Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (43-қисм)

0

Аммо мирзо ичкарига кирмади. Теваракка соқчилар қўйдирди. Чодир битгач, аъёнлари билан машваратни бошлаб юборди.

— Мана, — деди у юзида табассум зоҳир бўлиб, — Худо ярлақаб, жангсиз ғолиб бўлдик!

— Табриклаймиз, ҳазрати олийлари, — деди Халил мерган қўлини кўксига қўйиб.

— Устоз, — деди бирдан жиддий тортиб мирзо, — сизнинг шу илтифотли каломингиздан хижолатдаман. Менга ҳарб санъатидан сабоқ берганингиздаям “ҳазрати олийлари” дермидингиз? “Мулла йигит” деб, исмимни айтиб гапирардингиз. Нечук энди…

— Мирзом, у кезларда сиз оддий шогирдим эдингиз.

— Ҳозир ҳам шогирдингизман, устоз.

— Аммо энди сиз юртимиз эгаси, элимизга бошсиз. Калому эҳтиром мартабангизга мос бўлмоғи шартки, аҳли фуқаро бошқача ўйга бормағай. Шу боис гарчи эриш туйилса-да, минбаъд кўнмоғингиз лозим.

— Шундоқ, шундоқ, — дея унинг гапини маъқуллади Эрғози ҳам.

— Майли, бу хусусда ҳали тағин гаплашиб олармиз, — дея Халил мерганга юзланди мирзо, — бироқ энди ишни нимадан бошлаймиз? Ҳали юртни бошқаришда асқотгулик тажрибамиз бўлмаса…

— Тақсир, бу ҳам тез орада йўлга тушадиган юмуш эмас. Ҳозир қўшинни бошқарувчиларни, атрофингизда жам бўлувчи амалдорларни аниқлаб олишимиз лозим.

— Ўзингиз нима дейсиз? — сўради мирзо Халил мергандан.

— Биз итоаткормиз. Чамангиз бўлса керак?

— Ҳозирча, — деди вақтни чўзишни истамай мирзо, — Эрғози қўшинга бош бўлсин. Сиз эса менинг маслаҳатчим вазифасини ўтайсиз.

— Бош устига, — деди икки саркарда ҳам бараварига.

— Бошқа амалдорларни ўйлаб кўрамиз. Таслим бўлган навкарларни нима қиламиз?

— Ихтиёр этишса, ўзимизга қўшиб олганимиз маъқул. Аммо фитна қўзғашлари эҳтимолини эътиборда тутмоқ лозим.

— Дарвоқе, шаҳзоданинг ўнг қўл вазиридан бошқалар қаерда? Қўшинбоши-чи, — деб Эрғозига қаради мирзо. — Уларни зудлик билан топиб, бир жойга тўпланг. Токи, бир-бирлари билан сўзлашмасин. Биринчи тун оғир кечади. Шу боис ҳамма сергак бўлсин. Айни дамда, қўшин нафасини ростласин. Зеро, эртанги куннинг юмушлари ҳам енгил эмас.

Мирзо ўша оқшом ухламади, елкасидан залворли юк босиб тургандай ороми йўқолди. Аср намозидан сўнг отига миниб, асирларни йўқлаб борди. Улар гуноҳкордек, ҳатто қатл этилишга маҳкумдек ғам-ғуссага ботгандилар.

— Биродарлар! — деди мирзо уларга яқин келиб отдан тушаркан. — Ҳар бирингиз мусулмонсиз. Демакки, иймонингиз бутун. Шуни ўйлаб, ҳаммангизни озод қилишга амр этдим. Бизнинг қўшинимизга қўшилмоқ ниятида бўлганлар ҳам бордир орангизда, уларнинг кўксидан итарилмайди.

