Мирзиёевнинг фармони билан “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг номи ўзгарди

0

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги этиб қайта номланди. Бу ҳақда Президентнинг тегишли фармони имзоланди.
Фармонга биноан:
«Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали таъсис этилди ва 2021 йилдан бошлаб мунтазам ўтказиб борилади;
кино санъати ва саноати вакилларининг муаллифлик ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарадиган Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмаси нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилади;
ОТМларнинг кинематография йўналишида таълим олаётган талабаларини қўллаб-қувватлаш учун Худойберган Девонов номидаги давлат стипендияси таъсис этилади;
“Олтин Хумо” миллий кино мукофоти тақдимоти ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб борилади;
“Кинематография фидокори” кўкрак нишони таъсис этилди.
Шунингдек, давлат буюртмаси асосида фильмлар ишлаб чиқариш бўйича янги қоидалар белгиланди, жумладан:
➖ҳар бир фильм учун зарур малака ва билимга эга беш нафар шахсдан ортиқ бўлмаган таркибда алоҳида маслаҳатчилар гуруҳи ташкил этилади;
➖ давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган фильм бир йил давомида прокатдан топган фойданинг 10 фоизи тасвирга олган кинокомпанияга берилади, 15 фоизи фильм ижодкорлари ўртасида тақсимланади;
➖ кинокомпанияларга фильмни ишлаб чиқариш жараёнида фильм бюджетининг 10 фоизигача миқдорда нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишга рухсат этилади.
Миллий сериаллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун республика миқёсида фаолият юритувчи телеканалларга ҳар йили 12 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда субсидия маблағлари ажратилади.
Кинотеатрлар тармоғини ривожлантириш мақсадида:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ҳар бир туманида (шаҳрида) таркибида жами ўриндиқлар сони 250 тадан ва кинозаллари сони 3 тадан кам бўлмаган савдо-кўнгилочар комплексларини қуриш учун тадбиркорлик субъектларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 25 сотих ер майдонлари бепул ажратилади;
2021 йил 1 июлдан бошлаб янги қуриладиган савдо майдони 15 минг квадрат метрдан ортиқ савдо-кўнгилочар комплексларида жами ўриндиқлар сони 300 тадан ва кинозаллари сони 4 тадан кам бўлмаган кинотеатр ташкил этиш мажбурий ҳисобланади;
2024 йил 1 январга қадар кинотеатр (кинозал)лар муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш имконини берувчи рақамли (DCP ва ундан юқори форматдаги) кино намойиши қурилмалари билан жиҳозланган тақдирда уларни харид қилиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи, бироқ битта қурилма учун 50 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here