай ҳам юраман, — деди Султонмурод “рақиб”ига қараб олиб.

— Мен сиз ҳақингизда, биродар, хийла ўйладим ва бир қарорга келдим, — деди Маҳмуд.

Сафармурод бошини кўтариб Маҳмудга қаради.

— Умр бўйи сўққабошсиз, биродар. Бағрингизни тўлдириб, кўнглингизни илитадиган аёл керак сизга.

Темирчининг юраги тез уриб кетди: “Хотини айтибди-да. Кўзларига қараганимни, хаёлим бузилганини… Ҳамма-ҳаммасини айтибди. Энди барини юзимга солади. Муҳаммад мирзо қайтса, ундан “суюнчи” ҳам олар”.

— Хўп ўйлаб, қароқчилар чангалидан озод қилинган аёллардан бирини сизга никоҳлаб қўйсак, деган фикрга келдим, — деб гапини давом эттирди жунжикиб чопонига бурканиб олган Маҳмуд.

— Мен сизга бир нима деб эдимми? Хотин керак дебмидим? — деди Сафармурод манглайи тиришиб.

— Нега энди сўрашингиз керак? Оллоҳнинг бандалари бир-бирларига кўмакда бўлишлари лозим-ку. Ёлғизлик Яратганга ярашади, биродар, шак келтирманг. Хуллас, шу гап. Сизга лойиқ аёлни Муҳаммад мирзонинг онаси билан келишиб топиб қўйдик. Оллоҳ хоҳласа, эртага пешингача унаштириб қўямиз.

Сафармурод турган жойида қотиб қолди. Маҳмуд эса, унинг жавобини эшитиб ҳам ўтирмади, ўрнидан турди-ю, чиқиб кетди.

Темирчи тонггача мижжа қоқмади. Устахонага кирди-чиқди, ойга термилиб, унда Зебони кўрди. Кўнглининг маликаси табассум ҳадя этиб жилмайиб турарди. Эркак неча бор оҳ тортди. Неча бор кафтлари билан юзини бекитди. Неча бор Маҳмуднинг гаплари қулоғи остида такрорланди. “Бу валак-салак менга амр этиб кетдими? Ҳалитдан-а? Мени ким деб ўйлайди? Тонг отсин, кўрамиз нима бўлишини”, дея хаёлидан ўтказди у.

Барибир, эртасига Маҳмуднинг айтгани бўлди. Сафармурод эътироз қилолмади. Бунга, албатта, Зебо сабабчи бўлди: унинг темирчининг ёнига келиб кетганини ҳеч ким пайқамади. Тонг эндигина ёришиб, эркаклар намоз ўқишга киришган маҳал Сафармуроднинг тун бўйи юмилмаган кўзи бирпас илинганди. У сергакланиб уйғонди, лекин таҳоратга кечиккан эди.

— Кўп нарса сизнинг никоҳингизга боғлиқ. Илтимос, ҳар хил ўйларни хаёлингиздан чиқаринг, — деди Зебо Сафармуродга яқинлашиб.

Темирчи ақлини йиғиб, гапларининг мағзини чаққунича Зебо кетиб қолди. Шу аснода у карахт аҳволда никоҳ ўқиладиган ҳужрага кирди. Ювиниб, уст-бошини тузатгунича Маҳмуд ҳамма нарсани тахт қилиб қўйибди. Султонмурод мулланинг рўпарасига кўрпачага ўтирди. Мулла ўқишга тушиб кетди. Темирчи билиб-билмай, Бедор бибини никоҳига олишга розилигини айтди. Келиннинг жавобини “элчи”лар етказишди. Шу билан “Омин, оллоҳу акбар”, дея юзларга фотиҳа тортилиб, Сафармурод хотинли бўлди-қолди.

Сафармурод ташқарига чиқди. Қўналғада қолганлар бир-бир келиб, уни қутлашди. Кейин битта товуқ сўйилиб, ош дамланди. Темирчи секин Маҳмудни четга тортди.

— Ҳалиги, нима десам экан… Мен қайси аёлга уйланганимниям тузук-қуруқ билмайман ҳали. Шу аёл, биродар, қароқчилар қўлида асира бўлган дедингиз. Ишқилиб… — дея чайналди у.

— Хотирингиз жам бўлсин. Сиздайин покиза, мўмин-мусулмонга ёмон аёлни раво кўрармидик. У Фарвизхонимнинг волидаи муҳтарамаси бўлади, — деди Маҳмуд ним табассум билан.

— Қароқчи Маматғулининг завжасими?! — деди Сафармурод овозини баландлатиб.

— Завжаларидан бириси. Не қилсин, ўз инон-ихтиёри билан хотин бўптими унга?

— Менга-чи? Менга ўзи ихтиёр бердими?