Нима бўлаётганига ақли етиб-етмай турган лашкар бу ҳодисага ҳайрон бўлмади. Ҳеч ким бошини кўтармади. Ахир шаҳзоданинг гапи улар учун янгилик эмасди. Қуролларини топширишаётгандаёқ шундай хаёлга ҳам борганди улар. Бироқ бошқа нарса ажабланарли эди. Яъни мирзо тап тортмай, ёнига соқчиларни олмай, душман сарбозларининг ёнига борди. Ҳозир ғалаён бошланиб, ҳаммаси унга ҳамла қилса, қочишгаям улгурмаслиги тайин. Лекин навкарларнинг бундай нияти йўқ эди. Уларга кимнинг хизматида бўлиш гўё барибирдай, муҳими, чойчақа олишса, жангдан омон-эсон чиқишса, бас.

— Биз сизнинг ихтиёрингизга ўтамиз. Бекордан-бекорга жанг қилиш, бегуноҳларни ўлдиришдан не наф? — деди лашкарнинг олдига чиққан мингбошилардан бири.

Унинг гапидан сўнг асирлар орасида ғала-ғовур кўтарилди. Мирзо лашкарга юзланган кўйи бир сўз демай тураверди.

— Яхшиси, уй-овулимизга кетганимиз маъқул. Бола-чақа боқиб, рўзғор тебратамиз! — деди кимдир овозини кўтариб. Мирзо овоз келган томонга қаради, лекин бақирган кимлигини билолмади.

— Бундан буён қон тўкиш, ўзга мулкларни зўрлик билан эгаллаш учун жанг қилмайсиз. Фақат юрт осойишталигини қўриқлайсиз. Шундай нияти борлар сўл томонга ўтсин. Истамаганлар жойидан жилмасин! — буюрди Мирзо.

Бир лаҳзалик иккиланишдан кейин ташаббус кўрсатиб гапирган бояги мингбоши, унинг ортидан бошқалар тўдадан ажралиб чиқа бошлади.

Мирзо хотиржам кузатиб турарди. Бу ўнг қўл вазирнинг хуфияси, Меҳрдоднинг юрагига ханжар урган юзбоши Жонмирза учун айни қулай фурсат эди. Лашкарда қоладиганлар шаҳзоданинг ёнидан ўтишаётганди. У камари остида яширган ханжарининг дастасини ўнг қўли билан сиқиб ушлади ва атрофни зимдан кузатди. Ҳеч ким эътибор бермаётганига ишонч ҳосил қилди. Демак, ҳаракатни бошласа бўлади.

У лашкарда қолмоқчи бўлганлар сафига қўшилиш учун олдинга юрди. Шу пайт ўнг қўл вазирнинг топшириғини ёдга олди. “Мабодо, душманнинг феъли айниса, биринчи имконият туғилгандаёқ ўлдир!” — деб уқтирган у. Мана шу имконият. У кўзининг ости билан шаҳзодани нишонга олиб, қадамини тезлатди.

Муҳаммад мирзо эса, айни чоғда терс томонга қараб турганди. Ўзининг тарафига ўтаётганларни кўриб, ич-ичидан севинарди.

Жонмирза унга бақамти келди ва кутилмаганда ханжарни шаҳзоданинг биқинига санчди.

Мирзо сўнгги сониядагина ханжарли душманни кўриб қолди. Бироқ кеч эди. Шунга қарамай у савқитабиийлик билан ўзини бироз четга олишга улгурди ва Жонмирзанинг ханжари терисини тилиб кираётгандагина бир марта “Имм!” деган товуш чиқарди. Бироқ ғала-ғовурда бу ингроқни биров эшитмади. Фақат Жонмирзанинг жағига мушт тушириб, уни ўзидан узоқлаштиргандагина ўн одимча нарида турган Эрғози кўнгилсизлик содир бўлганини пайқаб, навкарларни суриб-итариб мирзонинг ёнига етди ва шаҳзоданинг биқинига ёпишган қўллари орасидан сизиб чиқаётган қонга кўзи тушди.

— Ушланглар! Ҳазрати олийларига суиқасд! — дея бақирди у.

Ғала-ғовур тинди. Ҳамма ортга чекина бошлади. Лашкарлар дуч келган асирни уриб, ерга қулата бошладилар. Қўрқувдан рангидан қони қочган Жонмирза қочишга уриниб, бошқаларнинг эътиборини ўзига тортди. Уни дарҳол ушлаб, қўлларини орқага қайириб, ерга босишди. Кўз очиб юмгунча етиб келган навкарларнинг аёвсиз тепкиларидан ҳушини йўқотгач, Жонмирзани судраб олиб кетишди.

Шаҳзоданинг манглайини тер босди. Уни саройга олиб киришгач, Халил мерган Эрғозига ернинг тагидан бўлсаям табиб топиб келишни буюрди. Ҳартугул, сарой табиби шу яқин-атрофда экан. Табиб оғир-оғир нафас олаётган, кўзларини очишга мадори қолмаган мирзонинг жароҳатини кўрди-ю, қўрқиб, жавдирабгина Халил мерганга қаради.

— Асраб қолиш қийин, бандасининг қўлидан бир иш келмайди, деб қўрқаман, — деди.

— А, йўқ! Мирзонинг ҳали қиладиган ишлари жуда кўп. Яшаши керак! — деди Халил мерган важоҳат билан. — Сиз, биродар, қўлингиздан келадиган амалларни қўллайберинг, Оллоҳ ҳаммасини кўриб-билиб турибди, шояд, меҳр-шафқатини дариғ тутмас.

Шундай деб у Муҳаммад мирзони табиб билан қолдириб, ўзи чодирдан чиқди. Кўзларига ёш қуюлиб келди. Эрғози билан Мирзаёқуб Мерганнинг кўзидаги ёшни кўриб, бошларини қуйи эгишди, сўз қотишга қурблари етмади.

— Ё Оллоҳ! Ё Оллоҳ! — деди Мерган бир қанча вақт жим тургач. — Ўзинг мадад бергайсан!

— Ҳазрати олийлари… — деди-ю, Эрғози бошқа гапиролмади. Бошини эгди. Қўли мушт бўлиб тугилди: “Ўлдираман!” У секин ортига бурилиб, шамширини қинидан чиқарди.

— Шошманг! — деб бақирди Мерган.

Эрғози тўхтади. Унинг бутун вужуди титрай бошлади.

— Ўлим — унинг учун қутулишнинг осон йўли. Муҳаммад мирзо ҳали тирик. Шовқин солиб, қўшинни саросимага қўйманг! Ҳозир бориб ҳар бир асирларни битта-битта кўрикдан ўтказинг. Юзбошию мингбошилар ҳам навкарлар сафига киритилсин… Мирзонинг волидаи муҳтарамасига чопар юборинг. Зудлик билан олиб келишсин. Зинҳор ўғлининг яраланганини айтишмасин!

Эрғози Мерганга юзланди, унинг кўзлари ўт бўлиб ёнарди. Мерганнинг сўзлари унинг жазавасини босолмасди. Агар шу шахтда асирлар ёнига боргудек бўлса, бир неча бегуноҳни қиличдан ўтказиши тайин эди. Буни Мерган вақтида илғади.

— Йўқ, яхшиси, ҳазрати олийларининг ёнида бўлинг. Фақат сиз уни қаттиқ қўриқлай оласиз.