— Шундоқ, биродар. Аёлим сўраганида: “Кўринишидан ёмон одамга ўхшамайди. Бир сафар устахонасида кўргандим, у кишиям менга тикилиб қолди”, дебди.

Туйқусдан Сафармуроднинг хаёлига бирда уни Зебо деб ўйлаб, довдираб қолганида қиқирлаб кулиб юборган аёл келди. Темирчи чуқур хўрсиниб устахонасига кириб кетди.

Бу никоҳга биргина Фарвиз қарши чиқди. Собиқ кундошлари орасида бошини эгиб ўтирган онасининг ёнига келиб:

— Отамнинг на ўлигини биласиз ва на тиригини. Талоқ олмагансиз. Дарров кўнглингиз эр тусаб қолдими, она? — деди у аламидан кўзи ёшга тўлиб.

* * *

Дарвоза ичкарисида оломон қўлларидаги машъалани бошлари узра кўтарганча мирзонинг кириб келишини кутиб турарди. Улардан берироқда қуролсизлантирилган навкарлар бош эгиб тиз чўктирилган. Олдинроқда вазир жаноблари кўкрагини кериб, бир қўлини кўксига қўйган, ёнидаги икки мулозим, вазирдан фарқли равишда, бошларини хам қилишган кўйи қотиб туришибди.

Мирзо ичкарилаганидан кейин отининг жиловини тортди. Бир сидра рўпарасидагиларга кўз югуртирди. Сўнг оёқларини узангига тираб, от устида тик турди-да:

— Халойиқ тарқалсин! — дея амр этди.

Оломон саросималанди, зеро, халойиқ мажбурлаб олиб чиқилганди. “Муҳаммад мирзога садоқатларингни кўрсатинглар, олқишланглар. Шундагина уйларингни ёқмайди. Бола-чақаларингизни тиғдан ўтказмайди”, дейилганди уларга. Халойиқ олқишлашга улгурмади, одамлар мирзони яқинроқ келар, деган умидда эди.

— Олампаноҳ! Ҳазрати олийлари! — ўнг қўл вазир югуриб келиб, тиз чўкди. — Халойиқ сизнинг қаҳрамонликларингизни эшитиб, сиздек халоскорни кўриш илинжида тўпланган!

Мирзо Халил мерганга юзланди. Уларнинг нигоҳлари тўқнашди. Мерган отини чоптириб оломонга рўпара келди-да:

— Халойиқ, аввало, сизнинг тинчлик-хотиржамлигингиз керак! Шу боис ҳозироқ уй-уйингизга кетинг. Ҳазрати олийлари, албатта, фурсат топиб сиз билан учрашиб, арзу ҳолингизни эшитади! — дея бақирди баланд овозда.

Одамлар аввалига бир-бирларига қарашди, сўнг бирин-кетин ортга тисарила бошлашди.

Мирзо халойиқнинг тарқаб кетишини кутди. Майдонда таслим бўлган навкарлар ва ўзининг қўшинидан бўлак ҳеч ким қолмагач, Эрғозига:

— Биз ҳаммасининг тагига етгунимизча, вазир жанобларини зиндонга ташланг! — деди.

Шаҳзода Меҳрдоднинг ўнг қўл вазири кўзлари жавдирганча мирзога қараркан:

— Бир қошиқ қонимдан кечинг, олампаноҳ! — дея ёлворди.

— Шаҳзода Меҳрдодга фитна уюштираётганингда, унинг бир қошиқ қонидан кечганмидинг?! — деди унга жавобан шаҳзода ғазаб билан.

— Олампаноҳ, унинг қонхўрлигининг чеки йўқ эди. Не-не бегуноҳларнинг бошини танасидан жудо қилди…

— Зиндонга! — вазирнинг гапини кесди мирзо.

Икки навкар отидан сакраб тушиб, ялиниб-ёлворишларига қарамай, вазирни судраб кетишди.

— Меҳрдоднинг қўшинини бир жойга жамланг. Ёнларида ҳеч бир қурол қолмасин. Атрофини саркардалар қуршаб турсин. Тонг отгунча бирортаси қимирламасин! — дея амр этди Муҳаммад мирзо ва Эрғози, Халил мерган ва тағин бир неча ўнлаб навкарлари ҳамроҳлигида сарой томон юрди. Уларга Омонёр йўл бошлади.

Сарой эшиклари ланг очиқ, қўриқчиларнинг қораси кўринмасди. Мирзо отидан тушиб, саройнинг ҳовлисига чодир тикишни буюрди.

Ҳарамда хотин-халаж билан бирга Меҳрдоднинг канизаклари, хотинлари ва онаси Тўлин оғо бор эди. Уларнинг бари жонсарак, шаҳзоданинг яқинлари эса: “Бизни босқинчи мирзо қатл этади”, деган хаёлда баргдай титрашарди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (37-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (38-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (39-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (40-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (41-қисм)

 

 

 

loading...