Сарой ташқариси оғир сукунатда, асирлар ҳам, ҳатто мирзонинг навкарлари ҳам овоз чиқаришга ботинолмасди. Ҳамма сарой томонга тез-тез қараб қўярди. Гарчи ярадор бўлса-да, янги ҳукмдорни кўришни исташарди. Шу истак билан бирга, айни дамда, кўнгиллар ёмон хабарни ҳам ҳис этиб турган, шу боис Халил мерганнинг саройдан чиқиб келиши ғулғулани баттар кучайтириб юборди. Ҳамма бараварига у томонга қаради, ким асир-у, ким ғолиб, ажратиб бўлмасди. Улар Мерганнинг устига бостириб кела бошладилар. Гўё у оғир гуноҳга қўл урган-у, бутун бошли оломон ҳозир уни тилкалаб ташлашга чоғлангандек. Оломоннинг кўзига ёлғиз Халил ашаддий душман бўлиб кўринар, ҳозир у саройдан чиқиб келиб, лашкарнинг хавотирини тасдиқлагандек: «Одилу фозилликда тенгсиз ҳукмдор бандаликни бажо келтирди!» — дея овоза қиладигандай ҳамма унга ёвсираб қараб турарди.

Зиндонда ётган ўнг қўл вазирнинг қулоғига ҳам бу хабар етиб борса, у ўрнидан сапчиб туриб: “Менга қасд қилганларнинг аҳволи шундай паст бўлади. Эл бошида турган зот авлиёга тенгдир, унга ноҳақ қўл солган киши пес-моховга дучор бўлади. Қазоси етмай жон таслим қилади. Мана исботи…” — дея шодланади. Айни дамда жониқиб, зиндон эшигининг очилишини бетоқат кутади. Ва бу эшик очқич ким бўлишидан қатъи назар, ўнг қўл вазир тахтга ўтириши билан сийловларга кўмилиб қолади. Чунки не-не подшоларни кўрган амалдор бундай одамларни жангу жадалсиз бутун бошли шаҳарни қўлга киритган бу орсиз йигитча каби хор-зор қилиб, зиндонга ташламайди…

Аммо Халил мерган ўзига яқинлашиб келаётган оломонни қайғу ботқоғига ботирмади, аксинча, кўкрагини ғоз кериб, шамширини маҳкам тутиб:

— Ёш ҳукмдоримиз Муҳаммад мирзо соғу саломатлар! — деди дадил овозда.

Оломон қийқириб олқишлади бу хушхабарни. Ҳар томондан “У тирик!”, “Ёш султон дунё тургунча турсин!” деган ҳайқириқлар янгради. Қиличлар бир-бирига урилиб, шовқин-сурон авжига минди. Бу ҳолат айни дамда Мерганнинг кўнглига ўтиришмаётганди. Чунки айни дамда шаҳар дарвозаси очиқ, қаровсиз эди. Кутилмаганда бостириб келадиган бўлса, душман қаршиликсиз ичкарига кира оларди.

— Шаҳар тўрт тарафдан қуршалсин, кириб-чиқувчилар қаттиқ назоратга олинсин! — дея буйруқ берди у ва дарвозага навкарларни ўзи тайинлади. Унинг буйруғи оғиздан-оғизга кўчиб, навкарларга етиб боргач, ғала-ғовур икки ҳисса ошди. Чанг-тўзон бироз босилиб, йигирма-ўттиз чоғли навкар қолганда, Мерган уларни тўхтатди. Булар, асосан, ўзлари тўплаган, қуроллантирган сарбозлар эди. Уларга бош қилиб Омонёрни тайинлади. Сўнг ҳар битта аскарни ўткир кўзлари билан назоратдан ўтказиб, кўнгли хотиржам тортди. Сараланганлар орасида бирорта бежо нигоҳни учратмади.

— Ҳозироқ шайх Аҳмад ҳазратларининг маконларига отланасизлар, — деди Омонёрга қараб, — ёш султонимизнинг волидаи муҳтарамалари билан бирга бошқа аёллар ва, албатта, Маҳмудбекни ҳам олиб келасиз. Лекин ҳеч бирига шаҳзоданинг яраланганидан оғиз очманг.

— Амрингиз бош устига, — деди Омонёр қўлини кўксига қўйиб.

— Оқ йўл!

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (37-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (38-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (39-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (40-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (41-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (42-қисм)

 

 

 

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here